Пайшанба, 09.01.2025, 00:18 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:42 |
12 Якканинг ёри Худо
Мен умрим давомида бир неча бор Аллоҳнинг муъжизаларини кўрганман. Шеърларим цензура қолипларига мосланмагани, қолаверса ҳасадгуй, майда гуруҳбоз, маҳаллийчи душманчалар ички ишлар бўлими ходимларига кўрсатган махфий ишоралари сабаб адабиёт майдонида доим ўгайланиб, турткиланиб юрардим. Ўзимни хафа қилдириб қўймайдиган, ғазабим келганда анча-мунчасини “Мўйка”га тортиб қўйишдан ҳам тоймаслигимни яхши билган латиф феъл атворли ғанимлар юзма-юз келолмай, зимдан зиён, зарар, заҳмат етказишмокчи бўлишар, лекин ҳар гал фитналари амалга ошмас эди. Бир куни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг Андижон вилоят бўлимига бордим. Борсам, бир шоир йигит : - Биз яқинда Тошкентда бўлиб ўтадиган ёш ижодкорларнинг бешинчи семинарига кетяпмиз - деб қолди. Мен бўлим масъул котиби - Усмон акага семинардан хабарсиз қолганим ҳақида гапиргандим, у менинг уюшма машғулотларига кам келишимни, боз устига уй адресимни билмаслигини айтди. - Семинарга мен ҳам бораман - дедим. - Поезд кетиб қолди, кеч қолдингиз, тақсир. Шоир - ёзувчи йигитларимиз қўлёзмаларини Тошкентга жўнатганига бир ой бўлди. Ҳозир борсангиз сизнинг қўлёзмангизни ким ҳам ўқирди. Қолаверса, ётоқхона, озиқ овқат масаласида сиз учун заявка берилмаган, - деди. - Майли, нима бўлса ҳам бораман, – дедим мен. - А, унда ўзингиз биласиз - деди масъул котиб. Шундай килиб белгиланган кун поездга ўтириб - Тошкент қайдасан - дея йўлга тушдик. Поездда бекор кетмайин дея қўлёзмамни варақлаб тузатишлар киритиб борардим. Тошкентга кетяммиз деб мақтанган йигит менга: - Ака, бекор кетяпсиз-да. Қўлёзмалар бир ой олдин ўқилади. Ҳозир сизнинг қўлёзмангизни ўқишга олимларнинг қўли тегмайди - деди. Мен индамадим. Эртасига тонгда Тошкентга етиб бордик. Биз билан Ҳабиб Сиддик, Восид Аҳмад каби ҳажвчи ёзувчилар ва Қимматхон исмли шоира қиз ҳам бор. Ниҳоят Ёзувчилар Уюшмаси биноси ёнига етиб келдик. Шунда ичкаридан шоир Азим Суюн чиқиб, - Укалар, қаердан келдинглар? - деди. Андижондан– дедик биз. Азим Суюннинг фиғони чиқди - Э, қанақа масъулиятсиз одамларсизлар, ахир. Ҳамма вилоятлардан қўлёзмалар келди. Андижондан битта ҳам қўлёзма келмади-ю?! - деди. Мен билан келганлар бу гапни эшитиб ғалати аҳволга тушиб қолишди. - Ахир, Салохиддин акадан бериб юборувдик-ку! - деди кимдир. - Қанақа Салохиддин? Ҳеч қанақа Салохиддин келгани йўқ – деди яна Азим Суюн. Кейин менга қараб, - Ука, қўлингиздаги нима? - деб сўради. - Қўлёзма - дедим мен. Опкелинг бу ёққа – деди у. Сўнг менинг қўлёзмамни ичкарига олиб кириб кетди. Ҳамроҳларим асабийлашиб бир-бири билан бахслашар, у ёкдан буёққа юришарди. Охири қўлёзмаларни олган Салохиддин исмли кимсани ахтариб кетишди. Эртасига семинар бошланиб менинг ижодим биринчилар қаторида муҳокама қилинди. Менинг қўлёзмам Ислом олимларидан бири машхур Оловуддин Мансурнинг шогирди, Қуръон илмининг улкан билимдони, адабиётшунос олим Муқим Маҳмудга топширилган экан. У сўз олиб араб тилида ғазаллар ўқиб менинг шеърларимни араб шоирларининг шеърларига таққослади. Фалон Араб шоири рубоб нега бундай ёқимли садолар чиқаради? Чунки бу рубоб бир пайтлар дарахт булган ва ўша дарахт шохига булбул қўниб сайраган. Деб ёзгани ҳақида гапирдида, Холдор Вулқоннинг шеърлари ҳам ўша Араб шоирларининг шеърлари каби кишига бетакрор кайфият бағишлайди деди. Бошқа сўзга чиққанлар ҳам менинг ҳаваскор эмас тайёр шоир эканлигимни айтиб ижодимни юксак баҳоладилар. Шеър ўқитишиб, ҳатто, телевиденияга ёзиб кетишди. Ўшанда мен илк бор Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев билан кўришганман. Концертдан олдин Шер ака мени юзлаб ижодкорлар олдида шеър ўқитган эди. Ўтган йили қизиқ воқеа юз берди. Кечки пайт ҳовлида дам олиб айланиб юрсам, қўл телефоним жиринглаб қолди. Билсам, қўнғироқ килган одам менинг шеърларимни қўшиқ килиб куйлаб юргувчи Шаҳрихонлик ҳофиз Толибжон Зокиров экан. Салом-аликдан сўнг ҳол-аҳвол сўрашгач у - Вулкон ака ҳозир тик турибсизми ёки ўтирибсизми? - деди. - Тик турибман, тинчликми? - дедим мен. - Йиқилиб тушмаслик учун стулга ўтириб олинг - деди у мени бадтар ҳайратлантириб. Мен сўри четига ўтирдим, сўнг - ҳа айтинг, нима гап? - дедим сабрсизлик билан. - Ҳалиги, “Ватан” деган шеърингиз бор эдию ўшани Шерали Жўраев қўшиқ қилиб Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги саройида айтибди. Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”ини, Абдулла Ориповнинг “Биринчи мухаббатим” шеърига басталаган қўшиқни ва сизнинг “Ватан” шеърингизни қўшиқ қилиб куйлабди - деди Толибжон ҳаяжон ичра. Мен ишонмадим. Чунки, Толибжоннинг ҳазилкашлигини яхши билардим. Бир куни у қизиқчиси Ўткирнинг туфлиларини ечиб қўйилган жойидаги тахта полга михлаб қўйибди-да, буни билмаган Ўткир, кетар пайти хайрлашиб туфлисини кийиб ипларини маҳкам боғлабди. Кейин юраман деб мункиб йиқилиб роса кулги бўлган экан. Сўнг Ўткирга аввалдан олиб қўйилган янги туфлини совға қилишибди. Турган-битган ҳаёти ҳазилдан иборат бу қувноқ ҳофизнинг гапларига шубҳа қилиб турсам, у кутилмаганида телефон орқали Шер ака айтган қўшиқни эшиттирди. Қўшиқни эшитиб бўлгач негадир хўрлигим келди. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Чунки, бу илк бор, чинакамига қадр-қимматимнинг жойига қўйилиши эди. Адабиёт йўлида чеккан жабру жафоларимга, ёзган-чизганларимга рози бўлдим. Ўзимни худди, Нобель мукофотига сазовор бўлгандай ҳис килдим. Мана, сизга Аллоҳнинг муъжизаси! - Якканинг ёри Худо – деганлари, шу бўлса керак-да.
13. Дарахт кайгуси
Бир пайтлар Абдулла Орипов “Биринчи муҳаббатим” деб тўғри ёзган экан. Чунки, иккинчи муҳаббат ҳам бўларкан. Тошкент Давлат Университетига кириш учун имтихон топшираётиб муҳаббатнинг даҳшатли тўфонига учрадим. Нима бўлдию, имтиҳон топшириш учун навбат кутиб турган абитуриентлар орасида бахс бошланди. Бахсда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни кимдир қизил инқилобчи, даҳрий, маддоҳ шоир деса, биров бунинг аксини айтиб уни эрксевар, миллатпарвар жадидлардан эканини таъкидлар эди. - Тўхтанглар - дедим мен - Ҳамзанинг шеърларини қайта ишлашиб большевиклар қолипига мослаштирилган. Мисол учун: Яша Шўро, яша Шўро! Сен яшайдурган замон Ишчи ўғли шуҳратингдан Балқисин рўйи жаҳон!.. Кофияларга эътибор беринглар. Шеърият қонунларига биноан юқоридаги банд учта қофияга эга бўлиши, бунда биринчи мисра охиридаги сўз банднинг охирги сўзига кофиядош бўлиши шарт. Чунки бу реалистик шеър верлибрда ёзилмаган. Бу ҳолда, “Замон”, “Жаҳон” сўзларига “Шўро” сўзи ҳеч қачон қофия бўла олмайди. Агар, “Шўро” ўрнига “Турон” сўзини қўйсак, қофия жойига тушиб банд қуйидагича янграйди: Яша, Турон! Яша, Турон! Сен яшайдурган замон Нурли шону шуҳратингдан Балқисин рўйи жаҳон! Бу сўзлардан кейин бахс тўхтади. Шунда, узун оппоқ кўйлак кийган, қош кўзини, лабларини бўямаса ҳам чеҳраси гулгун, шаҳло кўзларининг оқи топ-тоза, сарвқомат бир қиз менинг гапларимни маъқулларкан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг нафақат миллатпарвар, нафақат эркпарвар балки динпарвар эканлигини ҳам тасдиқловчи тўрт мисра шеърини ўқиди: Оллоҳ ҳақдир, ҳозирдир, У ҳар ишга қодирдир, Ким бу гапга шубҳа қилса, Ҳар мазҳабда кофирдир… Тошбўрон қилиб ўлдирилган, кофир дея эълон қилинган шоирнинг юқоридаги мисралари унинг ўлимини бадтар сирлилаштириб, зинокорлиги учун ўлдирилганини ҳам шубҳа остига қўяди. Яъни, уни уламолар кенгаши чиқарган шариат фатвоси билан эмас, балки, Қизил Империя манфаатлари учун хавфли бўлган, ўзининг нутқи, шеърлари билан халқни эргаштиришга қодир, кучли лидерни большевикларнинг ўзлари салла-чопон кийган қизил жосуслар ёрдамида бир ёқли қилишган ҳамда оддий содда халқни Ҳамзага қарши қайриб, тошбўрон қилдирган ва бу машъум жиноятни ўзбек халқининг ўзига тўнкаб қўйгани аён бўлади. Шу маҳал аудитория эшиги очилиб бир абитуриент қиз йиғлаб чиқиб кетди. Шу билан бахсга якун ясалди. Бизлар навбат билан имтиҳон топшириб чикдик. Мен ётоқхонага бориб каравотга чўзиларканман, ҳалиги ок кўйлакли парирухсор қизни ўйлай кетдим. Унинг айтган сўзларини қайта-қайта эсладим. Унинг қадди-қомати, гулдай чеҳраси, ҳеч қандай тақинчоқсиз ва бўёқларсиз табиий гўзаллиги кўз ўнгимдан кетмай қолди. Уни кўргим келди. Тезроқ қоронғу тушиб тонг ота қолсайди дея ўйлайман. Ҳаётим гўё бўшлиқдан иборатдай эди. Вужудимда эса ўша қизга нисбатан чидаб бўлмас даражада улкан эҳтиёж пайдо бўлганди. Энди мен учун имтиҳон топшириш ҳам, Университетда ўқиш ҳам иккинчи даражали ишга айланган эди. Имтиҳонга таёрланай деб китобни қўлимга олардиму, китобдаги ёзувлар таҳайюр туманларида кўздан ғойиб бўлар, улар ўрнини ўша гўзал ва донишманд қизнинг қиёфаси эгаллаб олаверарди. О, унинг илоҳий одимлари! У қизлар билан Университетнинг ҳашаматли фоесига кириб келганда гўё жим-жит кечада қорли далалар ортидан оҳиста кўтарилаётган ой каби руҳим зулматларини ёритиб юборар эди. Аудиторияда ўтириб ҳамма лекция тингласа мен ўша қизнинг ён томондан кўринган чеҳрасига тикилиб дийдорига тўймас эдим. Мен унинг дийдорини киприкка санчиб кўзларим билан ер эдим. Тўймас эдим дийдор аталган бу лаззатли таомга. У ҳам кўз қири билан менга қарар, кўз қири Исфахон қиличининг тиғидай ўткир эди. Бир куни у менинг йўғимда курсдошларга «Туманли далалар кўшиғи» номли китобимда чоп этилган шеърларни ўқиб таҳлил қилиб берибди ва мақтабди: - Вулқон аканинг шеърларини ўқиган одам шеър охирида гоҳ баланд жар устидан пастга қулагандай, гоҳ ўзини осмонга учиб кетгандай ҳис килади - дебди. У қиз Бухоролик бўлиб, исми Шаҳзода экан. Шаҳзода бир гал менга уй манзили ва телефон рақамларини берганди. Уни ҳали ҳам хотирам ҳужжатгоҳида сақлаб юраман. Шаҳзоданинг ҳаёлидан, соғинч қийноқларидан мени халос қилиб чалғитиш учун Қашқадарёлик курсдошим ва ҳамхонам Муроджон қизиқ-қизиқ гапларни айтиб кулдирар иккаламиз кулиб қотар эдик. У бир куни менга уй шароитлари оғирлигини, деворлари сувалмаган, бир хонали уйларида тахта пол ва эшик йўқлигини, эшик ўрнига қоп тўсиб қўйишганини ҳикоя қила бошлади. - Шиферсиз уйимиз томига хашак босилган – деди у сўзида давом этиб, – хашак босилган тўсинлар орасидан юлдузлар чамани кўриниб туради. Романтика. Мен ўғилларимга юлдузларни кўрсатиб, - ҳув анави «Чўмич» юлдузи, анави эса, «Катта айиқ» юлдузи, нариги тамондаги «Етти қароқчи» дея астрономиядан дарс бераман. Кечки овқат пишгач, лой супа пол устига тўшалган наматдаги дастурхон атрофига ўтирамиз. Шунда девор ковагидан типратикон чиқади. У овқатимизнинг қачон пишишини, қачон овқатланишимизни яхши билади. Унга консерва банкасидан алоҳида идиш қилиб қўйганмиз. Хотиним ўша идишга овқатдан солиб беради. Типратикон қорнини тўйғазиб хонани бир икки айланади-да, ёзилиб инига кириб кетади. Бундан ташқари бизнинг кўршапалагимиз бор. Ўргатилган. Бир куни қайнанам келиб бизникида ётиб қолувди. Энди ухлайлик деб шайтончироқни ўчирсак, ҳалиги кўршапалак учиб-учиб, кутилмаганда қайнанамнинг юзига ёпишиб қолса бўладими. Юраги ёмон бўлиб қолди бечоранинг. Ўша воқеадан кейин қайнанам қайтиб бизларникига меҳмонга келмай қўйди. Мен Муроднинг ҳикояларини тинглаб кулиб кайфиятим кўтарилар экан у Театр ва рассомчилик институтининг актёрлик факультетида ўқиса ундан ажойиб комик актёр чиқарди, деб ўйлардим. У бўлса, яна ҳикоясини давом эттирарди, - Бир куни уйда оқ ёғ қолмаган экан, алюминий ёғ идишимизни олдимда, қўшнимиздан велосипедини сўрадим. Қўшним йўқ демади. Велосипедни миндиму, уни зувиллатиб ҳайдаганимча нариги маҳалла магазини томон елиб кетдим. Бир маҳал серқатнов катта йўлга чиқаётиб, великни тўхтатиш учун тормозни боссам, тормоз йўқ. Қўшним ҳам тормози йўқ деб айтиб қўймабди. И-и-и-и! – деганимча, бориб катта йўлдан ўтаётган автобусга урилдим. Велосипед автобусга илиниб қолиб , «чаланга-чаланг, чаланга-чаланг» деганича судралиб кетди. Менинг у ер бу ерим қашқа бўлдию лекин, Худога шукур, ўлмай қолдим. Қарасам, алюминий ёғ идишимиз ялпайиб ётибди. Икки юз метрча ерга судралиб борган велосипеднинг ғилдираклари саксон саккиз бўлиб қолган. Эгари билан рули йўқ эди. Мурод шунака қулоқ эшитмаган ҳангомаларни тўқишга ва уни сўзлашга устаси фаранг эди. Бундай ҳангомалар мени вақтинча чалғитсада, ошиқ юрагимдаги севги изтироби худди юмалатилган қор сингари тобора каттариб борар, менга тинчлик бермасди. Изтиробларнинг юмалоқланган қори, сессиядан сессиягача ваҳимали даражада катталашар экан, мен энди уни юмалатишга кучим етмай, у махобатли шар мен тамон юмалаётганга ва эртами-кеч ўша шар остида қолиб кетишим мумкиндай туюларди. Мен Шаҳзоданинг уй адреси ва телефон рақамларини йўқотиб қўймаслик учун кўксимга сиёҳда игна билан уйиб ёзиб олсаммикин дея ўйлардим. Ёзги сессиялардан бири охирлаб бораётган дамлар, Шаҳзода лекцияни ёзиб олишга улгурмагани, лекцияни кўчириб олиш учун иложи бўлса дафтаримни бериб туришимни сўради. Мен йўқ демадим. Эртасига қайтаргач, ёзмоқчи бўлиб дафтарни очсам, дафтар муқовасининг ички тарафига гўзал ҳуснихат ила: «Айрилиқ они яқиндир, кема йўл бонгин чалур, Воҳ мени ташлаб фироққа ёр йироққа йўл олур», деган байтни ёзиб қўйибди. Энди билсам, Шаҳзода ўша пайтлардаёқ, мени йироқларга кетишимни, бугунги дарбадарлигимни башорат қилиб улгурган экан. Мен унга минглаб хатлар ёздим. Лекин у бир дона ҳам жавоб хати ёзмади. Бир куни унга қўнғироқ қилдим. Шаҳзода гўшакни кўтариб - эшитаман, ким бу? – деди. - Алло, Шаҳзода, яхшимисиз? Бу мен, Холдар Вулқонман! – дедим. Шаҳзода жимиб қолди. Мен худди фронт линиясида қўмондонликка жангоҳдан қўнғироқ қилаётган алоқачи каби, - Алло! Алло! – дея бақирардим. Бир маҳал телефондан Шаҳзоданинг йиғлаётганини эшитдим. Шошиб қолдим, - Алло, Шаҳзода, нега йиғлаябсиз? – дедим мен. Бир оздан сўнг У: - «Ёшлик» журналидаги, «Дарахт» шеърингизни ўқидим – деди йиғлаб. Мен – қалай шеър маъқул бўлдими?! – дедим. У жавоб бериш ўрнига йиғларди. Кейин алоқа узилди. Мен қайта-қайта қўнғироқ қилдиму лекин боғлана олмадим. Афтидан Шаҳзода телефон симини тортиб узиб юборганди. Мен трубкани қўйгач, телефонга тикилиб бошимни чангаллаганимча туриб қолдим. Мен шундагина у донишманд қизнинг хатларимга нима учун жавоб ёзмаганини тушуниб етдим. Шаҳзода хатларимга жавоб ёзса оилам вайрон бўлишини яхши билган ва барча оловни ўзига олган кўринарди. «Ёшлик» журналида эълон килинган «Дарахт» номли шеърим қўйидагича эди.
Дарахт менга йўл бўшатади, Ўтганимда шу йўлдан доим. Ва дарахтнинг сарғайиб кетган, Хатларига кўмилар пойим. Дарахт шўрлик мактубларини, Кимдир олиб ўқишин пойлар. Хатларини олис-олисга, Олиб кетар почтачи сойлар. Севиб қолган кимнидир дарахт, Севган ёри ёзмайди жавоб. Хатларини яшириб ўқиб, Йиғлаб-йиғлаб этмайди тавоф. Дарахт ҳар йил ёзаверади, Сиёҳ, дастгоҳ, қалам, давотсиз. Хатларини ҳеч ким ўқимас, Унинг севгилиси саводсиз.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 1692 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |