Пайшанба, 09.01.2025, 11:45Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар
12:37

    - 18 -
                                                     ФАОЛИЯТ
 
Кутилмаганда мени вилоят ҳокимлиги қошида очилган “Маънавият ва маърифат” Марказига ишга таклиф қилишди. Янги ишга ўтиш учун хужжат тайёрлаб юриб мактабга келсам,  10-“А” синф  ўқувчилари мени ўраб олишиб нега дарс бермай қўйганимни сўрашди. Мен бошқа ишга ўтаётганлигимни айтдим. Шунда қизлар йиғлаб: - Домла, сизга ўрганиб қолган эканмиз, етимга ўхшаб қолдик - дейишди.
Мен уларни тинчлантириб: - Энди менинг ўрнимга Мамадалиев дарс ўтади. Менга қараганда таржибали, - дедим. Лекин қизлар:  - Йўқ, бизга бошқа ўқитувчи керак эмас, ўзингиз дарс ўтинг - дея йиғлашди. Мен нима дейишни, уларни қандай юпатишни билмас эдим. Охири хайрлашиб жўнадим. Ўқувчиларим мени кўзларида ёш билан кузатиб қолишди. Мен “Маънавият ва Маърифат” Марказида етакчи мутахассис бўлиб ишлай бошладим. Бизнинг ишимиз аҳоли орасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб фуқаролар онгига истиқлол ғояларини сингдириш, жамиятда мустақиллик мафкурасини барпо қилиш эди. Мен вилоят туманларида ўтказилаётган бир неча тадбирларда сўзга чиқиб Ўзбекистон ҳукумати  сиёсатига зид демократик ғояларни  зимдан тарғиб қилаётганимни, халқнинг “кўзини очаётганимни” сезиб қолишгач, менинг ёзган докладларимни цензура назоратига олишди ва мени тадбирларда иштирок этдирмай, иштирок этсам, сўз беришмайдиган бўлишди. Ҳатто Марказ йиғилишларида ҳам гапиргани изн беришмас эди. Бир куни вилоят ҳокимлигида тузилган маҳалла фуқаролари йиғинларининг раислари аттестация ўтказиш комиссияси билан туманларга чиқажагимни ҳабар қилишди. Эртасига эрталаб вилоят ҳокимлигидан ажратилган “Раф”да туманлардан бирига жўнадик. Туман ҳокимлигидаги йиғилишдан сўнг ҳаммамиз ҳар қаёққа тарқадик. Мени ҳам “Газ - 31” маркали машинада бир маҳалла фуқаролари йиғинига олиб кетишди. Бориб йиғин раиси билан суҳбат ўтказдим. Раис ўлгудай лаганбардор экан. Ўзи мендан йигирма ёш катта бўлишига қарамай мени “Холдоржон ака, Холдоржан ака” - дер,  нуқул қўл қовуштириб менга  илтижоли кўз тикиб худди дафн маросимидаги одам каби шикаста овоз билан сўзларди. Менинг элликта саволимга жўяли жавоб беролмагач, мен унга: - Ака, ишлар хуржун-ку? Сиз бу дунёқарашингиз ва чала саводингиз билан бу лавозимда бир минут ҳам ишламаслигингиз керак - дедим. Раис гоҳ қизариб гоҳ оқарар:
- Холдоржон ака, Холдоржон Усмонович камчиликларни тўғрилайман, ўқиб-ўрганиб ҳаракат қиламан. Илтимос, ака, “қониқарли” деб, ёзиб - бериб кетинг, нима хизмат бўлса айтинг... – дер,  кўзлари жовдирарди. Мен бир зум жим турдим-да: - Қани, қишлоқ инфраструктурасини кўздан кечирайлик-чи, – дедим. Раис қўлини кўксига қўйиб: - Хўп бўлади, ака, ҳозир мен машинани тайинлай - дея шошиб ташқарига чиқди. Мен девордаги плакатларни тамоша қилиб турдим. Шу пайт ташқарида раиснинг кимгадир қаттиқ-қаттиқ гапираётганини эшитиб қолдим. Секин дарпардани қайриб ойнадан қарасам, раис ёши етмишлардан ошган, оқ-сариқ юзли, қотма чўзиқ  юз, оппоқ соқолли одамни сўкяпти: - Вей, қанақа тушунмайдиган одамсиз? Вилоятдан комиссия келган, эшитяпсизми? Бу ерда турманг кетинг, боринг жўнанг.
Оқсоқол ҳам қайсароқ экан, ҳеч кетгани унамас: - Нега кетар эканман?! Неча кундан бери келаман. “Эртага, эртага” дейсиз!... Вилоятдан комиссия келган бўлса, демак, оҳим Худога етибди! Мен ўша комиссияга учраб муаммоларимни айтамаан! Мен урушда қон кечиб Дрлингача борганман! Мана, оёғим осколкалардан етмиш ямоқ бўлиб кетган!– дея бақирарди. Чол шундай дея, шимининг пойчасини махсисининг қўнжисидан чиқариб юқори кўтара бошлади.

      Раис бўлса ялинишга тушди: - Хайитвой тоға, илтимос, мени комиссия олдида шарманда қилманг. Худо ҳайрингизни берсин, барака топгур, эртага келинг, муаммоингизни ҳал қилиб бермаган кет. Гарантия бераман. Раиснинг бу гапларидан кейин оқсақол сал ховуридан тушиб, шимининг пойчасини яна махсисининг қўнжига тиқди-да, қаддини ростлаб: - эртагаям алдарсиз? - деди.
- Эй, Хайитвой тоға, қасам ичдим-ку. Агар ишингиз эртага ҳал бўлмаса, бетимга тупуринг. Жон тоға, комиссияни кузатиб олай, – деди. Раис худди колбаса ўғирлаган сохта номозхондай дераза томонга олазарак қараб. Чол “хўп” дея ортига бурилиб кўча томон юрди. Бироздан кейин раис кириб машинани менга мунтазир эканлигини айтаракан, худди меҳмонларни “келинглар,  келинглар,  қани марҳамат” дея кутиб олаётган тўй эгасидай қўл қовуштирди. Мен папкамни олиб шляпамни кийдим-да ташқарига чикдим. Раис югириб бориб машина эшигини очди. Биз машинага ўтириб жўнадик. Шу пайт ёнимда ўтирган раис фокус кўрсатадиган иллюзионист каби ғоят усталик билан кастимимнинг киссасига газетага ўроғлик нарсани солиб кўйди. Мен у нарсани пора эканини сезсам-да: нима бу? - дедим. Раис ҳаяжондан титираётган қўлларини киссамга беозор босганича:
- Арзимас хадя. Она сутидан холол. Жон ака, илтимос шуни олинг.
Мен пора олган ҳокимчаларнинг порахўрлиги болаларига уриб соппа-соғ фарзандларини ногиронлик аравачаларига парчинланганларини, халқ  мулкини туя қилган раҳбарчалар топгани тешиб чиққани ва буюрмаганини яхши билганим учун раисга:
- Йўқотинг бу нарсани! Мени ким деб ўйлаябиз?Нима, мени шантаж қилмочимисиз? -дедим.
    Раис йиғлагудек бўлиб ёлбора бошлади:  - Холдоржон Усмонович, жон ака, унақа деманг. Бу чин кўнгилдан... Агар шуни олмасангиз мени уволимга қоласиз. Шу бугун ўзимни осаман. Тўйларингизда хизмат қилай ака...
 Мен раисга тикилганимча нима қилишни ҳам билмай қолдим. Шу пайт машина ойнасидан халиги оқсоқол кўриниб қолди. Мен шафёрга машинасини тўхтатиш учун бўйруқ бердим. Машина йўл четига чиқиб тўхтади. Мен машинадан тушдим. Раиснинг ранги қути ўчди. Мен оқсоқолга пешвоз чиқиб солом бердим: - Ассалому алайкум, отахон. Соғликлар яхшими?
            - Ва алайкум ассалом - деди оқсоқол. Биз кўришдик. Ҳол-ахвол сўрашдик.
    - Нафақаларни вақтида оляпсизми? Муаммолар йўқми? - дедим мен.
    - Йўқ, муаммолар йўқ, ўғлим. Ҳамма нарса етарлик. Ҳаётимиз паравон. Ишқилиб, ҳукуматгаям, ҳурматлик пиздентимизгаям раҳмат - деди оқсоқол менинг елкам оша раисга хавотирли қараб.
    - Кам бўлманг ота - дедим, мен уни қучоқлаб. Сўнг чўнтагимдаги раис берган “порани” чолга тутказдим.
    - Отахон, бу -  урушларда қон тўкканингиз учун. Қўй ёғи қўй гўшти сотиб олиб кампир билан майишат қилинг, - дедим. Чол бунақа рағбатлантиришни кутмагани учун каловланиб қолди.
    - Э, ана ҳалос, раҳмат-е, комисия болам.
    - Мен чолнинг қулоғига шивирладим: - Ота, менинг исми фамилиямни биласизми?
               Чол: - йўқ, - деди бошини чайқаб.
    Мен яна шивирладим:- мен Муҳаммад Солихман.
    Оқсоқолни оғзи очилиб, кўзлари катталашди ва жилмайди.
    - Мен ким эканман?- оқсоқолга савол бердим яна.
            - Сиз Муҳаммад Солихсиз - деди оқсоқол.

    Мен оқсоқол билан хайрлашиб машинага қайтдим. Биз жўнаб кетдик. Орадан икки ой вақт ўтгач, Андижоннинг деҳкон бозорида қизиқ воқеа юз берди. Мен тўрва кўтариб бозорга кириб кетаётгандим кимдир: - Муҳаммад Солих! Ҳой, Муҳаммад Солих!- дея бақира бошлади. Мен хайрон бўлиб қолдим. Наҳотки  - Норвегияга сургун қилинган партиямиз лидери Андижон бозорида юрган бўлса - деган фикр келди миямга. Сўнг овоз келган ёққа қайрилиб қарадим. Не кўз билан кўрай-ки, бақираётган одам бояги урушда қон чекиб, Дрлингача борган оқсоқол экан. У оломон орасидан, худди сувда сузаётган буйвол каби йўртиб жилмайганича мен тамон келар: - Оббо Муҳаммад Солих-ей, учрашган жойимизни қаранг! Айтгандай, халиги берган пулингизга икки ой кампир билан қўй ёғи - қўй гўштига шўрва қилиб ичиб мазза қилдик. Кампирим бечара сизни роса дуо қилди: - Илоё, ўша Муҳаммад Солих деганининг мартабаси ундан хам юқори бўлсин! - деди, - дея йўл - йўлакай жаврар, у “Муҳаммад Солих” деган сари бозорда тимирскаланиб юрган латта пагон мелисаларнинг қизиқишини ортдирар, мелисалар бир оқсоқолга, бир менга қарар эдилар. Мен бирон кор - ҳол юз бермасин, дея, ўзимни оламон ичига урдим. Хайрон бўлган оқсоқол бўлса: - Ҳой, тўхтанг! Муҳаммад Солих! Ҳов,  Муҳаммад Солих! - деб бақирар эди. Ўша воқеалар эсимга тушса кулгим қистайди , мен Салай Мадаминовни қаерда бўлсам ҳам шу тариқа тарғиб килиб юрардим. Бир куни йўловчи тўла “Раф”да  кетаётиб, очиғдан-очиқ Ўзбекистон ҳукуматининг амалдаги сиёсатини қоралаб, “Эрк “ партиясини мақтарканман: - Муҳаммад Солих Президент бўлиши керак - дедим. Шунда бир аёл қўрққанидан ёқасини ушлаб менга даҳшат ичра тикилган эди ва: - Ё, товба! Ё, товба! Э, шўпир тўхтаб қўйинг - дея машинани тўхтатиб манзилга етмай тушиб қолганди.
Раҳбарлар йиғилган бир ўтиришда эса Салай Мадаминовни “ э, у чиста крыса, музейдан танга ўғирлаган майдакаш. Дўст билан душманни ажрата олмайдиган гўдак феъл кимса, большой мальчикку дейишганда столни устига сакраб чиқиб ёмонлаган одамнинг башарасига тепганман. Муштлашиб даб-дала бўлиб тишларим синиб тишларимга қопланган  метал қопламани ютиб юборганман Ўшанда ким Муҳаммад Солихни ёмон деса - Фалон қиламан! Сўяман! - дея бақирганман. Ундан ҳам қизиқ бир воқеа юз берган.

Бир куни Нусрат Абдусаломов деган шоир Салай Мадаминовни ёмонлай кетди:
- Бир куни – дея гап бошлади у - Устозимиз, ёшлари олтмишдан ошган, кекса ғазалхон шоир Восит Саъдулла билан “Ғафур Ғулом нашриёти” фойесида кофе ичиб турсак Салай Мадаминов ўтиб қолди. У аллақандай папкаларни қўлтиқлаганича зинадан кўтарилар эди. Шунда Восит Саъдулла Салай Мадаминовга тахаллусини айтиб, мурожаат қиларкан: - Муҳаммад Солих – дея, чақирди. Салай Мадаминов тўхтаб хўмайганича Восит акага қаради. Шунда Восит ака салом бериб кўришиш учун қўл чўзди. Лекин Салай Мадаминов кибр билан қилт этмай тураверди. Восит Саъдулла унинг қўлини олиб кўришар экан: - Муҳаммад Солих, кеча сиз хақингизда ёзилган мақолани ўқидим. Жуда зўр ёзилибди – деди. Салай Мадаминов бўлса турқидаги муз чилласини ўзгартирмай таккабурлик билан: - Нима қипти ўқиган бўлсангиз? Ҳали биз хақимизда том-том китоблар ёзилади, серияли фильмлар ишланади -деди-да,  йўлига равона бўлди. Восит ака раҳматлининг дили ранжиди. Хафа бўлди. Салай Мадаминов ўша қилиғи билан катта бир шоирнинг назаридан қолди. Беодоб бола экан. Унинг ёзган шеърлари итнинг кетига. Мен мисол учун ўша Салай Мадаминовни шеърлариниям, ўзиниям икки тийинга олмайман,
 -деди.
Ғазабдан бошимнинг гумбази кўтарила бошлади: - Э, э, сиз Салай Мадаминовни икки тийинга олмас экансиз, мен сизни бир тийинга ҳам олмайман - дедим. Яна жанжал кўтарилди. Бизни шоирлар ажратиб қолишди. Инсофга чақиришди. Орадан анча вақт ўтгач, Эски шаҳарда Нусрат Абдусаломов билан яна учрашиб қолдик. Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, Нусрат Абдусаломов менинг бир шеъримни мақтаб уни ёддан ўқиди.

             Бозорда

Сигиримни сотаётганда,
Кўзларимдан чиқиб кетди ёш.
Муҳтожликка лаънатлар ўқиб,
Мол бозорда эгиб қолдим бош.
Мен - ку битта сигирни сотиб
Мижжам бўлди кўз ёшга тикан.
Ўз халқини сотганларнинг ҳам.
Кўзларидан ёш чиқармикан?

Шеърни ўқиркан, Нусрат ака: - Ука, ўқиб қойил қолдим. Ҳатто ёдлаб олдим
 - деди. Мен қовоғимни ўйиб жиддий ҳолатда: - Нима бўпти ўқисангиз? Ҳали биз хақимизда том-том китоблар ёзилади,  серияли фильмлар ишланади
 - дедим. Бу гаплардан Нусрат ака ханг-у манг бўлиб қолди. Анчадан кейин ўзига келиб:
- Салай Мадаминовга сиғинавериб, ўшанинг ғирт ўзи бўлиб қолибсиз. Э, эс-сиз, эс-сиз одам.
      У шундай дея, менга аянчли нигоҳ билан бироз тикилиб турди-да, шахд билан ўгирилиб тез-тез одимлаганича жўнаб кетди.

             - 19 -
                                 БУЛОКБОШИДА

 
Олий Мажлис депутатлигига сайловлар ўтказилаётган кезлар мен Булоқбоши туман марказида депутатликка номзод Бахром Жалоловнинг сайловчилар билан ўтказган сайлов олди учрашувида иштирок этиш учун юборилдим. Учрашувда икки мухолиф депутат мандат учун қизғин кураш олиб бораркан. Ҳар иккаласи: -  “мен депутат бўлсам фалон қиламан, фистон қиламан” -  дея,  анъанавий ваъдалар беришди. Мен депуталикка номзод - Жалоловга ҳам бир парча қоғоз юбордим. Учрашув жараёнида Жалолов мен ёзган хатимни ўқиб эшиттирди. - Бир ёзувчи дўстимиз депутат бўлсангиз адабиётга ҳам ёрдам берасизми? - деб ёзибди.  - Ҳа, мен депутут бўлсам, албатта, адабиётга ёрдам бераман - деди у...
 Иккинчи номзод аёл киши бўлиб унинг исми фамилиясини эслолмасам-да аёлнинг ишончли вакили -  Қамбариддинов деган одамни кечагидай эслайман. Негаки, бу одамнинг фамилияси раҳбарлар, ҳокимбаччалар учун зилзила, Цунами, Торнадо офатларидай даҳшатли эди. Унинг бирорта колхоз ё муассасага ёки ташкилотга ташрифи қудуми бошлиқларга: - “Чингизхон бостириб келяпти экан”, ёҳуд  - “атом уруши бошланибди”,  - деган ҳабардай машъум эди. Раҳбарча, ҳокимбаччалар уни юмолоқ хат ёзувчи иғвогар, ғаламис деса, халқ уни хақикатчи дер, бу мубоҳасада халқ тарифи хақиқатга яқин эди. Негаки, бу одам умр бўйи ноҳақликка, адолатсизликка қарши муросасиз кураш олиб борди. Оддий халқни хўрланганлар, ҳақоратлангалар ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Булоқбошидаги ҳақиқатчиларнинг “Шонли генералларидан” ҳисобланган бу инсон Булоқбоши туманини Хўжаобод туманидан айриб мустақил қилган машҳур “16лар”нинг бири бўлиб, у асли тақдир тақозоси билан Тошкент вилоятининг қайсидир туманидан келиб, Булоқбошида турғун яшаб қолган дейишади. Бу хақиқатпарвар инсонни йўқ қилиш мақсадида раҳбарча, ҳокимбаччалар кўп “саъй ҳаракат”лар ясаб, фитналар уюштиришди, жонига суюқасд қилишди. Лекин, Оллоҳ сақлаган одамнинг уйига атом бомбасини ташлаб юборишса ҳам ўлмас экан. Ажали етган кимса эса, сесияда сўкиш эшитиб, инсульт ёки инфаркдан қазосига қойил бўлиши, ёхуд чойхонада қарта ўйнаб ўтириб ҳам ўлиб қолавериши мумкин экан. Менинг “16лар” билан яхши муносабатларимнинг тарихий сабаблари йўқ эмас. Эсимда, бир куни ишхонамдаги ишчи телефонимга биров қўнғироқ қилди.
    - Алло, ассалому алайкум. Бизга Холдор Вулқон деган шоир керак эди. Булоқбошидан қўнғироқ қилияпмиз, - деди халиги кимса.
    - Ҳа, менман, тинчликми?, - дедим, мен хайрон бўлиб. Телефондаги сҳхбатдошим севиниб кетди.
    - Э, яхши юрибсизми шоир? Оила аъзолар омонми?  Шоир, мен - Ашурали Киличевман, гап шундаки, яқинда китоб магазинидан сизнинг “Туманли далалар қўшиғи”  номли китобингизни олувдик, ўқиб шеърларингизнинг мухлисларига айландик. Ўзбекистонда халқ дардини , Ватан қайғусини куйлагучи, цензура қолибларига сиғмайдиган шундай шоирлар ҳам бор экан, деб хурсанд бўлиб юрибмиз, - деди, Ашурали Қиличев.
    - Ҳа, раҳмат, бизнинг арзимас ижодимизга берган самимий баҳоингиз учун раҳмат,
- дедим, мен мақтовдан ёғдай эриб.
Ашурали Қиличев яна гапида давом этди.
    - Шоир, биз Булоқбоши туманидаги адабиёт ихлосмадлари билан сизнинг ижодий учрашувингизни ўтказмоқчимиз. Шунга вақтингиз борми?
    Мен бу гаплардан хайрон бўлиб қолдим. Ахир, ўзингиз ўйланг. Доимо адабиёт майдонларидан истеъдодсиз, ювиндихўр, сохта ижодкорлар, кулранг адабиёт намоёндалари тамонидан турткиланиб, четлатилиб, “неформат” ёрлиғи билан шеърларига таъқиқ тамғаси урулган, радио теливиденияларда, жойларда уюштириладиган мушоираларга ўгай бир шоир билан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Андижон вилояти бўлими рухсатисиз учрашув ўтказмоқчи бўлишса! Бироз сукунатдан кейин мен:
- Ашурали ака, таклиф учун раҳмат. Лекин, мен билан учрашув ўтказилса, сизларга гап тегиб қолмасмикин?, - дедим.
- Э, йўқ, - деди қатъий Ашурали ака. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Сиз бизга маълум бир кунни айтинг, ўзимиз машина юборамиз. Машинада яна ишхонангизга элтиб кўямиз. Ўртага яна сукунат чўкди. Ашурали ака жавоб кутар эди. Ниҳоят, мен борадиган кунни айтдим. Қиличев раҳмат айтиб хайрлашаркан трубкани қўйди.

    Белгиланган кун келди. Мени машинада Булоқбошига олиб кетишди. Мен билан Адҳам Шер деган шоир дўстим ҳам бирга кетди. Агар ароқ-пароқ ичиладиган бўлса, мен учун ҳам сен ичасан, - деб, мен унга маъсулиятли вазифани юклаб, йўл-йўлакай келишиб олдим. Биз манзилга етиб машинадан тушганимизда тумонат одам коридори аро фотоаппаратлар шиқиллаб атлас кўйлак кийган қизлар нон туз билан пешвоз чиқишди.     Бирдан карнай-сурнай янграб ноғоралар зириллай бошлади. Адҳам иккимиз таомилга кўра нондан бир бўлак тузга текизар эканмиз тотинган бўлдик. Бу маҳал иккита видеокамера суратга олар, одамлар иккимизга гулдасталар тутқазишар, қучоқларимиз гулларга тўлиб кетганидан йўлни кўролмай қолган эдик. Умр бўйи бир боғ тикан ҳам совға қилинмаган шоирлар учун бу жуда катта ҳурмат-эҳтиром эди. Бизни шундай иззат-ҳурмат ила залга олиб киришди. Зал тўла одам бўлиб, ўриндиқ етишмаганидан баъзилар дераза рахларида ўтиришарди. Залдагилар тик қарсак чалишар, гўё коммунистик партия съездига Брежнев кириб келгандай. Ниҳоят, адабий учрашув бошланди. Менинг шеърларимдан тузилган адабий композициялар, қўшиқлар янгради.  Савол-жавоблар бошланди. Шунда оёқларига этик, эгнига унча янги бўлмаган, лекин тоза кастим-шим, бошига дўппи кийган, ўрта бўйли, елкалари кенг, ўртача семизликдаги шоп мўйловли одам сўз сўради. Унга сўз берилгач, у ўзини таништира бошлади. (Исми ҳозир эсимда йўқ).
     - Мен, - дея, гап бошлади у, - тоғларда қўй боқаман, чўпонман. Ўзим чўпон бўлсам-да, адабиётни, айниқса, шеъриятни яхши кўраман. Ҳурматли шоир, сизнинг келишингиз хақидаги ҳабарни эшитиб, тоғдаги қўйларни ўғлимга топширдаим-да, шу ёққа келавердим. Мен шеърларингизнинг ашаддий мухлисиман. Мана, тоғ-у тошларда, сизнинг мана бу китбчангизни қайта-қайта ўқиб юраман. Чўпон шундай деб, этигининг қўнжидан менинг “Туманли далалар қўшиғи” номли пиёз пўсти китобимни олди. Китоб жонивор варақланавериб увадаси чиқиб кетибди. Узилиб тушмаслиги учун чўпон китоб муқовасини қора ип билан тикиб олибди. Шундан кейин чўпон менинг шеърларимдан ёд ўқиди. Кейин менга ўгирилиб: - Холдор Вулқон,  билингки, ҳатто, олис тоғ этакларида, тоғу тошлар ортида ҳам сизнинг мухлисларингиз бор - дея сўзларини тугатди. Қарсаклар чалинди. Мен чўпонга миннатдорчилик билдирдим. Ўша самимий учрашув менга қанот бағишлаган эди. Янада кучлироқ, мукаммалроқ шеърлар ёзиш масъулиятини юклаган эди. Ўша пайтлар Андижон адабий жамоатчилигида катта-катта довруғли, донғил шоирлар туриб, мени танлаган Булоқбошилик шеърият мухлисларидан тоабад розиман. Баъзан Ашурали Қиличевни, Топилжон Жалоловни, Келсинбой акани, шоир Офаринни, Эргаш акани, Абдуқаҳҳор акани, Қайтмас ака Қамбариддиновдарни чуқур ҳурмат-эҳтиром ва миннатдорчилик билан эслайман. Қалбим, руҳим ўша яхши инсонларга талпинади. Уларни соғинаман. Айниқса, Келсинбой акани эсласам кулгим қистайди. Оғирлиги юз килодан ҳам ортиқ, қориндор, семиз, қийиқ кўз бу кимса ўзининг қизиқчилиги билан ҳар қандай муз юрак одамнинг ҳам қалбини забт этади. Келсинбой аканинг касби тиш духтирлик. У мижозларини кулдириб туриб сездирмай оғриқ тишини суғириб олади. Мана унинг қизиқчилигига яққол бир мисол.
     Бир куни унинг кабинетига бир озғин, юпун кийинган, шиша қулига ўхшаш одам кириб келди-да, кўришиб, ҳол-ахвол сўрашгач: - Келсинбой, сизга алоҳида гап бор эди. Укам, ташқарига чиқиб турса бўладими? – деди менга ишора қилиб.
  – Бу шоир ўзимнинг укам. Ундан яширадиган сирим йўқ. Тиш масаласида бўлса, гапираверинг. Мен тиш духтирларининг бутуниттифоқ мусобақасида ғолиб бўлиб, “олтин омбир” мукофотини қўлга киритганман. Эҳ-ҳе! Мен суғурган тишларни тўпласа, тоғ бўлар эди. Ўзиям тишларни худди мих суғиргандай суғирар эдимда. Қизиқишда соғ тишларни ҳам суғириб юбораверардим. Ох-вох, дод-вой, йиғи-сиғи, чинқириқлар менга мусиқадай эшитилади. Шанба-якшанба кунлари “қўл чиқиб” кетмасин учун омбир билан уйдаги тахта, ёғочларга қоқилган михларни суғириб тажриба  ва малакамни ошираман. Мен ҳатто тушларимда ҳам тиш суғираман. Милки ёш бола милкидай тозаланган мижозларга консерва банкаларининг туникасидан тиш қўйиб қўяман. Юқори жағдаги тунука тишлар остки қаторга тўғри келмаганидан баъзи мижозлар оғзи ёпилмай қолган ҳоллар ҳам бўлган. Шунақа қилиб бир литр ярим литр ароққа пул ишлаб оламан. Чунки, ароқ менинг жони дилим. Яхши улфат бўлса бир пақир ароқ ичсам ҳам маст бўлмайман. Ичораман, ичораман, без конца, қоринни кўряпсиз. Бир уй, бир дахлиз, олди айвон. Ишга уйдан машруткада қатнар эдим. Яқиндан бери шўпирлар машинасига чиқармай қўйишди. Бир “Раф”га чиқиб ўтирувдим  оғирлигимдан ўриндиғи синиб қолди. Бир гал “Дамас” машинасига қисилиб қолиб уч соат деганда зўрға чиқаришди. Йўловчилар ишдан кеч қолиб шўпир планини бажаролмай қолди. Зарарини тўланг - дейди. - Ҳа, ўтишиб кетармиз, ука, ажабмас тиш-пишинг оғриб қолса - дедим. Шу-шу шўпирлар мени кўрса тўхташ ўрнига тезликни оширишиб ўтиб кетишади. Мана энди анчадан бери ишга пиёда қатнаяпман. Бир ҳисобда яхши бўлар экан. Йўл қуюн ҳар юз метрда биттадан улфат. Улар билан юз грамм, икки юз грамм ичиб уйга етгунча тап-тайёр бўламан. Хотин олиб қўйган бир товоқ палов ё нон қовурмани иккита нон билан тушириб икки-уч чойнак чойни ичиб телевизор тугаб экран вишиллаб қолгунча тамоша қилиб кейин ухлайман. Эрталаб сахар ўнларда апил-тапил кийиниб чала-пуча нонушта қилиб пиёда ишга келаман. Так что...     Қани самолётга чиқинг-чи бўлмаса. Қайси тиш безовта қиляпти? Шиша қули қизиқ гап эшитса Ленинградда ишланган янги калишнинг ичидай қип-қизил милкларини кўрсатиб ҳавони тўхтовсиз ичига тортганича узоқ кулар экан. Унинг кулишини кўриб менинг нафасим  қайтиб кетди. Кулаётган пайтида Келсинбой ака шиша қулининг қозиқдай ўсиб кетган тишларини разведка қилиб бўлди. Ниҳоят шиша  ғариби жиддийлашиб қўйнидан қоғозга ўроғлик бир нарсани оларкан: - Олмос олиб келдим, сотиб оласизми? - деди Келсинбой акага. Сўнг менга хавотирли қараб қўйди. Оқ халат, оқ қалпоқ кийган Келсинбой ака қўлида омбир ушлаганича қотиб қолди. Ҳаяжондан менинг томоғим қуриб кетди. - Йўғ-ей, - деди Келсинбой ака бир оздан кейин ўзига келиб.
   Шиша қули қоғоз ўрамини очиб деди: - Мана, кўмирнинг ичидан топдим. Ялтирашини қаранг. Неча карат келади? Келсинбой ака оқ қалпоғини бошидан олиб курсига ўтириб қолди. - Эй, ака, бу олмос эмас. Оддий тоғ жинси - деди у.
  - Йўқ, бу олмос. Қирраларини қаранг. Ойнага чизиб кўрингда, ойнани кесади - деди шиша ғариби.
  - Ака, мен қўполман. Ойнага чизсам ойна синиб қўлим деразадан ташқарига чиқиб кетади - деди Келсинбой ака. Сўнг қўшимча қилди:- Анави болғачада уриб кўрингчи? Шиша қули болғача билан келтирган олмосини урган эди, у майдаланиб уқаланиб кетди. Ялтироқлик хусусиятини йўқотди. Шиша қулининг хафсали пир бўлди шекилли, келтирган “олмос”ини қайта қоғозга ўраб ташқарига чиқиб кетди.

Давоми бор
Категория: Қиссалар | Просмотров: 1399 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz