Пайшанба, 23.01.2025, 18:58 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:50 |
- 1 – БОЛАЛИК
Бишкекда қиш. Бола-чақаларим билан жон сақлаб ижарада яшаётган уйнинг айвонидаги устунга елкамни тираганимча ёғаётган қор учқунларига термуламан. Қор гох шошиб , гох беғам учқунлайди. Шу кунларда сочларим пўстакка ўхшаб, соқолим ўсиб, озиб кетганман. Мен жимгина ёғаётган лайлак қорга термуламан-у ўтган телба умрим хақида ўйлайман . Ҳаётим мундарижасига синчиклаб разм солсам, кўрган-кечирганларим тропик тўфонлар ичра очиқ океанда каноэ қайиғи писта пўчоқдай тўлқинлардан тўлқинларга ўтаетган Полинезиялик балиқ овчининг океанга ғарқ бўлмаслик учун олиб бораётган тинимсиз курашига ўхшайди.
Трагикомедия ҳаётим қайғули ва кулгили воқеаларга бой. Бундай ўйласам мен туғма мухолифатчи эканман. Эсимда, болалик пайтларим дадам тайинлаган ишлар эсимдан чиқиб болалар билан Қорадарё соҳилидаги чўчқахонага футбол ўйнагани кетиб, оқшом чоғи дадамнинг ғазабига дучор бўлардим. Яъни, уйдан қувилардим. Шундай маҳаллар мен отбоқар бобом мулла Абдусаломдан сиёсий бошпана сўрардим. Бобом билан энам ортиқча бюрократлик қилмай, ҳужжатсиз, визасиз менга уйларидан бошпана берарди.
Бобом узун бўйли, дўнг пешона, чўзиқ юзли, Имоми Аъзам мазҳабидаги мусулмонларга ҳос соқол мўйлови калта кузалган одам бўлиб, гарчанд отбоқар бўлсаларда, Қуръони Каримни хатм қилган олим киши эдилар. Энам эса, бўйи пастак, оғзида бегимотнинг тишларига ўхшаш атиги икки дона тиши қолган, номозхон, меҳрибон кампир эди. Гарчанд бўйи бастлари билан худди Донки Хот ва Санчо Пансадай бир-бирларига номутаносиб бўлсаларда, бобом билан энам чунги чиқмай аҳил-иноқ яшашарди. Пастак уйларида тахта пол бўлмагани боис, қалин қилиб тўшалган хашак устига полос ёзилганди. Полос устида юрган одам ўзини худди ичига сув тўлдирилган улкан грелка устида юргандай ҳис қилар, уйда радио-телевизор бўлмаганидан хонада қутб жимлиги ҳукмрон эди. Жимликда соат кафгирининг товуши худди калтакесак чиқиллаётгандай қаттиқ эшитиларди.
Энам менга юмшоқ кўрпачалардан ўрин тўшаб берар, мен деразадан Кўки холамнинг баҳайбат бақатерагини, терак ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кузатиб ётардим. Бу пайт энам бобомнинг яктагини ямаб-ясқар, бобом бўлса 30 - йилларда расм бўлган юмалоқ гардишли кўзойнагини тақиб, араб имлосида ёзилган қандайдир қадимий китобни ўқир, ҳар замонда китобнинг сарғайиб кетган саҳифаларини варақларди. Мен Кўки холам хақида ўйлай бошладим, эри иккинчи жаҳон урушига кетиб қайтиб келмаган, бу бева кампир, қуритилган балиқдай озғин, ҳажман кичик боши ғознинг бошига ўхшашиб кетадиган, бир қўли қуриб қолган, бу ҳам камдай бир кўзи кўр бўлиб, кўзининг ковагида каптарнинг тухуми қисилиб турганга ўхшар, устига- устак чувак юзида ияги деярли йўқ эди. Худоё тавба қилдим, унинг шунақа қиёфаси сабаб эри ҳам урушга кетворган бўлса керак, деб ўйладим. Кўки холамнинг тушуниксиз исми, исмдан кўра кўпроқ таҳаллусга ўхшарди. Исми жисмига монанд Кўки холам афтидан эрини қаттиқ севар эканми, ҳайтовур қайта турмуш қилмай эрини кута-кута оламдан ўтиб кетди, раҳматли. У болаларга меҳрибон, пок қалбли, ботинан гўзал,беш вақт номоз ўқийдиган эътиқодли, покиза, тақволи кампир бўлиб ҳотирам кўзгусида умрбод қолди.Баъзан Кўки холам ёлғиз ўзи куйманиб юрадиган кулбасининг оқшомлар жинчироқ шуъласидан ғамгин ёришиб турадиган пастаккина деразаси ҳаёлимда намоён бўлади.Гоҳо урушдан қайтиб келмаган эрини кутиб бошқага турмушга чиқмай умрини ёлғизликда ўтказган ўша садоқатли кампир ҳақида шеърми, ҳикоями ёзгим келади менинг.
Мен Кўки холам ҳақида ўйлаб ётгандим , бир маҳал бобом кўзойнагини олганича энамга қараб «Э, ухласангчи, латтапараст!» деса бўладими? Тўғриси, бунақа қизиқ сўзни биринчи бор эшитишим эди. Кулгим қистади, лекин кулвориб бу ердан ҳам қувилмай, ҳозир қоронғида қаерга ҳам бораман деган ўйда кулгимни тийишга уриндим. Кулгидан лунжим шишиб юзларим зўриқиб қизарди. Охири кулиб юбордим. Мени кўриб бобом ҳам кулиб юбордилар. Қарасам, гўдакники каби тишсиз милклари ва тили жинчироқ шуъласида ялтираб энам ҳам куляпти.
Учаламиз роса кулдик. Кулавериб энамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Бобом кулгидан ўзини тийиб истиғфор айтди. Биз кулишдан тўхтадик. Мен Кўки холамнинг бақатераги ортидан кўтарилган порлоқ ойга, ёруғ осмондаги бир парча булут пўстагини кемираётгандай ғимирлаган олмос куяларга ўхшаш сон-саноқсиз юлдузларга боқиб, гўё хум ичида ҳураётгандай буғиқ аккилаган тун итларининг хорғин овозларини тинглаб ётдим. Бир маҳал кўзим илиниб ухлаб қолибман. Эрталаб нонуштадан сўнг бобом мени худди қўлга олинган диссидент каби яна уйимизга депортация қилди.
-2- ЖУДОЛИК
|
|
|
|
|
Мен ушбу қиссамда жафокаш онам кечмишларини ёзмасам бир буюк қарз гардинимда кетадигандай. Онам бечора узоқ вақт бетоб бўлиб ётгач, дадам бошқа аёлга уйланмоқчи эканини, қизларини олиб кетишларини Миржалол опоқ дадам ва Мағфират энамларга айтгач, улар онамнинг юк-тақини эшак аравага юклаб, кўрпалар устига бемор онамни ётқизишиб, мени кўтариб йиғлаб-йиғлаб жўнаб кетишган экан. Мен у пайтлар беш ойлик бола бўлганман. Кўп ўтмай дадам уйлангач, рашк ўти онамни адойи тамом қилган. Муборак холам «боласини ўзи боқсин» дея, мени дадамларникига олиб келиб:- «Ол, болангни ўзинг боқ!», деб сўрига отиб юборганда йўргагим чуваланиб кетган экан. Эртасига бу воқеадан хабар топган дадамнинг укаси Фазил амаким мени олиб бориб: - «Ол, ўзларинг қара!», дея Миржалол бобомларникига ташлаб келибди. Мен теннис коптогидай у ёқдан бу ёққа сур-сур бўлаётганимдан хабар топган Абдусалом бобом дадам билан амакимга танбех бериб, мени ўз қарамоғига олган эканлар. Мени энди эридан ажраб келган бефарзанд Патила аммам боқа бошлаган. Аммам ҳам Исмон ака деган кишига турмушга чиқиб кетгач, мени дадамнинг иккинчи хотини ўгай онам парвариш қилиб бефарзандлиги боис, мени ўз боласидай меҳр қўйиб тарбиялай бошлаган.Мен ўшанда етти ойлик бола бўлганман.
Шундай қилиб, акам иккимиз ўгай она қўлида ўса бошладик. Мен секин - аста эс таниб улғайиб мактабга қатнайдиган бўлдим. Мактабдан бўш пайтларимиз Эркин деган дўстим билан Қорадарё йилғинзорларида сигир боқардик. Йилғинзорлар аро чивинларни думи билан ялқовларча хайдаб беғам ўтлаётган сигирлар, сигирлар шохига қўнганича сайр қилиб юрган майналар, ёйилиб оқаётган дарё, қий-чув қилиб шовқин солганича учаётган соҳил қушлари, узоқда тириллаётган экскаваторлар, кўзгудек ялтираётган шолипоялар, олис «Зилолмас» яъни «Зеленый мост» томонда юк ташувчи поездлар чинқириғи, дарёнинг нариги соҳилидаги ям-яшил аэродромда кўтарилиб қўнаётган АН-20 дорисепар самолётлари, Эркин иккимиз ёввойи одамлар каби сигир хайдаб ўтгувчи дарёнинг тошлари кўринган саёз кечуви, узоқда қорайиб кўриган тўқайзор, баланд, ҳайбатли жарлар пойини ялаб оқаётган дарёнинг вахимали тўлқинлари ҳамон ёдимда. Баъзан онам мени туққан ўша жонажон Ватанимнинг бир парча жаннатий гўшаси тушларимга киради.
Мен у ерларни соғинаман, Ватанимга кетгим келади. Лекин бунинг иложи йўқ. Мен яқинда Бишкекдан туриб телефон орқали қариб қолган отам билан гаплашдим.
Салом-аликдан сўнг ҳол - ахвол сўрашгач дадам: -Қаёқларда юрибсан ? Нега келмаяпсан ? - деди. -Дада, мен боролмайман. Борсам қамаб қўйишади. –дедим. -Нега қамашади? Биронтасини ўлдириб нетиб қўйдингми? –деди, яна дадам. Мен «хақиқатни айтганим учун» демоқчи эдим, томоғимга тош тиқилгандай димоғим ачиб, кўз ёш деган заҳарли суюқликдан кўзларим ачишиб хиралашди, кабина деворига ёпиштирилган эслатма харфлари шувалиб кетгандай бўлди. -Бегона юртларда бола-чақаларингни ҳам сарсон қилиб нима зарил. Жўн юрсанг бўлмайдими, болам? –деди дадам. У ҳам йиғлар эди. Анча сукунатдан кейин у яна гапира бошлади. Бўпти, энди, қаерда бўлсанг ҳам соғ-омон бўл. Дадам мени узоқ дуо қилдилар. Майли, булар ҳақида кейинроқ хикоя қиларман. Ҳозир онамнинг ўлими билан боғлиқ бир воқеага тўхталгим келди. Ёз кунлари эди ўшанда. Жийдалар қийғос гуллаб ётган соҳилда болалар билан сигир боқиб юргандик.
Бир пайт дамба томондаги тупроқ йўлни чангитиб келаётган велосипедли одамга кўзим тушди, у яқин келганда менинг тоғам эканлиги маълум бўлди. Тоғам велосипедни қўйиб менга яқинлашди. Кўришаркан у менга: Юр, сени олиб кетаман. Онанг сенларни кўргиси келибди – деди. Мен ортга тисарилдим : - йўқ, мен мол боқаяпман, боролмайман, менинг вақтим йўқ – дедим. Бу гапимдан аччиқланган тоғам сигиримни дўстларимга тайинлаб топшириб мени мажбур уйга олиб кетди. Уйда дадамнинг онаси Фотима энам кутиб турган экан. Тоғам билан энам ва акам иккимиз юк машинасининг аравасига чиқиб жўнаб кетдик. Энам менинг бошимни силаб нуқул йиғлар эди. Буни қаранки, бизлар етиб борганимизда, бечора онам оламдан ўтиб бўлган эканлар. Бизни онам ётган уйга олиб киришди.
Шунда акам соғиниб кетган эканми, кўрпага ўраб қўйилган онамнинг жасади устига ётиб уни қучоқлаб олди. Мен боргани қўрқдим. Жанозадан аввал онамни кафанлашиб тобутга солишгач, тобут атрофида тоғаларим, холаларим, эналарим «айтиб» йиғлай бошладилар. Бир маҳал бундай қарасам қиморбоз кичкина тоғам оқ қанд еяпти. Ие, нега ҳамма йиғлаётганда тоғам қанд еяпти экан, дея ажабландим."Қанддан менгаям беринг "дебманда қаранг. Адашган эканман. «Қайғу аламдан юзлари махсидек бужмайган» Муҳаммад тоғамнинг оғзида оқариб кўринган оқ қанд эмас, тишлари экан. Ёшлигимда менинг шайтоним тез эди. Ўзимни тутолмай елкаларимни силкитиб кула бошладим.
Холаларим йиғлашдан тўхтаб менга қаҳрли нигох ташладилар. Катта холам кутилмаганда бармоқлари билан биқинимни бураб: - нега куляпсан, тошбағир?! Йиғла! – деди. Мен бўлса, йиғлаш ўрнига баттар кулдим. Энди билсам, бекор кулган эканман ўшанда. Айнан ўша пайт бутун дунё одамлари жўр бўлиб қораласа ҳам, мени оқлагувчи, пора олмайдиган яккаю ёлғиз адвокатим, жафокаш, меҳрибон онажонимдан мангуга жудо бўлаётганимни билмаган эканман.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 1500 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |