Жума, 24.01.2025, 10:25Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Июль 2009  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2009 » Июль » 3 » "Эзгулик" жамиятининг раҳбари, истеъдодли шоира, сўзлари шиддатли ва кескир мухолифатчи Васила Иноятова ижодидан
"Эзгулик" жамиятининг раҳбари, истеъдодли шоира, сўзлари шиддатли ва кескир мухолифатчи Васила Иноятова ижодидан
08:21


                                                                  


                      Васила Иноятова



Демократик мухолифатнинг исломлашишини тасаввур қилиб бўлмайди

“Янги Дунё” ўзбек мухолифати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан мухолифат фаолларига 10 савол билан мурожаат қилди.


Бизнинг суҳбатдошимиз - «Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, «Бирлик» халқ ҳаракати партияси МК Бош котиби, таниқли сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятова.


Васила Иноятова Ўзбекистон ичида туриб фаолият кўрсатаётган кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир. У 1989 йил 19 октябр куни «Бирлик» сафига қўшилган. 1990 йилнинг 26 майидан Ҳаракатнинг Тошкент шаҳар Кенгаши котиби, 1991 йилнинг апрель ойидан Марказий Кенгаш котиби. 2003 йилнинг 25 августидан «Бирлик» халқ ҳаракати партияси МК Бош котиби. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси. HRW, AI, WMD мукофотларининг совриндори. (Суратда: Тошкент шаҳрида “Бирлик” ўтказган намойиш).


Юсуф Расул: -Ўзбекистонда мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?


Васила Иноятова: -Бу ҳақда билганларим мендан олдинги сухбатдошларнинг фикридан кўп эмас. Шу сабабли уларни қайтариб ўтириш шарт эмас деб ҳисоблайман. Албатта, сиёсий мухолифат тарихи ҳақида ёзиш бугунги куннинг ўзига хос солномачилари бўлган журналистларнинг иши бўлгани учун ҳам бу юмушни қаламкаш дўстларимизга қолдирсам…


Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда “Бирлик” ҳаракати ташкил топиши билан боғлайдилар. Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларни пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?


В.И.: -Албатта, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида пайдо бўлиб, сўнгра шаклланган мухолифатчилик ҳаракатларини ўзига хос тарзда миллий озодлик ҳаракати дея таърифласа бўлади. Қолаверса, мухолифатнинг пайдо бўлиш сабаблари қайсидир жиҳатдан тарихий эврилишлар билан ҳам боғлиқ. Компартиянинг қарийб 75 йиллик ҳукмронлиги даврида шонли совет халқлари, миллатлари орасида энг мазлуми ўзбеклар эди десам муболаға бўлмайди. Кремлга бўйсундирилган минглаб элатларнинг оҳу нолалари, изтироблари бора-бора ижтимоий портлашни юзага келтирди ва жамиятда 85-йиллар ошкоралиги тўлақонли табиий жараён ўлароқ майдонга чиқди.

Бу пайтга келиб геосиёсий манфаатлар уруши бўлган Афғон уруши оқибатида сон-саноқсиз темир тобутлар юртимизга келтирилаётганди, тилимиз ва динимизнинг, қолаверса халқимизнинг имон-эътиқоди «юқори» олдида қулга айлантирилганди. Ана шу тарихий паллада майдонга миллий озодлик байроғини даст кўтарган куч “Бирлик” халқ ҳаракатининг келиши бу тарихий зарурият эди ва у ўзининг мардонавор фаолияти билан аллақачон тарих зарварақларидан ўрин олган.

Мен яқинда Чирчиқ шаҳрига бордим. Йўл йўлакай ҳарфлари одам бўйи келадиган ўнлаб шиорлар пайдо бўлганини кўрдим. Мана улардан бири: «Ислом Каримов мустақиллик асосчисидир!». Мен сесканиб тушдим. 1991 йилнинг 21 март ойида Иттифоқ таркибида қолиш мақсадида ўтказилган Референдумни бойкот қилганимиз, ГКЧП (16 август 1991 йил) нинг Москвадаги ишғоли сабабли Абдурахим Пўлатов, М.Нарзиқулов (охиратлари обод бўлсин), Р.Жўраев сингари бир гуруҳ фаоллар бир неча кунни милициянинг турли бўлимларида ўтирганимиз эсимда. Агар рус демократларининг ғалабаси бўлмаганда, совет режимининг бир бўлаги сифатида Ўзбекистонда вазият ҳозиргидан ҳам оғир бўлиши мумкин эди. Шу боисдан айтишим керакки, ўзбек демократик мухолифати халқимиз олдидаги бирламчи мажбуриятини ўша пайтнинг ўзида адо эта олган.
Албатта, ўз курашини юрт мустақиллигидан бошлаган мухолифат кейинчалик ўз мақсадларига тўла эришолмади. Тарихий ғирромликни қарангки, юрт мустақиллигига асос солиш у ёқда турсин, балки унга қарши курашган режимбоши («Мустақил бўлсак, қопга тушган мушук бўлиб қоламиз» - март 1991 йилги Референдум шиорларидан – В.И.) бугун истиқлолнинг “асосчиси” бўлиб ўтирипти. Бироқ тарихий адолат тикланади ва Ислом Каримов ўзбек халқига озодликни инъом қилган буюк шахс бўлиб қололмайди.


Ю.Р.: - 90 -йиллар бошида пайдо бўлган ўзбек мухолифати мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?


В.И: -«Бирлик» халқ ҳаракати ўзбек мухолифати сифатида Ўзбекистондаги глобал муаммоларни бутун дунёга кўтара олгани, юрт тарихида кескин бурилиш қила олганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Бу факт!

“Бирлик”чилар юрт мустақиллиги йўлида, халқимизнинг узлатдан чиқарилишида кучлар тенг бўлмаган шароитда ҳам курашга кира олди. Совет Армияси сафидан ўлиги келаётган ўзбек йигитларини ҳимоя қилиш учун Иттифоқ бўйлаб харбий қисмларни титратган, Ўш-Ўзган воқеаларига сиёсий баҳо беришни талаб қилиб Москва остоналарида бир неча ой очлик эълон қилиб бутун дунё этиборини ўзбек миллатига қарата олган, бир умр компартия раҳбарларидан бири ўлароқ Каримовни ўзбек тилига давлат мақомини беришга мажбур қилган, пахта яккаҳокимлиги, Орол муаммолари, Фарғона, Наманган, Паркент ва Бўка воқеаларида ўзини ўққа тутиб берган ҳам бирликчилар бўлган. «Бирлик»нинг бу ишлари тарихнинг энг юқори ўринларидан муносиб ўрин олиб бўлган.


Ю.Р.: -Сизнингча ўзбек мухолифатини ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди - мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?


В.И.: -Мухолифатнинг ўша пайтда йўл қўйган хатоси ҳокимиятни олишга қўл узатса етгудай бўлган бир пайтда шахсий манфаатлар йўлида «Бирлик»ни бўлинишга олиб келганидир. Гап ўша пайтдаги «Эрк» партияси раиси Салай Мадаминов ҳақида кетаётганини ўқувчи англаган бўлиши керак. Бу тарихий хатони фақат С.Мадаминов ва унинг бир-икки ҳамтовоқлари тан олишмай келяпти холос. С.Мадаминов тузоққа тушаётганини англамасди (балки биларди), бирликчиларнинг чақириқларига жавоб ҳам бермасди. Манманлиги ва қайсарлиги туфайли бир қўли билан катта кучга эга бўлган мухолифатни парчалаган бўлса, иккинчи қўли билан И.Каримовни хокимият тепасига келишини ва унинг умрбод хукмронлигини таъминлаб берди.
Мана орадан 20 йил ўтибдики, у И.Каримовни муттасил сўкиб келади. Тўғрироғи, бу унинг асосий ишига айланиб улгурди. Таъкидлаш керак, С.Мадаминов шахси И.Каримов томонидан бежиз танланмаганини ўша пайтдаёқ кўпчилик тушуниб етган. 1991 йилнинг охирларида Ёзувчилар уйи биносида Президентлик сайловини бойкот қилишни режалаштириб ўтказган 50-60 чоғли киши йиғилишида бўлиб ўтган воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Йиғилиш бўлаётган залга Дадахон ака Ҳасанов кириб “Бу ерда нима қилиб мажлисбозлик қилиб ўтирибсанлар, Президентлик сайловида Солиҳга овоз бермайсанларми?! Ундан бошқа ким бор халқ учун жонини бера оладиган?!” дея хайқирдилар. Мажлисни олиб бораётган Абдураҳим Пўлатов ўрнидан туриб, “Мана мен бераман жонимни, лекин биз депутат бўламан, президент бўламан деб халқни, “Бирлик”ни сотганлар учун овоз бермаймиз, аксинча сайловни бойкот қиламиз” деган. Бу воқеа шоҳидлари гапларимни тўла- тўкис тасдиқлашига аминман.

С.Мадаминов ва унинг тарафдорлари содир этган бу хатонинг оқибатини бугунгача берилган талофотлар, йўқотишлар, тўкилган қонлар, кишанланган қўллар, юрт бойлигининг талон-тарож этилиши, иқтисоднинг инқирозга юз тутиши, бутун дунё олдида ўзбек халқи моддий ва маънавий қулга айлантирилишида кўриш мумкин. “Бирлик”ни бўлинишига олиб келганлар ҳар бир тўкилган қон ва кетган жон, қолаверса тарих олдида жавобгардир!

Абдураҳим Пўлатовнинг мутассил “53-54” лаши кўпчиликни меъдасига теккан бўлса ажабмас. “Ҳа бўлди-да энди, ёғи чиқармиди, ҳозир бирлашиш керак. Соли жавоб бермаяптику, чўзаверадими хадеб резинкадай” деганлар ҳам топилган. Лекин ҳеч ким эътибор бермайдики, бу сиёсий айблов Солининг шахсига қаратилмаган, балки унинг сиёсий хоинлигини ифодаловчи тамғадир.

Ким билан бирлашиш керак? Сотқин биланми? Йўқ! Мунофиқ биланми? Йўқ! Соли деганлари Абдурахим Пўлатовнинг иддаоларига қандай жавоб берсин?! Икки лидер ўртасидаги 20 йиллик низони, ҳақиқатни тан олишни истамаган айримлар мансаб талашиш деб тарихни чалғитишга уринишади. Йўқ рутбанинг нимасини талашиш мумкин?! У лидер ҳам, бу лидер ҳам аслида қочоқ! Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. “53-54”ни ишлаб олган шахс қандай ҳам бирлашсин?! Бирлашиш бўйича тузилган битимлардан имзоларни қайтариш олиш бекор эмаску! Ахир бу ерда аччиқ, жуда аччиқ ҳақиқат, оғир гурзисини кўтариб бутун бошли тарих турибдику. Ана шундай хатоларни доимий айтиш, керак бўлса юзга солиш керак, токи бу келгуси лидерларга сабоқ бўлсин. Анвар Каримов айтганидек, «қисиб» турилса, бу хатолар даврлар ўтиб қайтарилаверади. Улардан кўз юмиш, хаспўшлаш янги хатоларга йўл очишини ёш бола ҳам тушунса керак.
Бугунгача бу хатонинг тан олинмаслиги мардоновор курашларда тобланган сафдошлар, туғишганлардай бўлиб кетган ўзбек мухолифатини бугунгача бўлиб, ораларига раҳна солиб келмоқда. Мухолифатнинг энг олди кишилари бир-бирини хақорат, ғийбат қилишдан, дилларини ранжитишдан маза қиладиган бўлиб қолди. Юрт ташвиши унутилди, халқ дарди чекинди. Халқ бугун ўзи ўлиб, ўзи қолмоқда. Мухолифатнинг у билан зиғирча иши йўқ.

Мухолифатнинг ўша пайтдаги ва хозиргача давом этиб келаётган яна бир хатоси ўз жонини сақлаш мақсадида юртни ташлаб чиқиб кетганидадир. Ватан йўлида курашни бўйнига олганлар ўлиши, қамалиши, азоб чекиши янгиликмиди?! Буларнинг жони жону, Усмон Носирлар, Чўлпонлар, Қодирийларнинг жони бақлажонми?! Ўз жонини авайлаб, абгор халқни Каримов режимига гаровга ташлаб кетганлар ўзини ҳақли равишда мухолифат дея олса, мен бу сафлардан чиққан бўлардим.

Ю.Р.: -Каримов ҳукуматини мухолифатга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу ҳаракатлар қанчалик ўзини оқлайди?


В.И.: -Каримов режимининг мухолифатга нисбатан аёвсиз кураши авваломбор ҳокимиятни, демакки ҳукмронликни сақлаб қолишга, зўравонликка асосланган. Бу йўлда мана 20 йил ўтдики, бу режим ҳеч нимадан қайтгани йўқ. Ўтган даврга назар солсак, ҳар президентлик ва парламент сайловлари арафасида халқни сиёсатга аралаштирмаслик мақсадида «профилактик» ишлар амалга оширилган. Турли фитналар уюштириш натижасида бегуноҳ халқ ўққа тутилган. Мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибс қилинган. Улар ҳануз тутқунда. Фарғона, Наманган, 1999, 2004 , 2005 йил воқеаларини бошдан кечирган халқимиз сабр косасининг таги тешик ўзбек бўлмаганида сайловларда қатнашган, ўзининг сиёсий хуқуқларидан фойдаланган бўларди. Бу йил бўладиган парламент сайлови олдидан шу йилги май воқеаси бежиз бўлмади, деб ким кафолот беради?!

Баъзида ўзбек мухолифатини кучсизликда айблаб, грузин, қозоқ, қирғиз ва бошқа миллат мухолифатларини мақтаб қолишади. Лекин ўша давлатларда Ўзбекистон режимидек бутун давлат хазинасини, унинг структурасини мухолифатни йўқ килишга совурган, давлат органларига муаммоларни хал қилиш учун эмас, балки мухолифатни йўқ қилишга сафарбар қилган, халқни тобе қилиш мақсадида қашшоқликни келтириб чиқарган давлат раҳбари ҳам бўлмаган.


Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатини хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?


В.И.: -Хорижда туриб нималарнидир амалга оширишга харакат қилганлар ўз ишларини қилиб бўлишди. Натижасини амалда кўриб турибмиз. Бундан буён бу каби “фаолият”дан наф йўқ. Бугун хорижда қолишни ўзига эп кўраётганларнинг амалга оширмоқчи бўлган ишлари тугул, ўзларини ҳам оқлаб бўлмайди! Уларнинг олдида 2 йўл бор: бири — Ватанга қайтиш, иккинчиси — мухолифатчилик даъвосидан кечиш.


Ю.Р.: -Бугун мухолифатни бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга уринмоқда. Дунёвий мухолифатни исломлашиши мамлакат ва халқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?


В.И.: -Ўзини мухолифат деб ҳисоблайдиганлар хоҳ у дунёвий бўлсин, ҳох диний, у ёки бу ташкилотга алоқадор бўлишади, албатта. Ҳар бир ташкилотнинг (агар у жиддий ташкилот бўлса) қабул қилган хужжатлари бўлади. Ушбу хужжатларга амал қилмаслик қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Шароит тақозоси билан ҳали диндор, ҳали демократ бўлиб қоладиган мухолифатни ким ҳам жиддий қабул қилиши мумкин? Бу бир сиёсий калтабинлик, узоқ йиллик хориждаги ҳаётдан кейинги тушкунлик.

Демократик мухолифатнинг исломлашишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу дунёвий йўллар билан кураш олиб бориб бўлмайди деганими? Бу сингари ҳаракатлар демократияни инкор қилиш деб баҳоланади ва унда исломлашган мухолифат нима учун ўз фаолиятини бирон бир исломлашган давлатда эмас, Швециядек демократик давлатда кучайтирмоқчи бўлади? Исломий билимга эга бўлмасдан тақдир тақозоси ёки аламзадалик йўлида кечаги дунёвий мухолифатнинг исломлашиши бу исломни хақорат қилишидан бошқа нарса эмас. Эрон, Ироқ, Фаластинни мисол келтиришнинг нима кераги бор. Юртимиз ўйлайлик.

Ўз вақтида дунёвий мухолифатни инкор этган Исломий ҳаракатнинг йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши жихот эълон қилгани юрт ичкарисидаги мусулмонларга қандай зулм олиб келгани маълум-ку. Адолатсизликка қарши курашнинг уддасидан чиқса, ўзини исломий қуролланган мухолифат деб ошкора эълон қилганлар чиқарди. Бу сингари харакатлар четдан қараганда худди Ўзбекистон хукумати билан боғлиқдай. Четга чиқиб олганлар қандайдир кашфиётлар тўқиб чиқаверишади, унинг оқибатида юрт ичкарисида репрессив машинанинг ишлаши жадаллашаверади.


Ю.Р.: -Халқимиз қарийб 18 йилдирки деярли мухолифат фаолиятидан бехабар ҳолда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифат пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифат пайдо бўлса, у 90 йиллардаги мухолифатни қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?


В.И.: -Халқимиз 18 йилдирки мухолифат фаолиятидан бехабар яшамоқда десак хато қилган бўламиз. 2002 -2005 йилларда Исмоил Дадажонов билан биргаликда Ҳаракатни партияга айлантириш билан халқнинг ёдидан кўтарилаёзган мухолифатни тиклаб олганмиз. Жойларда “Бирлик” деса тун-кун милиция, МХХ ҳамон оёқда тик. Журналистлар ҳалак, чет элликлар ҳайрон. “Бирлик” деса лабига учуқ тошадиган хукуматни 5 марта партия ҳужжатларини олишга, уларни бир йил давомида биз билан шуғулланишга, уйма -уй юриб бирликчиларни излашларига мажбур қилдик. Ўзбекистонда мухолифат йўқ деганларни мулоқат столига тортиб келдик.

Бир сўз билан айтганда биз халқимизни мухолифат борлигидан, у нималардир қилиши мумкинлигидан хабардор қилдик. Ҳозирча қилган ишимиз шу. Агар мана шундай ҳаракатни бошқа партиялар ҳам қилишганда эди, ўзбек мухолифати юрт ичкарисида жиддий бир кучга айланиш мумкин эди. Бугунги дунёвий билимларни олишга интилиб, дунёга юз тутаётган ёшларни, билими хор бўлган зиёлилар, пора бермагани учун ишдан қувилган кадрларни, калтакланган спортсмен ва саҳнадан қувилган санъат юлдузларини, давлат органлари ва ҳатто Президент атрофидагиларни ҳам ўзимизга жалб қилишимиз мумкин эди. Агар бизнинг мухолифат юрт ичкарисида илгаригидек фаолият кўрсатганда эди, биз ана шу имкониятдан унумли фойдаланган бўлардик. Ҳали ҳам кеч эмас…
90-йиллардаги мухолифатнинг хато ва камчиликларини юқорида айтиб ўтдим.


Ю.Р.: -Сизнингча, ўзбек мухолифатини бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?


В.И.: -Хатоларни тан олиш ва Ватанга кайтиш! Мухолифат Ватанга қайтса, амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тиқилиб ётибди.


Ю.Р.: - Сиз ўз ҳаётингизни кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ёки афсусдамисиз?


В.И.: -Мен 20 йиллик умримни – ёшлигимни «Бирлик»ка, мухолифатга, инсон ҳақларини ҳимоя қилишга бағишладим. Бундан бениҳоя мамнунман ва бундан чексиз фахрланаман. Бу йўлда кўрган кечирганларим аламлидир, лекин мен мухолифатчи бўлмасам дунё юзини кўрармидим?! Эл назарига, дунё эътиборига тушармидим?! Оилам, фарзандларим мухолифатчи руҳда тарбия олишди. Катта набирам Жавҳар (бу исмни мард чечен ўғлони Жавҳар Дудаев шарафига қўйганман) ва кичиги Муҳаммад Худоёрхонлар ҳам бувисидек бирликчи бўлишади.
Аллоҳдан менга шу кунларни кўрсатишини сўрайман.


Суҳбатдош: Юсуф Расул.


www.yangidunyo.com




Категория: Шоир дўстларининг ижодидан | Просмотров: 1357 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz