Пайшанба, 09.01.2025, 00:21 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:49 |
-3- ДИССИДЕНТ Мени мухолифатчи бўлишимга ёшликда чеккан жабру жафоларим, нохақ зулмлар сабаб бўлган. Акам иккимиз гарчанд бир ота, бир онадан дунёга келган бўлсакда, феъл-атвор жихатидан бутунлай бошқа-бошқа, қарама-қарши қутблар эдик. Акам жангари, меҳнаткаш бўлса, мен романтик эдим. Декабрнинг қор шамоли эсаётган совуқ кечалари қор учқуни тушармикан деб соатлаб қоронғу осмонга тикилиб турардим. Қор ёғишини орзиқиб кутар эдим. Қор ёғаётган кечалар мен ухлай олмасдим.
Зулматда бўралаб ёғаётган қор учқунларини деразадан кузатиш, энг завқли машғулот эди мен учун. Айниқса, эрталаб турсанг дов-дарахтлар, уйларнинг томи, чорбоғлару далалар оппоқ қорга беланиб ётган бўлса!
Шундай қорли тонгларнинг бирида қор оғирлигини кўтараолмай эгилган дарахт шохларига ҳаяжон ичра ҳайрат билан боқиб «Эҳ-ҳе-ей!» деганимча кўчага чиқибман. Ариқ устидаги бетон кўпригимизнинг темир тўсиғи устидаги қорни тилим билан олиб емоқчи бўлдим. Бир пайт тилим темирга чип этиб ёпишиб қолса бўладими. Тилинг темирга ёпишиб қолса гапираолмай қоларкансан одам.
-А-а-а-а! – дейман нуқул. Яхшиям денг, ташқарига чиққан ўгай онам мени кўриб қолибди. Вой, ўлмасам - деди у нима қилишини билмай эсанкираб. Кейин югириб уйдан чойнакда иссиқ сув олиб чиқдида темирнинг тилим ёпишиб турган жойига қуйди. Мен «тузоқдан» озод бўлдим.
Шундан кейин уйдагилар ўша воқеани эслаб узоқ вақт кулиб юришди. Мен айниқса, баҳорни яхши кўрардим. Омборхонамизнинг лойпахса томига чиқиб, кўм-кўк баҳор осмонида ликиллаб юқорилаётган варракларга, чорбоғларда гуллаган ўрикларга, томда хуштак чалаётган болаларга ва ҳавода умбалоқ ошаётган каптарларга термулиб ўтираверар эдим.
Бир куни ёз пайти ўша томда ўтиргандим, қўшнимизнинг ховлисида хотин-халаж овози эшитилиб қолди. Қарасам, қўшнимизнинг хотини қизлари билан чойшаблардан қилинган тўрт бурчак тўсиқ ичида 16 ёшлардаги кичик қизини тоғорага қип-ялонғоч ҳолда ўтқизиб чўмилтиряпти. Мен бунақа эротик томошани ҳаётимда илк бор кўришим эди. Вужудимда жунбушга келган нотаниш ғалати ҳиссиётдан ўзимни ноқулай сезиб томоғим қуриб кетди. Қилт этиб ютиндим. Мен бўйнимни чўзиб, яна томоша қилаётсам, кутилмаганда акам чақириб қолди. Мен шундай томошани белига тепган акамдан норози бўлиб «оббо!» дея томдан тушдим.
-Юр молларга ўт ўриб келамиз – деди акам қўлида ўроқ билан велосипедни етаклар экан. Боягина ўт ўриб келдикку. Яна борамизми? Иссиқни қара. Бошимиздан офтоб ўтиб кетади! – дедим мен. Акам ғазабдан кўзларини чақчайтириб остки жағини олдинга чиқарди:
- Ортиқчасини қуритиб томга босиб қўямиз. Қишда хашак сотиб олмаймиз – деди у. Мен бормаслигимни айтдим. Шунда акам: - Яшиликча юр деяпман сенга. Учгача санайман. Би-и-ир, икки-и-и. Шу пайт уйдан дадам чиқиб қолди:
- Ҳа?-деди дадам акамга. -Ўтга борамиз десам манавинингиз унамаяпти- деди акам. Дадам менга қовоқ уйиб қараб турдида, акамга: -Гапинга кирмаса, қорнига теп-деди.
Менинг акам билан жўнашдан бошқа чорам қолмади. Иссиқда ўт ўргани Қорадарёга жўнадик. Биз Қорадарё соҳилига баланд жарлар аро «сувот» деб аталган тик нишабликдан тушиб бордик. Бу нишабликдан тушиш қийин эмас. Қайтиб чиқиш ит азоби. Биз шолипояларнинг пушталарида ўсган курмакларни ўришга киришдик. Акам ўради, мен ўрилган ўтларни ташиб тўплайман. Ниҳоят ўтларни арқонга боғлай бошладик. Ихчам қилиб боғланган ўтлар тайёр бўлгач боғламаларнинг бирини елкасига олмоқчи бўларкан, акам менга бақирди: - Нега қараб турибсан, ёрдамлаш!
Мен ўт боғламини кўтаришда акамга кўмаклашдим. Акам боғламни кўтаришга кўтарди-ю лекин юк оғирлигидан мувозанатини йўқотиб, ёнбош-ёнбош бўлиб балчиққа қулади. Мен акамнинг балчиққа беланган афти- ангорини кўриб, кулиб юбордим.
Акам бўлса ғазабланиб: - Нимага куляпсан? Бувингни фалондақасига куляпсанми-а, эй?- дея ердан ярим килоча келадиган тошни олди. Қарасам вазият жиддий. Мен қоча бошладим. Акам яна бақира кетди:- Тўхта! Тўхта, деяпман сенга! Яхшиликча бу ёққа кел, бола!
Мен тўхтаб : - Борсам, урасанда!-деб йиғлай бошладим.Шу маҳал акам: «Ур, Ҳамзани!», дея қўлидаги тошни бор кучи билан менга отди. Ярим килодан мўлроқ келадиган ҳалиги тош «гуп!» этиб, менинг белимга тегди. Мен: «ахх!» дея, белимни ушлаб азобдан буришган юзим билан осмонга қараб инградим. Нафасим чиқмай қолди. Акам бўлса: -баҳана қилма, ифлос, ҳозир ўроқ билан калангни олиб қўяман. Яхшиликча бу ёққа кел-деди.
Мен қўрқиб қисқа-қисқа нафас олганимча белимни пайпаслаб, йиғлаб акамнинг олдига келдим. Биз бир нарса қилиб ўт боғламларини ялангликка олиб чиқиб велосипедга юкладик. Сувот деб аталган қияликдан юқорига кўтарилгунча бир ёқлик бўлиб қолдик.
Ўз яқинларимдан кўрган, кўп жабру зулмлар менинг юрагимда ноҳақликка, зўравонликка нисбатан нафрат уйғотди. Гарчанд ўша пайтларда акамнинг ёш эканини, дадамнинг тарбия усули ўшандай бўлганини хисобга олиб, уларни аллақачон кечириб юборган бўлсамда, улғайгач золимлар билан курашиб, мазлумларни химоя қилиш одатимга айланди.
- 4 – ШОИРНИНГ ЎЛИМИ
Менинг бадиий адабиётга қизиқишим жуда эрта бошланган. Ўша пайтлари кўчамизда Олимжон Матмуродов деган шоир яшарди. Озғин, бўйи пастак, сочларини ўстириб елкасига тушириб юргувчи, чап кўкрагига игнада ўйиб сиёх билан Лениннинг расмини чизиб олган,Cталинча мўйлов қўйган, қўй кўз бу кимса ҳазил-ҳузулни, шароб ичишни яхши кўрар, гўзал лирик шеърлар ёзар, ёзган шеърлари, чизган масхара расмлари туман газетасида пайдар-пай босилиб турар, менинг бу ноанъанавий ҳаёт кечиргувчи одамга ҳавасим келарди.Унинг шеърлари руҳ билан ёзилгувчи, ўқиган одамни сеҳрлагувчи ҳақиқий санъат асарлари эди.Афсус, минг афсус, унинг ёзган шеърларидан адабий жамоатчилик бебаҳра қолди.Ўша пайтлар маҳалламизнинг номи Крупская деб аталар, қариларнинг тили келмай Крупская сўзини кирписка деб талаффуз қилишарди. Биз Олимжон Матмуродов билан битта кўчада турардик.Кўчанинг бир ёнидан Қурама номли катта ариғ оқиб ўтгани учун дов-дарахт кўп эди.Ариқнинг икки четида қулоч етмас толлар, азим тераклар ўсиб шамолларда чайқалиб ётарди.Одамлар ариқ бўйларига турли-туман гуллар экишар, кўчаларни, ариқ қирғоқларини ёғ тушса ялагундай қилиб супуриб қўйишарди.Биз болалар ёзда тошиб кетгудай тўлиб оқувчи ўша Қурама ариқ сувида эртадан кечгача қий-чув қилиб чўмилар,ҳар замон-ҳар замонда ариқ қирғоғидаги иссиқ қумда тюлень, моржлар галасидай исиниб ётиб яна бақаларга ўхшаб ўзимизни сувга отардик.Баъзан ўзимиз кийиниб олиб дўстларимизнинг кийимларини, шимларининг пойчаларини, кўйлакларининг енгларини ечолмайдиган қилиб тугиб ташлардикда, "Безгак шоомол бееез без! Яаалонғочга эээс эс!" деб бақирардик.Шоша-пиша кийинаман деб тугилган кийимларига ҳайрат билан қараган дўстларимизни кўриб кулиб қотар эдик.Кўчамизда биз билан тенг, лекин бизга иккита келадиган Араббой исимли соқов бола бор эди.Араб қачон қарасак жуссаси кичик, озғин Исроил деган бола билан муштлашаётган бўларди.Уларни Адҳам акам гиж-гижлаб уриштирарди. Унинг гиж-гижлаши ҳам қизиқ бўлиб иккита бармоғини кўрсатиб Араб билан Исроилга "Қайсинисисан?" дер баландроқ бармоқни кўрсатган рақиблардан бирига "Сол, бўмаса" дерди.Қарабсизки, Араб билан Исроил қопоғон итлардай бир- бирига ташланиб муштлашиб кетар,кўча асфальт бўлмагани учун чанг тўзон кўтарилар, болалар: "Исройилистон билан Арабистон уришяпти! Сол,Араб!", "Ур, Исроил!"деб қийқиришар, Араб билан Исроил бир-бирини уриб даб-даласини чиқаришарди.Муштлашишларда жуссаси кичиклиги туфайли Исроилга кўпроқ талофат етсада, у бўш келмас, тенгсиз,қақшатгич "Жангларда" ҳеч қачон мағлуб бўлишни ҳохламас эди. Кўчамизда Исроил-Араб уруши то Араббойларнинг оиласи чўлга кўчиб кетгунгача давом этди.Йиллар ўтиб Араббойнинг отаси оиласи билан қишлоғимизга қайтиб келди.Лекин дўстимиз Араббой қайтмади.Айтишларича Араббой далани текислаётган трактор ортидаги баронага сакраб чиқиб олибдию уни чанг-тўзонда тракторчи кўрмай кетаверибди. Араббойнинг оёғи тойилиб мола орасига тушиб қолгач у шиқлар остига кириб кетган.Шафқат нелигини билмагувчи трактор Араббойнинг жасадини судраб юраверибди.Унинг доду войини шовқин-суронда тракторчи эшитмаган.Араббой шу тариқа фожиали ўлим билан бу телба дунёни тарк этди.Исроил эса ҳали ҳам бор. Умри узоқ бўлсин.Бизнинг болалигимиз кечган ўша олис замонларда асфальт ётқизилмаган кўчамиз ёмғир ёғса, тизза бўйи лой бўлиб кетар, катталар йўл четларидаги тош ва ғиштларга ҳатласа, ёш- яланг ёғоч оёқда шолипоядан бақа излаётган лайлаклардай юриб ўтишарди.Баъзан эхтиётсизлик қилган одамларнинг этиклари ё махсиси лойда қолиб кетган ҳоллар ҳам бўларди
Колхоз раиси ва бошқа мутасаддилар бу ҳолатга панжа орасидан қараб келаётган, бир пайт «Муштум» журналида Олимжон Матмуродовнинг «Сувонқул сувоқчи» номли мақоласи чиқди. Ўшанда шоир Ўзбекистонда биринчи бор рекламага асос солиб:- Кимнинг уйини суваш керак бўлса, бизга мурожаат қилсин. Ёмғир ёққанда кўчамизга сомон ташласак йўловчилар ёрдами билан хаш-паш дегунча, сомонли лой тайёр бўлади. Ана ўша лой билан уйларингизни сифатли сувоқдан чиқариб берамиз. Ҳурмат билан Сувонқул Сувоқчи, дея ёзган эди. Шу мақоладан кейин кўчамизга шағал тўка бошладилар. Энг қизиғи, мақола ёзган Олимжон Матмуродовнинг уйи рўпарасига атайлаб шағал тўкишмади. Табиийки, шоир ўз норозилигини намойиш қилди.
Шунда Қоравой ака деган қурилиш бригадири ўша шағалдан олинган кааатта тош билан уриб, Олимжон Матмуродовнинг бошини ёриб қўйди. Лекин шоир барибир ўз танлаган йўлидан қайтмади. Қалами билан ноҳақликларга қарши курашаверди. Охири уни пичоқлаб қўйишди. Маҳалламиздан чиққан бир ўжар шоир шу тариқа касалхонада оламдан ўтди.
Мен «Андижон воқеалари»дан бироз олдин, Қорадарёга бориб баланд жарликлар устида турганимча, дарё соҳилида узун чўпак билан юзлаб ўрдакларни хайдаб юрган Баҳодирни-шоир Олимжон Матмуродовнинг ўғлини кўрдим. Киприкка қўниб, эриб кетган қор заррасидай қисқа, лекин, гўзал умр кечирган шоирни ёлғиз қолган кезларим бот-бот эслайман. Шоирлик дарди, золимлар кўзига тик қараш касали менга ўша Олимжон Матмуродовдан юққан бўлса не ажаб.
«Партия» Мен бадиий адабиётга қизиқибгина қолмай, расм чизишни хам яхши кўрардим. Акамнинг китобида қайсидир рус рассоми, Репин бўлса керак, «Бурлаклар» номли картинасидан кўчирма босилган бўлиб, унда бир тўп оч қолган, ҳорғин, усти бошлари йиртиқ, соч-сақоли пўстакдек тартибсиз одамлар қайиш, арқонлардан елкалари қийилиб, Волга дарёсидаги кемани қирғоққа тортиб чиқараётгани акс этдирилганди. Бир куни ўшандай аянчи манзарани колхоз клуби олдидаги пахта қуритиладиган хирмонда кўрдим. Кун тиккага келган сентябр иссиғида бир тўп кишилар, худди асирга тушган одамлар каби қўлларини ортга қилганларича сафланиб, ерга қараб ёйилган пахталарни тепиб, ағдариб хирмон айланишарди. Уларнинг ғамгин ҳолати менга ўша бурлакларни эслатди. Ноябр ойи оёқлаб, декабрнинг қировли кунлари, пахтани бир граммини ҳам нобуд қилмай, «Ватан»га топшириш учун кўсак чувиш мавсуми бошланар, кечалари хирмонларга ўрнатилган «вороха»лар ғалдур-ғулдир қилиб шовқин солиб, сўнгги чаноқларни янчиб, қолган- қутган пахталарни ажратиб олар, чанг тўзонда ишлаётган одамлар кўринмай кетар, ўнлаб «вороха»лар шовқинида бор овоз билан бақириб гаплашилса ҳам гаплар мазмуни аранг англанар, бир томондан ажратилган пахта бўлса, иккинчи ёкда, янчилган чаноқлар тўпланиб тепаликларга айланарди. Авом тилида «ғўзапўчоқ», деб аталадиган чиқиндини, одамлар ворохада ишлаётганлар кўзини шамғалат қилиб уйларига олиб қочишарди. Ер ости бойликлари, хусусан, ичида одам бемалол юрса бўладиган қувурларда, гази ғайрий ўлкалар томон кетадиган ўзбек халқи газсизлигидан ўша пахта чиқиндисини ёқилғи сифатида уйга ғамлар, қишда ўчоқларга ёқиб чўғини сандалга солганларича, устига кўрпа ёпиб ётиб, қишдан чиқишар эди. Биз ҳам акам иккимиз елкаларимиз арчилиб совуқда изиллаб, ярим тунгача ғўзапўчоқ таширдик. Менинг иссиқ ўринга кириб мазза қилиб ухлагим келар, лекин бунга акам йўл қўймасди. Мен ворохалардан кўтарилаётган чанг-тўзон ичра ғуборга беланиб ишлаётган одамлар ўпкасига ўрнаган чанглар, аллақачон гуваллакка айланган бўлса керак, деб ўйлаб кетардим. Улар инсон ҳаёти учун зарарли чанг ичида, асабни ишдан чиқарувчи шовқин остида ишлаётганлари учун қўшимча иш ҳақи, ҳеч бўлмаса сут-қатиқ ҳам талаб қилмас, суткалаб ишлайверар эдилар. Қишлоғимиз халқи фақат пахта эмас, пилла ҳам етиштирар, ипак қуртлари катта даха уйқусидан уйғонган маҳал, ғира-шира тонг қоронғусида чархланган болталарни олиб, одамлар далалар четида ўсган тут шохларини кесиб келиш учун жўнашар, баъзан тут дарахтини талашиб муштлашиб кетишар, ҳатто болта билан ҳужум қилиб, бир-бирларига тан жароҳати етказган ҳолатлари ҳам бўлар эди. Жамиятда коммунистик мафкура ҳукмрон бўлиб, ҳар бир қишлоқ совети биноси, колхоз бошқаруви идораларининг бинолари олдида, йўқсиллар доҳийси Владимир Лениннинг ҳайкаллари бўлар, ўқувчилар бўйнига қизил латта боғлаб, байроқ кўтариб горн, барабан садолари остида Ленин ҳайкалининг пойига гулчамбар қўйиш учун кўчадан ўтиб кетишаётганда пахса, четан деворлар оша қишлоқ одамлари кулимсираб кузатиб қолишарди. Болалар қаҳрамон пионерлар ҳисобланган Павлик Морозов, Петя Клипа,Қичан Жакиповларга ўхшашни орзу қилишарди. У пайтлар қишлоғимизда Камолиддин ака исмли киши ҳам бўлиб, табиатан қувноқ, хийла ширали овози бор, одамлар ичида даромад қилиб туриб тортинмай катта ашула ҳам айтиб юбораверадиган, кўзлари йирик-йирик, кулганда оғзи кенг очилиб майда тишлари кўриниб кетадиган, ўрта бўйли бу одамни яқингача, то фано топиб фавт бўлгунига қадар йиғлагани у ёқда турсин, қовоғи уюлганини, кайфияти пастлаганини кўрмаганман. Бу ажойиб инсоннинг лақаби «Партия» эди. Баъзилар «партком» ҳам дейишарди. Баъзилар эса Комолдин партия сўзларини қисқартириб Компартия деб қўярди.Маълум бўлишича, қачонлардир у киши халқ орасида коммунистик партия ғояларини тарғиб қилиб кишиларни компартия аъзоси бўлишга даъват қилган, алалоқибат кўпчилик тиришиб-тирмашиб коммунист бўлган дейишади. Аъзо бўлганлар ўз илҳомкунандаларини суриштиришса, Камолиддин аканинг ўзи Компартия сафига ўтмаган экан. Шундан кейин, Камолиддин ака «Партия» деган «муборак» тахаллусга, ғайринусха куняга лойиқ, деб топилган. «Комолиддин партия» далаларда ашула айтиб, ғўзаларга сув қўяр, офтоб ўтиб кетмасин, дея бошига газетадан айвонли қалпоқ ясаб кийиб олар, бўш вақтлари сояга ўша газета қалпоғини ёзиб ундаги хабарларни, мақолаларни ўқирди. Чарчаса ажриққа ётиб юзига ўша газетани ёпганича ухлар, биронта хариф билан қарта ўйнаса, ўша газетага қарта тақсимлар эди. Ҳуллас, газетадан унумли фойдаланар эди… Эсимда, бир куни у менга қизиқ воқеани сўзлаб берган эди. Унинг айтишича Мирзавой ака деган колхозчи ой порлаб ётган ёз кечаси ёлғиз ўзи кимсасиз далада ғўзаларга сув тараб, сув агатларни ювиб кетмаслиги учун даҳаналарга органик ўғит сақланадиган сув ўтмас қоғоз қоп парчаларини босиб юрса, кутилмаганда бир нарса қаттиқ шитирлабди. У ишлашдан тўхтаб қулоқ солса, ҳаммаёқ жим-жит. Менга шундай туюлди, шекилли, деб яна ишлай бошлаган экан, ҳалиги товуш яна такрорланибди. Бу сафар Мирзавой ака қўрқиб кетибди. Негаки, қишлоқ аҳли аро айнан у сув тараётган дала тўғрисида хосиятсиз бир ҳикоя юрар, унда айтилишича, кечаси ёлғиз юрган бир одам шу далада оппоқ кафанга ўранганича қўлидаги йўргакланган боласига мунгли алла айтаётган икки бошли аёлни кўргани, қурқувдан оғзи қийшайиб, домла-хўжа, чиллаёсинлар ҳам кор қилмай ўлиб қолгани ҳикоя қилинар экан. Бу машъум ривоят ёдига тушган Мирзавой ака кетмонини ташлаб қишлоқ томон қочибди. Шитирлаган товуш эса, уни пайдар-пай таъқиб қилиб, ортидан қувишга тушибди. Мирзавой сувчи қўрқув ичра чопиб уйига етса ҳам товуш ортидан эргашиб келаверибди. Дорвозадан чопиб кирган маҳал ҳовлида юрган хотини уни кўриб қўрқиб кетибди. Мирзавой ака хотинининг: - Вой, нима бўлди сизга?! Нега қочяпсиз?! – деган саволига: - Икки бошли аёл қувиб келяпти! – деб югирганича уйга кириб кетибди. Хотини сўраб-суриштирса Мирзавой сувчи нимадир шитирлаб ортидан қувганини, айниқса уйга қараб югирганда шитирлаш кучайганини, қўрқиб кетганини айтибди.Хотини бўлса қўрқиш ўрнига кулиб юборибди. - Э, ўлинг-е, шитирлаган мана бу белбоғингизга қистирилган қогоз қоп парчаси шекилли. Югирган пайтингиз шамолда шитирлабди! - деб қотиб-қотиб кулибди.. Қишлоғимиздан чиққан «сиёсий испикулянт», шунақа кулгили ҳикояларни сўйлаб, суҳбатдошини зериктирмайдиган қувноқ инсон Комолиддин "партия»нинг кулганда кенг очилгувчи оғзи, дельфинники каби майда, аммо соғлом,оппоқ тишлари, самимий кулгидан ёришган нурли қиёфаси умрбод ёдимдан ўчмаса керак.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 1748 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |