Пайшанба, 09.01.2025, 00:25 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:44 |
9. «СПТУ»
Саккизинчи синфни тамомлаб, тўққизинчи синфга кўчган куз кунларнинг бирида дадам кутилмаганда менга: - Билим юртида ўқишни хоҳлайсанми? -деб сўради. Аввалига мен ҳайрон бўлдим. Кейин севиниб кетдим. Яхшигина расм чизишим боис дадам мени рассомчилик билим юртига жойламоқчи шекилли деб ўйладим. - Ҳа, хоҳлайман - дедим мен. Дадам мен ўқишга борадиган билим юртининг афзалликлари ҳақида гапира бошлади: - Ётоқхона бепул экан. Бунинг устига бепул кийим бош, ҳар куни уч маҳал текин иссиқ овкат беришаркан - деди. Бу гапларни эшитдиму тарвузим қўлтиғимдан тушди. «Ҳа, тушунарли, демак, кийим бош харажати ва еган-ичганим дадамга малол кела бошлабди-да» деган ўй келди ҳаёлимга.Тўғри, ўша пайтлари дадамга ҳам осон тутиб бўлмасди. Бир гал колхоз клубига шаҳардан концерт бериш учун бир гурух артистлар келишган эди. Ёғочни қўшиқ айтдириб юборадиган дурадгор бўлгани учун дадамни райис чакиртириб сахна қуришни топширибди. Дадам шогирдлари билан сахнани битказай деган маҳал сим ўрамини бир четга олмоқчи бўлганда дадамни электр токи уриб ўлиб кетишига сал қолган. Шундан кейин дадам облбольницада узоқ даволандилар. Кейин шу – шу меҳнат ногиронига айланиб қолдилар. Унинг оладиган нафақаси оилани боқишга етмас эди. Мен ёш бўлсамда, буни билар эдим. Шунинг учун вазиятни тўғри тушуниб унинг таклифини қайтармасликка қарор қилдим. Шу ҳам ҳарна оилага озгина ёрдам бўлар дея ўйладим. - Қанақа мутахассисликка ўқитар экан? - савол бердим мен сир бой бермай. - Тракторчиликка - дея жавоб берди дадам. Мен ўйланиб қолдим. Чунки, менинг қизиққан соҳам техникага бутунлай зид эди. Дадамга оғирим тушмасин деган ўйда: - Майли, ўқийвераман - дедим . Дадам хурсанд бўлиб: - Отлан, нарсаларингни йиғиштир. Ҳозироқ билим юрти домласига сени топшириб келаман - деди. Нарсаларим билан кўрпа-тўшагимни кўтардим. Биз ўша билим юрти ўқувчилари пахта тераётган колхоз даласи томон йўл олдик. Билсам, у билим юртига имтихонсиз кабул қилар экан. Ўша куни дадам мени дала шийпонида домлага топшириб жўнаб кетди. Мен етти ухлаб тушимга кирмаган болалар билан танишиб, билим юрти ўқувчисига айландим. Пахтадан қайтгач ўқишлар бошланди. Бахтимга у ерда мен қизиққан фанлар ўқитилар экан. Айниқса билим юртининг кутубхонаси менинг севимли жойим эди. Мен авваллари алоҳида одамлар шоир бўлиб ишлайди деб ўйлар эканман. Бир куни танаффус пайти адабиёт фанидан дарс берувчи домламизнинг столидаги қалам билан ёзилган шеърларга кўзим тушиб қолди. - Бу шеърларни бирон жойдан кўчирдингизми? - деб сўрадим. Домла жавоб бериш ўрнига кулди: - Бу шеърларни ўзим ёзганман, - деди у кулиб. Мен хайрон бўлиб: - Ие, домла, сиз шоир бўлиб ҳам ишлайсизми? - дедим. Домла, яна кулиб: - Шеърни ҳамма ёзиши мумкин. Шоирлик касб эмас - деди. Мен бир зум жим туриб қолдимда, яна савол бердим: - Мен ҳам ёзсам бўладими? - Албатта - деди домла. Бу орада қўнғироқ чалинди. Дарс бошланди. Мен домланинг ўтаётган дарсига қулоқ тутардиму унга ҳавасим келарди. Шу кундан мен шеър ёзиб кўришга ахд қилдим. Дарсдан сўнг қоғоз қалам олиб шеър ёзмоқчи бўлдим лекин ҳарчанд тиришсамда бирон мисра шеър ёзолмадим. Эртаси куни домлага шеър ёзолмаганимни айтдим. Шунда у менга шеър ёзиш сирларини ўргатиб шаббода ҳақида тўрт мисра шеър ёзиб бердида уни давом эткизиб келишимни тайинлади. Ўшамисралар ҳамон ёдимда.
Эй, шаббода, майин шаббода, Елганингда рақс этар барглар, Ўйноқласанг кўкда, ҳавода Қанот қоқиб силкинади пар.
Ўша куни домланинг ёзиб берган юқоридаги мисраларини давом эттириб шеър ёзиб келдим.
Тунда эссанг кўкда тўлин ой, Табассум-ла, беради далда, Тўлқинингга чидолмасдан сой, Ўз кучини синар амалда, Янги чиққан момақаймоқ ҳам, Саломингга алик олади, Бу ҳаммаси, чексиз яйлов ҳам, Оғушингда ўйга толади.
Шеърни ўқиб чиқаркан домла, менга ҳайрат билан тикилиб қолди-да: - Қойил, келажакда сендан яхши шоир чиқади - деди. Бу гапларни айтган домла, ҳозирги замон ўзбек адабиёти арузчилигида ўзининг алоҳида овози ва мактабига эга шоир Фарид Усмон эди. Шундай қилиб мен шеър ёза бошладим. Ажойиб кунларнинг бирида Рашид исмли дўстим билан Олимжон Холдор деган шоирнинг адабиёт тўгарагига бордим. Олимжон Холдор хона тўрида стол ортидаги айланадиган курсида қўр тўкиб ўтирар, шоирлар навбат билан шеър ўқир, қолганлар ўқилган шеърни муҳокама қилардилар. Навбат менга келгач, мен қурбақа ҳақидаги шеъримни ўқидим. Ўчоқ томон сакраб-сакраб бораётган қурбақа ва унга ўчоқдаги чўғни отган қилиғи совуқ бола акс эттирилган бу шеърда қизил чивин деб ўйлаб чўғни ютиб юборган очкўз қурбақа нфси амморанинг кўйига кириб фожиали ҳалок бўлади. Шеърни ўқиб бўлганимдан кейин Олимжон Холдор даврага юзланиб: - Қани, бу шеър ҳақида ким фикр билдиради - деди. Кимдир қўл кўтарди. Маълум бўлишича, у шоир Нусрат Абдусаломов экан. У ўрнидан туриб менинг шеъримни танқид қилди. - Бақа ҳеч қачон чўғни ютмайди - деди у. Мен жуда хафа бўлиб кетдим. Шу пайт яна кимдир қўл кўтарди. Бу менга таниш шоир Каримжон Қобилов эди. Оқ сариқдан келган, чўзиқ юзли, кўзлари йирик-йирик, бурни булғор қалампирига ўхшаш, сийрак , узун сочларини ортга тараб, кепка кийиб юрувчи, бир оёғи ногирон шоир ўрнидан туриб мен ўқиган шеърни ёқлади: - Холдор кузатувчан бола экан. Бақа ҳақиқатдан ҳам чўғни ютади. Бир куни оқшом чекилган сигарет қолдиғини отсам, қизарган чўғни қўнғиз деб ўйлаб, бир қурбақа, «лиқ» этиб ютиб юборди.Кейин роса типирчилади, бечара -деди у. Шу пайт тўрда ўтирган Олимжон Холдор кула бошлади. Елкаларини силкитиб узоқ кулди. Кўзларидан ёш чиқиб кетди. У кула-кула гапира бошлади: - Болалик пайтларим қозонда қўй ёғи эритаётган энам қозондаги жиззалардан капгирда олиб, ўчоқ бошида ўралашаётган товуқларга қарата сочган эди, товуқлар жиззани еб олиб типирчилаб қолган. Ўша воқеа ёдимга тушиб кетди. Холдорнинг ёзган шеъри табиий чиқибди - деди Олимжон Холдор. Шу тариқа мен илк бор адабий жамоатчилик назарига тушдим. Йиллар ўтгач адабиётдан ўз ўрнимни топдим. Мухлисларим кўпайди. Ҳатто, мени устозим дея атайдиган ёш ижодкорлар ҳам пайдо бўла бошлади. Китобларим нашр қилиниб, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси бўлдим. Одамлардан эшитишимча Фарид Усмон бир даврада фаҳр ила: - Холдор Вулқон менинг шогирдим. Ўша битта шогирдимнинг ўзи юзлаб шоирларга бас кела олади - деган эмиш. Дўстим қазо қилгач қишлоқда тургим келмай қолди. Борлиқ ҳувиллаб дунёда ёлғиз бир ўзим қолганга ўхшардим. «Бўйнидан боғланган ит овга ярамабди», деганларидай илмий тилда СПТУ, оддий авом тилида «Латапизу», деб аталгувчи ҳунар мактабини аъло баҳоларга тамомлаб диплом олган бўлсамда, у диплом билан бир кун ҳам ишламай ўз севган ҳунарим рассомчилик билан тирикчилик қила бошладим. Куйганёр деган жойдаги темир-бетон заводига безовчи рассом бўлиб ишга кирдим. У ерда мен завод идорасининг хоналарини кўргазмали агитация билан жиҳозлаб, панноларга мойбўёқда расмлар ишлардим. Ишчиларни коммунистик зарбдор меҳнатга чорлагувчи шиорларни тез-тез янгилаб ёзиб турардим. Бундан ташқари, колхоз-савхозлардан, турли ташкилот ва муассасалардан буюртмалар олиб қўшимча пул ишлашга ҳаракат қилардим. Бир куни нуфузли бир ташкилот ҳовлисидаги стендга мойбўёқ билан ишчи қизнинг суратини чизиб уйга кетдим. Эртасига келсам, ҳалиги қиз сурати чапланиб кетибди. Роса ғазабим келди. Суриштириб билсам, ўша кеч раҳбарлар идорада зиёфат уюштириб роса ичкилик ичишибди. Маст бўлиб қолган бир депутат бўёғи қуримаган қиз суратини ўпавериб ҳаромга айлантириб юборибди. Депутатни топиб роса урсаммикан деб турсам ҳамскасб дўстим Охунжон келиб қолди. Унга воқеани айтиб бергандим, унинг ҳам ҳасрат халтаси очилди: - Э, Холдоржон, бу ҳеч нарса эмас. Мен бир ташкилотдан буюртма олиб ўша ташкилот биносининг пештоқидаги Лениннинг расмини таъмирлайдиган бўлдим. Пештоқ жуда баланд бўлганидан леса тиклашга тўғри келди. Лесанинг энг юқори қисмига қалин тахталар ётқизиб ишга киришдим. Бўёқларни шогирдларим пастдан арқонга боғлаб беришади. Мен тортиб оламан. Томашабинлар тўпланиб менинг ишларимни кузатишарди. Бир маҳал кўз тегдими дейман, ёки тахта чирик эканми, оёғим остидаги таглик «қа-а-арс!» этиб синиб кетса бўладими. Бошимда газета қалпоқ, қўлимда мўй қалам билан кинода суратга тушаётган каскадёр каби пастга қуладим. Бахтимга пастда тупроқ уюлиб ётган экан. Ўша тупроқ устига гурсиллаб тушар эканман, ҳавога чанг булути кўтарилди. Томошабинларнинг капалаги учиб турган жойларида қотиб қолишди. Бу маҳал бошимга бир банка қизил бўёқ келиб тўкилди. Мен оёқларимдаги оғриқ азобидан инграб, оҳ-воҳ чекиб, ўрнимдан турдимда, оқсоқланиб одамлар тўпланиб турган жойга қараб юрдим. Одамлар қизил бўёқни кўриб рассомнинг боши ёрилиб, миясининг қатиғи чиқибди дея ўйлаб ура қочишди. Кейин тез ёрдам келиб мени касалхонага олиб кетди. Бир ой касалхонада ётдим. Ишонсангиз, буюртмачи ташкилотдан аҳволинг қалай деб ит ҳам ўрмаламади - деди Охунжон. Бу гаплардан қотиб – қотиб кулиб чапланиб кетган таглигни бўядимда, ишчи қизнинг расмини қайтадан чизиб қўйдим.
10 Тандир
Ёшликдан бирга ўсган дўстларим кўп. Улардан бири Шуҳрат бўлиб уни ҳамма Шурик деб чақирарди. Шурик ёшлигида бўйи пастак, лекин жуда чаққон, серҳаркат, кулганда юмалоқ юзида кўзлари юмилиб йўқолиб кетарди гўё. Қийиқ кўзларининг тирқишида қорачиғи йилтиллаб тургувчи бу бола Али Қулп аканинг ўғли эди. Али Қулп ака Иккинчи жаҳон уруши ногирони бўлиб қўл ҳассасига таяниб қаддини ростласа бир оёғи ерга тегмай кўтарилиб турар, уни қишлоқ аҳли Али Қулп деб атарди. Мен яқин-яқингача у одамнинг исми Али Қулп, яъни Али Қулф (замок) деб юрарканман. Билсам, у одамни эл-халқ исми ўрнига фамилияси билан чақираркан. Исмга айланган фамилияси Алиқулов экан. Безовчи рассом бўлиб ишлаб юрган чоғларим менга дўстим: - Тандир қуришни биласизми? - деб қолди. - Биламан, - дедим мен. - Унда тандиримизни қуришга ёрдамлашворинг – деди Шурик. Мен, хўп деб, якшанба куни Шурикларнинг уйига бордим. Мени дўстимнинг етмиш ёшлардаги онаси қарши олди. Кўришиб ҳол-аҳвол сўрашгач, кампир: - Биз онангиз раҳматли билан бирга колхоз далаларида ишлардик. Ҳаё-иффатли, дину диёнатли, Худо раҳмати аёл эди, бечора - дея кўз ёш қилди кампир. Мен Шурик билан саломлашдим. У тандирга лой тайёрлаётган экан. Келиб мен билан кўришди. Нонуштадан сўнг мен эски-туски кийимларни кийиб олдимда, ишга киришдик. Аввал тандирнинг диаметрини чўпак билан ўлчаб бошимни суқиб уни ичларини кўздан кечирдим. Гапирсам гапим акс-садо берди. Жангиллаган тандир экан. Гуваладан таглик тайёрладик. Сўнг Шурик иккаламиз тандирни ғоят эҳтиёткорлик ила кўтариб тагликка ўрнатдик. Мен тандир ёнларига кесак териб сувашга киришдим. Шурикнинг онаси тандирга ғўзапоя тиқиб ўт ёқиб қўйди. Тандир қора чапламадан чиққач, уни юнг аралаштирган лой билан сувашга тушдим. Тандир битиб борган сари кампирнинг дуоси авжига чиқарди: - Илоё иловондо, қўлларингиз дард кўрмасин. Савобнинг тагида қоладиган бўлдингиз, болам. Худо хоҳласа, эртага шу тандирда сомса пишириб сизга ҳам киритворамиз - дерди. - Э, ҳожати йўқ, - деб қўяман мен. Шурик бўлса қўлларидаги лойларни сидириб тандирни мақтарди: - Воҳ, худди мангу олов қаршисидаги қайғули она мемориал ёдгорлигига ўхшаб қолди-я! Оҳак билан оқлаб қўйсак борми! Э, кам бўлманг дўстим. Художник одамнинг иши барибир бошқача бўларканда. Мен мақтовлардан ёғдай эриб тандирни сувашда давом этардим. Ниҳоят тандир битди. Шурик иккимиз кийимларни алмаштириб юз-қўллармизни ювдик. Сўнг сўридаги кўрпачалар устига ўтириб кампир ўт қалаётган янги тандирга қараб дам олиб ўтирдик. Шурикнинг хотини катта чарх товоқда палов олиб келиб дастурхонга қўйди. Биз гуруч остида қолиб кетсин деб кампирга кўрсатмай яримта ароқни иккига бўлиб ичиб шишани қоқладик. Кампир бўлса келини билан ҳамон тандирга ўт қалар, дуо қиларди. Лекин кампиршонинг хурсандчиги узоққа чўзилмади. Кутилмаганда тандир «гум» этиб ёрилдида, пучайиб ёнаётган олов ўчди қолди. Ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. - Э-э-э, жуда чатоқ бўлдию - а? - дедим мен, хижолат чекиб. - Э, ҳечқиси йўқ, - деди Шурик. - Сира хижолат чекманг, болам. Кўз тегди, кўз тегиб кетди - дея кўнглимни кўтарди кампир. Лекин менинг кўнглим ўша ялпайиб қолган тандир каби қайта кўтарилмади. Ўша воқеадан кейин бир-икки ҳафта Шурикларнинг кўчасидан ўтмай юрдим. Қўлингдан келмаган ишга қўл урма деб ота-боболаримиз жуда тўғри айтишган экан.
11 Исён
Дўстимнинг қазо қилгани, севган қизимнинг турмушга чиқиб кетгани ҳам оздай мен ўз туғилиб ўсган уйимда ухлолмай қолдим. Уйқуга кетдим дегунча қоп-қора, юнглари узун улкан маҳлуқ мени бўға бошлар, нафасим қайтиб ўлиб қолишимга оз қоларди. Қўрқув унчалик кучли бўлмасада, мен ўша маҳлуқ билан олишишдан безиллаб қолгандим. Ҳуллас, мен уйда яшай олмай қолдим. Қаёққадир кетгим келарди. Армияда хизмат қилган жойим Ленинградга қайтиб кетсаммикин дея ўйлардим.Ахир бундай ўйлаб кўрилса, болаликдаги меҳрибон бобом аллақачон оламдан ўтиб кетган. Касалманд қари энам эса Пазил амаким қарамоғида. Қаёққа ҳам бораман. Менинг бир дақиқа ҳам уйда тургим келмай қолди. Ишдан уйга қайтаётиб ўзимни худди қоронғу қабрга кириб кетаётгандай ҳис қилардим. Бир куни онамларнинг қишлоғига бордим. Мен ўз туғилиб ўсган уйимда яшай олмай қолганимни айтгандим, энам мени бағрига босиб йиғларкан - онанг сиғмаган уйга сен ҳам сиғмаяпсанми, болагинам - деди. Ўша куни тоғаларим билан то ярим тунгача суҳбатлашиб ўтирдик. Шу кеча ҳайрон қоларли даражада тинч ухладим. Шундай қилиб мен энам яъни, онамнинг оналарининг уйида яшай бошладим. Бир куни темирдан қилинган кўча дарвозасини бўядимда, қуёнга мушт ўқталиб турган бўрининг расмини мойбўёқда чизиб “Ну, заяц, погоди!” дея ёзиб қўйдим. Бир зумда менинг рассом эканлигим ҳақидаги хабар бутун қишлоққа ёйилди. Эртасига бир қиз тоғамнинг Жаҳонгир исмли ўғлидан ўз хотира альбомини юбориб, альбом ичидаги калькаларга расмлар чизиб беришимни сўрабди. Бир-иккита расм чизиб альбомни қайтардим. Лекин альбом яна қайтиб чиқди. Кечки овқатдан сўнг расм чизиб қўяй деб, альбомни очдим. Не кўз билан кўрайки, альбомда ишқий мактуб бор бўлиб, у қиз менга четлари жим-жимадор қилиб тўқилган шоҳи рўмолча ҳам совға қилибди.У қизни мен севолмаганим туфайли бир мижознинг уйидаги деворга расм чизаётиб совға қилинган шоҳи рўмолчага эсда йўқ , латта деб ўйлаб мўйқаламдаги бўёқларни артиб юборибман. Албатта, ўқувчи бу хотираларни ўқиб мени мақтаняпти деб ўйлаши мумкин. Лекин мен ҳаётимда юз берган воқеаларни иложи борича хамртуриш қўшмай рўй – рост ёзяпман. Хуллас, жуда кўп қизлар менга севги изҳор қилиб ишқий хатлар ёзишди, йиғлашди, қарғашди. Балки улар менинг шеърлар ёзганим ва расм чизганим учун севишгандир. Мен ҳатто биттасига : - мени бошинга урасанми? Дунёда чиройли йигитлар кўп-ку? – дедим.У қиз бўлса қатъий: - Мен фақат сизни севаман. Майли бошқага уйлансангиз ҳам мени ташлаб кетмасангиз бўлди. Учрашиб турсак, сизни кўриб турсам бўлди – дея йиғлади . Мен рози бўлдим. Орадан бир йил ўтгач у мени тўйига таклиф қилиб таклифнома берди. Тўй жума кунга белгиланган экан. Мен “Итполохон” деган қишлоқдаги Толиб доирачининг уйида расм чизиб юраверибман. Тўйга бориш эсдан чиқибди. Тўёнага деб олинган чангютгич ҳам қолиб кетди. Кейнчалик шогирдим Бахтиёр ўша чангютгичда суюлтирилган бўёқларни сочиб одамларнинг уйларига декорациялар ишлаб юрди. Кўп ўтмай «Тошкентга бориб Универститетга ўқишга кираман» дейишимга ҳам қарамай мени мажбур уйлантириб қўйишди. Лекин хотиним менга маъқул келмади. Бир куни энамга уни севмаслигимни, паттасини қўлига тутқазиб, орани очиқ қилмоқчи эканимни айтдим. - Ҳой, девона, нималар деяпсан? Бировнинг қизига уйланиб икки ҳафтада ҳайдаворсанг номусга чидолмай, хотининг ўзини Фарғона каналига ташлаб юборса уволига қоламиз - деди. Мен энамни қаттиқ ҳурмат қилганим боис гапига тутун қайтармас эдим. У мени ўша хотиним билан яшашга кўндирди. Мажбур яшай бошладим. Мен қувноқ хазилкаш бўлсам, хотиним ўта жиддий эди. Мана, бунга ёрқин бир мисол: Бир куни хотиним эскириб қийшаган ишком устинига ишора қилиб, - Шу устун яқинда қулаб тушмасада, тузатиб қўйсангиз бўлмайдими? - деди. Мен устунга қараб - хой устун, қулама! - дедим. Кейин хотинга караб - ана айтиб қўйдим, энди қуламайди - дедим. Хотиним эса, кулиш ўрнига бадтар қовоғини уйди. Кейин йиғлай бошлади. – Бир гап гапирсам дарров мазах қилади. Одам ўрнида кўрмайди - деди у. Этик мойлайдиган щёткани кўрсатиб - Мана бу тиш щётканг нимага бу ерда ётибди- дея ҳазиллашганимда ҳам роса йиғловди. Кўп ўтмай биз фарзанд кўрдик. Кейин иккинчиси, сўнгра учинчиси туғилди. Биз учта ўғил кўрдик. Мен барибир у аёл билан яшай олмадим. Охири уйга маст ҳолатда келадиган бўлдим. Мен шу тариқа ғам-ҳасратимни ароққа чўктирар эдим. Ароқ денгизида кемам чўкиб кетгунга қадар ичардим. Менинг “Разведкачиларим” берган маълумотларига кўра бир куни хотинимнинг опаси: - Гулдек аёл бўлсанг, ўша алкаш билан яшаб нима қиласан? Онамникига келиб ол - дебди. Шундан кейин хотин тушмагур кетиб қолди. Мен ҳаммани ҳайратга кўйиб ароқ ичишни тақа-тақ тўхтатдим. Бир куни йўлда мактаб директори учраб у менга тасвирий санъат ўқитувчиси йўқлиги сабаб шу фан ўқитилмаётганлигини, иложини қилсам бўш кунларимда ўқувчиларга тасвирий санъатдан дарс беришимни илтимос қилди. Мен ўқитувчиликни ёқтирмасамда, дарссиз қолаётган ўқувчиларга раҳмим келди. Мактаб ўқувчилари расм дафтарларини очиб менга умидвор тикилиб тургандай туюлиб кетди. Рози бўлдим. Шундан сўнг мен ҳафтада икки кун болаларга тасвирий санъатдан дарс бера бошладим. Бу пайтлар район, область, республика газеталарида шеърларим эълон қилиниб элга анча танилиб қолган эдим. Менинг бир ёмон одатим бор. Бир ишни қиламан дедимми, албатта эртами-кечми уни амалага ошираман. Бу феълимдан тўғриси, ўзим ҳам қўрқаман. Баъзан бу таввакалчилигим фойда ҳам беради. Қайсидир даврада мен шеърларимни жамлаб китоб чиқармоқчи эканлигимни айтгандим. Шунда бир кимса масхаромуз кулиб, - Ҳе, ўша китоб чиқара оладими? Валдирайверади-да, дебди. Кўп ўтмай, мен «Лайлатулқадр» номли китобимни Тошкенда нашр қилдириб бир донасини «Валдираверади-да» деган кимсага совға қилиб дасхат ёзиб бердим. Яна бир даврада ош еб ўтириб ўқитувчилардан бири: - Олий маълумотли бўлмаган одам чала одамда - деди. Бу гап менга оғир ботди ва ҳалиги домлага: - Сиз институтда ўқиган бўлсангиз мен Тошкент Давлат Университетига ўқишга кираман - дедим. Домла мени ўқишга киролмайди деб ўйлади шекилли, маккорона кулиб қўйди. Мен ўша йили ТошДУга ўқишга кирдим ва мактабда тил ва адабиётдан дарс бера бошладим. Ўша йиллари қишлоғимизда «сариқ» касалга чалинганлар ва шу касаллик туфайли ўлаётганлар сони кўпайиб кетди. Чунки, қишлоғимиз марказида аҳоли зич яшайдиган жойда юқимли касалликлар шифохонаси бўлиб, у ерда узоқ-яқиндан келган сариқ касаллар даволанишарди. Мен касалхонани зудлик билан чеқароқ, аҳоли яшамайдиган жойга кўчириш кераклигини айтиб бормаган жойим қолмади. Охири бир тўйда сўзга чиқиб, - Азиз ҳамқишлоқлар, қишлоқ марказидаги касалхона тезроқ кўчирилмаса яқинда ҳаммамиз «сариқ»қа чалиниб ногирон бўлиб қоламиз. Шунинг учун эртага соат 12 да касалхона ёнига боринглар. Норозилик митингини ўтказамиз - дедим. Эртаси куни соат 12 да одамлар тўпланиб «сариқ больница йўқолсин!», дея тўполон қила бошлади. Фозил ака деган киши кўйлагини ечиб мотоциклнинг бокидаги бензинга бўктираркан, чўнтагидан гугурт олди, - Холдор! - деди у менга, - сен бизнинг бошлиғимиссан! «Огонь!» десанг бас, касалхонасига ўт қўйиб юбораман! Менинг жондан азиз қизалоғимга ҳам шу касалхона сабаб, «сариқ» касали юқди ва ўлди! Айт, ука! Нима қилай?! - деди. Мен Фозил акамни тўхтатдим: - Биз бу муаммони сиёсий музокара йўли билан ҳал қиламиз - дедим. Туйнукдан қарасам, оқ халат кийган врачлар қўрқиб ичкарида у ёқдан бу ёққа чопиб юришибди. Кўп ўтмай райкомдан ва милициядан бир гала ходимлар етиб келишди. Мен қишлоқ аҳли номидан сўзлаб касалхонани кўчириш тўғрисидаги қатъий талабимизни айтдим. Улар қамаб қўйиш мақсадида мен билан алоҳида, ичкарида гаплашмоқчи эканларини айтдилар. Шунда ҳамқишлоқларим мени ўраб олиб улардан ҳимоя қилдилар. Ҳафсаласи пир бўлган райком ва милиция ходимлари мажбур музокарага киришишди. Одатларига кўра ваъдалар бериб одамларни тарқалишга буюрди. Лекин одамлар тарқалмади. - Қачон Холдор Вулқон “Тарқал” деса, тарқаламиз - дейишди улар. Шундан кейин милиция бошлиғи менга - Одамларинга айт, тарқалишсин - деди. - Агар айтилган гаплар қуруқ ваъда бўлиб қолаверса, бир ҳафта ичида касалхона кўчмаса касалхонага ўт қўйиб юборамиз! - дедим мен. Ходимчалар яна бир бор ваъда беришгач, мен митингни тарқатиб юбордим. Эртасига эрталаб мени район ижроия қўмитасига чақиришди. Бориб мени чақиртирган одамга учрадим. У Сайдулло Бегалиев деган кимса экан. У: - ука, сизни кечаги митинг масаласида чақирдик. Самолётга билет тайёр. Сиз Тошкентга учиб касалхона муаммоси бўйича Ўзбекистон Соғликни Сақлаш Вазирлигига борасизда, ҳаммасини шахсан вазирнинг ўзига айтасиз - деди. Бу гапдан менинг ғазабим қайнади - нега мен Тошкентга борар эканман? – дедим, ниҳоят.- Юқимли касалликлар касалхонаси туфайли эпидемия тарқалиш арафасида турсаю бевосита эл соғлигига жавобгар министрингиз бу ёққа келиши ўрнига мен бораманми? - дедим. Бегалиев менга бир зум тикилиб турдида, - э, сиз ўзи гап уқмайдиган бола экансиз - деди. Мен шартта ортимга бурилиб ташқарига чиқиб кетдим. Қишлоққа қайтиб борсам, мактабда мени ишдан четлатиш учун йиғилиш ўтказишаётган экан. Йиғилишда қориндор бир кимса сўз олиб менга: - сариқ банисани кўчиришни сизга ким қўйибди? Сиз кимсиз? Ким бўлиб қолибсизки, сариқ банисани кўчирасиз?! Мана биз кўчирсак бошқа гап. Бир неча ўлдир - медолланни соҳибимиз - деди у кўксидаги медальга ишора қилиб. Мен кулдим - сариқ банисани кўчириш учун албатта ўрден – медалли бўлиш керакми? Юқимли касалликдан қирилаётган халқни ҳимоя қилиш барчанинг бирдай бурчи эмасми? - дедим мен. Узоқ музокара тортишувлардан сўнг мени ишда қолиш ёки қолмаслигимни овозга қўйишди. Буни қарангки, кўпчилик овоз билан мени ишда қолдиришди. Мени Тошкентга жўнатиб хуфя йиғинда ишдан олинишимни режалаштирган райком ва милициянинг фитнаси амалга ошмади. Бир ҳафта деганда «сариқ» касалликлар шифохонаси аҳоли яшамайдиган жойга кўчирилди. Одамзод ёшинг ўтганда босиб ўтган йўлларинга бот-бот назар ташлар экансан. Мен ҳам баъзан ўтмишимга қайрилиб қарайман ва умримнинг қоронғу даштларини ёритиб порлаётган савоб чироқларини кўраман. Элга қилган яхшиликларимни эслаб енгил тортаман, хурсанд бўламан. Ҳамда буюк саркарда, шоир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг:
Бори элга яхшилик қилгилки, мундин яхши йўқ, Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ. деган мисраларини эслайман.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 1453 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |