Жума, 24.01.2025, 10:02Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар
12:35


                                                                  - 20 –
                                          ДЎРМОНДАГИ  ХАЙКИРИК

      Мен сиёсий ҳаётда ҳам адабиётда ҳам ҳақиқат тополмай ҳар икки жабҳада адолатсизлик, ноҳақлик билан иш олиб борувчи қаллоб маҳаллийчи, қитмир, хасадгўй  гуруҳбозларни ёмон кўрардим. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Андижон вилояти бўлимига котиб қилиб қўйилган кимсанинг кабинетига кириб: - Бу қанақаси? Менинг иккита шеърий тўпламим Республиканинг нуфузли нашриётларида чоп этилган бўлса, туркум шеърларим суратим билан “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” ва бошқа газета журналларда эълон қилиниб, адабий жамоатчилик томонидан тан олинган бўлсам-у ўн йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига аъзо бўлмасам . Нега чўзяпсизлар? Менинг бошқа шоир-ёзувчилардан қаерим кам ? Ахир аъзолик учун “дело” тайёрлаб топширганимга ўн йилдан ошди-ку - дея ҳар гал мурожаат қилганимда котиб: - Ука, сиз уюшмага аъзо бўлмасангиз ҳам аъзо бўлган шоир-ёзувчилардан юқори турасиз - деб, қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдиришдан нарига ўтмас эди.
    1999 йил август ойида Тошкентга бориб Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига кирдим-да, раис ўринбосари раҳматли Йўлдош Сулаймонга учрадим ва юқоридаги саволни бердим. У ҳам айнан ўша котиб каби жавоб берди. Менинг ғазабим қўзиди.
 - Эй, қачонгача алдайсизлар? Уялмайсизларми? Давай, менинг  хужжатларимни қайтариб беринглар. Мен бундай ёлғончи, ўз ёзувчи-шоирининг қадрига етмайдиган жамиятда яшамайман. Чет элга кетаман - дедим. Бу гаплардан Йўлдош Сулаймоннинг қути ўчиб:
- Эй, Холдарали, ука ундай деманг. Бу фикрингиздан қайтинг. Худо хоҳласа шу бу йил сизнинг номзодингизни кенгашга қўяман - деди. Мен ўз сўзимда туриб олдим:
- Эй, йўқ керак эмас. Қани менинг  хужжатларим? Қайтариб беринг- дедим. Тортишиш бефойда эканини англаган қария: - Хужжатгоҳдан сўранг бўлмаса, – дея, менга бир қорачадан келган Гулжамол исмли қизни рўпара қилди. Мен у қиз билан хужжатгаоҳга кириб ҳамма “дело”ларни бирма-бир қараб чиқдим. Менинг“Дело”м йўқ эди. Фиғоним фалакка ўрлагудек бўлиб турсам, халитдан буён бир нарсаларни ёзиб ўтирган дарвешсифат кимса: (шоир бўлса керак) - ука, анави деворга тескари тираб қўйилган жавоннинг ичини бир қараб кўрингларчи
- деди. Мен жавонни ўнглаб эшигини очдим. Очсам менинг “делом” бир ўзи ўша жавон ичида ётган экан. Бадтар “томим” кўтарилди. “Дело”ни олиб ғазаб билан чиқиб кетаётсам, Йўлдош Сулаймон йўлимдан чиқиб “дело”нинг бир томонидан маҳкам ушлаб олди-да, ялина бошлади: - Жон ука, отангиз тенги одамман, хўп денг. “Дело”ни қолдиринг. Шу йилги кенгашга номзодингизни қўяман. Сўз бераман. Эшитяпсизми? - дер эди у ҳаяжондан титраб - қақшаб. Отам тенги одамнинг бу ялиниб ёлворишлари ғазабимни юмшатди. Мен “дело”ни қолдирдим. Лекин барибир оқсоқолнинг гапига ишонмадим. Андижонга қайтдим. Иш билан бўлиб “дело” ҳам эсимдан чиқди. Август ойи охирларида  иш билан Тошкентга келдим-у тасодифан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси томонига йўлим тушди. Мен Уюшмага кирмадим. “Монетный двор”га етганимда бир маҳал кимдир мени чақира бошлади. Қайрилиб қарасам, Худо раҳмат қилгур Йўлдош Сулаймон холлослаб югирганича мен томон келяпти. У кўришар-кўришмас биқир-биқир қайнаб гапира кетди: - Эй, ука, қаёқларда юрибсиз? Андижонга қўнғироқ қилиб Камчивекдан сўрасам, сизнинг уй адресингизни билмайман - деди. Истатиб топтиролмадим. Ҳайрият Тошкентда экансиз. - Ҳа, тинчликми? Нега мени излаяпсилар? - дедим, хайрон бўлиб.
 – Э ука, эртага кенгаш йиғилиши. Сизнинг номзодингизни кенгашга қўйганман. Эрталаб соат 10 да шу ерда бўлинг. Мен раҳмат айтарканман, эртасига албатта келишимни таъкидладим. Эртасига соат 10 ларда Уюшмага борсам, ҳақиқатдан ҳам зал тўла ёзувчи-шоирлар ўтиришарди. Кенгаш йиғилиши бошланиб йиғилишда Абдулла Орипов нутқ сўзлади. Йўлдош Сулаймон менинг номзодимни таклиф қилиб ёзувчи-шоирларнинг овоз беришларини сўради. Ёзувчи-шоирлар менинг уюшма аъзолигига лойиқ эканимни тасдиқлаб бир овоздан таклифни маъқулладилар. Шундай қилиб, мен ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзосига айландим. Гувоҳномамни топширишар экан, энди ёзувчилар боғида дам олишга, ижод қилишга ҳақли эканимни айтишди. Мен Дўрмондаги Ёзувчилар боғига бориб жойлашдим-да, хордиқ чиқара бошладим. Мен яшайдиган корпус ортида бассейн бўлиб, бассейннинг бир томонида Абдулла Ориповнинг, нарига томонида Эркин Воҳидовнинг дачалари жойлашганди. Ўртаси узумзор билан қопланган, руҳий касалликлар бўлими каби осойишта, жим-жит бу боғнинг йўлаклари четида кета-кетгунча дов-дарахтларга кўмилган дачалар. У ерларда “катта” ёзувчилар яшаб “эжод” қилишади. Қачон биз шунақа дачаларда ижод қиларканмиз, - дея ўйлаб кетаман. Бир оқшом кечки овқатдан кейин сайр қилиб юрсам, Саид Аҳмадни учратиб қолдим. У кулранг узун сочларини манглайига осилтириб йўл-йўл пижама кийганича Наманганлик Тохир Қаҳҳор деган шоир билан ўтирган экан. Улар билан кўришиб ўриндиққа ўтирдим. Саид Аҳмаднинг қўлида хасаси ҳам бор. Бир маҳал:
 - Елкамни қашиб қўй - деди Саид Аҳмад Тохир  Қаххорга. Шоир унинг елкасини қаший бошлади: - Вой-ей, қўлларинг бирам ёқимли, оҳ, оҳ, оҳ - дея шайтонлик қилди Саид Аҳмад. Кейин шоирга раҳмат айтиб хассасини мақтай кетди:
- Қара, шу хассани Америкадан олиб келдим. “Келинлар қўзғолони” премьерасига  Шермат Қўрбошининг ўғли ҳам келди. Яхши бола экан. Анча суҳбатлашдик. Кетишда уйдан етти юз доллар пул олволувдим. Бир цент ҳам сарф қилмабман... Саид Аҳмад шу тариқа анчагача мақтаниб ўтирди. Латифалар айтиб бизни кулдирди. Ўша кечаси мен ярим тунгача ухламай чирилдоқлар чириллашини тинглаб ўтирдим ва “Садоқатли чирилдоқ” шеримни ёздим.

         Садоқатли чирилдоқ

Оқшом дала ҳовли, ўйга чўмасан,
Хонанг деразасин боғларга очиб.
Мен-чи, киприк қоқмай туравераман,
Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.
Эсингдами сени фироқ ўтида,
Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб
Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга,
Қайтатдан тирилиб чирилдоқ бўлиб.
Ҳовлингда бунча кўп бўлмаса гуллар.
Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
Севгилим шу гуллар очилиб ётган,
Ҳовлингда чириллаб юрсам майлими?

    Шеърни ёзиб бўлиб яна зулматли ёз кечасига қулоқ тутаман. Боққа кираверишда жойланган дачадан Саид Ахмаднинг акса ураётгани эшитилди. У узоқ акса уриб чучкирди. - Қария тушмагур мохоркадан бурнаки қилияптими? - деган, фикр келди миямга. Ва ўзимга ўзим илжайиб қўйдим. Бир-икки кун ўтгач, Эркин Вохидов ўзига берилган юксак унвонни нишонлаш учун ўтириш қилармиш, деган гапни эшитдим. Авваллари мухолифат тамонда юрган Эркин Вохидовнинг бугун унвонлар олиб, ҳукуматнинг ноғорасига ўйнаётгани тўғриси, ғашимни келтирди. Эрталаб нонуштадан сўнг далани кесиб ўтиб қозоқлар яшайдиган қишлоқдан иккита ароқ сотиб олиб келдим. Тушдан кейин ўша ароқлардан бирини майдалаб ичиб ўтирдим. Кечки пайт бироз ичилган иккинчи ароқни олиб пастга тушдим. Кайфим зўр, қўйнимда чўлоқ ароқ. Қарасам чиқаверишдаги ўриндиқда бир шоир ўтирган экан, унинг ёнига бориб:
 - Яшасин Муҳаммад Солих! - дедим. У важоҳатимни кўриб қўрқиб кетди.  - Яшасин Муҳаммад Солих деяпман!- дедим мен яна. - Ҳа, яшасин, яшасин- деди халиги шоир ортига сурилиб. Мен зиёфат бўлаётган Эркин Воҳидовнинг дачаси тамон бордим. Ҳамма казо-казолар шу ерда экан. Мени ичкарига таклиф қилишди. Мен ичкарига киришни негадир хоҳламадим.  - Менга Саид Аҳмадни чақириб беринглар, мен у билан ичмоқчиман, - дедим қўйнимдаги ароқни чиқариб. Саид Аҳмад мени тинчлантириш учун: - Ҳой, шоир, етарлисини ичибсан. У ароқни беркитиб қўй. Эртага ичамиз! – деди  даврада ўтирган жойидан.
- Шунақами? - дедим мен гапим ўлдирилганидан жаҳлим чиқиб. Сўнг ароқни қопқоғини очиб шишани кўтарганимча бўғзидан ича бошладим. Хой - хойлаб инсофга чақиришларига ҳам қулоқ солмадим. Ароқни бир кўтаришда ичиб қоқланган шишани ерга ташлаб юбордим. Шиша тош майдончага тушиб чил-чил синди. Мен Эркин Воҳидов дачасини тарк этиб бассейн томон кетдим. Сўнг ечиндимда, плавкачан бўлиб ўзимни сувга отдим. У ёқдан бу ёққа суздим, шўнғидим. Анчадан кейин қирғоққа чиқиб ховузнинг мармар лабида Буддадай чордона қуриб ўтирдим. Эркин Воҳидов дачасидан хамон чини идишларга урилган вилка-қошиқлар чиқир-чиқири, ғовур-ғувир суҳбатлар, шодон кулгилар, мастона қийқириқлар эшитилиб турарди. Шу пайт шайтон васваса қилиб не учундир бор кучим билан хайқиргим келди ва шундай қилдим.
 - Яшасин “Эрк” демократик партиясининг раиси, донишманд, файласуф шоир Муҳамад Соли-и-и-их! – дея  бор овозим билан  уч марта бақирдим. Овозим худди қафасни тарк этган бургут каби қанот ёзиб жим-жит боғ узра зулматлар қарига учди. Бир маҳал Эркин Воҳидов зиёфатидаги ғовур-ғувир ҳам, вилка-қошиқларнинг чақир-чуқури ҳам тинди. Ёзувчилар боғи қабристондай жим-жит бўлиб қолди. Мен муз устида ётиб зериккан тюлен каби бир ағдарилиб яна ховузга шўнғидим. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай бассейнда сузавердим. Орадан қанча вақт ўтди билмайман. Бир маҳал қаёқдандир машиналар етиб келиб фаралари билан бассейнни ёритиб юборишди. Машиналардан  тезкор гуруҳ тушиб ховузни қуршаб олишди. Уларнинг ичидан бир офицер менинг ховуздан чиқишимни буюрди. Мен чиқдим.  – Кийининг - дейишди. Кийиндим. Шунда улар сочларим хўл, артилмаган холатимда хибсга олишиб машинага ўтказишдида, мени қаёққадир олиб кетишди. Машина ойналари қорайтирилгани, бунинг устига қоронғи тун бўлганлиги учун ташқарига қараб йўналишни аниқлаш мумкин эмас эди. Ёнимда икки офицер, ортда  соқчилар гапирмай жим боришар, бу эса вазиятни янада сирлилаштирарди. Охири: - Мени қаёққа олиб кетаяпсизлар? Отганими? - дедим. Шунда офицерлардан бири тилга кириб: - Бизда сўроқсиз, судсиз одам отилмайди - деб қўйди. Мен яна давом этдим: - Сизлар отаверасизлар. Қодирийни, Элбекни, Ботуни, Фитратни, Чўлпонни отган одамларга Вулқонни отиш нима бўпти. Офицер қайтиб гапирмади. Мен ҳам гапирмадим. Биз узоқ йўл юрдик. Ниҳоят, манзилга етдик шекилли, машина тўхтаб пастга тушдик. Мени хибсга олган мелиса ходимлари доира ясаб туриб қолишди. Уларнинг каттаси рацияда ким биландир гаплашди. Биз аллақандай иморат қаршисида туриб қолдик. Шу маҳал мелисаларнинг каттаси менга: - Шоир ака, бизга ҳам шеърлардан ўқиб беринг. Мелисалар хақида ёзилганидан бордир - деди. Мен ўйланиб қолдим. Ўйланиб-ўйланиб охири: - Мелисалар хақида шеър ёзмаган эканман. Лекин бир шеър бор шуни сизларга ўқиб бераман - дедим.
  - Ҳа, ҳа, қани - дейишди мелислар қизиқишиб. Мен шеърни ўқий бошладим:

Оллоҳ дилингда бўлса ҳамхона яхшимасми.
Хақ йўлида қамалсанг зиндона яхшимасми.
Масжидда ахли жохил машғули ғийбат ўлса,
Ул жойи хонақодан майхона яхшимасми.
Бошингга тушса кулфат асқотмаса қариндош
Ундай ҳеш ақрабодан бегона яхшимасми.
Иблисга дўсти содиқ ёлғончи олимингдан,
Хилватда Хақни севган девона яхшимасми.
Хақ нуридан юзингни зулмат томон ўгирдинг,
Сендан қаноти куйган парвона яхшимасми.
Вулқон сотилмаган деб, бежиз отилмаган деб,
Йиғлаб кўмишса тунда пинҳона яхшимасми.

    Мелиса болалар шеъримни мақтаб туришганди, бирдан уларнинг катталарининг ҳам катталари келиб қолди. Шунда кимдир: - Смирно! - дея бақирар экан, ҳаммалари таёқдай қотиб қолишди. Барваста юмолоқ бош, кўзлари катта-катта, юзлари фариштасиз бу бошлиқнинг пагонидаги юлдузлар унинг подполковник эканини кўрсатиб турарди. У менга итқараш қилганича ёнимиздан ўтиб соқчилари билан бинога кириб кетди. Анчадан кейин буйруқ бўлди шекилли, мени қалин темир эшикли камерага қамаб қўйишди. Камерада менга ўхшаш хибсга олинганлар бўлиб улар гаплашиб қарта ўйнаб ўтиришар, камера тамаки, тер хидидан сасиб-бижғиб кетган, нафас олиш қийин эди. Мен ҳеч ким билан саломлашмай тўғри бориб рандаланмаган тахталардан ясалган топчангга чўзилдим. Чунки чарчаган эдим. Менинг бу сурбетларча ҳатти-ҳаракатимдан гоҳ ғаши келиб гоҳ ҳайратланган камерадошлар менга қараб-қараб қўйишар, қарта ўйнашда давом этишарди. Мен ухламоқчи бўлиб кўзларимни юмдим. Лекин, маҳбуслар ғовур-ғувири ухлагани қўймади. Шунда мен бошимни хиёл кўтариб: - Эй, замолчите вы ноконец или нет?! Спать не даёте - дедим. Камерадошлар бир зум жимиб қолишди. Мен ўрнимда ётган куйим давом этдим: - Или кто нибудь из вас пусть колотит в дверь. Когда менты придут мы  свернём их  шеи. Потом возмём пушки в трофеи и уходим прочь, куда глаза глядят.
    Бу гапларимдан маҳбуслар бир-бирларига қараганларича   бир  зум  қотиб қолишди. Анчадан кейин улардан бири менга ўгрилиб:
 - Ни -и-ффега-а себе-е! Терминатор нашёлся. Мужики, Вы не замечаете? Без светлого фонарика (кўзимнинг остидаги холимга ишора қилиб) он  точь в точь похож на Терминатора. Эй знаешь, ли ты, сколько их тут этих  киборгов?! - деди.
- Ну и что? - дедим мен уни бадтар хайратлантириб. Шу гапимдан кейин улар мени ё томи кетиб қолган руҳий бемор  ё моняк, каллакесар деб ўйлашди шекилли кимдир:
 - Ну ладно спи, Терминатор, спи- деб қўяркан, ғовур-ғувур босилиб улар пастроқ овозда суҳбатлаша бошладилар. Шундан кейин ухлаб қолибман. Эрталаб мени олиб чиқиб кетишди. Темир эшикли хоналарнинг бирига олиб киришди. Қарасам хона тўрида кечаги подполковник ўтирибди. У мени сўроқ қила бошлади.
 - Сиз аввало манга Чўлпонни ким еганини эйтинг - деди у. Мен ўйланиб қолдим.
 - Ҳа-а, кечаги гапларимни офицер оққизмай -томизмай бошлиғига етказибдида - деган ўй келди ҳаёлимга. Мен индамай тургандим подполквоник яна давом этди: - Ҳар хил шиорларни эйтиб қичқирибсиз? Ким у Муҳаммад Солихингиз?
 - А, энди, мастликда...билмай - дедим мен каловланиб. Подполковникнинг бадтар жаҳли чиқди: - Нима? Мастликда билмай? Ҳов, сиз мани ким деб ўйловоссиз-а? Нима ман сизга ёш боламанми?! Хўп мастликда билмай қичқирган бўлсангиз, нага энди айнан - Яшасин Муҳаммад Солиҳ - деб қичқирасиз? Нага допустим...Яшасин Абдулла Орипов ёки яшасин Эркин Воҳидов, ёки яшасин Пўлат Мўмин - деб, бақирмадингиз? Сиз нага чўпчак эйтвоссиз манга! Билмай қилган бўлсангиз, нага бошийзи бетонга уриб дабдала қилмадингиз-а? Я-а-а, бу ишлани бор-ку, сиз умышленный, то есть, онгли равишда қилгансиз. Ёзинг “обяснительный”ни. Тўғрисини ёзинг.
     Мен худди ўз хохши билан ишдан кетмокчи бўлган,“Ишқдаги ишқ” фильмининг бош қаҳрамони Евгений Ефремович Новоселцев каби тушунтириш хатини ёзиб топширган эдим. Подполковник тилхатни ўқиб чиқиб инкор маъносида бош чайқар экан: - Нотўғри, бошқатдан ёзинг - деди. Мен тушунтириш хатини яна кайтадан ёза бошладим. Шу маҳал подполковник:- Манга каранг, бошлиғингиз анув Абдулла Ориповми? - деди. Мен “ҳа” дегандай бош ликиллатдим. Подполковник давом этаркан: - Ўша телефон қилди бизага. Товоқсойга чиқариб, қамоқда чиритворинглар - деди дея менда юз берадиган ўзгариш реакцияни кутди. Шу гапдан билдимки, ҳукуматнинг эркатой шоирига айланган Абдулла Ориповни милиция ходимлари ҳам ёмон кўрар экан. Лекин, мен подполковникни гапларига ишонмадим. Чунки, устозимиз, буюк ўзбек шоири Абдулла Орипов ҳеч қачон бундай тубанликка бормайди, сотмайди, дея ўйладим, кейинчалик қувғинда юрган кезларимда ҳам Қашқадарёлик қочқин Тўлқин Қораев: - Абдулла Орипов сотқин, мен у билан битта вилоятда туғилганимдан ор қиламан, номус қиламан, - деганда, мен шоирни ҳимоя қилиб: -Абдулла Орипов тўғрисида бундай бемаъни гапларни гапирманг.  Абдулла Ориповнинг ўзбек адабиётига қўшган хиссалари улкан, - деган эдим.     “Озодлик” деган радиодан бир ёш йигит чиқиб, мен кутубхонамдаги Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовларнинг китобларини битта қўймай ёқиб юбордим. Улар сотқин - деганда ҳам у кимсадан қаттиқ хафа бўлганман. Халқи, Ватани учун бирон жўяли иш қилмаган, битта шеър тугул ўз таржимаи ҳолини ҳам 30-40 та хато билан ёзувчи кимсалар халқимиз ардоқлаган, адабиёт олдида катта хизматлар кўрсатган адиблар тўғрисида ҳукм чиқарса, уларнинг номларини таҳқирласа!  “Ўтлаб” кетиб қолдим, узр. Яна хибсхонага қайтамиз. Терговчи подполковник  менга қайта-қайта тушунтириш хати ёздиравериб қонимни ичди гўё. Мен у пайтлар қамоқдан чиқаман деб сира ўйламагандим. Аксинча, Президент Қароргоҳининг шундай ёнида содир қилган “Жиноят”им учун мени ё отишса керак, ё осишса керак дея тахмин қилар эдим. Лекин Оллоҳ сақласа осон экан. Гарчанд тушунтириш хатимда бировни сотмаган ҳамда кечирим сўраб, Президентга ялинмаган бўлсам-да,  мен озодликка чиқдим. Менинг озод бўлишимда (аниқ фактлар бўлмасада), эшитишимча бир гуруҳ шоир-ёзувчилар ва адабиётшунос олимлар ҳукуматга: - Қўйинглар энди, шу тентак шоир жувонмарг бўлиб кетмасин - дея мурожаат қилган эмишлар. Айтишларича улар Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Тохир Малик, Озод Шарафуддинов ва бошқалар экан. Раҳмат уларга.
    Дўрмон воқеасидан кейин, табиийки, ишдан “Ранда” бўлдим ва ўзига бир нечта рассомларни бириктирган ремонт монтаж, реклама-безак ишлари билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш фирмам турли важх-корсонлар билан ёпиб юборилди. Мени ҳеч қайси ташкилот ишга олмай қўйди. Хатто, мактаблар ҳам.  Фирма ҳисоб рақамидаги пуллар мусодара қилингач, кафангадо бўлдим. Кунда-кун ора бизнинг уйда ароқ-коньяк ичиб қази-қарта егувчи   “Холдор Вулқон учун керак бўлса, ҳеч иккиланмай шартта ўзимни  сўйиб ташлайман”  деган улфатларим, дўстларим мендан юз ўгириб остонамга йўламай қўйишди. Таниш билиш ёзувчилар ҳам мени кўрса бир-икки чақирим нари қочадиган бўлишди. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Андижон вилоят бўлими адабий йиғинларга, мушоира тадбирларга мени таклиф қилмас, мен энди адабий муҳитга янада ўгайлашган эдим. Балиқ сув билан тирик бўлгани каби мен ҳам адабий жамоатчиликка талпинар эдим. Мен худди тропик ёмғирларда ивиб, қалтираб баланд дарахт учида ўтирган, тўдасидан айрилган ёлғиз Макака маймунига ўхшаб қолган эдим. Тўдага яқинлашсам катта маймунларни жазаваси тутиб ўрмонни  бошига қўтарганча қийқириб-чинқириб, мени қувиб ташларди гўё. Лекин ўшанда бир нарсага ҳайрон қолганман. Менинг бою босомонлигимда бирон нарса сўраб келмаган, менга ўзини садоқатини изҳор қилмаган одамлардан кўп яхшиликлар кўрдим. Оллох улардан рози бўлсин.Дўрмонда қилган “жиноятим”дан сўнг ҳаётим худди атом бомбасидан вайрон бўлган Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари каби хуввилаб қолди. Бир куни “Шарқ юлдузи” журнали нашр қилинадиган 16 қаватли “журнальный центр”га борсам, ҳали журнал ходимлари келмаган экан.  - Бу ерда иш соат 9 дан бошланади, бироз кутинг, - деди, пропуска пунктида турган мелиса бола. Шу пайт ташқаридан Аъзам Ўктам деган шоир кириб келиб қолди. Мен ўз қадримни синаш учун ўзимни қўрмаганга солиб, девордаги телефон рақамлари рўйхатига қараб турдим. Шу пайт Аъзам Ўктам юришидан тўхтаб, “Холдор Вулқон”, - деди. Мен уни энди кўргандай ўгирилиб қараб: - Э, Аъзамжон, Ассалому алайкум, - дея, шоир тамон юрдим. Аъзам мен томон юрди, қучоқлашиб қўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач: - юқорига чиқмоқчимисиз?, - деди у. Мен “ҳа” дегандай бош ликиллатдим. - Қани кетдик унда, - деди шоир ва “бу одам мен билан”, - дея, мелисалар назоратидаги пунктдан мени олиб ўтиб кетди. Биз лифтда юқорига кўтарилдик. Юқори қаватлардан бирига чиққач, коридордан юриб бир эшик ёнида тўхтадик. Оёғига махси-калиш кийиб олган Аъзам Ўктам чўнтагидан калитни олиб “Бисмиллаҳир раҳманир раҳийм”, -дея кабинетини очди. Биз ичкарига кирдик. Креслоларга ўтириб дуо қилдик.
  - Оббо, шоир-эй, юрибсизми, шундай қилиб? Андижонлар тинчми? Ижодлар қалай?
- деди, Аъзам Ўктам.
  - Худога шукур, ҳаммаси яхши, - дедим мен.
  - Мен эрталаб нонушта ҳам қилганим йўқ. Мана майиз, ёнғоқ, прянник, печенье ҳамма нарса бор. Ҳозир битта чой қўяман. Иккаламиз чой ичамиз, - деди, шоир тиззаларига шаппатилаб ўрнидан  турар экан. Сўнг муштдан каттароқ чойнакка сув солиб, куймаланиб юриб, гапида давом этди: - Кечаси билан ухламай ибодат қилиб, “Қуръон” ўқиб чиқдим. Намоз ўқийвериб оёқларим шишиб кетди, - Аъзам Ўктам шундай дея, тўхтаб, - яқинда, Фарғонадан Анвар Обиджоннинг синфдош дўсти келибди, -  дея, гапида давом этди  яна.
- иккови кафега кириб ўтиршиса, дўсти: - Анвар, ҳалиги Камолдин деган синфдошимиз бор эди-ю, Каппонов, - дея, гап бошлабди.
- Ҳа, ҳа, - дебди, Анвар ака.
 - Ўша бандачилик қилди, - дебди. Бу гапдан Анвар ака қайғуга чўмиб: - Ие, Худо раҳмат қилсин, - дея, юзларига фотиҳа тортибди. Шунда ҳалиги дўсти: - кейин анави Тилаволди бор эди-ю, ўшаям қўққисдан ўлиб қолса бўладими, - дебди. Анвар ака яна: - и-е, уям ўлдими? Э, Худо раҳмат қилсин, бечора яхши бола эди, - дея, юзларига фотиҳа тортибди.
Дўсти бўлса:- ҳалиги, Сўпиев Адихалим бор эди-ю?, - дея, Анвар акамнинг ҳайратини бадтар оширибди.
  - Ҳа, ҳа, уям ўлдими?, - дебди, Анвар акам.
  - Ҳа, уям оламдан ўтди. Раҳматли ичкиликни кўп ичар эди. Жигари пишган экан-да, баччағарни, - дебди, дўсти қахвадан хўплаб. Шунда Анвар Обиджон юзларига сўзсиз фотиҳа тортар экан дўстига қараб: - Ўлмаган иккаламиз қолибмизда-а?, - дебди. Бу гапдан иккалалари қотиб-қотиб кулишибди. Аъзам Ўктам қора юморни шу тариқа ҳикоя қилиб кулар экан, сув қўйилган чинни чойнакка кичкина кипятильникни солиб қайнатгич вилкасини разедкага суқди. Шу маҳал қисқа туташув юз бериб, қайнатгич симидан “ та-а-а-рс!!!” этиб, ўт чиқиб кетди. Биз чўчиб тушдик. Аъзам Ўктам курсига ўтириб қолди. Бу ҳолатдан иккаламиз роса кулдик. Аъзам Ўктам кула-кула: - сал қолди-ю, а, шоир? Ўзиям менга бирор нарса бўлса, Холдор Вулқон Аъзам Ўктамни ўлдириб чиқиб кетибди, - деб, роса шов-шув бўларди-да, - деди. Биз яна кулдик.
    Шу воқеадан кейин бир-икки йил ўтган эди чамаси, бир кун Андижондаги “Бобур” кутубхонасига кириб қатлама қилиб қўйилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини ўқиб ўтирсам, газетанинг бир сонидаги тўртинчи бетда Аъзам Ўктамнинг суратига кўзим тушди. Сурат тепасидаги ёзувларни ўқиб ўтирган жойимда қотиб қолдим. Чунки, у ерда адабиётимиз яна бир жудоликка учрагани, истеъдодли шоир, Аъзам Ўктамнинг оламдан ўтгани ҳақидаги таъзиянома ёзилган эди. Мен таъзияномага термулганимча ўзимга келолмай, кутубхонада анча вақт ўтириб қолдим.  Сўнг, ўзининг ажойиб шеърлари билан шамдай эриб, ёниб зулматларни ёритган, ёниқ ёрқин истеъдод эгаси, иймон эъдиқодли шоир дўстим - Аъзам Ўктамга Аллоҳнинг розилигини тилаб, дуо қилдим, юзларимга фотиҳа тордим.

Давоми бор

Категория: Қиссалар | Просмотров: 1917 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz