Пайшанба, 09.01.2025, 00:21Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар
12:47

                      6.


Биринчи мухаббат



«Дунёда муҳаббат йўқ, муҳаббат йўли каравотгача» деган гапларга мен қўшилмайман. Чунки, ёшлигимда буюк севги шамоли мени гармселда қолган экиндай сарғайтириб кетган. Қўшнимизнинг Гуландом исмли қизини севиб қолиб, жин чалиб кетган одамдай кўрпа-тушак қилиб ётиб қолганман. Мен унинг дийдорига сира тўймас эдим. Тўйларга борсам уни қизлар ичида кўриб, «охх!», дея деворларга суяниб қолардим. Унга севгим изҳор қилинган хатларни ёзардиму бергани журъат қилолмасдим.
- Кечирасиз, мен сизни севмайман. Менга бошқа хат ёзманг. Менинг севган йигитим бор, дея рад жавобини ёзса, ёки хатимни йиртиб, бетимга отса нима деган одам бўламан, дея хавотирланардим. Баъзида унинг йўлини тўсиб:
- Гули, мен сизни севиб қолганман, - дея юзига дангал айтмоқчи бўлардиму лекин унинг олдига бордим дегунча  тилдан қолардим.
Айниқса  қишлоғимизга кино келса мен учун энг қувончли байрам бошланар, маҳалла қизлари билан Гули ҳам кинога боришини ўйласам юрагим орзиқиб кетарди. Ювиниб, кийиниб оқшом, кино қўйилаётган жойга борардим. Қоронғи тушгач, одамлар ажриқ устига ўтирганларича деворга осилган, гапиргувчи сеҳрли латтага тикилиб кино томоша қилишар, айни кино қизиган маҳал «во-ой!», дея қоқиниб ҳамма ёғини чумоли босиб кетган аёллар ҳам бўларди.
«Сангам» деган кинони кўраётиб эса, пионино чалиб бевафо дўст ҳақида қўшиқ айтаётган ва кўзларидаги кўз ёш тўкилиб кетмаслиги учун осмонга қараб куйлаётган Сундрга қўшилиб хўнг-хўнг йиғлаган одамларни ўз кўзим билан кўрганман.
Мен ҳам Сундр каби учувчи бўлишни, Ватан ҳимоясига отланиб ҳарбий аҳамиятга эга бўлган юкни қамалда қолган бизникиларга етказиб парашутда сакраганимча, ёнаётган самолётни тарк этсам , мени ўлди, деб ўйлаган ҳарбий қўмондонлик:
- Халдарсинх Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди, дея, «Маслахат»даги колхоз идораси олдида олий қўмондонликнинг мақтов қоғозини ва ўрденни қора кийим кийганича дадаси Абдумалик ака билан турган Гулига топширса. Гули менинг севгимга эътиборсиз қарагани учун афсус надомад ила оҳ-чекиб лаблари титраб мақтов қоғозини юзларига босганича хўнг-хўнг йиғласа, мени ўлдига чиқариб, қўнгиз мўйловли суратим четига қора лента тортишган пайт дала госпиталида тузалиб кириб келсам, сўнг Сундр каби пионино чалиб бевафо дўст ҳақида кўз ёшларим тўкилиб кетмаслиги учун шифтга қараб кўйласам эри билан турган Гули:
- Халдарсинх, Худо ҳаққи, бас қил, бу қўшиғингни! Юрак бағримни эзиб юбордингку! – деб йиғласа, мен бўлсам, яна куйлайверсам, куйлайверсам, дея орзу қилардим.
Лекин, орзуларим амалга ошмади. Мен учувчи бўлолмадим. Ҳарбий хизматдан келсам, Гули Музаффар деган болага турмушга чиқиб кетибди.
Бир куни у билан қишлоқ гузарида учрашиб қолдик. Қўлида боласи, отасиникига келаётган экан. Ёмғир чирсиллаб ёғаётган эди, ўшанда. Биз кўришиб ҳол-аҳвол сўрашгач, бирга гаплашиб юриб кела бошладик.
Йўлда у:
- Холдор ака, ёшлик пайтларимиз қандай ажойиб дамлар экан-а, худди эртакка ўхшайди, – деди.
Мен: - Ҳа-а- а, деб қўярканман, китоблари нашр қилинган шоир, ёзувчи бўлсамда, заҳирадаги сўзларим хазинаси бўм-бўш бўлиб нима дейишимни билмай қолдим.
- Ўғилларингизга тўй қилсангиз мени ҳам тўйга таклиф қиласизми? – деди у яна.
- Албатта, - дедим мен. Ниҳоят хайрлашадиган вақтимиз ҳам келди .
Шунда Гули:
- Холдор ака, ҳар доим иккимиз бирга юрганимизда шу йўл тезда тугаб қолаверади-а?- деди .
Шунда Гули мени доим севганини ва ҳозир ҳам севишини англаб етдим. Ёшликда ўзимни энг хунук бола, деб ўйлаб Гулига севгимни изҳор қилмаганим, турли шубҳаи иштибоҳларга борганим, тортинганим учун ўз-ўзимни койидим, афсусландим. Биз ёмғирда узоқ ҳайрлашдик. Гули ортига қарай-қарай уйлари томон кетаркан, у то кўздан ғойиб бўлгунича ортидан кузатиб, йўл ўртасида мунғайганимча ёмғирда туравердим .
Эҳ, Гули, Гули мен-ку тортинибман, сен ўшанда, нега севаман, дея айтмадинг, дедим ичимда, сўнг ручкамни олдимда блокнотимга:
Бугун мен кўчада
Кўрдим қачонлардир
Севган қизимни.
Сочлари оқариб
Озиб кетибди
дея ёзиб қўйдим.Бу  дунё жуда қизиқ экан.Биринчи хотиним билан ажрашгач, иккинчи хотинга уйландим.Хотинимнинг исми Гулсора бўлгани учун мен уни Гули деб чақираман.
Ҳар гал Гули деганимда ўша олисларда қолиб кетган биринчи муҳаббатим Гуландом ёдимга тушади.Бу ҳақда хотинимга айтсам у кулади.Менга раҳми келади.Мен Бишкек шаҳрида Гуландомга атаб шеър ёздим. Қуйида ўша шеърни ҳукмингизга ҳавола қиламан.

              Қадрдон  қирғоқлар
(Болаликдаги қўшнимизнинг қизи Гулига)
Оқар эди дарё ёйилиб,
Сенсиз гўё  яшардим  хумда.
Оёғингни   ўпарди  сувлар,
Эрир  эди  изларинг  қумда.
Учрашганда  телбалар каби,
Сўзлашолмай  қолардик     тилдан.
Йўлларингда мухтож нигохим,
Узоқ эди  секундлар йилдан.
Лаъл, жавоҳир юлдузлар ила,
Тун  осмони кетганда  бойиб.
Ухлар эдинг баланд сўрида,
Сочларингни дарёдай ёйиб.
Муҳаббатим ғарқ бўлган дарё-
Ёт ёстиққа  ёйилган сочинг.
Далаликда кесишган йўллар,
Кўзларимдан михлаган хочинг..
Балки ҳамон бизсиз соҳилнинг,
Тўлқинлари бир-бирин қувар.
Қорадарё ой лаганида,
Юлдузларни олтиндек ювар.
                                                                   
             2006 йил, 8 июль. Соат 14 : 41
 Бишкек шаҳри.Советская кўчаси. 128 уй.
                           39 квартира.

7.  Дон Ки Хот                                             



Мен илк бор мутаола қилган  бадиий китоб Антон Павлович Чеховнинг «Каштанка» номли асари бўлиб, у китобда акс эттирилган лайча ит ва у  чеккан жабру жафоларни ўқиб лайчага роса раҳмим келганди. Бир-икки ҳафтагача биров билан гаплашишни истамай асар ҳаёли билан ёлғиз яшашни хоҳлаб қолгандим. Тушкун кайфиятдан мени «Дон Кихот» асари ҳалос қилганди.
Мгель Де Сервантес Сааведра ёзган бу ғаройиб асардаги бош қаҳрамон Ламанчеслик идалго Кехона исмли новча, чиллашир, чўққисоқол, суварак мўйловли жаҳонгашта рицарнинг ва бу рицарга яроқбардор бўлиб ёлланган пакана, доимо эшак миниб юргувчи мешқорин Санчо Пансалар бошидан кечирган саргузаштларини ўқиб кулавериб, қотиб қолганман.
Дон Кихотнинг омборда ётган эски совут билан дубулғани таъмирлаб кийиб, бесунақай найзасини олиб, ем емаганидан озиб- тўзиб кетган қирчанғи отига минганича хўрланган, камситилганлар ҳимоясига отлангани, шамол тегирмонини тегирмон шаклига кириб олган ёвуз сеҳргар, дея ўйлаб унинг паррагига найза ургани ва парракка илиниб қолиб ҳавога кўтарилгани ҳамда ерга чалпак бўлиб тушганини, қайта-қайта ўқиб бошқаларни ҳам кулдирардим. Жамолдин ака деган киши кулиш ўрнига:
- Агар ўшнақа қилган бўлса, қип-қизил жинни эканда, қизталоқ. Вей, жинни бўлмаса кап-катта одам жўн турган тегирмон паррагига найза урадими? Унинг ўрнига намоз ўқиса бўлмайдими? Янаям Испанияликларга раҳмат, шунча жиннилик қилсаям кечирибди. Бизда ўшанақа қилиб одамларни ҳимоя қилсин-а, иккита оқ халатлик келиб шундай қўлтиғидан олади-ю, оёғини ерга теккизмай, тў-ў-ўғри жиннихонага олиб бориб қўяди. Жуда бўйсунмаса, чўнтагига наша солиб, тегирмон паррагини ишдан чиқаргани учун давлатга фалонча рубл моддий зарар етказди, жамоатчилик мулкига қуролли ҳужум уюштирган халқ душмани, дея Сибирга сургун қилиб, дарахт кестириб ботқоқларда чиритиб юборади - деди у.
Бу гаплардан баттар кулгим қистади. Мен яқинда мазкур асарни топиб яна бир бор ўқиб чиқдим. Энди негадир аввалгидай кулиб эмас, йиғлаб ўқидим. Бечора Дон Ки-хот! Ўзининг чиллашир, носоғлом эканига қарамай, таҳқирланганлар, ноҳақ калтакланганлар, хўрлаб камситилганлар ҳимоясига отланиб, жонини гаровга қўйиб, золимлар билан курашишга ўзида журъат- жасорат топибди.
Бизчи, биз? Ақлан соғлом, жисмонан бақувват бўлсакда, нафақат бошқалар, ҳатто ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга ҳам қўрқамиз. Ҳуқуқ ҳимоячилари аталган харом тамоқ адвокатлар, прокурор ва судьялар билан ўзаро жиноий тил бириктириб арзимаган ақча учун айбланувчи қолиб камбағал жабрланувчини ноҳақ тухматлар билан қаматиб юборадилар.  Халқ ишонч билан кўз тикиб турган каззоб, виждонсиз полковниклар, генераллар жулдур мартаба, йиртиқ пагонидаги елим юлдуз илинжида иймонини сотиб, халқининг қонини сўриётган харом зулукларни ёқлаб, қонли жиноятини оқлаб Худодан уялмай, жаллод ҳукмдорни фаришталарга тенглайдилар, мақтайдилар, халқи берган тузни еб туздонга туфлайдилар!
О-о-о, Сервантес Сааведра! Энди билсам биз ўқиб, қотиб-қотиб кулгувчи асарингни сен йиғлаб ёзган экансан! Жаҳонда биринчи бўлиб инсон хуқуқлари химоясига асос солибсан! Мазлумларга ишора қилибсан, йўл кўрсатибсан! Чўчқа ёғини тузлайдиган, Алансо исмли хунук бесўнақай аёлни - Дульсинея Табассо - дея уни аслзода малика, соҳибжамол паризод даражасига кўтара олган Донки Хот севгиси орқали бизларга ўзининг унчалик хушрўй эмаслигидан қисиниб- қимтинган, қалби кемтик, қиз-жувонларни улуғлашни, Ҳақ йўлида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, калтаклансак ҳам ўжарларча курашаверишни ўргатиб кетибсан!
Узоқ термулиб турганда монотон товуши ички резонанс ҳосил қилиб  адепт тафаккурини ўзгартиргувчи улкан шаршара каби сен ёзган китоб онгимни ўзгартирдирки, мен энди кулгили китобларни йиғлаб, халқнинг интим туйғуларига сентиментализм билан таъсир этиб, уни золим ҳукмдор қопига солиб берувчи, қайғули майда асарларни, қаҳ-қаҳ уриб кулиб ўқийман, - дея хитоб қилгим келди, менинг!
8. Урушларга  ўқилган  лаънат

Бу жаҳонда садоқатли жон дўстнинг топилиши жуда қийин, улар жуда камёб бўладилар. Менинг ўшандай жон дўстим бор эди. Абдувохид исмли бу боланинг лақаби «Пўкис» бўлиб, у табиатан қувноқ, қизиқчи, гапга чечан, қўй кўз, жингалак сочли бола эди. Иккимиз бир-биримизни бир соат кўрмасак, соғиниб қолардик ва деярли доим бирга юрардик. Бир синфда ўқирдик. Мен уларнинг уйида ўз уйимиздагидай юраверар эдим.
Дўстимнинг ота-онаси ҳам, акаси ҳам, опаси ҳам мени яхши кўришар, улар менга яқин қариндошдай бўлиб қолган эдилар. Пўкиснипг отаси Йигитали ака, деган киши бўлиб, новча бўйли, қувноқ бу одамни эл орасида «Ракатак» дейишар, лақаб билан чақирганлардан у асло хафа бўлмас эди. Йигитали аканинг ширали овози бўлиб баъзан ашула хиргойи қилиб қолар, дўстим иккимиз унинг репертуаридаги баъзи ашулаларни ёдлаб ҳам олгандик. Баҳор кунлари Пўкис иккимиз ҳовлида ўйнаб юрсак, таморқада ер ағдараётган Йигитали ака кетмон зарбини қўшиқ оҳангига мослаб куйлай бошлади:
Этигимни ечмайман,
Суюқ ошингни ичмайман
Қорда қарағай кесганман
Ҳеч ҳақимдан кечмайман.
Пойизингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги
Двинскийга кетди, Андижоннинг
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинскийга кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинскийга кеткизворган
Николайнинг замбараги.
У пайтлар батарейкага ишлайдиган радиотранзисторлар чиққан бўлсада, ҳали кассетали магнитафонлар ишлаб чиқарилмаган эди. Бўйдоқ йигитлар «Хазар», «Глала», «Океан» номли транзисторларни кўтариб севги ҳақидаги қўшиқларни янгратиб, қизларнинг бошини айлантиришар, бизнинг уларга ҳавасимиз келарди.
Пўкис дўстимнинг Неъмат акаси плата устига ўрнатилган приставка билан ҳаво тўлқинларига чиқиб радиоқароқчилик қилар, ўзининг қўлбола студиясидан Шерали Жўраев қўшиқларини ҳавога узатарди. У замонлар радиоқароқчилик ёшлар орасида расм бўлиб радио қароқчилар частота талашиб баъзан бир-бирларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлар, ҳавода даҳанаки жанглар авж олар, баъзилар эфир орқали танишгач, дўстлашиб борди-келди қилиб сингилларига уйланиб қуда-анда бўлиб кетганларининг ҳам гувоҳи бўлганмиз.
Халқпарварлиги, цензура қолипларига сиғмагани, оқибат, «неформат» ёрлиғи билан саҳналардан четлатилган элимизнинг севимли ҳофизи Шерали Жўраев қўшиқлари мухлисларга айнан шу норасмий радиостудиялар орқали етиб борарди.
Бу ишлардан истеъдодсиз бўлишларига қарамай саҳналарни, телевизор экранини, давлат радиоларини бўшатмайдиган, тузсиз қўшиқларини атала-бўтқа каби хоҳламаса ҳам эл оғзига мажбур тиқиштирган ҳасадгўй, ҳукуматпараст хофизлар норасмий радиостудияларни ич-ичидан ёмон кўрар, уларни ёпиб ташлаш керак дея ҳукуматга ишоралар қиларди. Лекин якка ҳукмрон ҳукумат ҳам, лаганбардор ялоқхўрлар ҳам элни ўз севган ҳофизидан ажрата олмадилар.
Республика филармониясидаги қалби қаро раҳбарчалар Шерали Жўраевни “хорда қўшиқ айтасиз” дея ўз ҳукмларига бўйсундирмоқчи, мазах қилмоқчи бўлдилар. Лекин Худо азиз қилганни бутун дунё халқи қарши бўлса ҳам хор қила олмаслигини, Худо хор қилганни эса бутун дунё одамлари ёрдам бериб ҳам азиз қила олмаслигини тушуниб етдилар. Шер акага қазилган чуқурларга уларнинг ўзлари қуладилар, шармсор бўлдилар.
Неъмат акам гоҳида Пўкис иккимизга радиотранзисторни бериб нариги маҳаллага юборар, шу тариқа эфирдаги ўз мавқеини текшириб турарди. Биз қўшни маҳаллада туриб радиодан Неъмат акамнинг таниш овозини эшитиб бир-биримизга қараб оғзимиз қулоғимизга еткудек илжаярдик. Пўкис икимиз Қорадарёнинг баланд жарликлари устида ўтирганимизча дарёнинг нариги соҳилидаги ям-яшил аэродромдан кўтарилиб қўнаётган Ан-20 самолётларини завқ билан кузатиб ўтирардик. Самолётларнинг пахтазорлардаги ғўза баргларини тўкиб пахта терадиган комбайнларга мослаш мақсдида заҳарли дори сепаётиб паст учганида унинг қанотидаги ёзувларини, самолёт кабинасида ўтирган учувчини яқиндан кўрган биз болалар теримизга сиғмай қувониб шодон қийқирганмизча устимизга ёғилаётган заҳарли дорига ҳам эътибор бермай яғир дўппилармизни ҳавода силкитиб самолёт ортидан кузатиб қолардик.
Албатта, заҳарли дори сепишдан олдин аҳолини колхоз радиоузелидан гапириб огоҳлантиришарди. Заҳарли дори сепилган пахтазорлар четига одамзод бошчаноғининг иржайган сурати ва иккита қўл суяги акс эттирилган лавҳадаги «Кирма ўласан!», деган ёзув ўрнатиб қўйиларди. Лекин, биз қизиқувчан болаларни у нарсалар билан қайтариб бўлармиди.
Дўстим билан тутун чўзилган ёз оқшомлари колхоз клуби ёнидаги ажриқлар устига ёнбошлаб клуб томидаги радиодан таралаётган ғижжакда эзиб чалинган маҳзун симфоник куйни, эртакчи хола айтадиган эртакни ва эртак адоғида ўша хола айтадиган ғамгин аллани тинглардик. Қизиқ-қизиқ гапларни топиб гапириб қотиб-қотиб кулиб то ажриқларга шудринг тушиб қолгунга қадар суҳбатлашиб ўтираверардик. Бу маҳаллар зулматли осмонда сон саноқсиз юлдузлар чарақлаб ётар, қаердадир юлдуз учиб, ортидан ёруғ из қолдирганича қоронғу боғлар ортига ўтиб кўздан ғойиб бўларди.
Бир куни Пўкис менга бир шиша қора кузбаслакни кўрсатди. Мен ўша кузбаслакдан бўёқ сифатида фойдаланиб, Пўкисларнинг эски уйи деворига йўлбарснинг расмини чизиб қўйдим. Неъмат аканинг айтишича, ўша расм ҳалиям ўчмай сақланиб турганмиш. Бир гал дўстим Пўкис тоғасининг ҳарбий хизматдан келганини, унга ўз харбий камарини совға қилганини айтаркан, камарни кўз-кўз қила кетди. Мен ёшлик пайтимда ҳам мақтанчоқ одамни ёмон кўрардим. Ғазабим қаёқдан келди, билмайман, шайтон васваса қилдими, кутилмаганда мушт билан дўстимнинг жағига урдим. Зарбадан Пўкис мувозанатни йўқотиб ерга қулади. У тура солиб сўкинганича менга ташланди. Мен кулиб қоча бошладим. У ортимдан қувди. Бир маҳал ўртача калладай келадиган гувала қулоғимнинг ёнидан ўтиб ерга уриларкан, саккиз бўлак бўлиб кетди.
Мен уйимизга кириб дарвозани беркитишга улгурдим. Аламзада Пўкис эса: Онаси ўлган етим! - дея бақирди. Кейин ёғоч дарвозамизнинг юқори қисмидаги тахта панжарага тош келиб тегди. Ўша панжара тахтаси ҳалиям синиқ.
Биз урушган кунимизниг эртасигаёк яна ярашиб боягидай апоқ-чапоқ бўлиб кетавердик. Ўшанда дўстим Пўкисни урганим учун ҳали ҳануз ўзимни кечиролмайман. Ўз қилмишимдан нафратланиб Пўкисни урган қўлимни болта билан чопиб ташлагим келади.
Йиллар ўтиб биз ҳам улғайдик. Ҳарбий хизматга чақиришиб сочлармизни тап-тақир қилиб қиришди. Тенгқурларимиз бирин-кетин ҳарбий хизматга жўнашар, жўнаш олдидан хайрлашув кечаси ўтказиб, ёр-биродарлар билан хўшлашар эдилар. Пўкис мендан олдинроқ, кетиш куни белгилангач, хайрлашув кечасига қишлоқдаги ёшларни таклиф қилди. Биз Меҳмонларга хизмат қилиб тонгача ухламдик. Мхалланинг қиморбозлари тонгача қартада қимор ўйнаб чиқишди.Эртасига менинг хайрлашув кечам ўтказилди. Биз икки сутка ухламдик. Кеча кузагач, Пўкиснинг ва менинг оқ сурпдан тикилган сафар халталармизга йиғлаётган қиз суратини чизиб йирик харфлар билан «Мени кутгил ва мен қайтарман» дея ёзиб қўйдим.
Ўшанда дўстим сафар халтасидаги расмга қараб роса қувонганди. У хайрлашиб, уйга қайтар экан, негадир бурни қонаб кетди. Биргалашиб қонни тўхтатдик. Бу суткалаб ухламай юришнинг оқибати эди. Дўстимга раҳмим келди. Шундай қилиб биз ҳарбий хизматга кетдик. Мен икки йил Ленинграда Совет армияси сафида хизмат қилдим.
Эх, Ленинград! Ленинград! Харбий хизматда ўтган дамларни, воқеаларни ёзсам, яна бир китоб бўлади. Бир куни дўстим Пўкисдан менга хат келди. Хатни очиб ўқисам, у:
- Бизларнинг ҳарбий қисмимизни Афғонистонга юборишмоқда - деб ёзибди. У пайтлар Афғонистонда даҳшатли уруш кетаётган эди. Жавоб ёзиб хатимда: Дўстим, ўзингни эҳтиёт қил дея тайинладим. Ҳаш-паш дегунча хизмат муддатим оёқларкан, уйга қайтдим.
Бетон кўпригимиз устида ҳамқишлоқлар билан кўришиб турсам кўча бошида Неъмат ака билан дўстим кўринди. Биз бир-биримизга томон юргирдик, кўришдик… Шунда дўстимнинг ўта озиб кетганини сездим. Маълум бўлишича, Афғонистонда уларнинг ротаси заҳарланган қудуқдан сув ичиб қуйибди. Бу мудҳиш воқеа дўстимнинг хизмати охирлаётган бир пайтда юз бергани учун у уйга қайтишга улгурибди. Дўстим бизнинг уйда узоқ ўтиролмади. Толиқиб қолди. Уйига кетди. Эртасига уни кўргани бордим. Уни ётган жойидан турғазиб, кўчага олиб чиқдим. Колхоз клуби олдидаги ажриқлар устида худди болаликдаги каби бирга ўтириб ўтмишни олисларда қолган ғаройиб дамларни эсладик. Пўкис Афғонистон урушида кўрган кечирганларини ҳикоя қиларди.
- Бир куни - деди у - ротамиз қуршовда қолди. Тепаликка жойлашган «душман»лар ротамиз солдатларини чумчуқ отгандай қириб ташладилар. Фожеадан хабар топган қўмондонлик ҳарбий вертолётларни юборгач, «душманлар» отишмани тўхтатиб ғойиб бўлишди. Бундай қарасам, ҳалигина бирга гаплашиб юрган қуролдош дўстларимиз ўлиб ётишибди. Жуда озчилик омон қолдик. Ўрис командиримиз ўлиб ётган солдатларга қараб худди фарзандларидан жудо бўлган отадай эзилиб йиғлади. «Простите ребята что, я вас не сберёг» деди у йиғлаб. Катафалка машина келгач биз ўликларни аравага худди ўтин саржинлагандай юкладик. Машина жилаётган маҳал мен тиззасидан узилиб кетган солдат оёғини этиги билан олиб, қолиб кетмасин деган ўйда командирга:
- Командир! Нога, нога Усмана! - дедим. Чунки ўлик юклаётиб Тошкетлик Усмоннинг жасади бир оёқсиз эканини кўрувдим. Командир бадтар йиғлаб:
- Да, ты закопай его, ради Бога!- дея бақирди.
- Шунақа кунларни кўриб келдик, дўстим - деди у узоқ-узоқларга хомуш термулиб. Кейин:
- Менинг ҳам бир ойлик умрим қолди ҳалос. Бир ойдан кейин ўламан - деди у.
- Э, нафасинги иссиқ қил. Ваҳиманинг уяси экансан-ку - дедим мен. Дўстим ғамгин жилмайиб қўйди.
Толиқиб қолмасин, дея мен уни уйга олиб кириб ётқизиб чиқдим. Кунлар ўтаверди. Кунлар ўтган сари дўстимнинг аҳволи оғирлашаверди.
Бир куни уни кўргани кирсам, Йигитали ака дўстим ётган пашшахона ёнида йиғлаб ўтирган экан.
- Кел, ўғлим, кел - деди у кўз ёшларини тиёлмай. Сўнг:
- Дўстинг ҳам озиб, сурнай бўлиб қолди - деди.
Қарасам пашшахона четидан дўстимнинг қўли чиқиб турибди. Худди тобутдан чиқариб қўйилган Искандар шох қўлидай. Йигитали ака пашшахонага бош суқиб:
- Абдувоҳид, ҳо Абдувоҳид, тур ўғлим, ошнанг келди, - дея дўстимни уйғотган бўлди.
Дўстимнинг энди уйғонишга ҳоли қолмагани ақлга ишора эди. Мен:
- Ҳожати йўқ, уйғотмай қўяверинг. Дамини олаверсин. Мен эртага келаман, - дедим.
Эртасига эрталаб, уйғонсам, дўстимнинг уйидан йиғи эштиляпти. Зинапояга ўтириб қолдим.
Мусибатхонага етиб борганимда кўчада қўл қовуштирганича ҳамқишлоқлар тизилиб турарди. Дарвоза четида тўн кийиб, қийиқ боғлаган Неъмат акани кўрдим-у ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим. Биз маҳкам қучоқлашиб кўришган пайтимиз Неъмат аканинг кўз ёшлари тонги шудринг доналаридай ҳар томонга сочилиб кетди.
Шундай қилиб мен яккаю ёлғиз жон дўстимдан айрилиб қолдим. Орадан қанча йиллар ўтган бўлсада, мен ҳамон дўстимнинг кўчасидан ўтмайман. Чунки бир куни мени кўриб қолган дўстимнинг синглиси:
- Холдор ака, бизнинг уйга ҳам кириб тураверинг. Сизни кўрсак худди акамни кўргандай бўламиз - дея йиғлади.
- Кирсам йиғлайсизларда - дедим мен.
- Йиғламаймиз - дейди синглиси йиғлаб. Мен уларнинг йиғисидан қўрқаман.
Мени шундай ажойиб дўстимдан айирган, дўстим сингари минг-минглаб йигитларнинг ёш умрларини хазон қилган урушга лаънатлар ўқийман!


Давоми бор
Категория: Қиссалар | Просмотров: 1972 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz