Пайшанба, 09.01.2025, 07:30Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2009  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2009 » Май » 30 » Ўзбек халқининг истеъдодли ёзувчиси Ғофур Йўлдош ижодидан
Ўзбек халқининг истеъдодли ёзувчиси Ғофур Йўлдош ижодидан
09:03
                    


Унинг турқидан ҳадиксирасам-да, мажбур ёнига яқинлашдим. У кутилмаганда бир ҳатлаб менга яқинлашди-да, юзимга тарсаки тортди. Нарига учиб тушарканман, қулоғим шанғиллаб, кўзларимдан ўт чиқиб кетди-ёв. Йиғламсираб ўрнимдан турдим. Жон аччиғида, бор овозим билан:    «Ҳе-э,онангни!..» деб сўкдим. Шляпаликнинг кўзлари ёниб кетди. Гўштли, бужур юзлари қизариб, қошлари пир-пир учганича, менга қараб хезланди.

- Вой ҳароми-е-эй! – деди тишларини ғижирлатиб.

Қочдим. Айни дамда, аламимни олганимни англаб, оғзимга келган сўзларни қайтармай, сўкавердим. Ўша пайтларда биз болаларнинг орасида расм бўлган бир бемаъни гап ҳам шу йўсин оғзимдан чиқиб кетди:

- Онангни хотин қилай... Воҳай-йй!! Ясадиммми!!!

Пахтазордан сигиримни етаклаб чиқаётган кимса даҳшатдан менга қараб бақирди:

- Ҳўй тирмизак, биласанми бу киши ким?!

Шляпалик ҳам ўзини тутолмай бақирди:

- Соқивой, ушла у ит эмганни!

Соқивой сигирни қўйиб, мени қувлашга тушди. Бор кучимда қочдим. Соқивойга хомсемизлиги халақит бериб, тезда ҳансиради. Тутолмаслигига кўзи етгач қайтиб кетди. Мен зовурдан ўтиб олдим. Энди улар машина билан келишганда ҳам мени тутиша олмасди. Яқиндаги дўнгликка чиқиб, бўралаб сўка бошладим. Ора-чора болаларга хос беибо қилиқлар ҳам    қилиб қўяман. Бироқ бу иш узоққа чўзилмади. Улар мендан юз ўгириб, йўлдан ўтиб кетаётган юк машинасини тўхтатишди. Шляпалик ҳайдовчига алланарсалар деди. Машина яқин орадаги ўнгирга тисарилиб борди-да, ҳайдовчи билан Соқивой тарғилимни унга чиқарди. Нима қилишни билмай қолдим. Яна сўкаверай десам, улар ортиқ эътибор беришмаяпти. Ноилож ўтирдим-у, йиғлаб юбордим.

Ёнимга болалар келишди.

- Тўймурод, қара, отанг келди! – деб қолди бир пайт Хасан.

Бошимни кўтариб, оқ «Волга» ёнида пайдо бўлган бир тўп одамни кўрдим. Отам эса нарида, сигиримиз ортилган юк машинаси йўлини тўсиб турарди. Шу пайт шляпалик ўшқирганча отамга қўлини пешлаб борди. Рўпара туриб қолишганида, ҳатто урмоққа чоғланди. Лекин унинг бўйи паканароқ чиқиб, отам шляпаликни билагидан шарт ушлади-ю, бир силтаганича ағдариб ташлади. Атрофдаги одамлар «ҳой-ҳой»лаб отамни ушлашди. Айримлари наригисини ўрнидан турғизиб, учиб кетган шляпасини қоқиб-силкиб олиб беришди.

- Вуй отангни зўрлигини қара ! – деди ўртоғим Адҳам.

- Бунинг отасини бекорга полвон дейишмайди-да, ахир! – деди Зокир деган яна бошқа бир тенгдошим.

Ранги қув ўчган шляпалик эса турган жойида отамга дағдаға қилди. Юк машинаси ҳайдовчисига қўлини пахса қилганча ўшқирди. Шундан кейин сигиримиз ортилган юк машина жўнаб кетди. Шляпалик эса шаҳдам бориб оқ «Волга»га ўтирди-да, отамга қараб, бош бармоғини ўқталганича бир нарсалар деяркан оқ «Волга» ҳам жойидан жилди.

Отам билан бирга қолган ҳамқишлоқлар нималарнидир гапириб, мен томонга қарашди.

- Тўймурод, қоч, отанг энди сени ўлдиради! – деди Адҳам.

Отам мени ҳеч қачон урмаганди. Лекин ҳозирги вазиятда негадир қўрқиб кетдим. Дўнгликдан тушиб, қишлоқ томонга югурдим. Аммо уйга боришга юрагим дов бермади. Қош қорайгунча кўчада юриб, говгумда дарвозадан аста мўраладим.

Ҳовлининг ўртасидаги ишкомга осилган чироқ ёниб турарди. Атроф жим-жит. Ичкарироққа бош суқарканман нарида онамнинг пақирдан лаганга сув олаётганини кўрдим. Бирдан онам ҳам мени кўриб қолди ва беихтиёр қўлидаги чўмични менга қараб отди:

- Ҳеэ, кепатанг қурғур!

Дарвозани шарт ёпишга улгурдим. Чўмич учиб келиб дарвоза қанотига уриларкан, даранглаб ерга думалади.

- Ҳой келин, қўйинг, қўйинг-э! – дегани эшитилди энамнинг. – Норасидада нима гуноҳ. Худойим ановиларнинг жазосини берсин! Кел болам, Тўймурод, ке-келавер болам, - деб энам бир-икки чақиргач аста кириб бордим. – Кел болам, қаерларда юрибсан шу пайтгача, қорнинг ҳам очиб кетгандир? Дастурхоннинг пешини қайтаргин, нон бор. Қандчой қилсанг, бўктириб еб оласан. Кел болам бу ёққа ўтир.

Бориб чорпояга, энам кўрсатган ерга ўтиргандим синглим югуриб келди ва бидирлаб гапиришга тушди:

- Ака, отамничи қамоққа олиб кетишди! Мелисалар келиб, қўлига темир солиб, олиб кетишди.

- Товушингни ел олсин-э! – деди энам. – Тавба    қилдим десанг-чи. Ким айтди сенга бунақа деб?

- Анови Мавжу, отангни қамоққа олиб кетишди деди-ю...

- Ҳе-э ўша Мавжуни ҳам...қамоққа эмас, ҳали замон келади отанг. Бор уйга кир, ёш бола билмаган нарсаси ҳақида бунақа гапларни гапирса ёмон бўлади.

Синглим ичкарига кириб кетди. Энам оғир хўрсинди. Уйдан онамнинг йиғлагани эшитилди. Орадан ҳеч қанча ўтмай ҳовлимизга юракни сиқувчи жимлик чўкди. Бу худди қабристон сукунатига ўхшарди. Энамга қарасам, бошини эгиб, аянчли бир аҳволда ўтирибди.

- Эна, - дедим секин, - ўша шляпалик ўзи жуда ёмон одам экан.

Энам бошини кўтарди. Хўрсинди. Аста гапиришга тушди:

- Авваллари қишлоқ атрофи тўқай бўларди. Илонлар кўп эди. Отанг бир марта икки бошли илон тутиб келган. Ўшанда отанг сендан ҳам ёшроқ бола эди. Биз илондан қўрқиб турибмиз-у, отанг бўлса: «Томоша кўрсатаман, қараб туринглар», - деб илонни ўртага қўйиб юборди-да, олдига тухум юмалатди. Ё қудратингдан, Эгам! Илоннинг иккала боши бир-бири билан тухум талашиб кетди-ю! Аслида қорин битта: у бош ютса ҳам, бу бош ютса ҳам ўша қоринга боради, йўқ – иккала бош бир-бири билан урушиб ётибди. Ўшанда, жамики жонзот фақат менга бўлсин дер экан-да, дегандим. Мана одамлардан мисол-да: ҳаммамиз Худонинг бандаларимиз, лекин ўртада оқибат йўқ. Амалга мингани, тавба қилдим-у, Худони ҳам танимай қўяди. Гўё дунёни унинг ўзи яратган-у, энди шунинг гапи билан офтоб чиқиб кун ботиши керакдай...

Энамнинг сўзларини тинглаб ўтирганча кўзим илинибди. Эртасига тонг қоронғусида онам бизни туртиб уйғотди. Шошиб ҳаммамизни кийинтирди. Йўловчи машинада шаҳарга жўнадик. Энг зўр, ҳашаматли бино олдига борганимизда тўхтаб, туриб қолдик. Анчадан кейин менга таниш кечаги оқ «Волга» машинаси келиб тўхтади. Онам бизни у томон судради. Машинадан ўша шляпалик тушди. Бизга шунчаки қараб қўяётиб, бирдан нигоҳи мен билан тўқнашди. Кўзлари йириклашиб кетди. Ранги-қути ўчиб, бақирди:

- Ҳа-а, ит эмган! Кеча жа-а тилинг бурро эди-ю!

- Тоғаси кечиринг, болалик қилибди, - деди онам ва мени қулоғимдан чўзди. - Кечирим сўра! Ҳой безбет, кечирим сўра! Кечирим сўра, деяпман бетамиз! Кечирим сўрасанг-чи!

- Кечиринг! – дедим бошимни пастга қилиб.

Онам тез-тез гапирганича, хокисор овозда ялинишга тушди:

- Кечиринг тоғаси, болалик қилибди! Мана энди ўзи изза бўлаяпти! Кечиринг, жо-он тоғаси! Отасини ҳам кечира қолинг! Мана бешта боламиз бор! Отаси ўзи урушда бўлган, орденлари бор, ўзи инвалид! Ҳозир қилмишидан афсус чекиб ўтиргандир! Кечира қолинг!...

Бетлари бужур шляпалик кўзини чақчайтирди.

- Отасининг ишини суд ҳал қилади. Судга боринг. Энди шу ҳаромиларнинг отасини иши билан шуғулланишим қолганди! Бошқа ишим йўқми, мени?! – шундай дея шляпалик нарида турган милиционерга деди: - Нега қараб турибсан! Иккинчи шундай одамлар мени олдимдан чиқса – ишдан бўшадинг! – у тарс-турс юрганича салобатли бинога кириб кетди.

Онам бошимга бир туширди:

- Ҳув келатанг келгур, бари сени деб бўлди!

Мушт зарбидан ўтириб қолдим. Тура солиб қочишга чоғланарканман онам йиғлаб юборди-да, бошимдан ушлаб, бағрига тортди.

– Худога солдим! Худога солдим!! – деди йиғи аралаш. – Ўзинг ҳаромисан! Мен буларнинг ҳар бирини Худодан тилаб олганман. Ўзинг ит эмгансан! Жазоингни Худо бермаса, у дунё - бу дунё рози эмасман!!!

Бирдан укаларим ҳам йиғлашга тушди. Ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Милиционер бизни бу ердан кетишга ундади.

Уйга қайтиб келганимизда, энам юзимизга умидвор термулди-ю, «Ҳа, майли Худойимнинг ўзи ҳаммасини кўриб турибди-ю», - деди.

Ўша куни оиламизда дилгир бир вазият ҳукмрон бўлди. Ҳатто укаларим ҳам ҳовлимизнинг бурчак-бурчагида паришон юришарди. Биз отамни қамаб қўйди, деган сўзнинг маъносини ўзимизча тушуниб етгандик.

Қуёшнинг тиғи қайтганида, энам инқиллаб чорпоядан тушди. Охорли рўмолини ўраб, устидан отамнинг костюмини ташлаб олди. Ўша пайтларда кекса аёллар рўмол устидан эркакларнинг костюмини ёки тўнини ташлаб олишарди.

- Юр болам, - деди энам менга. – Ҳовуз бўйига    бориб айланиб чироқ ёқиб келайлик. Қишлоғимизда бир ҳовуз бор эди. Кенглиги тўрт хонали уйдан чоғроқ. Суви қишин-ёзин тип-тиниқ. Сув ўтлари, сузиб юрган балиқлар бемалол кўриниб турарди. Ҳовузнинг атрофида учта норғул қайрағоч қад     ростлаганди. Этак томонида, минг йиллик бўлса керак, баҳайбат бир тут бўларди. Қишлоғимиз аёллари бир қаричли чўпга пахтани юпқа ўраб, ёққа ботиришарди-да, олиб келиб, тутнинг тагида ёқиб қўйишарди – шуни «чироқ ёқди», дейишарди.

Биз болалар балиқларни томоша қилгани ҳовуз бўйига кўп борардик. Катталар балиқларни     тутдиргани қўймасди:

- Балиқларни ким еса бўйнига бўқоқ тушиб қолади. Пес бўлиб, қўли қалтираб, бир ойдан кейин ўлиб қолади! – деган ваҳимали гаплар билан биз болаларни ҳайдаб юборишарди.

Лекин энамдан ҳовуздаги балиқлар ҳақида бошқа бир гапларни ҳам эшитганман. Эмишки, бу ерларга Ҳизр бува пойқадами етган экан. Тут тагида салқинлаб, ҳовуздан сув ичганида, бир томчи унинг лабига тегиб, қайтиб тушган экан. Ана ўшандан буён балиқларга хосият битибди. Энди ким тут тагига чироқ ёқиб,астойдил ният қилиб, Худодан бирор нарса сўраса, балиқлар одамларнинг ниятини яратганга етказиб, амалга ошишига ёрдамлашаркан. Бироқ катта бўлганимдан кейин ўзим китоблардан ўқиб, илмли одамлардан эшитиб билганим бўйича, «чироқ ёқиш», ўтганлар руҳидан мадад сўраш, Аллоҳдан бошқага сиғиниш мумкин эмас экан. Бу ширк келтиришга ўтиб қолар экан. Аллоҳдан бошқани ўртага қўйиб ёрдам сўраган билан барибир ҳеч бир фойда бўлмас экан. Аммо афсуски, бу ҳақиқатни ҳамма ҳам билавермайди. Тушунтирадиган одам ҳам йўқ ҳисоб.

Энам чироқ ёққани кўп келарди. Ҳар доим мени ё укаларимдан бирини етаклаб оларди. Тиловатдан кейин қўлини дуога очиб, «Эй Худойим, шу норасидаларнинг ризқ-насибасини бутун қилгин», - деб юзига фотиҳа тортарди. Ҳозир эсласам, ачиниб кетаман. Одамлар илмсизлик билан тўғри-нотўғри ишларни қилаверишар экан. Эй Худо, энамни Ўзинг кечир. У билмасдан шундай қилган-да.

Мен ва энам бу сафар тут ёнида ўзгача бир ҳолнинг гувоҳи бўлдик. Менинг қадамимда нақ иккитача келадиган йўғон бир оқ илон тутнинг тагида судралиб юрарди. Безовталаниб, тўлғонганича вишилларди.

- Эна, қаранг, илон! – дедим юрагим ҳаприқиб.

Энам аввалига орқасига хиёл тисланди. Лекин дарҳол ўзини қўлга олди-да, хассасини илонга қараб қимирлатди. Худди мол ёки қўйни ҳайдаётгандек:

- Кет жонивор, кет! – деди босиқ товушда. – Ло    илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадун расуллуллоҳ!

Илон бизга қараб, қаддини дол кўтарди, совуқ кўзларини чақчайтириб, баттар вишиллашга тушди.

- Кет жонивор, кет! – деди тағин энам. – Ло илоҳа иллоллоҳ Муҳаммадун расуллуллоҳ!

Илон қоп-қора, айри тилини қимирлатганича селпиниб туриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб, мен энамга қапишдим. Энам жойидан жилмади. Ҳассасини қимирлатиб, аввалги сўзларини яна қайтарди. Ниҳоят илон секин ортига қайтди. Тутни айланиб ўтаркан, нариги тарафдаги ковакка кириб кетди.

- Жонивор нимадандир безовта, ишқилиб тинчлик бўлсин-да, - деди энам ва тут ёнига бориб, «бисмиллоҳ» дея чироқ ёқишга тутинди. – Ер қимирлаган йили ҳам томимиздан шунақа бир оқ илон тушиб, шунақа безовта бўлганди. Жонивор жуда сезгир, ҳар нарсани олдиндан билиб туради. Ишқилиб, бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин!

Энам чироқ ёқиб, тиловат қилгунча, тут ёнига боришга юрагим бетламай, нарида турдим.

- Бу ёққа кел, - деди энам юзига фотиҳа тортганидан кейин.

Бордим. Мени ёнига ўтиргизиб яна қўлини фотиҳага очди:

- Эй Худойим, шу норасидаларнинг бахтига отаси соғ-омон қайтиб келсин! Бало-қазолардан сақлагин! Дўст-душманнинг ичида доимо юзи ёруғ бўлсин! Ўғлимнинг эрлик бошини ҳеч қачон паст қилмагин, эй Худойим! Ёмон одамларга кунимиз қолгулик қилмагин, эй Худойим!

Энамнинг овози қалтираб чиқаркан, юзларига қараб ҳайрон қолдим, ҳеч кўрмагандим: Энам йиғларди! Бақирмасдан, кўзларини чиппа юмиб, салобатига яраша жимгина йиғларди. Мижжаларидан сизиб чиққан кўз ёшлари юзидаги ажинлар узра титраб оқиб тушарди.

Томоғимга йиғи тиқилиб келди. Ўрнимдан туриб, нари кетдим. Бориб ҳовуздаги балиқларни кузатарканман, беихтиёр энам ҳақида ўйга толдим. Бувим ғалати кампир: Мабодо мактабдан қочиб келсам, «Нега эрта келдинг?» - деб сўрайди. «Муаллим касал бўлиб қолибди», - деб ёлғон сўзлайман. «Вой бечора-ей, бола-чақаси кўпми, қайси муаллиминг? Илоё, Худо шифосини берсин!» - дейди энам. Ёки томдаги ўғри мушукларни ўзи ёмон кўради, лекин бизни тош оттиргани қўймайди. «Жониворларга азоб бериш гуноҳи азим, бўлиб ҳам мушукка расулуллоҳнинг қўллари теккан», - деб тергайди. Овқат маҳалида бўлса, «Шу Мамажон қассоб нуқул қари молни сўяди-я», - деб нолиб қўяди. Кошки бирор марта Мамажон қассобнинг мол сўйганини кўрган бўлса.

Энамнинг менга ёқмайдиган яна бир одати бор. Кайфияти йўқ пайтда ҳамма нарсадан, ҳар кимдан айб топаверади. Мана ҳозир ҳам ёнимга келди-да, ҳовузга қараб туриб:

- Э-Худойим-эй, балиқлар ҳам бугун безовта. Жониворлар ҳамма нарсани олдиндан сезишади. Ишқилиб тинчлик бўлсин, тавба қилдим-у, шу кўргуликларнинг ўзи ҳам етарди, - деди.

Ўша куни ёдимда қолган воқеалардан яна бири кечаси кўрган тушим эди. Тушимда отам осмону-фалакда учиб юрарди. Ёнида оқ илон ва ҳовуздагига ўхшаш қоп-қора балиқлар. Мен пастдан қўл силтаб, қичқиргандим, отам учаётган жойида қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади. «Тўймурод, мен кетяпман, ўғлим! Укаларингга бош-қош бўлгин!» - шундай деркан отам оқ илонни бўйнига ўради. Илон балиқлар каби қоп-қорайиб кетди. «Ота! Ота!!» - дея бақиришга тушдим. Бироқ отам илон ва балиқлар билан зимистон қаърига сингиб кетди. Мен бор товушимда қичқирарканман уйғониб кетдим.

- Вой, туф-туф-эй! – дерди тепамга энгашиб олган энам. – Нима бўлди, босинқирадинг шекилли болам, туф-туф-эй! Калима келтир...

Атрофга разм солдим. Ойдин, юлдузлар милтирайди. Одатдагидек энамиз иккимиз чорпояда ётибмиз. Нафасимни ростлагач, кўрган тушимни энамга айтиб бердим.

- Тавба қилдим Худо, илоё яхшиликка болам, - энам шундай деркан, хўрсинди. – Мен намозимни ўқийман, сен ухлагин болам.

Бироқ менинг уйқум ўчиб кетган эди. Юлдузларга қараб анча ётдим. Бир пайт отамнинг кулимсираб тургувчи кўзлари хаёлимга келди. Шу дамда отамни жуда-жуда кўргим келди. Бунинг иложи йўқлигини ҳис қилиб, йиғлаб юбордим. Бошимни кўрпага буркаб олиб, узоқ йиғладим.

Эрталаб ўрнимдан турганимда чошгоҳ бўлган экан. Ток барглари орасини ёриб ўтиб юзимга тушаётган қуёш нурлари ғашимга тегди. Билагим билан кўзларимни паналаб, яна бир оз ётдим. Ҳовлимиз жим-жит эди. Ҳамма қаергадир кетгандай. Ўрнимдан туриб, ариқчадаги сувда юзимни ювдим.

Шу пайт дарвоза тарақлаб очилди. Ҳансираб, ўртоғим Хасан кириб келди.

- Ве-й юр тез! – деди у ҳансираган ҳолда. – Ҳовузни кўмишаяпти! Қайрағочларни арралаб ташлашди. Эй зўр ишлар бўляпти, кўрмай қолдинг, юрсанг-чи тезроқ!

Чопдик.

Ҳақиқатда ҳам ҳовуз бўйида роса томошалар бўлаётган экан. Қишлоғимиздагиларнинг кўпчилиги ўша ерда, томошаталаб. Пахта ташийдиган тракторлар тупроқ олиб келиб ҳовузга тўкаяпти. Ҳовуз тўлиб қолай дебди. Қайрағочларни бўлса аллақачон ағдариб улгуришган, ғўла-ғўла қилиб кесиб қўйишибди. Бечора дарахтнинг шох-шаббалари нарироқда уюлиб ётибди. Навбат тутга келибди, унинг ёнида колхоз раиси, бригадир ва яна йигирма чоғли одам. Уларнинг орасидаги таниш шляпаликка кўзим тушди-ю, тенгдошларимнинг ортига беркиндим.

- Қодир тоға тутнинг тепасига чиқиб кесаман деганди йиқилиб тушди. Дўхтир машина олиб кетди. Энди тутни ёқиб юборишмоқчи, - деди Адҳам менга.

- Ким бу тутга қўл кўтарса, қарғишга қоларкан Гулсум хола айтди, Қодир тоғанинг йиқилиб тушгани ҳам шундан экан, - деди Шокир.

- Ҳаким девонани чатоқ қилишди-да, - деди Ҳасан.

- Нима қилишди? – сўрадим мен.

- Ҳаким девона ҳовузга тупроқ тўкишмайсан, қайрағочларни арралашмайсан, деб тракторларнинг олдига туриб олганди. Анови шляпалик мелисаларга бир имо қилди, қўлини қайириб олиб кетишди. Энди қамаб қўяди.

Бу орада тут атрофидагилар қимирлаб қолишди. Хотам бригадир пақирда бензин олиб келди. Айлантириб тутга сепиб чиқди. Катталар бизни нарироқ туришга ундади. Уларнинг «ҳай-ҳай»и, «қоч-қоч»и билан тутга ким ўт қўйганини кўрмай қолдик. Фақат тут ловуллаб аланга олган пайтда биров қаттиқ бақирди. Усти-боши гуриллаб ёнганича қўлларини типирчилатиб, зир югуришга тушди. Кимдир сувга чопди, кимдир жулдур тўшак топиб келди. Аммо ёнғинни ўчиришгунча ёнаётган одам роса бақирди. Тўполон босилганидан кейин билсак, ёнган одам Хотам бригадир экан. У тутга ўт ёқаётганида негадир ўзига ҳам туташиб кетибди.

Кечқурун овқат маҳали энам,    «қарғиш теккани шу бўлади, энди Хотам бригадир одам бўлмайди», - деди. Энамнинг гапи рост чиқди, эртасига Хотам бригадирнинг майитини касалхонадан олиб келишди.

Хотам бригадирнинг уйидаги мотам кейинги куни бизникига кўчди. Эрталаб почтачи Омон ака ранги-қути ўчиб, тўрт энли қоғоз олиб келди.

Қоғозни ўқиган онам додлашга тушди.

- Ҳой, нима бўлди, тинчликми?! – деди энам.

- Ўғлингиздан ажраб қолдик буви, вой-дод! – деди онам.

Бир зумда ҳовлимизда қиёмат қўпди. Қўни-қўшни чиқди, қариндош-уруғ тўпланди, маҳалла-кўй йиғилди – ҳамма бизникига кела бошлади. Поччам билан тоғам шаҳарга кетишди. Пешиндан кейин дўхтир машинада келишганида, атрофни қий-чув босиб кетди.

- Ўлганига уч кун бўлган экан, ҳақиқат борми мусулмонлар! – деди тоғам йиғлаб.

Отамнинг дафн маросимида ҳамма қатори йиғлаган эсам-да, устига тупроқ тортишаётганида ич-ичимдан бир йиғи отилиб чиқди. Додлаб юбордим. Кимлардир қўлимдан ушлади.

- Секин-секин, домла Қуръон ўқишни бошлади, секинроқ! – деди биров.

Бироқ мен ўзимни ортиқ боса олмасдим. Энди отамни ҳеч қачон кўрмаслигим аста шууримга сингиб бораркан, тобора даҳшатга тушардим. Ўртоқларим Ҳасан билан Аҳмад мени қабристоннинг дарвозаси олдига судраб олиб боришди. Ўша ерда йиғлаб ўтирган кўйи фотиҳага қўл очдим.

- Тезроқ уйга бориш керак, - деди Аҳмад мени судраб, - дарвозанинг ёнида туриб, келиб-кетувчиларга қараб, бош эгиб турмасанг бўлмайди.

Лекин уйга боргач дарвозанинг олдида тура олмадим. Ҳовлимизнинг нариги бурчагига бориб, ҳолсизланиб қолгунча узоқ йиғладим.

Отамнинг ўлими айниқса энамга қаттиқ таъсир қилди. Энам эс-хушидан умуман айрилиб қолди. Кўпинча чорпояда ўтирволиб ўзига-ўзи нималарнидир гапирарди. Баъзида эса: «Ҳой болалар, дарвозани очиб қўйиш, бугун отанг кеч қолди-я, кўчани қара-чи, кўринмайдими?» – дерди.

Отамнинг қирқи ўтиб, бизникида қолаётган аммаларим уйларига кетишган куни тунда онам мени уйғотди.

- Тўймурод, тур ўғлим! Энанг йўқ, кўчага чиқиб кетибди шекилли, юр болам қарайлик тезроқ! – деди онам.

Зимистон кўчада тўрт томонга югурдик. Қабристоннинг олдига етганимизда, одам қораси кўринди. Мен қўрққанимдан онамнинг қўлларини ушладим.

- Буви, сизмисиз? – деб онам овоз берди.

- Ҳа мен, ўғлимни кўриб чиқаяпман. - Ёнига чақирган экан, фаришталар келиб хабар берганди борувдим. Ўғлим бечора ёнига чақираяпти...

- Вой Худо сақласин, ундай деманг буви! – деди онам йиғлаб. – Тўймурод, энангни нариги қўлидан ушла. Юринг буви, уйга юринг, невараларингиз ўзлари қолишди.

Энамнинг нариги ёнига ўтдим-у, лекин қўлидан ушлашга қўрқдим. Ялангбош, сочлари ёзилган, кенг кўйлакдаги бу кампирни меҳрибон энамга ҳеч ўхшата олмасдим. Қайта онам томонга ўтиб олдим. Онам эса дам йиғларди, дам гапирарди:

- Буви, жон буви! Энди сиз бизни ташлаб кетманг! Биласиз-у, менинг ҳам юрагим яримта, лоп этиб ўлиб қолсам невараларингиз кимга қолади. Жон буви, сиз энди бизни ташлаб кетманг!...

Айни чоғда энам ҳам бир нималар дерди:

- У менинг яккаю-ёлғизим, келин! Муздек тупроқда менсиз қандай ётади. Тўртта ўғил туққанман, фақат шу ўғлим соғ қолганди. Ҳой келин, эшитяпсизми, қанча ўлимлардан, урушлардан қайтиб келганди бу ўғлим. Ўзиям жуда менга ўрганган, бир кун кўрмаса туролмасди. Қаҳатчиликларда ўзим емай, шу боламга едириб катта қилгандим-а! Кепак билан боққандим-а! Шунинг учун эндиям мени ўз ёнига чақиряпти. Муздек тупроқда ўзи якка ёлғиз қолиб кетди, болам бечора, лочиним менинг! Энди мен ёнига бормасам бўлмайди, келин!..

- Буви, жон буви қўйинг унақа гапларни гапирманг! Қўйинг, бизни қўрқитиб юборяпсиз, бувижо-он!..

Ҳовлимизга келгач энамни бир амаллаб уйга киритиб ухлатдик ва онам эшикни ёпиб, ҳовли томонида кенжа укамни ёнига олиб, пойлаб ётди. Лекин энам шу бўйи уйдан қайтиб чиқмади.

- Тўймурод, бор ўғлим аммангни айтиб кел, энам оғирлашиб қолди, тез юраркансиз де, – деди онам эрталаб.

Аммам билан келганимизда ҳовлимизда яна йиғи товушлари эшитиларди. Энди энамдан ҳам ажраб қолгандик. Энамнинг дафн маросими ҳам барча муслима аёлларники каби ўтди, фақат ўшанда қўшнимиз Гулсара хола айтган бир гап ҳамон ёдимда:

- Ё қудратингдан, Худо! Яшариб, тўлишиб кетибди, тағин кулиб турганини айтмайсизми, раҳматли фаришта аёл эди-да! Бунақа чиройли ўликни кўрмаганман! – деди Гулсара хола, холам билан энамнинг майитини ювиб чиққанидан сўнг.

Отам ва энамдан ажраб қолганимиздан кейин онам ҳам кўп касал бўладиган одат чиқарди. Отам тушимда айтганидек «укаларимга бош-қош бўлиш» энди росмана ўзимга қолганди. Онам бетоб ётган пайтларда, холам келиб ҳовлимизни супурарди, овқат қиларди, кирларимизни ювиб берарди. Лекин томорқани чопиш, қўйларга ўт ўриб келиш, деворнинг йиқилган жойларини уриш, суваш каби яна бир талай ишларнинг ҳаммаси менинг зиммамда эди.

Қўшни Сувюлдуз қишлоғи билан бизнинг қишлоқ болалари тарафма-тараф футбол ўйнаган куни мен дарвозабонлик қилиб, уйга говгум маҳали қайтдим. Ҳовлига кирсам, оч қолган қўйлар дунёни бошига кўтариб маърарди. Мева қилмаган узум токларидан юлиб уларга ташларканман, товуқ катаклари очиқ турганини кўрдим. Девор оша қўшниларникига югурдим. Бир амаллаб товуқларни ҳам топиб келиб, катакка қамадим. Ҳансираганча юзимдаги терни артаётганимда чорпояда бетоб ётган онам ёнига чақирди. Хаста товушда: «Ўғлим, энди камроқ ўйнайсан, уйни ишларини сен қилмасанг, менинг аҳволимни кўраяпсан-у, ишқилиб сизларнинг бахтингизга мен тирик турай, аслида менинг ҳам ичим тугаб бўлган, болам!» - деб йиғламсиради. Шу гап туртки бўлди, мактабдан чиқибоқ уйга қараб югурадиган бўлдим.

Бир куни қўйларга ўт ўриб, велосипеднинг орқасига юклаб қишлоқ кўчасида келаётгандим. Нобоп боғлаган эканман, ярим йўлда ўт велосипеднинг ён томонига оғиб кетди. Велосипеддан тушиб ўтни тўғриламоққа чоғланганимда, куйиб кетган тут дарахтининг қолдиғига кўзим тушди. Бу ўша – кўмилиб кетган ҳовуз бўйидаги Хотам бригадир ўт қўйган тут эди. Хаёлимга яқиндагина бўлиб ўтган воқеалар келди. Беихтиёр шляпалик юзи бужур бошлиқни эсладим. Унинг салга чақчайиб кетадиган илонникига ўхшаш совуқ кўзлари кўз олдимга келди. «Ҳаммасига ўша ярамас айбдор!» - дея ғижиндим. Ўша куни кечгача, то ўринга ётиб, кўзим уйқуга илинди дегунча хаёлим шляпалик кимса билан банд бўлди. Шууримда ундан қасос олиш ҳисси уйғонди. Уйимизнинг тўридаги сандиқда, отамнинг ов милтиғи сақланарди. Милтиқни олиб шаҳарга боришни, салобатли бино олдидаги арча панасида яшириниб ётишни, шляпалик оқ «Волга»дан тушаётганида, шарт олдига чиқиб «пақ» этиб отишни хаёлладим. Аммо, дарҳол хаёлимга қамоқхона келди: «Мени ҳам осонгина ушлаб олишади ва отам каби қамаб қўйишади. Қамоқда ўлиб кетсам, укаларим, онам менсиз қандай яшайди? Йўқ, бундай қилсам бўлмаскан. Яхшиси беркиниб туриб отиш керак. Мана пахта маҳали бошланаяпти, шляпалик энди биз томонга кўп келадиган бўлади. Шаҳардан ёрдамчилар келганда Қораянтоғ қишлоғидаги шийпонда кечқурунлари ҳам бўлади. Ана ўшанда тутзорнинг ичида паналаб туриб отиб ташлайман, ҳеч ким кўрмай қолади. Фақат милтиқ отилганида елкага тепиб юбориши ёмон-да. Мен аслида милтиқни ҳеч ҳам отмаганман, синфимиздаги Анвар отасининг милтиғини отганида елкасига тепиб, ағдариб юборганини ҳар доим айтиб юради. Тағин Анварларники – 32 деганидан. Бизни милтиғ – 16. Отам авваллари: «Бу милтиқни ёш болалар ўйнаб бўлмайди, бизнинг милтиқ – 16, отилганида ёмон тепади», - дерди. Ҳаҳ, шунга ҳам ваҳимами, қўндоғини тутга суяб туриб, отаман. Фақат қулай вақтини топишим керак. Пойлаб юрсам, бир кунмас-бир кун ўзи қўлимга тушади...» Шу куйи турли режалар тузиб юрганимда шляпаликнинг ўзи қишлоғимизда пайдо бўлди.

Бу орада сунбула кирган, газандаларнинг шашти сусайиб, сувлар тиниқлашган, хазонлар фасли бошланганди.

Бироқ, газандаларнинг ниш уриши мавсумга қараб фарқланса-да, одамдаги қусур иссиқ-совуққа қараб турланмас экан.

Ҳамма пахта мавсумига, деб мактаблар ёпилган куни қишлоғимизда тўй бўлди. Дастурхончи Нортожи хола ўғли Олим акани уйлантираётганди. Қош қорайиб, келин келадиган пайтда, тўйхона рўпарасига оқ «Волга» келиб тўхтади. Ортида милициянинг сариқ машинаси ҳам бор. «Волга»дан тушган шляпаликни кўрдим-у, ўзимни болалар панасига олдим.

- Бу ерда нима гап, ким ўлди?! – деди шляпалик зарда билан истиқболига чиқиб сўрашмоққа қўл узатганларнинг саломига алик ҳам олмай.

- Шу... шу... тўй қилаётгандик, - дея ноилож узатган қўлини қайтариб кўксига қўйди қишлоқ оқсоқоли Усмон бува. – Қани ичкарига.

- Э-вэй! Қанақа тўй! Қанақа тўй-а! – шляпалик ўшқира кетди ва уят гап билан сўкишга тушди: - Тўйга ... борми ҳозирги кунда! Тўйни вақтими ҳозир! Ҳе энангни...! Пахтани ким теради! А, ким пахта теради?!

Ичкаридан Нортожи хола жонсарак югуриб чиқди.

- Вой келинг ука, хуш келибсиз, қани ичкарига, - деди кампир.

Шляпалик кўзларини чақчайтириб унга ҳам ўшқиришга тушди:

- Қанақасига ука бўламан сизга! Ука деманг мени! Қайси калтафаҳм ҳозирги пайтда тўй қилади-а!

- Вой сиздан айланай, - дея Нортожи хола хокисор ялинишга тушди. – Пахтани кундузи теради-ю, ўзимиз ҳам эртага пахтага чиқамиз. Тўй кечаси бир зумда ўтади-кетади. Худодан тилаб олган яккаю-ёлғизимни уйлантираяпман, бошида отаси йўқ, жон бошлиқ, айланай сиздан...

Кампирнинг сўзлари оғзида қолди.

- Бўлди, тамом, тўй бўлмайди! – деди шляпалик ва ёнидаги иккита милиционерга имо қилиб ичкарига ошиқди. Одамлар гув этиб уларнинг ортидан юрди. Шляпалик тўғри овқат қайнаётган тўйқозон олдига борди. Ўчоқ ёнидаги ярим боғча ғўзапояни шарт кўтариб, қозонга ирғитди. Одамлар: «Вуй—й!!!» - деб юборишди.

- Тамом, тўй бўлмайди! Тарқал ҳамманг! Эрталаб соат бешдан ҳамма пахтага! – деди шляпалик.

Нортожи хола қарғашга тушди. Йигитлар қуршовида турган куёв кекирдагини чўзиб: «Қўйвор, ўлдираман!» - деди.

Усмон бува ўртага чиқди.

- Жим! – деди қишлоқ оқсоқоли қўлини кўтариб ва шляпаликка ўгирилиб деди: - Иззатини билмас амалдор экансан. Яхшиликча бу ердан изингни ўчир, бўлмаса ҳозир ёмон бўлади. Сени амалинг бу йигитлар учун бир пул.

- Қаматиб ташлайман! Ҳаммангнинг жасадинг турмада чирийди!.. - деркан шляпалик ортиқ гапиришга улгурмади, ур-тўполон бошланди. Қий-чув, қиёмат-қойим ичидаги даврадан чеккаси қашқа, усти-боши чанг, шапкасини йўқотган милиционерлар қочиб чиқишди. Агар оқсоқоллар аралашмаганида йигитлар ўртага олиб тепаётган шляпаликни ўлдириб қўйишлари ҳеч гап эмасди. Уни оёқ-қўлидан кўтаришиб, оқ «Волга»сига олиб чиқиб ташлашди. Ортидан эзилиб, дабдаласи чиқиб кетган шляпасини кимдир ичкарига итқитди.

Машиналар жўнаб кетаётганида Нортожи хола қиблага қараб қарғанди:

- Шу тўйимни топташга келган оёқларинг, қозонга ғўзапоя ташлаган қўлларинг шол бўлиб қолмаса – бир умр рози эмасман! Мана қиблага қараб дуоибад қиламан, омин, фарзандларингнинг бахтини ҳеч кўрмагин, илоё омин!! Оллоҳу акбар!!!

Атрофда бўлганларнинг ҳаммаси дуога қўл очди.

- Энди гап мундоқ, - деди Усмон бува. – Эртага ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Қамаса – бутун қишлоқни қамасин. Ким ортга чекинса, ҳозир шу ерда айтиб қўйсин узрини. Узри борлар борми? Демак йўқ. Энди ошни бошқатдан қиламиз, ким уйдан нима топса олиб чиқсин!

Одамлар тўйни давом эттиришди. Эртага милицияга қандай гапларни гапиришни кўпчилик бўлиб келишишди. Лекин кўпчиликни юзида тўйдаги кайфият қолмаганди.

Эртасига хайриятки қишлоққа милиция келмади. Одамлар худди байрам куни дўст-қадрдонларини табриклагандай, шод-хуррам бир гапни тарқатишди. Эмишки, кечаси тўйдан қайтишда оқ «Волга» Катта Фарғона каналига ағдарилиб кетибди. Машина ҳайдовчиси чўкиб кетибди, шляпаликнинг аҳволи оғир эмиш, касалхонада ётганмиш...

* * *

Бу воқеалар ёшлигимда бўлганди. Орадан бир неча йиллар ўтди. Яқинда шляпаликни тағин учратдим.

Тушлик маҳали ошхонада лағмон тановулидан сўнг чой ичиб ўтирардим. Жулдурвоқи кийимда, бир дайди чол кириб келди. Ёшига ярашмаган тарзда ялангбош эди. Устидаги қора чопони яғирлашиб кетган, айрим жойларида йиртиқ-ямоғи бор. Чопон остидаги ярми кўринаётган яктак ҳам исқирт, қоп-қорайиб кетганди. Устига-устак чолнинг турқи калтакесакникидай, ёқимсиз эди. Эҳтимол, бу анчадан буён юзлари совун кўрмаганлигидандир. Бундайин кимсалардан кўнгилни беҳузур қиладиган бадбўй ҳид келишини ўйладим-да, юзимни четга бурдим. Лекин шу дамда унинг ёқимсиз юзи худди менга танишдек туюлса бўладими. Ғайришуурий тарзда ўгирилдим. Қаердадир кўрганимни эслашга ҳар қанча уринсам-да, эслаёлмадим, вақтим беҳуда кетди. Охири, кўча-куйда ётиб юрувчи дайдилардан бири бўлса керак, ўтган-кетганда кўзим тушгандир, деб ўйладим. Бироқ қизиқиш ҳисси барибир кучлилик қилди, дайди чолни кузата бошладим.

Дайди хўрандалар ўтирган ўриндиқлар орасидаги йўлакдан келаркан, қаттиқ оқсоқланаётганини кўрдим. Қаердадир итларга таланган-ов, деб ўйладим. Таассуфки, бу тахминим тез орада нотўғри бўлиб чиқди: Дайди чол шимини тўғриламоқчи бўлиб ҳаракатланганида, гавдасининг ўнг томони шол эканлиги билиниб қолди. У фақат чап қўли билангина чопонининг орасини очиб, сув кўрмаганидан тарашадек қотган шимини юқори кўтармоққа чоғланди. Бироқ шим катта, устидан тортиб боғланган белбоғ бўшаб кетганди. Албатта бир қўлда бу ишни уддасидан чиқиш қийин бўлганидан чол ўнг қўлини ҳам ёрдамга ундаб қимирлатмоққа ҳаракат қилди. Лекин елкаси кўтарилиб-кўтарилиб қўйди-ю, қўл шалвираганча осилиб тураверди. Дайди ноилож овқатланиб ўтирганлардан бирига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Замонавий кийинган икки йигитдан ёшроғининг рўпарасига борди. Ёш йигит тановулдан тўхтаб, унга ҳайрон қаради.

- Шу... шу... шуни боғ... боғлавор-р-р, - деди дайди дудуқланиб.

Ёш йигит чол ушлаб турган белбоққа қўл чўзди-ю, сесканганича қўлини тортди. Белбоқнинг ислиқи эканлигими ёки чолдан келган ҳидданми, йигитнинг кўнгли озиб, ранги қув ўчди. Қайт қилиб юборадигандай оғзини шарт беркитганича ўрнидан тура солиб ташқарига югурди. Айни замон йигитнинг шериги ҳам қўлидаги қошиқни овқат устига зарда билан ташлади.

- Ҳе-э, фаросатингга ...м! – дея уят гап билан сўкинганича ҳамроҳининг ортидан кетди.

Шу дамдаёқ ошпаз жонсарак етиб келди. Дайдига қараб ўшқирди:

- Ҳўв ифлос, кечаги калтак камлик қилганмиди?! Яна насиба олишга келдингми?!

Дайди чолнинг рангида ранг қолмади. Оқсоқ оёғини судраганича ташқарига қоча бошлади.

- М-м-ме.. мен.. нн... - дея нималарнидир гапирмоқчи бўлди.

- Тур йўқол, ифлос! Яна шу ерга келгин, нақ ўлдираман! - ошпаз уни кўчага чиқариб ташлади.

Калтакдан ўзини ҳимоя қилмоқчидай чап қўли билан бошини чангаллаб олган дайди чол жон алфозда эшикдан чиқиб кетди. Шу дамда унинг қўрқувдан йириклашиб кетган кўзларидаги ялинчоқ мўлтираш кўпчиликнинг раҳмини ҳам келтирди.

- Чатоқ қилди-да, - деди бизнинг ёнимиздаги столда овқатланаётганлардан бири. – Бу ҳам Худонинг бир бандаси. Балки қорни очгандир, бир бурда нонни бериб, бор кўчада егин, деса бўларди.

- Э, эътибор берманг, жўра, - деди шериги. – Худо урганидан кейин шунақа бўлади-да. Бу дайди бир вақтлар амалдор бўлиб юрт сўраган, дейишади. Мана энди қилмишига яраша тортаётгандир-да.

«Амалдор» сўзини эшитдим-у, ўрнимдан туриб кетдим. Хаёлимда бутун умрга мухрланиб қолган шляпалик кимсанинг юз тузилиши – ўша бужур юзлар, илонникидай чақчайган совуқ кўзлар – буларнинг ҳаммаси дайди чолда мужассам эди. Хаёллар гирдобида қолдим. Чойнак бўшаганидан кейин ҳам ошхонада анча ўтирдим. Кўчага чиққанимда тушлик маҳалидаги тиғизлик тугаган, одам сийрак эди. Дайдини ошхонадан эллик қадамлар нарида учратдим. Бир тўда ёш ўспирин давра олган ҳолда уни ўртада ўйнатишарди. Дайди ўйинга тушаётгандек оқсоқланиб, диконглаб, ҳар замон қилпиллаб қўярди. Пул кўтариб олган ўспиринга қараб, муқом билан ўзича хиргойи қиларди:

- Воҳ-ҳай...б-б-болла-а-а...ҳа-ҳай...б-бе-ерр, - дерди дайди ўспирин ушлаган пулга қўл чўзиб.

Ниҳоят бу ўйин болаларни зериктирди. Ўспирин пулни қайта чўнтагига солди-да, мўлжаллаб туриб    дайдининг орқасига бир тепди:

- Мана сенга пул!

Болалар шўх-шодон қийқириб чопиб кетишди. Дайди уларнинг изидан қўл силтади. Лекин унинг юзида деярли тушкун кайфият йўқ эди. Чамаси бу каби ҳолатлар унга энди одатий бўлиб қолгандай эди.

Бир замон дайди мени кўриб қолди ва қўлини чўзиб, кела бошлади:

- С...с...садақ-ққа қи---ллинг....

Кўзларимни чирт юмиб, тез ўгирилдим: Бу ўша – бужур юзли, илондан чақчайган кўзли шляпали кимса эди!

- Ё Худойим!




Манба: «Мусулмон Ўзбекистон» сайти.




Категория: Шоир дўстларининг ижодидан | Просмотров: 1252 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz