Ўзбекларда бир мақол бор: кўнглинг чўкса сув бўйига бор,
кўкрагинг кўтарилса мозор бошига бор, деган. Чунки, иккисида ҳам
руҳингиз ором олади. Қалбингизга яқин одам қабрининг бошида дуою фотиҳа
ўқиб, руҳингиз енгил тортиб, уйга қайтасиз, тирик бўлиб, бу фоний
дунёда яшаб юрганингизга имон келтириб, Яратган Тангримга шукроналар
ўқийсиз ва тирикликнинг қадрига етасиз! Агар қалбингиз ғам андуҳдан
ёзилса, дардингизни айтгани бир дилкаш биродар тополмасангиз, сув
бўйига бориб оқиб турган сувга боқиб руҳингиз ором олади.
Мен ҳам қалбимга оромни сув бўйида излаган дарвешлардан бириман.
Сувни кўрсам қўшилиб узоқ узоқларга оқиб кетгим келади. Мавжланиб,
тошдан тошга урилиб оқаётган сойлар жони дилим.
Менинг бахтимга биз яшаетган Швецарияда “Leman” деган ажойиб кўл
бор. Бу кўл lausanne шаҳарини Франциянинг Evian шаҳри билан боғлайди.
Яъни сиз ҳаво очиқ кунлари кўл бўйига келиб қарасангиз Evian шаҳрини
бемалол кўришингиз мумкин.
Кўл шу қадар чиройлики, тўрт тарафи тоғлар билан ўралган, соҳилда
эса турли туман гуллар барқ уриб очилиб ётибди. Гуллар шундай
чиройлики, ҳудди жаннатдан чиққандай. Лекин минг афсуски, шоир
Муҳаммад Солих ўз шеърида тасвирлагани каби бу гуллар ҳидсиздир.
Бошида ҳеч ўргана олмадим бу гулларнинг ҳидсизлигига. Бора бора ўргандим...
Табиат эса бутун саҳийлигини Шевецарияга берган, лекин ўша лекин
ёмонда: гулларда ҳид йўқ, жонлилик йўқ. Нега десангиз ҳудди қоғоздан
ясалган гулларга ўхшайдилар.
Энг гўзали бу мамалакатда “лола” байрами... Лола байрами бир ойга
яқин давом этади, турли туман очилган лолаларни кўриб кўзингиз
қувонади.
Сиз сарлавҳани ўқиб ажабланишингиз мумкин, қушлар ҳақида ёзмоқчи деб ўйласак гапни қаерга бошлаб кетди деб.
Шошилманг азизлар, энг қизиғи олдинда. Чунки, бу мамлакатда ҳар
нарса гўзал , шунинг учун ҳам бир оз таърифини қилдим бу гўзал диёрни .
Бундан бир ҳафтача олдин кўл бўйига дам олгани бордик. Менинг бир
одатим бор, албатта кўл бўйигa борганимда нон олиб бораман қушларга
бергани. Бу гал ҳам одатимни канда қилмай нон олдим. Ва у ерда биринчи
бор ўрдакларнинг ўзара талашиб тортишиб жанжал қилаётганларига шоҳид
бўлдим.
Улар тўртта бўлиб битта ўрдакнинг бошини ғажирдилар. У ҳам
етмагандай ораларига яна янгилари қўшилиб, бечора ўрдакчани
қимирлатмай қўйдилар. Мен жуда шошиб қолдим, аксига олиб қўлимда
фотоапарат йўқ эди.Бўлмаса ҳамиша кичик қўл сумкачамда фотоаппарат
билан юрадиган одам ўша куни унитгандим фотоапарат олишни.
Бечора ўрдакча... У золим ҳамжинсларининг қўлидан зўрга қочиб
қутилди. Шундай бир гўзал мамлакат, поёнсиз бир кўл ва унда бир бирини
бошини ғажиётган ўрдаклар...
Тавба дедим, буларга нима етишмаскан?
Жанжал озиқ овқатдан чиққанга ўҳшамасди. Сув юзида биздан олдин
келиб қушларга нон берганлар шекилли сув юзида нон бўлакчалари оқиб
турарди.
Бу қушлар очликдан бир бири билан талашаётган йўқ эди. Улар ҳеч қандай сабабсиз бир ожиз қушчани талаб ётишган чиқарди.
Қушларки бир бири билан қир пичоқ бўлиб уришишар экан, биз
инсонлардан хафа бўлмасак ҳам бўлади. Баъзи одамлар нега бир бири билан
бунча урушиб тортишади. Уларга қўшилган тарафкашларчи? Улар очликдан
урушмоқдами? Менимча йўқ... Уларни уруш жанжалларида қушлар каби бирор
сабаб топа олмайман.
|