Жума, 24.01.2025, 10:08Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2009  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2009 » Май » 15
 
    
                      
  
         Холдор   Вулқон


              Шоир укам    

Озодбек    Пиримқуловга


Эшитдим, оламдан ўтган эмишсан,

Юлдузлар найзасин отганда осмон.

Сокин дарчаларни бир – бир текшириб,

Юрган маҳал мудроқ,  ой – тунги посбон.

Юпқалашган нарса юракда музми?

Баҳор келганмиди гулларни эзмай?

Юлдузлар кўзимга сочилган тузми?

Укам, кетганингни қолибман сезмай.

Осмон косасининг остида мункиб,

Чопиб борар вақт - учқур тошбақа.

Узоқ яшолмайди шоирлар, чунки,

Сўзлар қилич, тиллар қайроқ тошдақа.

Ботиш   шуъласидан  қамишзор  ёнди,

Лава оташидай қизарди сувлар.

Биз сигир хайдаган ўтлоқда энди,

Ғумайларни юлқиб шамоллар увлар.

Поёнсиз ҳайратга айланмас осмон,

Денгизу уммонлар ойнасин янчиб.

“Яшаш тақиқланган” деган белгини,

Шоир мозорига қўйсалар санчиб.


Холдор Вулқон


2009 йил, 14 май. Тунги соат 11 дан 18 минут ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.


Категория: Шеърлар | Просмотров: 831 | Добавил: valfajr | Дата: 15.05.2009


  

         Холдор  Вулқон



                                                            


         Отамга мактуб



Қўнолмай учади кузги чумчуқлар,

Гала – гала бўлиб гирдибодимда.

Дарё, шолипоя, хайқирган дехқон,

Соҳил жарликлари ҳамон ёдимда.

Балки энди сағир, ғариб шамоллар,

Осмон пуфагини пуфлаб шиширар.

Кўхна, қурум босган тун товасида,

Оқшом ойдан яна қуймоқ пиширар.

Ота, ёнингдаман сен билан бирга,

Осмон бошимизга тикилган чодир.

Асло тушунмайман бир буюк сирга,

Нега озодликни этарлар содир?

Отажон, ҳассага таяниб юрсанг,

Изларинг ёмғирли йўлларда ивир.

Чироқлар бақрайган шаҳарда менинг,

Соям мунғайганча ёзмоқда шивир.

Оқшом, қуймоғингни ўзинг еявер,

Само тандирида пишмайди сомса.

Кислота сингари  тупроқни тешар,

Агар кўзларимдан кўз ёши томса.



Холдор Вулқон

2009 йил, 15 май. Кундуз соат 12 дан 45 минут ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.


Категория: Шеърлар | Просмотров: 926 | Добавил: valfajr | Дата: 15.05.2009

Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz