Холдор Вулқон
Шоир укам Озодбек Пиримқуловга
Эшитдим, оламдан
ўтган эмишсан,
Юлдузлар найзасин
отганда осмон.
Сокин дарчаларни
бир – бир текшириб,
Юрган маҳал мудроқ,
ой – тунги посбон.
Юпқалашган нарса
юракда музми?
Баҳор келганмиди
гулларни эзмай?
Юлдузлар кўзимга
сочилган тузми?
Укам, кетганингни
қолибман сезмай.
Осмон косасининг
остида мункиб,
Чопиб борар вақт
- учқур тошбақа.
Узоқ яшолмайди
шоирлар, чунки,
Сўзлар қилич,
тиллар қайроқ тошдақа.
Ботиш шуъласидан
қамишзор ёнди,
Лава оташидай
қизарди сувлар.
Биз сигир хайдаган
ўтлоқда энди,
Ғумайларни юлқиб
шамоллар увлар.
Поёнсиз ҳайратга
айланмас осмон,
Денгизу уммонлар
ойнасин янчиб.
“Яшаш тақиқланган”
деган белгини,
Шоир мозорига
қўйсалар санчиб.
Холдор Вулқон
2009 йил, 14 май.
Тунги соат 11 дан 18 минут ўтди.
Торонто шаҳри,
Канада.
|