Пайшанба, 09.01.2025, 00:06 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:40 |
14
Парвоз
Мен бўш пайтларим ёлғизликда симфонияли кўйлар тинглашни ёқтираман. Бах, Моцарт, Штраус, Вагнер, Жузеппе Верди каби буюк композиторлар яратган илоҳий куйларни тинглар эканман, жисму жасадимни тарк этиб осмонга кўтариламан ва уча бошлайман. Кеча радиодан таралаётган Фредерик Шопеннинг «Майоркада киш» симфониясини тинглаганимча ердан узилиб ҳавога парвоз қилдим, болалигим кечган жойларга юқоридан назар ташладим. Илиқ баҳор кунларининг бири. Дадам иккимиз оёқлари боғланган қўйимизнинг юнгини оляпмиз. Мен қўйнинг оёқларини босиб турибман. Сочларини фашистик ташкилот аъзосидай таглаб, тап-тақир қирдириб бошига эскирганидан ранги ўнгиб, қадимги Европа олимларининг бош кийимига ўхшаб колган дўпписини кийиб олган дадам қўлидаги қайчи билан қўйнинг юнгини олар, ҳар замонда эҳтиётсизлик сабаб қўй терисини қийиб қўйиб - Ухх, беллат! – дер, сўнг ўша қийиб қўйилган қўй терисининг илвираб турган қонталаш жароҳатига худди коммунист кўксига қиздирилган темирни босаётган гестапочидай қора рангли дори шимдирилган лўпчикни босар, дори жароҳатни куйдириб ачиштирса керак, қўйимиз азобдан типирчилар, атрофида айланганича бўзлаб мараётган қўзичоғига қараб тилини кўрсатганича аянчли мараб видолашаётганга ўхшарди. Дадам бўлса яна бир-икки қирқим адоғида тўхтаб, - Ихх, палакат, ёмон қийдиму – дер менинг кулгидан лунжим шишиб зўрикишдан бўйнимгача қизариб, портлаб кетишдан ўзимни зўрга тийиб тураман. Дадам яна жишбабаси чиққан қўйимиз жароҳатига даҳрий кашфиёти билан осий деб эълон қилинган мақтул манглайига қиздирилган металл тамғани босаётган инквизитор сингари қўй терисининг тириклай қийилган жойига дорили лўпчикни босарди. Сўнг тағин ишга киришар, уч-тўрт қирқим поёнида яна қайчи мудҳиш ғийтиллаб дадам - Ухх, белат – дер, мен бундай пайтда кулгимни ортиқ тутиб туришга кафолат беролмай қолардим. Куламану шу ондаёқ жиддийлашишга ҳаракат қиламан. Ниҳоят қўйимиз юнгини олиб бўлиб оёқларини арқондан бўшатамиз. Қорамтир дорилар доғидан холдарвей бўлиб кетган қўйимизнинг териси ҳарбий дала комуфляжи кўринишини касб этади. У «сўйворишмаганига ҳам шукр, бай-бай-бай-ба-а-ай» дегандай бош чайқаб шалпанг қулоқларини тапиллатди. Ўша қўйимизнинг жуда оғзи очиқ эди. Яъни кўп маърарди. Дадам уни яхши гап билан бир неча бор тартибга чақирди, Лекин, у маърашини қўймади. Яхши гапни уқмагач, дадам куч ишлатишга мажбур бўлиб қўра олдида пойлаб турар, қўй маърашга оғиз жуфтлашди дегунча у худди Жан Клод Вандам каби оёғи билан қўй тумшуғига зарба берар, баъзан қўй «м» товушини талаффуз қилган куйи маърашга ҳам улгурмай тумшуғига тепки ер, мен кулиб қотар эдим. Охири, дадам қўйимизнинг тумшуғини чилвир арқон билан боғлаб қўйди. Сўз эркинлигидан маҳрум қилинган, ҳак-ҳуқуқи поймол бўлган қўйимиз диктатурадан норози ҳолда атрофга унсиз жовдираб қарарди. Симфонияли кўй қанотида учиб ўтмишни юқоридан кузатиш нақадар яхши! Ана, мен музқаймоқни еб қоғозига тошни ўрадиму синглим Анорага узатдим «Мана, сенга музқаймоқ». Сингилчам хурсанд бўлиб музқаймоқ қоғозини очаркан, ерга тушган тошга қараганча йиғлайди. Мен эса куляпман. Кечир, синглим, тентак акангни кечи-ир! – дейман. Лекин, у ҳамон йиғлаяпти. Ана мен шарикли ручка ичидаги темирни ўйнаб ётиб ютиб юбордим. Рангим оқарди. Дадам, аям ва акам менга термулиб туриб қолишди. Таммом – деди дадам жиддий. – Энди буни тезроқ касалхонага олиб бормасак бўлмайди – дейди. Кейин менга, - Сал, эҳтиёт бўлмайсанми, аҳмоқ.? Бўл энди, кийимларингни кий. Сен ютворган темирни олиш учун дўхтирлар қорнингни ёради – дейди. Мен қўрқиб йиғлайман. Дадам ҳамон жиддий. – Қўйинг, ёш болани қўрқитманг, – дейди аям. Дадам кулгисини яширмоқда… Мен эса ҳамон мусиқа қанотида Чол ибн Хаттоб каби соқолимни шамолларда байроқдай хилпиратганимча учаман. Учиб борарканман, чипта қоп билан ўралган баланд сўрига кўзим тушади. Юлдузлар чарақлаб ётган кеча. Ўша сўрида энам иккимиз юлдузларга тикилганимизча ётибмиз. - Девона, - дейди энам, мени оҳиста туртиб - Уйғоқмисан? - Ҳа – дейман мен. Энам боши остига уч-туртта ёстиқни қўйиб ётар, у ётгандан кўра кўпроқ ўтирганга ўхшарди. Мен бўлсам бунинг акси. Ёстиқсиз ухлашни яхши кўрардим. - Сен етимга ўгай онанг болиш ҳам бермай шундай ухлашга кўникибсан шекилли, – дейди энам. Мен куламан. Сўнг энамдан ухламаётганининг сабабини сўрайман. - Ҳа демай, гўрга кириб кетаман, болам. Ёруғ дунёни томоша қилиб тўйиб олай – дейди энам. Сўнг: - Девона, мен ўлсам нима деб йиғлайсан? – дея сўрайди оқариб кетган соч толалари, юзлари ой нурида ёришиб, энам. - Энаммо-о, энаммо! Уйимизнинг устуни энаммо! Жигаримнинг бутуни энаммо! – деб йиғлайман – дея жавоб бераман ўлим-йитимда ёдлаб олганларимни айтиб. Энам бу гаплардан озғин елкаларини силкитиб, тишсиз милклари ва тилини ой нурида ялтиратганича узоқ кулади. Кула-кула кўзларидан ёш чиқиб кетади… Мен яна учаман. Учавераман, учавераман. Узоқда тобут кўтарган одамлар кетиб бораётган йўл узра учаман. Бу тобутдаги маййит, менинг меҳрибон энажоним. Мен тобутдан олдинда тоғаларим билан бирга йиғлаб бораяпман, – Энаммо-о-о, энаммо! Уйимизнинг устуни энаммо! Жигаримнинг бутуни энам-мо! Фарзанд доғида ёнган суякларим гўрда ҳам совимайди деган энаммо!
15 Хосиятсиз туш
Ниҳоят СССР деган давлат ҳудудида «Қайта қуриш» бўрони эса бошлади. Биров уни «Қайта қириш» деса, яна биров «Қайта қуритиш» дер, сўз эркинлиги юзага келиб, охири СССР парчаланиб кетди. Мен ўша пайтлари «Беҳосият туш» номли ҳажвия ёзгандим. У шундай бошланарди: - Кеча тушимда ўлиб қолибману мени азоб фаришталари тўғри дўзахга ҳайдаб кетишибди. Дўзахга кираверишда ғорга ўхшаш тош камера бўлиб у жаҳаннам оловидан лопиллаб ёришар, дўзахга ҳукм қилинган гуноҳкор одамларнинг соялари тош деворларда гоҳ узайиб, гоҳ қисқарар, у ерда одам кўплигидан ўтиргани жой қолмаган эди. – Ака, сал сурилинг, биз ҳам ўтирайлик, оёқ толиб кетди– дедим мен қўнғиз муйловли озғин одамга. Бадқовоқ қўнғиз мўйловли индамай сурилди. Мен тош ўриндик четига ўтирдим. Сўнг қўнғиз мўйловлига қараб: - брателла, кечирасиз, сиз жуда кўзимга иссиқ кўриняпсиз, Чарли Чаплин эмасмисиз, мободо? – дедим. Қўнғиз мўйловлининг ғазаби қайнади. Кўзларининг пахтаси чикди: - Нима дединг?! Нох айн мал! Швайне пальтизайн! Халт! Хенде Хох! Фюрерингни танимай колдингми қора ялоқ? Мен томирида Орийлик қони жўш урган учинчи рейх фюрери Адольф Гитлер бўламан! Бу гапларни эшитиб рангим оқариб кетди - Ҳа-а-а, энди танидим. Узр, Битте – дедим базўр. Гитлер бироз жаҳлидан тушиб, чап манлайига осилган бароқ сочларини тўғрилаб қўйди. Бир маҳал, бўйи пастакроқ калласи гавдасига номутаносиб, қизил соқолли, тепакал кимса ўрнидан туриб мен тамон кела бошлади. Тепакал етиб келгач, бир қўлида латта кепкасини ушлаган куйи бир қўли билан кастимининг баридан тутиб айёрона йилтиллаган қийиқ кўзлари ила кўзларимга жилмайиб тикилди. Сўнг: - меничи, мени танидингизми, ўйтоқ? – деди. Мен бу одамни ҳам биронтасига ўхшатиб гап эшитиб қолмай дея жим турдим. Шунда у менга ёрдам бера бошлади: - Яссия… Петягяд… Смольний… Еволюция…-а? Эсладингизми ўйтоқ? ВКПБ, ЭйСДЙП! Ишчи деҳқонлай қўзғолони, Бутун Дунё пялетайлайи бийлашингиз!.. - А-а-а, танидим, танидим. Ие, буни қаранг! Сиз, ўртоқ Ленинмисиз?! (Шундагина Лениннинг тили «чуччи»лиги эсимга келди). - Кечирасиз, Владимир Ильич, танимабман. Бой бўлар экансиз! Сизни бу ерда учратаман деб сираям ўйламовдим. Учрашган жойимизни қаранг –а! Ленин суюниб кетди: - Ҳа, баякалла! Қалай, Туйкистонда босмачилай ҳаякати тугатилдими? - Тугатилган. Тугатилгану-у… - Ҳа, нега тугатилгану-у-у деяпсиз, ўйтоқ? - Тугатилдию, лекин, яқинда, Владимир Ильич, СССР парчаланиб кетди. - Нима?! СССЙ пайчаланиб кетди? Ие, нега пайчаланади? Нималай деяпсиз, ўйтоқ? Лениннинг асаби бузилди. У, у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Мен бўлсам, - кечирасиз, Владимир Ильич, бу гаплардан хабарингиз йўқмиди? – дедим. Ленин юришдан тўхтаб деди: - Ие, қизиқсиз-а, вей, қаёқдан хабайим бўлади? Бу ейда телетайп бўлмаса… Ўйлаб гапийяпсизми, ўйтоқ? - Ҳа, дарвоқе, - дедим мен. Кутилмаганда Гитлер бақира бошлади, - О, Майн Гот! Зер гу-у-уд! Кўнглимдагидай бўлибди! Хойте фелен их бин шпиле! О, Дойчланд! О, майн Фатерланд! Руссиш капут! Ха-ха-ха! Капу-у-ут!.. Ленин яна у ёқдан бу ёққа асабий юра бошлади. Кейин тўхтаб, Гитлерга қаҳрли караб қўяркан менга, - ҳокимият, ЭСЭЙлайнинг қўлига ўтдими? – деди. - Йўқ, Владимир Ильич, ҳокимият Ельцин деган одамнинг қўлида. Ўша Президент бўлиб сайланди. - А, сайланди? Йў моё… Нега сайланади? Нега большевиклай буйжуазияга йўл беяди? Ё моё! Ленин шундай деб тиззасига шаппатилади. - Жириновский деган депутат, - Худога шукр, одам ёқадиган кремоторийларимиз гувиллаб ишлаб турибди. Мовзолейдан Лениннинг жасадини опчиқиб ёқиш керак, деяпти, - дедим мен. - Ие, шундай дедими? – деди, Ленин ҳайрон бўлиб. - Кечирасиз, Владимир Ильич, бу ерларда нима қилиб юрибсиз? – сўрадим мен. Э, қаямайсизми, ўйтоқ, Майкс билан Енгельснинг гапига кийиб Худо йўқ деб юявейибмиз… - деди Ленин афсус надомат ичра кепкасини мижғилаб. Шу маҳал сочлари орқага таралган, шоп мўйловли, ҳарбий китель, галифе шим кийган бир қўли шол, сувараккўз одам трубкасини сўриб, менга яқин келдида, - Камаржўба, генацвали – деди. - Э, салом, ўртоқ Исталин, - дедим мен уни дарҳол таниб. – Салом, салом – деди у трубкасини шимиб - Қалай, Ўзбекистонга кўчирилган, Қирим татарлари, Украинлар, Чеченлар янги жойларга кўникиб кетишдими? - Э, йўқ, улар ўша пайтлардаёк очликдан кирилиб кетишган ўртоқ Исталин - дея жавоб бердим мен. Сталин трубкасини оғзидан суғурди - А-а-а, миллион-миллион одам-а? Қирилиб кетдими? О, баччаға-а-р! Унинг муйловли оғзи хас хашаклари осилиб турган ковакка ўхшаб қолди, - Урушда ва «Гулаг» архипелагида ундан ҳам кўп одам қирилиб кетган. Сиёсий қатағон қурбонларидан бири - Солженицин деган одамнинг ўлмай омон қолгани учун Нобель мукофотини беришди. Бутхона, синагога, масжидларни бузиб, Раввин мулла, монах, ахраманларни Сибирьга суришганидан, шоир ёзувчиларнинг отиб ташланганидан, наҳотки бехабар бўлсангиз, ўртоқ Исталин? – дедим мен. - Туҳмат! – деди Сталин, – Зиновьевни, Бухаринни, Свердловни, Кировни ва бошқа юқори эшалондаги оппонентларимни бир ёқлик қилганим рост. Лекин қолганларини мен ўлдирмаганман! Қолганлар ўзларини ўзлари сотиб, қаматиб ўлдирган бўлса керак. Кейин, Берия бу ишларни менга тўнкаб қўйган. «Ҳолвани ҳаким, калтакни етим ебди» дегани шу бўлса керакда. - Ҳой, Генацвали, Японларда бир мақол бор. Ўтмиш ўтди. Келажак ноаниқ. Бугунги кун билан яша деган. Яхши гаплардан гаплашайлик. Каналлар қазилиб, сувлар кўпайиб Мирзачўл ҳам пахта етиштирадиган ям-яшил далаларга айлангандир-а? Ҳалиги, бошида бир туки ҳам йўқ, доим ялангбош юрадиган, Фантомасга ўхшаш йигит бор эдию. Ҳаҳ, отинг қурғур джигит. Ҳалиги канал қазадиган. Мен унга эски соатимни совға қилувдим. Йиғилишга кеч қолганида… - Ҳа-а-а. Усмон Юсуповми-и?.. - Ҳа, ҳа, худди ўша. Мен унга, - Сени Москвага олиб келай дейману Москванинг ҳамма жойидан каналлар қазиб ташлайсан дея қўрқаман дегандим. Ўша джигит - Ўртоқ Сталин, Ватанга сифатли ва мўл-кўл тола армуғон этиш учун чўлу биёбонларга ҳам пахта экяпмиз. Агар рухсат этсангиз, кузда ҳосили йиғиштирилган далалар устига килянка ёпиб, пахтани дала парникларида ҳам етиштирсак. Ватанимиз пахта мустақиллигига эришган бўларди - деганди. Унинг орзулари руёбга чиққандир? - Э, қаёқда, ўртоқ Исталин, чўлга сув ҳайдаган дарёлар қақраб, экологик мувозанат издан чиқди. Орол денгизи қуриди. Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳаларини шўр қум босиб бормоқда. Мен айнан шу мавзуда «Пушаймон» номли шеър ёзгандим, ўқиб берайми? Сталин соатига қаради. - Менинг вақтим зиқроқ эди. Ҳа, майли, ўқи. Фақат қисқа қилиб… Қани… Мен шеърни қироат билан ўқий бошладим: Ёшлигимда чўл қувар эдим, Қувар эдим чўлларни ёмон Чўллар мендан қўрқиб қочарди, Кулгим қистар эсласам ҳамон. Қувмай десам уйқу бермасди, Қуварликнинг муқаддас бурчи, Бўронда ҳам қувлайверардим, Кўзда қумнинг калампир-мурчи, Билсам бекор қувган эканман. Дарёларда қуриди сувлар. Қасос дунё экан, бу дунё, Бугун энди, чўл мени қувлар.
Сталин трубкасини тишлаганича вазминлик билан қарсак чалди - Ваҳ, маладес, генацвали! Маладес! Шота Руставелига ўхшаб ёзаркансан. Мен Сталин мақтовларига шубҳа билан қараб - Кўнгил учун қарсак чаляпсизми, ўртоқ Исталин? – дедим. - Нималар деяпсан, бижо, шундай жойда ёлғон гапираманми? Қара, жаҳаннамнинг ёнишини. Э, Худо, ўзинг кечир, осий қулинг Иосиф Жугашвилини! Қанча-қанча бутхоналарни, қўнғироқ хона минораларини қулатдим! О, Господи! Шу пайт маҳкумлар ичидан Усмон Юсупов суғурилиб чиқдида: - Салом, ўртоқ Сталин – чақиртирган экансиз… - дея, қўл қовуштирди. Сталин трубка мундштугини оғзидан суғуриб Усмон Юсуповга бироз қараб турдида: - Аҳмоқ, қаерларда юрибсан, Бухариннинг думи? Халқ душмани! Орол денгизини қуритибсану! Энди нима қиламиз? Пахтани энди энангни анақасига экамизми, огородига? – деди. Усмон Юсуповнинг ранги оҳакдек оқарди. Сўнг, тиз чўкиб - Мени кечиринг, ўртоқ Сталин! Бу ишларда мени айбим йўқ! «Мирзачўлни ўзлаштириш» ўртоқ Лениннинг лойиҳаси билан амалга оширилган. Шу маҳал Ленин югуриб келиб бақира кетди: - Нима? Нима дединг? Мен «Мийзачўл» деган сўзни энди эшитиб туйибман. Лойиҳада «Голодный степь», деб ёзилган. Мать твоё… Коммунистик пайтия шанига доғ тушийдингку яямас! Пайтбилетни столга қўй! Контя! Ёт унсуй! - Йўқ, ҳеч қачон! Партбилетни топширгандан кўра ўлганим яхши! - Усмон Юсупов шундай дея ўрнидан турдида, «интернационал»ни бас овоз билан куйлай бошлади: Қўзғол, эй, лаънатла тамғаланган, қуллар ва очлар дунёси! Эгнига йўл-йўл чопон, оёғига кирза этик кийган ялангбош, чўққисокол Йўлдош ота Охунбобоев ҳам унга жўр бўлди. Кутилмаганда Усмон Юсупов оловли лава оқаётган жаҳаннам сари югириб: - Яшасин халқлар дадаси, ўртоқ Сталин! Сталин учун! – дея олов дарёсига ўзини отди. Унинг ортидан - Бутун Дунё пролетарлари, бирлашингиз! Санъатсиз турмуш ваҳшийликдир! Ўроқ болға, ҳамиша олға! - деганича югуриб бориб Йўлдош Охунбобоев ҳам жаҳаннам оташига ўзини отди. Бу воқеани лоқайдлик билан кузатиб ўтирган Адольф Гитлер хром этигини қўнжисидан лаб гармонини олдида бароқ сочларини манглайига осилтирганича куй чалиб қўшиқ айта бошлади: Феле Конен мих бенеден Велес глюк кан гробер зайн Диезес гробле, диезес шонсте Диезес бесте ланд ист Майн…
Бир маҳал уйғониб кетибман. Қарасам, ним қоронғу субҳи содиқ, ғира-ширада радиодан:
Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёрисиз. Булбул ўлғондек ҳазон фасли гулу гулзорисиз. Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз, Вахки, менман гунгу лол ул сарви гул рухсорисиз. Равза ашжори ўтиндир гуллари жонимға ўт, Мумкин ўлса анда бўлмоқлик даме дилдорисиз. Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл, Вақтингизни хуш тутинг эй, жаъмиким хумморисиз.
деган қўшиқ янграр эди.Ўша мудҳиш туш акс этдирилган юқоридаги ҳажвий ҳикоям адабий жамоатчилик орасида анча шов-шувга сабаб бўлиб қамалиб кетишимга оз қолганди.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 1406 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |