Холдор Вулқон
Адиба умировагаКўкда булутларнинг олтин пўстаги,
Руҳимда соғинчга ўхшаш кечинма.
Сенга нима бўлди, ҳаёсиз дарахт?
Менинг кўз ўнгимда бундай ечинма!
Дала сўқмоғида ёлғиз йўловчи,
Унинг кимлигини қаёқдан англай.
Бўйнимга чирмашар йиллар илони,
Осмон - танглай, қаро шудгорлар - манглай.
Хамдарлик билдириб пичирлар ёмғир,
Бўйсунмас вужудга мустақил поям.
Туёқларга ўхшар туфлилар, ё, Раб,
Нега йиғлаяпсан, букчайган соям?
Мажнунтол кокилин ўрганда шамол,
Читтаклар ўқирди боғларда баёз.
Олмос ойналарга энди, эхтимол,
Муздан асар ишлар мусаввир аёз.
Фонар шуъласида қор қўзғалони,
Шамоллар борлиқни варақлаб ўқир.
Зехнлари ўткир, тиришқоқ, лекин,
Шўрлик шамолларнинг кўзлари сўқир.
Муваққат дунёдан ўтиб борамиз,
Лоқайд зулматларда чароғон кунсиз.
Тилсиз пояфзаллар остоналарда,
Оғзин ка - а - атта очиб йиғлайди унсиз.
5 июнь , 2005 йил . Андижон шаҳри ,
Лермонтов кўчаси , 10 - уй