Пайшанба, 09.01.2025, 11:56 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2009 » Март » 10 » Ҳазрат Навоийга бўлган шогирдлик эҳтиромимиз қуёшидан бир зарра.
Ҳазрат Навоийга бўлган шогирдлик эҳтиромимиз қуёшидан бир зарра. | 17:04 |
Муҳаммаслар
Мен диёру ёрисиз ( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Тегмагай кўз оразига, юрса ҳам тумморисиз, Менга дўзахдир ҳаёт ул кўзлари ҳумморисиз. Бепоён саҳрода қолдим кулбаю деворисиз, Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёрисиз, Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзорисиз.
Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз? Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз. Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз, Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз, Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсорисиз.
Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман, Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман, Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман, Тонг эмасдур, гар диёру ёрисиз озурдаман, Ким эмас булбул, гулу гулзорисиз, озорисиз.
Чўғ каби алвон лабингдин сачрагай қонимға ўт, Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт, Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт, Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт, Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдорисиз.
Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча, Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча, Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча, Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача, Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадах зуннорисиз.
Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон, Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон, Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон, Топмадуқ гул ранги жоми бехумор эй боғибон, Вахки бу гулшан аро гул бутмас эрмуш хорисиз.
Қонталаш ўткир тикон бирлан ўралган соғу сўл, Сувилон, қонхўр наҳанг сузган яланг саҳрою чўл, Қақраган даштлар аро Вулқон ҳаёт дарёси бўл, Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл, Вақтингизни хуш тутинг эй жаъмиким хумморисиз.
Холдор Вулқон 9 март, 2009 йил. Кундуз соат 4:45. Торонто шаҳри.
Ой кемада
( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Ёр кетар чоғинда маъюс жилмайиб жоним олур, Кетма ёр – деб изларинда термулиб кўзлар толур. Чарх уриб соҳилда дарё қушлари йиғлаб қолур, Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур, Мавжлуғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.
Мен овутгайман ўзимни эй кўнгил, ғам ема деб, Қайтарур ул кемани тез ортга тўлқин тева деб, Чун товуш қўзғотмасинким, кемани сўз дема деб, Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб, Ким ёшинг дарёсидир ҳар сориким эл кўз солур.
Қўрқамен эрк бергали бир лахза бир он оғзима, Чинқириқ бўғзимда оғриб, келса ҳам қон оғзима, Шул сабабдин элу халқ термулди ҳайрон оғзима, Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима, Туунд ел тахрикидин ҳар дамки дарё чайқалур.
Соқчи тўхтат, кор – ҳол юз бермасин, ҳой, кемада, Юрса бўлмас киприги ўқ, қошлари ёй кемада, Қайтаринглар ёрни, йўқ деб кетгали жой кемада, Сабр кўнглимда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада, Ваҳки, бориб телмуриб кўз, мунграйиб жоним қолур.
Кўзларимдан оқди ёш селдек, етибман ўлгали, Йўқ жаҳонда мендаги феълдек, етибман ўлгали, Чўлда бир бор эсмаган елдек, етибман ўлгали, Дам тутулғондин ўлар элдек етибман ўлгали, Сурмасун деб кемасин баским, нафаслар асролур.
Жон ипинг тортиб таранг чалганда даврон уудким, Жилва айлаб этса маржон дур сени махдуудким, Эҳтиёж кашкулидин оламни босса дуудким, Кирма савдо бахриға оламдин истаб суудким, Сийми нақди тушса лекин умр нақди сийғолур.
Йиғлама бағримни ўртаб, яхши бор, эй ёр, ҳайр, Гул юзин сўнг бор кўрай ел, тим қаро сочин қайир, Мақсадим денгизда Вулқон ёр ила қилмоқ сайр, Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин эй, пири дайр, Илкига чунким Навоий бода киштисин олур.
1989 йил, Баҳор. Маслахат қишлоғи.
|
Категория: Шеърлар |
Просмотров: 1297 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |