ЖЎРА ЧАВАНДОЗ
Шовуллар Қулунчақ Ҳожининг боғи,
Томида қизғалдоқ очилган уйлар.
Адирлар пойида, қадим Кужганда,
Шамол қамишларнинг тилида куйлар.
Жўрабек улоқда қатнашмоқ учун,
Олис йўлга чиқиб минди отини.
“Бир ёмон туш кўрдим, борманг улоққа!”,
Деб узоқ ялиниб турди хотини.
Тескари бўлар деб аёллар туши,
Ортига қайтмади ўжар чавандоз.
Ям-яшил ўтлоқда ёввойи гуллар,
Унинг йўлларига бўлди поёндоз.
Чошгоҳ маҳал етиб борди у тўйга,
Ҳали бошланмаган бешафқат ўйин.
Жўрабек майдонда гижинглатди от,
Қоматин тик тутиб, эгмасдан бўйин.
Улоқчи отларнинг думи тугилган,
Бетоқат айланар жабдуғи таранг.
Чавандозлар кутиб ҳакам имосин,
Эгарлар устида ўлтирар аранг.
Ниҳоят майдонга ташланди улоқ,
Бошланди тортишиш, бошланди суриш.
Улоқни олганнинг боши, бўйнига,
Қайиш қамчи билан аямай уриш.
Отлар туёғидан зириллайди қир,
Денгиз чаноғидай гувиллар қулоқ.
Қинидан чиққудек айғирлар кўзи,
Ҳайбатли гирдобдай айланар “Улоқ”.
Улоқ майда-чуйда ғийбатдан йироқ,
Асл эркакка хос мардона ҳунар.
Лек унинг ҳам нурсиз ҳилватларида,
Бахиллик иллати пинҳона унар.
Жўрабек “Улоқ”ни юлқиб оларкан,
Майдон бўйлаб чопар ҳакамлар томон.
Унинг орқасидан мури-малаҳдек,
Аламнок отлиқлар қувлар беомон.
Олдинда бир кесар, қайсар Жўрабек,
Маррага интилар қамчини тишлаб.
Ғанимлар кимгадир қилар ишора,
Нопок юрагида ҳасадлар қишлаб.
Шу маҳал бир номард ечиб чопонин,
Улоқтирди отнинг пойига шошиб.
Оёғига чопон ўралган тулпор,
Гурсиллаб йиқилди, умбалоқ ошиб.
Отдан учиб тушган Жўрабек ётар,
Кийимларин бўяб қирмизи қони.
Шу куни номардлар фитнаси билан,
Буюк чавандознинг узилди жони.
Мана неча ойки мунғайиб турар,
Жўрабек улоқчи қўйилган қабр.
Бир зот зиёратга келар кун ора,
Мусибат айласа жонига жабр.
Бу зот Жўрабекнинг қўшиқчи дўсти,
Сарҳуш қўшиқ айтар ичганда бўза.
Ана у кўчадан ўтмоқда куйлаб,
Дўстини соғиниб қўлида кўза.
Ёғочдан от қилиб чопиб ўйнайди,
Жўрабекнинг ўғли Нурмамат сағир.
Қўшиқчи куйлайди кўзларида ёш,
Ойдин вайронадек ёришар бағир.
Биз кетар бўлдик йироққа, алвидо, боғлар, ҳайр,
Боғдаги булбулни ҳайдаб яйраган зоғлар, хайр.
Дарчадан маъюс боқар ойдин сукунатли дала,
Чор тараф қордек ёришган дилдаги доғлар, хайр.
Кўх-ба кўх қўйлар боқиб, жарларда гулханлар ёқиб,
Жийдазор соҳилда қолган беғубор чоғлар, хайр.
Заъфарон елда илонлар пўсти байроқлар каби,
Ҳилпираб ётган тиканзор, кузги янтоқлар, хайр.
Ёшлигимнинг, севганимнинг сизда пинҳон излари,
Ҳур шамол, сув қушлари, шовқинли қирғоқлар, хайр.
Бўзладим мен ул гўзалнинг ишқида девонадек,
Мен нетай девона бўлсам, дарди йўқ соғлар, хайр.
Эй гадой душманчалар, сиздан-да минг-минг розиман,
Мен кечирдим барчани молимга ўртоқлар хайр.
Тобакай таҳдид солар бошда омонат кўчкилар,
Биз кетар бўлдик йироққа, пурвиқор тоғлар, хайр.
ТУҒИЛИШ
Осмон океани, улкан булутлар,
Баҳорий селларнинг мавсуми яқин.
Қоялар зириллар қасирғалардан,
Зулматга илдизлар отади чақин.
Жарлар пойин ялаб ўкирган гирдоб,
Тўлғониб айланар аждаҳо каби.
Оппоқ кўпик тегиб қолган томирлар,
Чанқаб қимиз ичган чўпон мўйлаби.
Шум қадамлар ҳали бориб етмаган,
Мағрур чўққиларда покиза руҳлар.
Оч, писмиқ илонлар чиққани қўрққан,
Совуқ қояларда бургутлар ухлар.
Тошлари қовундай терилган сойнинг,
Илик музлатгувчи сувлари зилол.
Шамол тортқилайди бўрилар юнгин,
Қаро-тун муаззин ҳазрати Билол.
Елкангда ухлайди бултурги қорлар,
Кўкси булутларга теккан чўнг ОЛОЙ.
Жисминг тош бўлсада бағри тошмассан,
Мен сенинг бағрингда мангуга қолай!
Мовий шамолларда ўйчан чайқалиб,
Анвойи гулларнинг денгизи тошар.
Сийнангда от минса бўрон қўзғолган,
Нурмамат чўпоннинг излари яшар.
Ана у, девқомат, ўжар ва чайир,
Бўртган томирларда қайнайди қони.
Бақувват белида белбоғи аро,
Ҳалол меҳнат билан топилган нони.
Қўлда ирғай таёқ, остида ғунан,
Қўй-қўзи, йилқи деб ўтади ёзи.
Эргашар қўй пода изидан улкан,
Бўрибосар зотли айиқбош този.
Қўшиқлар ҳиргойи қилади чўпон,
Ҳаёл хотирани тутгувчи тузоқ.
Унда гоҳ куйлайди Жўрахон ҳофиз,
Гоҳ хониш қилади Маъмуржон Узоқ.
Нурмат чўпон куйлаб бораркан ёлғиз,
Хаёлан орзулар қанотин силар.
Маъмуржон ҳофиздай қўшиқ айтгувчи,
Бир ўғлим бўлса деб Худодан тилар.
Чунки унинг тўнғич ўғли Зокиржон,
Қўшиқни севса ҳам куйламас сира.
Йўқ эди куйлашга ҳофизлар каби,
Унинг овозида илоҳий шира.
Лекин отга бўлган болалик меҳри,
Ойдинда жимирлаб оққувчи булоқ.
Ўзи ёш бўлса-да усиз ўтмайди,
Қирда зилзилалар қўзғотган “Улоқ”.
Нурмамат чўпоннинг ёдидан ўчмас,
Бундан ўн йил бурун ўтган кўпкари.
Турли томонлардан йиғилган эди,
Паҳлавон, шер юрак чўпонлар бари.
Ўша кўпкарида Норвой исмли,
Чавандоз шахд ила улоқни тутди.
Сўнг уни чилвирла эгарга боғлаб,
Чопаркан, ғирромлик йўлига ўтди.
Чавандозлар чопар шамолдек елиб,
Тулпорлар ўртага қуюндек кирар.
Яшиндек қарсиллар қамчилар зарби,
Сувлуқлар отларнинг оғзини йирар.
Улоққа чанг солиб бақувват қўллар,
Кўзлар катталашар ҳайрати ортиб.
Эгарга боғланган улоқни чунки,
Норвойдан ҳеч кимса ололмас тортиб.
Шунда Нурмат чўпон ниқтаб саманин,
Майдонда от сурди ғайрати жўшиб.
Бир силтаб Норвойдан тортиб олди у,
Боғланган улоқни чилвирга қўшиб.
Отдан учиб тушар чоғида Норвой,
Алам аччиғида сўкинди ғудраб.
Эгарсиз от чопар узангисига,
Оёғи илинган ғирромни судраб.
Айғирлар ёлида бўрон шиддати,
Нурмамат чўпоннинг самани ўзғир.
Улоқни келтириб ташлаганда у,
Ҳакамлар ҳайъати ҳар ёнга тўзғир.
Энди у шиддатли, шовқинли кунлар,
Хотира даштида олис акс-садо.
Сўраганингдан ҳам кўпроқ бераркан,
Бағри кенг, меҳрибон қудратли Худо.
Эсида, олмалар гуллаган саҳар,
Боғ ҳали уйғотмай тонгги қушларин,
Ҳомиладор умр йўлдоши шошиб,
Сўйлаб берган эди кўрган тушларин.
Эмишки, тушида Мавлуди Шариф,
Кенг, ёруғ айвону уй тўла хотин.
Қуръони Каримдан оятлар ўқир,
Оқ рўмол ўраган чиройли отин.
Бир отинки, “суф!” деб дам солса агар,
Ўлик тирилтирар ўхшаб Исога.
Қарангки, у оппоқ йўргакка ўраб,
Бувак тутқазибди Баҳринисога.
Яхшиликка йўйиб бу сирли тушни,
Шукр келтирдилар жаноби Ҳаққа.
Вақт оқартириб яна бир тонгни,
Қора қўлёзмасин кўчирди оққа.
Кўп ўтмай дунёга келди чақалоқ,
Фаришталар ўпиб мурғак жисмини.
Нурматбек исмига ҳамоҳанг ўхшаш,
Шерматбек қўйдилар гўдак исмини.
БОЛАЛИК
Само қопқоғидан булутлар тошиб,
Қалдирғочлар учиб келгани замон.
Бола-чақасини Нурмамат оға,
Олиб кетар эди тоғларга томон.
Ота кенжа ўғлин Шер дея атар,
Шер Али бу – дейди – оддий шер эмас.
Барчага ёқади Шерали номи,
Бошқалар ҳам уни Шерматбек демас.
Шерали тоғларда озод бургутлар,
Яшнаган арчазор, ўрмонлар дўсти.
У қорли чўққилар бағридан оққан,
Қўшиқчи сойлардан сув ичиб ўсди.
Ўтовда бор эди эски патифон,
“Мошина қўшиқ” деб атар уни эл.
Ғижирлаб айланса елим лаппаги,
Қўшиғидан одам руҳи бўлар сел.
Ичига одамча кириб олган деб,
Баъзилар карнайга ҳадикла боқар.
Қулоқларин яқин тутиб, жилмайиб,
Қўшиқ дарёсида олмадек оқар.
Улар учун карнай ва елим лаппак,
Ўхшайди сеҳрли жодуга, сирга.
Шерали кўринмас ҳофизлар билан,
Мумтоз қўшиқларни куйлайди бирга.
Нурмамат чўпоннинг қўлидан бир кун,
Қарсиллаб тушдию чети узилиб,
Оилага қувонч бағишлаб турган,
Қадрдон патифон қолди бузилиб.
Патифон устасин келмоғи гумон,
Бақирсанг овозинг етмаган жойдан.
Шуълалар ёғилар чўпон юзига,
Ўтовнинг устида порлаган ойдан.
Бир маҳал ойдинда янграй бошлади,
Мумтоз ашулалар олдинма-кетин.
Овоз ингичкаю лекин ширали,
Оҳанг жимирлатди чўпоннинг этин.
“Наҳотки патифон тузалган бўлса?”,
Деган ҳаёл чўпон кўнглидан кечди.
Шунда у ўтовга киришдан олдин,
Остонада кирза этигин ечди.
Ичкарига боқиб ушлади ёқа,
Чунки куйлар эди кенжатой ўғли.
Ўтов тепасида ой порлар ҳамон,
Кўкда йирик-йирик юлдузлар чўғли.
Ўғлим тўхтамасин куйлашдан дея,
Падар остонада турарди қотиб.
Ўзини унутган Шерали эса,
Ҳамон куйлар эди кўрпада ётиб.
Қўшиқни тингларкан Нурмамат чўпон,
Йиғлади, кўз ёшдан ювилди доғлар.
Мурғак Шералининг илк қўшиқларин,
Тик туриб тинглади баҳайбат тоғлар.
ЎСМИРЛИК
Гирдобдай айланиб гувиллайди тўй,
Тошади одамлар дарёси оқиб.
Қизлар йигитларни қилар жизғанак,
Товусдай атласдан аланга ёқиб.
Қурбон сариқ куйлар ҳаёли пулда,
Чироқлар тирсиллаб етилган елин.
Сурнай нола қилиб карнайлар улиб,
“Ёр-ёр” ўлан аро йиғлайди келин.
Бирдан гувиллади даҳшатли гулхан,
Соялар узайди қўрқинчли тушдай.
Одамлар дарёсин соҳилларида,
Болалар чийиллар балиқчи қушдай.
Қурбон сариқ созлар совуган созин,
Доира тапирлар қулоқни тешиб.
Гулхан атрофида учириб елка,
Бир йигит рақсга тушади эшиб.
Карнайчи кўзининг пахтаси чиққан,
Лунжин шиширади кичикроқ тўпдай.
Қорни кўринади, камарсиз шими,
Осилар, чўтакда тангаси кўпдай.
Охир “Ёр-ёр” ўлан ноласи тиниб,
Чимилдиққа кириб кетганда келин.
Ўртакаш: “Қани, жим, ўртоқлар!” деди,
Оппоқ бақбақаси мисоли елин.
У деди: – “Эндиги навбатни яна,
Хушовоз Қурбонжон булбулга берсак”.
Ғовур-ғувур тинмас каптархонадек,
Унда-бунда чалиб қўйишди қарсак.
Меҳмонлар бир-бирин тортиб ўйинга,
Ялла гоҳ авж олиб гоҳида пастлар.
Кўксини пайпаслаб, кўзи сузилиб,
Ҳей, дў-ў-ўст, жуфт бўлсин! деб қичқирар мастлар.
Ниҳоят рақс тугаб зерикди давра,
Қўлма-қўл товоқда буғланди ошлар.
“Шерали ҳам битта қўшиқ айтсин” деб,
Ўртакашдан рухсат сўради ёшлар.
Чарчаган Қурбондан розилик олиб,
Охир Шералига рухсат беришди.
Шерали шу куни халқнинг олдида,
Куйламоқ бахтига илк бор эришди.
Шерали куйлашни бошлаган маҳал,
Давра жимиб қолди ўзидан-ўзи.
Юришдан тўхтади хизматчилар ҳам,
Ёш ҳофизда эди хамманинг кўзи.
Гўё ярақлади зулматлар аро,
Аллоҳнинг адолат шамшири-сайфи,
Одамлар ҳайкалдай қотиб қолдилар.
Тарқаб кетди ҳатто мастларнинг кайфи,
Қўшиқ тугаганда жонланиб бирдан.
Ҳавода портлади элнинг қарсаги,
Қурбон лавлагидай қизариб кетди,
Бировдан егандай мушт ё тарсаки.
“Шонга шерик бўлдинг” дегандай Қурбон,
Ўқрайиб қаради ҳофиз болага.
Ҳозир Шералини қамчилаб уриб,
Жон деб қувар эди дашт ё далага.
Ўша тўйдан кейин Қурбон сариқнинг,
Омад боғларини урди гармсел.
Қайси тўйга борса “Сен айтма” дея,
Доим Шералига навбат берар эл.
Омаднинг қуриган боғи ўрнида,
Чақир тикан бўлиб ҳасадлар ўсди.
Қурбон қўриқчиси билан бир бўлиб,
Бир кун Шералининг йўлини тўсди.
Қурбон дер: – Санъатни ҳавас қилма сен,
Отанг чўпон, сен ҳам чўпон бўласан.
Менинг йўлимга ғов бўлма тирранча,
Энди тўйда қўшиқ айтсанг, ўласан!
Лекин тўсарманлар озод шамолни,
Тўсиб бўлмаслигин тушуниб етди.
Буюк Шералининг бўрон овози,
Ёвлар капасини учириб кетди.
МУСАФФО ЮРАК
Яйдоқ далаларда сузади туман,
Қишлов учун қайтган тоғдаги қўйлар.
Ҳазонлар гиламдай тўшалган боғда,
Ёмғирлар пичирлаб ҳикоя сўйлар.
Нурмамат чўпонни йўқлади раис,
Алоҳида жойда дастурхон ёзиб.
Колхоз ҳисобчиси ўлтирарди маст,
Чўп билан тишининг ковагин қазиб.
Нурмамат таомга теккизмади қўл,
Узоқ қистадилар ичмади ароқ.
Раис унга зимдан боқаркан кулиб,
Сўзларди қўлида бир нечта варақ.
- Нурмамат, биласан, ҳисобот яқин.
Ишлайлик бир бўлиб қадрдон дўстдак.
Юз элликта қўйни исписайт этиб,
Аҳолидан йиғиб қўйганмиз пўстак.
Бўри еб кетди деб, сел оқизди деб,
Қўйиб берсанг бўлди қоғозларга қўл.
Фойданинг бир қисми сеники бўлар,
Сен ҳам юравермай бир нарсали бўл.
Нурмамат чўпоннинг ғазаби жўшиб,
Раиснинг қонталаш кўзига боқди.
Ағдаргиси келди столни тепиб,
Томирда қон эмас аланга оқди.
У “Имзо чекишни билмайман – деди,
- Ҳаром луқма емас ҳақиқий чўпон.
Раис, халқ мулкини егандан кўра.
Есангиз бўлмасми қиринди, тўпон.”
Олайди раиснинг ёғ босган кўзи,
Ҳисобчи чўпакни суғурди тишдан.
Шу куни Нурмамат чўпонни улар,
Сохта қарор билан ҳайдашди ишдан.
Чўпон уйга қайтди юраги зада,
Ноҳақлик ҳанжари юракни тилди.
Уйига кирганда ўғли Шерали,
Рубоб олиб бер деб ҳарҳаша қилди.
Жанжал қилиб юриб ўжар Шерали,
Эзгу орзусига охир эришди.
Чунки битта қўйни пуллаб дўкондан,
Унга янги рубоб олиб беришди.
Ўғли рубоб чалиб ашула айтса,
Ота ҳузур қилар кайфияти чоғ.
Чекингандай бўлар ноҳақлик, алдов,
Ювилар юракнинг тубидаги доғ.
ТОШКЕНТДА
Шерали Тошкентга келди илк бора,
Унга фаворраю-хиёбон ёқар.
Ўтар машиналар подаси маъраб,
Одамлар кўчадан дарёдек оқар.
Мана талабалар шаҳарчасида,
Шерали айланиб юрибди якка.
Осмоннинг феъли тунд, ҳаво айниган,
Жулдур булутлардан ўтади чакка.
Ойнабанд бинонинг эшиги узра,
Рубоб ва доира чизилган лавҳа.
Ичкарида дардли маҳзун мусиқа,
Азадор қиз каби тортади навҳа.
Кимдир пианино чалар берилиб,
Ҳавода мавжланар илоҳий жаранг.
Топмайсан бу куйдан ҳеч қачон ҳузур,
Севгидан бўлмаса юракда яранг.
Куй тугаб созанда боқди ортига,
- Сиз ҳам ўқишгами? – дея у сўрди.
Абдужаббор ўзин таништираркан,
Шералига қўшиқ айтдириб кўрди.
Қўшиқни эшитгач ўрнидан туриб,
Қойилман! Овоз зўр! деди шодланиб.
Сўнг деди: мен сизга ёрдамлашаман,
Менга имтиҳонлар кетган ёдланиб.
Маданий оқартув техникумига,
Ҳужжатин топширди Шерали шу кун.
Абдужаббор олиб носқовоғини,
Оғзига ташлади бир чеким кукун.
Имтиҳон лашкарин енгиб Шерали,
Енгилмас шер каби қилди ғалаба.
Мусиқий илмни оширмоқ учун,
Олислардан келиб бўлди талаба.
Бир домла бўларди шу техникумда,
Сўзи латиф эди аёллар каби.
Мастона кўзларин сузиб гапирар,
Атиргул ғунчаси сингари лаби.
Ўша домла тўплаб талабаларни,
Тунда олиб борар эди “отар”га.
Шерали ашула айтарди якка,
Қолганлар созанда дамсоз дуторга.
Тўйдан кейин домла талабаларга,
Ахлоққа зид ишни этарди тайин.
Чолғу асбобларинг зўр экан дея,
Нозланиб табассум қиларди майин.
Шерали ғазабин ичига ютиб,
Нозик феъл домладан қиларди хазар.
“Нозик феъл” деганин эшитиб қолиб,
Домла Шералига лаҳадлар қазар.
Дўндиқ домла охир қўзғади фитна,
Шералини атаб бандит, қароқчи.
Дер: – Бунинг дўстлари каллакесарлар,
Бир ёғи Асака, бир ён Чироқчи.
Шералига оғир ботди бу гаплар,
Санъаткор юракни аламлаб, ғашлаб,
Ҳужжатларин олиб шу куниёқ у,
Даргоҳни тарк этди ўқишни ташлаб.
Театр олийгоҳи учун ўша дам,
Танлов борар эди авжи паллада.
Танловдан ўтарди ҳар қандай одам,
Истеъдоди бўлса, бўлса каллада.
Ҳайъат раиси дер: Манави укам,
Келтиррар ғазнага беҳисоб кирим.
Чунки бу бемалол ўйнаши мумкин,
Мажнуннинг рўлини мутлоқ бегримм.
Шерали тор чалиб ашула айтди,
Ҳакамлар ҳайратдан қолдилар қотиб.
Талаба ўқишга қабул қилингач,
Қувонди дўпписин осмонга отиб.
ДЎСТ
Боғлар ечинмоқда ухлашдан олдин,
Қовжираб қақрайди дарёлар лаби.
Тилла ҳазонларни совуриб ўйнар,
Девона шамоллар бойвачча каби.
Оҳиста дарвоза халқасин қоқди,
Мўйсафид почтачи эгнида жома.
Сўнг қуюқ кўришиб Шерали билан,
Тутқазди жилмайиб шошилинчнома.
Нома Шералининг курсдош дўстидан,
Манзили “Олмазор” Янгийўл шаҳар.
Курсдоши тўйига қилибди таклиф,
Етиб келгин дея эртага саҳар.
Дўст деса жонини бергувчи ҳофиз,
Ўйланиб турмасдан отланди йўлга.
“Янгийўл”га бориб ёллади такси,
Текис асфалт йўлдан жўнади “Вўлга”.
Улар узоқ юриб суриштиришди,
Лек ҳеч ким билмайди “Олмазор” қайда.
Шерали шўпирга далда беради:
- Пулингни оласан оғайни, ҳайда.
Улар ахтардилар кечгача изғиб,
Атрофга барқутдай қаро шом чўкди.
Манзилин тўлиқроқ ёзса ўларми?!
Деб шўпир ҳофизнинг дўстини сўкди.
Етар энди бекор овора бўлиб,
Телбадек тентираб юрганимиз – дер.
Мени ота-онам кутяпти уйда,
Кетайин оғайни, хизмат хақим бер.
Шерали шўпирни рози қиларкан,
Раҳмат оғайни деб – қовуштирди қўл.
Зум ўтмай у келган қора “Вўлга”ни,
Ютиб кетди зулмат, туман босган йўл.
Совуқ шамол эсар, чақар изғирин,
Бу ер “Кужган” эмас ҳар ҳолда тоғлик,
Тезроқ бирон чора топмаса агар,
Совуқда шамоллаб йўқолар соғлик.
Шерали шу каби ташвишлар билан,
У ёқдан бу ёққа асабий юрди.
Бир маҳал зулматда қорайиб турган,
Мошинага ўхшаш нарсани кўрди.
Кўргани ростдан хам мошина экан,
Лекин кабинада йўқ эди биров.
Ташқарида ҳамон эсар изғирин,
Ҳофизнинг соғлиги омонат гаров.
Ташқаридан кўра ичкари иссиқ,
Ҳофиз кабинага ўтирди чиқиб.
Юпун кийингани учун афсусла,
Совқотган қўлларин енгига суқиб.
Шу маҳал ҳуштакда куй чалиб кимдир,
Шаҳд билан мошина эшигин очди.
Унинг орқасида турган бир аёл,
“Вой!” дея ўгирилиб ортига қочди.
Қўрқиб кетган шўпир ўзига келиб,
“Кимсан?” деб ҳофизга тикилди ҳайрон.
Шерали бор гапни айтиб шўпирга,
Кабинадан тушди юраги вайрон.
“Энди бу йўлларда тўхтамас мошин,
Яхшиси кузовга чиқ”, – деди шўпир.
Тўйингга эртага борасан энди,
Йўлларда ГАИга кўринмай ўтир.
Шерали кузовга чиққач мошина,
Совуқ зулматларнинг қаърига учди.
Ҳофизни маҳв этиб музлатмоқ учун,
Кийимларин юлқиб шамоллар қучди.
Милтирар саноқсиз совуқ юлдузлар,
Ой ҳам мошинани қувлайди гўё,
Кимсасиз ва совуқ зулматгоҳ ичра
Тентираб юргандай кўринмас рўё.
Ниҳоят мошина даштда тўхтади,
Девори оқланган шийпон ёнида.
Сон-саноқсиз юлдуз олтин арпадек,
Ялтиллар зулматнинг жиғилдонида.
Шерали кузовдан тушгани маҳал,
Норасмий жуфт кириб кетди бинога.
Қалқон ой қўрқинчли порлаб турарди,
Атроф тайёр безак ваҳм кинога.
Ҳамон гувиллайди совуқ изғирин,
Шералининг юпун кийими байроқ.
Кабинани қулфлаб кетибди шўпир,
Бироз исинмоққа жой йўқ қулайроқ.
Шийпонга киргани йўл қўймас ғурур,
Ой ҳам кетиб борар қайгадир бадар.
Совқотган, қорни оч, чарчаган ҳолда,
Ҳофиз юриб чиқди то тонгга қадар.
Тонг отгач шийпондан чиқди соҳта жуфт,
Дийдор таомига балки тўйишди.
Миннат қилиб юриб ҳофизни улар,
Катта йўл бўйига ташлаб қўйишди.
Шу маҳал автобус кўринди йўлда,
Ойнада “Тошкент” деб ёзилган ёрлиқ,
Қоронғу зулматлар ёришган каби,
Ҳофиз кўз ўнгида яшнади борлиқ.
Автобусга чиқиб олди бир сакраб,
Ва жўнаб кетди у сурганча ҳаёл.
Йўловчилар ичра қисилиб юриб,
Чипта сотар семиз кондуктор аёл.
Сассиқ салон ичра бозор шовқини,
Ҳофиз гўё кириб қолган растага.
Одамлар турникка тортилаётган,
Кимсадек осилган тутқич дастага.
Бир йигит тўхтамай чайнайди сақич,
Кексага жой бермай борар бемалол.
Ундан умидини узмай тикилар,
“Жой берар” деб ўйлаб тўқсон яшар чол.
Сурбет йигит бўлса чолга термулар,
Қарсиллатиб ҳамон сақичин чайнаб.
Шунда туман тушиб кетди салонга,
Қари автобуснинг сувлари қайнаб.
Одамлар туманда кўринар хира,
Шерали буғ ичра хаёлга ботди.
“Автобус портлайди, Қо-оч!” – дея шўпир,
Кабинадан ўзин чуқурга отди.
Саросима ичра йўловчи ҳайли,
Дод дея ўзини эшикка урди.
Булдозер сингари семиз кондуктор,
Одамларни бир тўп дарахтдай сурди.
Эшикка илиниб кимнингдир шими,
Пойчаси йиртилди тугмаси учиб.
Соғ-саломат тушиб олган одамлар,
Табриклашар эди бир-бирин қучиб.
Ҳофиз тушиб келди ҳаммадан кейин,
Ногоҳ унинг йўлин бир одам тўсди.
Не ажабки унинг шундоқ ёнида,
Анграйиб турарди излаган дўсти.
Икки дўст кўришди қучоқлар очиб,
Ҳофиз сўкмоқчийди, фикридан қайтди.
Ёзмагани учун манзилини тўлиқ,
Дўсти қайта-қайта узрлар айтди.
Яхшиям учрашиб қолдик деб улар,
Икковлон кетдилар тўйхона томон.
Ҳарорати ортиб, қўзғалиб йўтал,
Ёмонлашар ҳофиз соғлиги ҳамон.
Иситма тушмади тўйхонада ҳам,
Иштаҳа бўғилган, кетмайди емак.
Биркесар Шерали айтдими, тамом,
Бефойда “Бир нарса еб олинг” демак.
Кечгача куйлади шу куни ҳофиз,
Тўхташга мухлислар қўймади қистаб.
Шералининг айтган қўшиқларини,
Яна қайта-қайта тинглашни истаб.
Ҳофиз соғлигини йўқотди шу кун,
Совуқда ўпкасм қаттиқ шамоллаб.
Буюклик шунчалар бўларми, Тангрим!
У дўстин сўкмади бир бор ёмонлаб.
Тўрт ой иситмалаб ётди тўшакда,
Шерали дардига тополмай чора.
Қизиқ дунё экан, тўрт ой ичида,
Дўст хабар олмади келиб бир бора.
ТУМАНЛИ ДАЛАЛАР
Қизил империя, қутурган замон,
Мукофотлар талаш, унвонлар талаш,
Расм бўлди аҳли ҳушомад аро,
Унвон деб пасткашлар пойини ялаш.
Дунёда энг ёвуз кўринмас қурол,
Қовоқ бош цензорнинг қайчиси эди.
Бу қайчи меҳнатла яралган не-не,
Озод қўшиқларни қиймалаб еди.
Қаттол замонанинг радио дастури
Бемаза бутқадек кўнгилга урди.
Транзистор радио яралгач улус,
Озод манзилларга йўлини бурди.
Қизил қўшиқларни ёқтирмас авом,
Севган қўшиқларин тўлқиндан тутар.
Шералидан қайта-қайта қўйишса,
Ёвлар захар ичиб, заққумлар ютар.
Улар сезди, Аллоҳ азиз қилганни,
Ҳеч қачон хор қила олмас бандаси.
Ҳақ агар хоҳласа шоҳ бўлади қул,
Заррин чопон бўлар дарвеш жандаси.
Шералининг шони шуҳратин кўриб,
Ҳасад қуши ғаним юрагин чўқир.
Бу маҳал эрксевар тутқин дилларда,
Йўлбарслар бўкирар кўзлари сўқир.
МЎЖИЗА
Пастак касалхона омборга ўхшар,
Хонада бир бемор ётибди якка.
Овқат еёлмайди, аҳволи оғир,
Чалинган тузалмас, бедаво “Рак”ка.
Бош врач асабий тамаки чекиб,
Беморнинг ўғлини бир четга тортар.
У дейди: – отангнинг юзида, ука,
Кун сайин ўлимнинг белгиси ортар.
Кўз чети бичилиб лаби гезариб,
Бир томонга хиёл қийшайган бурни.
Исрофгарчиликнинг не кераги бор,
Юбормоқ бефойда шифобахш нурни.
Тириклик чоғида айтиб – деб олсин,
Олди-берди бўлса ёру хешларда.
Юз фойиз кафолат бераман, отанг,
Жон берар эрталаб соат бешларда.
Шу бугун сен уни олиб кет, ука,
Одамдай жон берсин уйида ётиб.
Огоҳ қилиб қўйиш бу менинг бурчим,
Кейин йиғлаб юрма ғамларга ботиб.
Қайғуларга чўмган ўғилнинг гўё,
Вужуди кўз ёшга айланиб оқди.
Унсиз йиғлаганча синиқ ойнадан,
Туманли боғларга мунғайиб боқди.
Йиғлаб отасин олиб кетди у,
Уйга олиб кирди авайлаб, авраб.
Хонадан ҳайдади набираларни,
Чарчатмасин дея беҳуда жавраб.
Ботиб борар экан умр қуёши,
Ота изҳор қилар эзгу тилагин:
- Ўғлим, мендан кейин сингилларингни,
Ўкситмай ўстириб бошин силагин.
Ўлсам ўлимлигим тайёр, биласан,
Ўзим боққан қўйни маракамга сўй.
Маккатапўнингни келтириб энди,
Шералининг яхши қўшиғидан қўй.
Шерали Жўраев қўшиқларини,
Тингладим ҳамиша дуодай суйиб.
Ўлдирса қўшиқлар ўлдирсин мени,
Дунёдан кетмайин қовоғим уйиб.
Ўғил ота амрин бажо қиларкан,
Унсиз йиғлаганча юзи буришди.
Сингилларнинг жайрон кўзларида ёш,
Отанинг юзларин силаб туришди.
Тинглар экан маҳзун қўшиқни ота,
Руҳи ором олиб туйди ҳаловат.
Кампир унга умр тилаб Худодан,
Ёмғирдай шивирлаб айтар саловат.
Мусиқа тинмади тонгги бешгача,
Вақт парвозида нур каби шиддат.
Фарзандлар соатга қарайди қўрқиб,
Мана етиб келди айтилган муддат.
Тонг ҳам ўтиб кетди, қуёш ҳам чиқди,
Сезилмасди аммо ўлим шарпаси.
Ота умрин кузги далаларидан,
Униб чиқар эди ҳаёт арпаси.
Овқат еб, чой ичиб жилмайди ота,
Оғриқ йўқ, хотиржам руҳида базм.
Шерали Жўраев шан қўшиқлари,
Ёйилиб оққувчи дарёйи азим.
Шу таҳлит кун ўтиб, ҳафта, ой ўтиб,
Касалванд соғайиб турди оёққа.
Ҳатто бир кун юриб кўчага чиқди,
Таяниб тонг чоғи қўлтиқ таёққа.
Йил ўтиб бутунлай соғайди ота,
Аҳволидан ўғли кўз-қулоқ, огоҳ.
Унга ўлим ваъда қилган Ҳакимни,
Ота Чоргузарда учратди ногоҳ.
Ҳаким чолни тирик кўриб, ҳайратдан,
Оғзи ланг очилиб, осилди лаби.
Бир замбил лой бўлди ҳижолат чекиб,
Юзлари қизарди лавлаги каби.
Муъжиза боисин сўраркан Ҳаким,
Уятдан ўзини пичоқсиз сўйди.
Чол бўлса Ҳакимга “Дори шу” дея,
Магнит тасмасин тутқазиб қўйди.
Ҳаким маълумоти ҳар ҳолда олий,
Кўзойнак тақса ҳам эмаску сўқир.
Магнит тасмасининг қутисидан у,
Ш.Ж. деган қисқа ёзувни ўқир.
ЭҲТИРОМ
Шералига далда берган бир замон,
Меҳрибон бастакор Ғўломжон Рўзи.
Авлиёлик эди: “Шерали сендан –
Зўр ҳофиз чиқади” деган ҳақ сўзи.
Ҳофиз Шералининг қўшиқларидан,
Янги қувват олиб ўсди Шашмақом.
Асрлар ҳасрати юкланган карвон,
Файласуф қария, мангу ёш мақом.
Йўловчилар чиқса автоуловга,
Шўпир кассетани қайта ўрайди.
Ким чиқса албатта: “Оғайни, Шернинг
Кассетаси борми?” дея сўрайди.
Буюк хизматларни қилган бўлсада,
Экранлардан ҳофиз ўзини тийган.
Аслида ўшадир ҳофизлар шоҳи,
Мангу қўшиқчилик тожини кийган.
То рўзи қиёмат жаранглаб тургай,
Тошларга урилиб синмаган сози.
Қўшиқлари баланд осмонда учгай,
Илоҳийдир ширин, ўтли овози!
МУҲЛИС
Поезд елиб борар кузги зулматда,
Маъюс порлаб қолар уйлар чироғи.
Юлдузлар дилдираб турган самода,
Ғамгин нурлар сочар ойнинг ўроғи.
Қўланса ҳидлардан бўғилар нафас,
Плацкарт вагонда ёпилмас эшик.
Пойафзалин ёстиқ қилганча кимдир,
Пишиллаб ухлайди пайпоғи тешик.
Бир кампир қарғайди кимнидир узоқ,
Биров тинмай жаврар, бировлар жимдир.
Ҳаммани чўчитиб чириган полга,
Учинчи полкадан қулайди кимдир.
Биров қотиб кулар, биров ачинар,
Вагонбеги кирар, қийшаяр эшик.
“Нима бўлди?” дея сўлагин артиб,
Уйғониб эловрар пайпоғи тешик.
Тўрда уч-тўрттаси ичади ароқ,
Юзлар фариштасиз, гаплари саёз.
Дераза ортида қоронғу даштлар.
Ҳаволари муздек, мусаффо аёз.
Ўйчан қарочўғда, қоронғу даштда,
Жонланар Туркийлар жонланар Кушон.
Зулматга хаёлчан боққан бу одам,
Истеъдодли рассом Одилжон Нишон.
Шерали Жўраев қўшиқларин у,
Ҳаёлан тингларди завқларга тўлиб.
Кимдир Шералидан гап очди ногоҳ,
Ашаддий мухлиснинг ҳаёлин бўлиб:
- Бойлик тўғрисида кетган экан баҳс.
Шерали бир қоп пул кўтариб кепти.
Номард бўлса ўғлин етаклаб келиб,
“Мана менинг пулим, хазинам” дебди.
Фарзанд кўрмас экан Шерали энди,
Куйиб кетган эмиш бутунлай пушти.
Бу гапни эшитиб, ғазаби қайнаб,
Одилжон Нишоннинг юзлари учди.
Ғийбатчини рассом тамбурга тортиб,
“Яна бир қайтар” деб қистовга олди.
Нафрат ва ғазабдан тугилган муштнинг,
Зарбидан ғийбатчи довдираб қолди.
Сўнгра жон ҳалпида юлқиниб чиқиб:
- “Войдод!” деб ёрдамга чақирди дўстин.
Уч-тўртта барзанги шериги билан,
Дўсти етиб келди эгнида пўстин.
Мусаввир галанинг ичида қолди,
Ёрилгандай бўлди тепкидан чурра.
Урарманлар кетгач мухлис мусаввир,
Ўрнидан қўзғалди юзлари ғурра.
У энди англади муштлашган маҳал,
Дўпписи учибди мисол паррак.
Мусаввир турарди масхарабоздек,
Бир енги узилган куйлаги варрак.
Номардлар томонга боқар у зимдан,
Киприклар ортида аламли ёши.
Бозорда харидор қўлидан тушган,
Тарвузга ўхшарди ёрилган боши.
Номардлар қаҳқаҳа отиб кулишар,
Мазмунсиз, бепарда гаплари саёз.
Дераза ортида бепоён даштлар,
Ҳаволари муздек мусаффо аёз.
Поезд ҳамон елиб борар зулматда,
Маъюс порлаб қолар уйлар чироғи.
Тунги шудрингларда ювилган боғлар,
Далалар устида ойнинг ўроғи.
ФИТНА
Шерали битиргач олий даргоҳни,
Филармонияга ишга олишди.
Концерт тушумидан ғазналар тошиб,
Халқнинг талабидан шошиб қолишди.
Ўзбекконцерт олий бирлашмасининг,
Бошлиғи бор эди турқи муз, чилла.
Қорни тоғорадек, кети ноғара,
Кессак қисган боши мисоли пилла.
Шерали ҳофизнинг мағрурлигини,
Кибру ҳаволарга юрар у йўйиб.
Қанийди иложи бўлсаю пинҳон,
Калтакласам дерди ҳофизни тўйиб.
Бир кун ўч олишнинг мавриди келди,
“Айбнома”ларни қилди у тайёр.
Самарқанд шаҳрида Шерали бу пайт,
Концертлар берарди сафарда сайёр.
Ҳофизни Тошкентга чақирди бошлиқ,
Ёнида Московдан келган бир ўрис.
Давлат хавфсизлиги қўмитасида,
Ишлайдиган ходим Иванов Бўрис.
Ҳофиз етиб келгач бадқовоқ бошлиқ,
Титаркан қандайдир ҳужжатлар қатин.
- Дер бизга реакцион қўшиқларингни,
Ёзиб берчи қани, матнма-матн.
Машраб, Ҳазинийдан, Қорий, Чустийдан,
Қўшиқлар айтибсан тузумга қарши.
Сенга ёқмайдими Интернационал,
Йўқсил Истиқболи коммуна марши?
Юқоридан келган манави ўртоқ,
Кирдикорларингни тезроқ ёзиб бер.
Шерали: – “Ёшликда айтган қўшиқнинг,
Матнин эслолмайман, ёдимда йўқ” – дер.
“Бир қатор бўлса ҳам ёз!” деди бошлиқ,
Шерали хўп дея ненидир ёзди.
Қоғозни тез тортиб оларкан вакил,
Матнга тушунмай бўйнини чўзди.
“Переводите текст” деди Московлик,
Бошлиқ апил-тапил ёзишга тушди.
Ёлғон таржимани тингларкан ҳофиз,
Ғазаби қайнади, тугилди мушти.
“То етим бўлмай киши, билмас отонинг қадрини”,
Мисрани русчага ўгирди шундай:
“Пока не осиратееш не познаёш Бога”.
Хофизга кундуз хам қорайди тундай.
Ҳофиз гапиргани оғиз жуфтлади.
Лекин сўз айтмоққа йўқ эди чора,
Азалдан разиллар ошиғи олчи.
Истеъдоднинг мангу манглайи қора,
Бир мисра нотўғри таржима ила,
Аллоҳнинг булбулин қувдилар боғдан.
Булбул хонишига зор бўлди авом,
Диллар зада бўлди қарғадан, зоғдан.
Булбул боғдан кетиб гўнг титар зоғлар,
Қарғалар талтайиб ўтирар тўрда.
Шералига рухсат беришди фақат,
Қўшиқ куйлаш учун капелла, хорда.
Шерали Жўраев қўшиқларини,
Қатағон қилишди экрану мавжда.
Истеъдодсиз сохта ҳофизбаччалар,
Қизил қўшиқ куйлар баайни авжда.
Мана олти ойки Шерали ишсиз,
Дўстлар аллақачон айланган ёвга.
Ҳофиз тошга уриб севимли созин,
Қўй-қўзи боққани кетмоқчи товга.
Унга ҳамдард фақат она шеърият,
Оҳ, қандай зўр айтган Абдулла Ориф!
Шералининг ҳасрату дардин жойлаган,
Ҳар битта ҳарфнинг ичини ёриб.
“Олти ойким шеър ёзмайман юрагим зада,
Олти ойким дўстларим ҳам пана-панада.
Истеъдодим сўнганидан қилар башорат”,
“Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Сен ичган булоқдан ичмасман асло.
Сен юрган тоғларда қолмагай изим,
Сен кечган дарёдан кечмасман асло”.
Бу ўтли мисралар бағишлар юпанч,
Бу ўтли мисралар юракка яқин.
Умрнинг баҳорий кенгликларини,
Зулматли қирларин ёритган чақин.
Замона дўзахнинг қаърида ўсган,
Оғу томган дарахт – захарли “Анчар”.
Номард зарбасидан дарз кетган юрак,
Неча кунки қонли нинасин санчар.
Қилмаган дориси қолмади ҳисоб,
Йўқдир учрамаган ҳозик табиби.
Қолмади теварак атрофда унга,
Маслаҳат бермаган ҳешу ҳабиби.
Охири учради руҳшуносга у,
Кўздан кечираркан ҳофизни дўхтир.
Деди: – бу касбга оид касаллик,
Сизга куйламоқдан ўзга йўл йўқдир.
Шу бўлдию ҳофиз куйлай бошлади,
Юрак санчиғи ҳам тўхтади таққа.
Шерали соғайиб кетгани учун,
Шукрлар келтирди жаноби Ҳаққа.
НОРАСМИЙ КОНЦЕРТ
Жиззах сафаридан қайтар Шерали,
Ортда қолиб кетди хатарли довон.
Ям-яшил далалар ястаниб ётар,
Водийнинг тасмадек йўллари равон.
Мошина ойнаси жаҳон ойнадек,
Тиниқ кўрсатади унда йўқ рўё.
Дунёда энг ростгўй кўрсатувларни,
Шу ойна намойиш этади гўё.
Мана меҳнаткаш эл ишлар эрта кеч,
Қўллари қавариб ботганча терга.
Ризқини излайди қаддини эгиб,
Ҳаммадан паст бўлган камтарин, ерга.
Осмонга қарайди такаббур зотлар,
Шундай кибру ҳаво уларга ёқар.
Аслида еб тўймас булутвойларни,
Шу оддий меҳнаткаш деҳқонлар боқар.
Шу сабаб Шерали халқини куйлар,
Қўшиқларда яшар кечалар ранги.
Ойдинда сув қўйган ёлғиз сувчининг,
Дўпписига қўнган далалар чанги.
Шуларни ўйларкан ҳофиз ҳаёли,
Ишлаётган авом томонга кўчди.
“Мошинани тўхтат”, деди шўпирга,
Мошина секинлаб оҳиста ўчди.
Деҳқонлар “Камиса” келди деб ўйлаб,
Қўрқа-писа боқди мошина томон.
Қадамин тезлатиб, қаттиқроқ ишлаб,
Кетмонга ёпишди беллари камон.
Мошинадан тушиб Шерали ҳофиз,
Одамларга қараб: “Ҳорманглар!” деди.
“Мана ёнингизга мен ўзим келдим,
Қийналиб Тошкентга борманглар” – деди.
Одамлар ялт этиб қаради бирдан,
Ҳайратдан бир лаҳза қолдилар қотиб.
Ўзига келишгач “Шерали!” дея,
Йўл томон чопдилар кетмонни отиб.
Одамлар “Шерали, Шерали!” дея,
Ҳофизни бир зумда олдилар ўраб.
Шерали уларга меҳрла боқар,
Соғинган дўст каби ҳол-аҳвол сўраб.
Ҳофизга ҳавасла боқиб бир четда,
Созандалар қатор туришган эди.
Шерали уларга: “Мошинадаги,
Бор нозу неъматни келтиринг” – деди.
Келтирилди шарбат, нон, мева-чева,
Тарвуз-қовун билан қазию-қарта.
Чанқаган, очқаган деҳқонлар кулиб,
Қўл ювиб келдилар қўлтиққа арта.
Нонни қази-қарта, билан тушириб,
Ортидан тарвузу қовун едилар.
Қоринлари тўйгач “Энди Шер ака,
Бир жуфт қўшиқ айтиб беринг” – дедилар.
Узоқда ғурраклар ғуриллаб бу дам,
Чумчуқлар кўлмакда қиларди ғусл.
Шерали созини черта бошлади,
Кимдир доирада ташлади усул.
У дилдан куйлади овози нолон,
Сукунатда дала, сукутда боғлар,
Мухлислар ёдига тушди илк севги,
Биринчи муҳаббат қийнаган чоғлар.
Концерт узоқ давом этган бўлса ҳам,
Одамлар тўймади қўшиққа, куйга.
Деҳқонлар миннатдор қўл силтаб қолди,
Ҳофиз жўнаб кетди оҳиста уйга.
УЧРАШУВ
Баъзан соғинтирса қадрдон жойлар,
Келар бир ҳафтада ишдан бўшагинг.
Сени чорлар дала, тўрғай овози,
Беминнат ўз уйинг – ўлан тўшагинг.
Шерали ҳофиз ҳам укаси билан,
Меҳнат таътилида далалар кезар.
Болалиги ўтган қирларни кўрса,
Маҳдуд руҳиятин ҳур озод сезар.
Ям-яшил толларнинг соясида жим,
Ака-ука боқар кенгликлар томон.
Шерали дер: “Салим, эсингда борми,
Шу жойда ўйнардик бизлар бир замон.
Чақмоқлар, ёмғирлар, буюк шамоллар,
Кўйлагин шишириб чопган болалик.
Ошпаз хотин “Чойга-а-а!” дея чақирса,
Овоз қирғий каби учган далалик”.
Шу маҳал уларнинг ҳаёлин бўлиб,
Бир кимса ғимирлаб чиқди тутзордан.
Эгни жулдурвоқи, юз-қўли кир-чир,
Қор одам чиққандай қоронғу ғордан.
Инқиллаб-синқиллаб келар тобора,
Улкан бир боғ ўтин елкадан оғар.
Оёғида эски йиртиқ калишлар,
Тирноқлари ўсган, қўли кир-мағар.
Шерали ҳайратдан ушлади ёқа,
Сўнг деди: “Ё, тавба Салим, қарагин.
Қойил қолмоқ керак Аллоҳ ишига,
Бир сирли ҳикматнинг сездим дарагин.
Билсанг бир замонлар мана шу одам,
Куйласам тўйларда тўсарди йўлим.
“Сен чўпон ўғлисан, чўпон бўл”, – дея,
Создан совутмоқчи бўлганди қўлим.
Орадан қанча йил ўтиб шу бугун,
Тағин учраштирди иккимизни Ҳақ”.
“Дунёда не қилсанг бир кун қайтади”.
Деган гап рост экан шубҳасиз мутлоқ.
МАККА САФАРИ
Шерали Жўраев эхромни кийиб,
Отланди муқаддас улуғ сафарга.
Дунёда ҳар ким ҳам эришавермас,
Бундай илтифотга, буюк зафарга.
Балки ҳофиз яна келар Маккага,
Ҳаж учун ўн бора, юз бора қайтиб.
Ўлтирар тайёра ўриндиғида,
Лаббайка, Аллоҳ! деб талбия айтиб.
Мана самолардан қиялаб учиб,
Жидда узра қўнди ўзбаки ўчоқ.
Исмоил Бухорий авлодларини,
Кутиб олишдилар очганча қучоқ.
Араб шаҳзодаси – Буюк валиаҳд,
Ўзи пешвоз чиқди меҳмонлар томон.
Бундай зўр ҳурматни мулки ажамдан
Қолганлар кўрганин эслолмас ҳамон.
Ҳофиз бажо қилди шукр намозин
Каъбанинг ичида кўзида ёши.
Шукроналар, ҳамдлар айтди юракдан
Буюк саждагоҳга текканда боши.
Шу кун ҳофиз гўё қайта туғилди.
Гуноҳлардан фориғ мусаффо тани.
Шундай қутлуғ дамлар у билан бирга,
Меҳрибон отаси бўлсайди қани.
Онаси, Ватани, халқи, ҳешига,
Омонлик тилади Шерали ҳожи.
Ҳожилик рутбаси қодир Худонинг,
Мўминлар бошига кийдирган тожи.
ТАДОРИК
Шерали онасин ҳаж сафарига,
Олиб бормоқ учун тадорик кўрар.
Ҳажга борасизми, онажон? – дея,
Эркаланиб ҳофиз Ҳалимжон сўрар.
Шерали отланди ҳаж сафарига,
Онаси туфайли иккинчи марта.
Волида ҳофизга миннатдор боқиб,
Дуо қилди узоқ кўз ёшин арта.
Баҳринисо она кўзларида ёш,
Дер: “Аллоҳ не сўрсам барчасин берди.
Ҳажга бормоқ учун болажонларим,
Мадорим етмас деб қўрқаман” дерди.
“Ғам чекманг, онажон” – деди Шерали,
Елкамга опичлаб бораман сизни.
Шунга ярамаса ахир не учун,
Оналар туғади ўғилни, қизни?
Она дуо қилиб ўғилларини,
Боладек эркалаб бағрига босар.
Юлдузли тун ойни рақамсиз улкан,
Девор соатидай осмонга осар.
Шерали тўхтамай чириллаётган,
Тунги чирилдоқлар овозин тинглаб.
Ётаркан ойналар орти, ойдинда,
Мусаффо япроқлар товланар минглаб.
Асака осмони зардўзи чопон,
Далалар ухлайди зар тўнни ёпиб.
Сутдек оппоқ ойдин кеча қўйнида,
Ёлғиз типратикан юрарди чопиб.
ҲОЖИ ОНА
Эътиқод Аллоҳни дўст тутмоқ демак,
Яхшидир пок қалбни нурларга қормоқ.
Ундан ҳам яхшидир дастурхон қилиб,
Аллоҳнинг уйига меҳмонга бормоқ.
Яхшидир мағфират сўраб Аллоҳдан,
Ҳажарул асвадга юзларинг сурсанг.
Ундан ҳам яхшидир Каъбатуллоҳда,
Онангни елкангда кўтариб юрсанг.
Баҳринисо она борару лекин,
Бир бора заминга тегмас товони.
Ўғлининг елкаси бақувват баланд,
Осмонларга туташ тахтиравони,
…Сову&