Пайшанба, 09.01.2025, 11:28 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар | 12:34 |
- 21 – БЎРОНЛИ ЗУЛМАТЛАР
Бишкекка яна баҳор келди. Бугун эрталаб ошхона деразасидан кўриниб тургувчи дарахтда олмахонга кўзим тушди. Бишкек аллеялар, парклар, бульварларга бой шаҳар бўлиб, дов-дарахтларида олмахонлар кўп. Улар одамдан қўрқмайди. Агар бу олмахонлар бизда бўлса борми, уларни бизнинг шўх-шаддод болалар аллақачон чўзма билан уриб ўлдиришган бўлар эди, дея, хомуш жилмайиб қўяман. Кеча тунда қаттиқ бўрон бўлди. Саид ўғлим биронта эртак эшитмагунча ухламайди. Кечаси унга мен эртак айтиб бердим: - Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда уч оға-ини қўрқоқлар бўлган экан. Бир куни отаси уларни ёнига чорлаб: - эй, валлакусаланг, текинхўр, паразитлар! Инсофларинг борми? Сенларни боқишга менинг ногиронлик нафақам етмаяпти. Уйда ейдиган нарсанинг урвоғи ҳам қолмганидан сичқонлар оч қолиб, сулайииб, судралиб хасса таяниб юришибди! Дастларингдан “дод”! Сенлар ҳам одамга ўхшаб бундоқ бир иш-пиш ахтарсаларингчи, - дебди. - Отажон, бизларни ҳайдаманг. Биз кўчага чиққани қўрқамиз, - дебди қўрқоқлар, - кўчага чиқсак, мелисалар ушлаб чўнтагимизга “Хизбут-таҳрир”нинг варақасини солиб, қамаб юборса, нима қиламиз?, - дейишибди. Чол ўйланиб қолибди. – Дарвоқе, - дебди, у оппоқ қошли қовоғини ўйиб, сўнг дебди: - унда вот что, онанг шимларингни чўмчекларини тикиб беради.Ўшанда мелисалар кисталаринга варақа, патрон, граната сололмайди. Бу гапларни эшитиб ўртанчи қўрқоқ ўғил: “-ы-ы-хы-хы-хы-ы-ы-ы”, - деб, кулибди. Хуллас, таклиф уч оғайни қўрқоқларга мақул бўлибди. Онаси ўғилларининг чўнтакларига қум солиб тикиб берибди. Уч оғайни қўрқоқлар йўл анжомларини замбил ғалтакка юклаб, қўрқа-писа атрофга аланглаганларича йўлга равона бўлишибди. Улар йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юриб, тоғу, саҳро-чўл юриб, бир тепаликка етиб борганларида қоронғу тушибди. Ака-ука қўрқоқлар атрофдан таппи-тезак, шох- шаббаларни йиғиб гулхан ёқишибди. Қаттиқ нон еб қорин тўйдириб, уйқуга кетарканлар, тўнғич қўрқоқ тунги навбатчи бўлиб укалаларини қўриқлашга зўрға кўнибди. Укалари ухлагач, тўнғич қўрқоқ ойдинда атрофга олазарак қараганича қўрқувдан қалт-қалт титраб ўтирибди. Бир маҳал тунда егулик ахтариб юрган типратикон хазонларни шитирлатиб қолибди. Шунда қўрқувдан юрак-талоғи чиққудек бўлган тўнғич қўрқоқ: - Вой дод! СНБ келяпти, қочавер!, - дея, ўрнидан сакраб турибди-да, укаларини ташлаб югуриб кетибди. Тўполондан ўйғонган укалар ҳам гулханни тепалаб ўчириб, ўтиб акасининг ортидан ура қочишибди. Улар шу қочганларича чопаверишибди, чопаверишибди, охири ҳолдан тойиб, сулайиб, тинкаси қуриб, тили осилиб, бир дала увотига бориб чўзилиб ётиб қолишибди. -Бай-бай-бай-ба-а-ай, Худо бир сақлади-а?, - дебди, ниҳоят, нафаси оғзига тиқилиб хансираганича кенжа қўрқоқ. - Замбилғалтак билан йўл анжомларимиз қолиб кетгани ёмон бўлди-да, - дебди, харсиллаб нафас олганича ўртанчи қўрқоқ. - Эй, садқаи сар, жонимиз ўлжага қолди, шунгаям шукр, - дея, юраги дукиллаб ураётган, чап кўксини пайпаслаб қўйибди, тўнғич қўрқоқ. Улар қўрқа-қўрқа уйқуга кетарканлар, бу кеч ўртанчи қўрқоқ навбатчилик қиладиган бўлибди. Узоқларда итларнинг ҳуриши, чигирткаларнинг бир маромда чириллашини, аҳён-аҳёнда аллақандай тун қушларининг: - “хув-хув-в! хув-хув-в! Қирт-қирт, хақ-хақ хақ-хақ-ха-ха-а-а-ақ!”, - дея сайрашини ҳисобламаса, кеч жим-жит экан. Ўртанчи қўрқоқ ёшлигида катта бувисидан ўрганган дуоларни пичирлаб ўқиб, ўзига дам солиб қўрқиб гулханга таппи қалаб ўтирар экан, бирдан гулхан олови шуъласида узайган ўз соясини кўрибди-ю, жон-пони чиқиб: - Вой до-о-д! Чудовище! Паранармальноя анамалия! Ўзга сайёралик гуманоид! Ёрдам беринар, ким бор! - дея, бақирибди. Чўчиб уйғонган укаси тура солиб: - Наим ака, илтимос, бизни қўрқитманг!, - деб, йиғлабди изиллаб. - Хайим, қўрқитганим йўқ! Ершалайимни ҳам уйғот, ана, қара улар иккита экан, - дебди, даҳшат ичра ўзининг ва укасининг соясига ишора қилиб ўртанчи қўрқоқ. Бу орада уйғонган тўнғич қўрқоқ Ершалайим ҳам ўрнидан турибди-ю, соялар яна биттага кўпайибди. Шундан кейин уч оға-ини қўрқоқлар қўрқув ичра бошлари оққан томонга шундай қочибдиларки, югураётганда оёқлари ерга тегаётганини ҳам сезишмабди. Улар то ҳолдан тойиб оёқлари чалмашиб йиқилгунларигача чопаверишибди, чопаверишибди. Бу орада тонг отибди. Уч оға-ини қўрқоқлар жар ёқасида ўсган жийдаларнинг меваларидан еб нонушта қилиб, яна йўлга равона бўлишибди. Улар йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир даштга борганда қоронғу тушибди. Гулхан ёққани ака-укаларнинг гугурти ҳам тутантириққа қоғози ҳам йўқ экан. Улар нима қилишини билмай қўрқиб йиғлашибди. Шунда дашт ортидан кўзга ташланаётган чироқ шуъласини кўришибди-ю, тўнғич қўрқоқ ўртанчи қўрқоққа: - Наим, сен ўша чироқ ёнган хонадонга бориб, гугурт билан тутантириқ олиб кел, - дебди. Ўртанчи қўрқоқ ортига тисарилибди: - Эй, зарил келгани йўқ. Қўрқаман. Ит қувлаб қолса нима қиламан?! Ўзингиз боринг, - дебди. - Яхшиси, учаламиз борайлик, - дебди, кенжа қўрқоқ. Таклиф бир овоздан қўл кўтариб маъқуллангач, улар чироқ порлаб турган жой томон одимлаб кетишибди. Етиб боришса, чироқ порлаётган жой ўғриларнинг ўрдаси экан. Ака-укалар шуъла таралаётган дераза ёнига бориб, оҳиста ичкарига қарашса, ичкарида казо-казо ҳокимчалар, прокурор, адвокатлар, раис-у омборчилар айш қилиб ўтирганини кўрибдилар. Улардан бири шароф кайфидан сармаст кўзларини сузиб гапирар, унинг гапларидан даврадагилар қотиб-қотиб кулишармиш: - Яқинда “Қудуқнор” туманидаги деҳқон-фермер хўжаликларига тарқатиш учун етмиш тонна органик ўғит келтирилган эди. Мен ўғлимга “шу етмиш тонна органик ўғитдан ўн тоннасини уриб қоламан”, - десам, ишонмади. Ёш-да бола. Фермерлар шоҳида юрса, биз баргида юрамиз. - Иллюзонист дадангнинг фокусларидан ўрганиб ол, - дедим -да, фермерларга: - Ҳадеб торозида тортавермай, мана бу челакни чамалайлик. Унга саккиз кило органик ўғит сиғади, мана, - дея, уларга челакдаги ўғит оғирлигини намойиш қилдим, улар рози бўлишди. Тарқатишни бошлагнда эса, ўғлимнинг кўз ўнгида -“абрака-дабрака кала-кала суф!”, - деб туриб, челакни иккита тепиб букдим-да, букилган челакда ўғитни тарқата бошладим. Ўша тепганимда букилган челакка саккиз кило эмас, олти кило ўғит сиғадиган бўлиб қолганини шалпанг қулоқ фермерлар ҳаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Етмиш тонна органик ўғитдан ўн тоннасини уриб қолганимни кўриб, ўғлим менга қойил қолди.- Дада, мен сиз билан фахрланаман, - деди ўғлим! Тўғри фермерлар у ўғитларни кимгадир сотади. Пулини ҳокимларга узатиб, ерларнинг - Балл Боннинетини, яъни, ҳосилдорлик имкониятини паст, - деб, ёздириб, пахта экилиши керак бўлган ерларга сердаромад экинлар, шоли, буғдой экишади. Кузда пахта тайёрлаш пунктлари, пахта заводи директорларига “узатиб” йўқ ердан, - юзлаб тонна пахтани топширди, - дея, қоғоз ёздиришади ва пахта топшириш йиллик режаларини шу тариқа бажаришади. Мукофат ва унвонлар оладилар. Мен ўзим деҳқончиликни “д”синиям, пахтачиликнинг “п”сини ҳам билмайман. Лекин, йўлини қилиб, деҳқон-фермер бўлиб олганман. Икки юз гектар ерим бор. Тендер талаблари бўйича деҳқон-фермер бўлгучи кишининг бульдозерлари, хайдов ва траспорт тракторлари, комбайнлари бўлиши керак экан. - Ҳа, яхши, - дедим. Бир емахўр раисга, - тешиб чиқсин, - дея, бошимдан айлантириб пича ақча узатдим. Раис менга жамоа хўжалиги трактор-техникаларини пракатга бериб турди. Тендер куни комиссия техникалар борлигини ҳисобга оларкан, мени, - ғолиб, - дея, эълон қилди ва ялонғоёқ фермерлар ерларини менга топширишга мажбур бўлишди. Улар ҳақиқий пахта етиштириш усталари. Энди бу “усталар” бола-бақчаси билан менга қул. Бу ишларимни кўриб ўғлим : - дада, сиз билан сехрланаман, - деди. Фақат хотиним: - Сиз элни алдаб,- колхоз тракторларини ўзимники, - деб, тендерда адолатсизларча қилвирлик билан ғолиб бўлдингиз. Мен буни фош қиламан, - деди. “Хотин жафо, ит вафо” деганлари шу-да. - Бор, хоҳлаган жойингга арз қил! Қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Бизда мустақил ахборт воситалари йўқ. Минг ёз, миллиярд марта ёз, ёзганинг Каримовингга етмай вазирликдан қайтиб келаверади, харип. Прокурор, мелиса, ҳокиму раҳбарлар бариси ошнам. Бирга гап еймиз. Энангни қози сўкса дардингни кимга айтасан?, - дедим. Бу гаплардан даврадагилар ”хо-холаб” кулишибди. Дераза ортида турган уч оға-ини қўрқоқлар эса, бир-бирларига қараб қолишибди. Шунда тўнғич қўрқоқ укаларига паст овозда: - Укалар, эсимиз борида бу ердан туёғимизни шиқиллатайлик. Тамоми раҳбар, давлат арбоблари шу ерда экан, булардан гугурт олиб гулхан ёққандан кўра, совуқда музлаб, қотиб қолганимиз маъқул. Акс ҳолда, гувоҳни гумдон қилишга одатланган “катталар” ўзимизни тутиб гулханда куйдиришлари баайни ҳақиқат. Қочдик, - дебди. Уч оға-ини қўрқоқлар шу тариқа маслаҳатга махси кийдириб, оёқ учида эҳтиёткорлик билан юриб, ўрдадан узоқлашибди-да, у ёғига тизғираганларича қочиб юборишибди. Шундай қилиб уч оға-ини қўрқоқлар мурод мақсадларига етмабди. Мен эртакни тугатиб бундай қарасам ўғлим ухлаб қолган экан. Бу маҳал ташқарида хамон бўрон гувиллаб эсар, тунги зулмат ёмғирларида ювилган дарахтларининг қорайган таналари “Манас” кўчасидан Алиасқар Тўқтаналиев кўчасига бурилаётган кечиккан йўловчилар тўла “Бус”ларнинг маъюс ва хорғин фаралари ёриғида ялтираб кўринади. Ёмғирлар ва бўронда чайқалаётган дарахтларнинг шохлари аро паркдаги чироқлар ғамгин порлайди. Бўрон... Бўрон ва сиёсат. Ҳар икки ҳолда ҳам улар ниманидир эгади, ниманидир синдиради, ниманидир илдизи билан қўпориб, нимларнидир қаёқларгадир учириб кетади. Ўзбекистонда эсган ноҳақлик, қабоҳат ва разолат бўрони, не не ниҳолларни қайриб, эгиб синдириб, илдизи билан қўпормади, дейсиз! У ёвуз бўрон халқимиз корига ярайдиган не не ўғлонларни мухожирларга, ҳижроният биёбонларига учириб кетмади, дейсиз! Яна Ватанда кечган жабру жафоларга тўла ҳаётимни, ўша бўронларда тўнларининг этаклари байроқдай хилпираганича ҳақиқат сари интилаётган адолатпарвар, халқпарвар, юпун дўстларимни, маслакдошларимни эслайман. Лўттибоз, ғирром, номард режимнинг қасамхўр неокоммунистларининг, онтхўр, найрангбозларнинг ваъдасига ишониб, “Бирлик” партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш йўлида елиб югурган, имзо тўплаган ва алданган пок қалбли, фидойи, элимизнинг мард ва жасур ўғлонларини ёдлайман, ҳаёлан уларни қиёфаларини қўз олдимга келтириман. Хамдам Сулаймон, Хусанбой рахматли, Рустамжон Исҳаков, Шокиржон Мўминжонов, Мусажон Бобожонов, Нурмуҳаммад Азизов, Акбарали Орипов, Дилмурод Мухиддинов каби “Бирлик” партияси фаоллари ва Дилшод Тиллахўжаев, каби ҳуқуқ ҳимоячилари ижобий маънода эслашга лойиқ инсонлардир. Андижон воқеаларидан кейин қутурган қаттол режим уларнинг кўпчилигини авахталарга, ўлим лагерларига ташлаб, кўпчилигини Ватандан кувғин қилди. Мен Ватандан бадарға қилинган “Бирлик”чи партиядошларимга бағишлаб “Қувғин” деган шеър ёздим.
Қувғин
Айрилиққа тўлди умр тўрваси, Онам кўзларида жовдирар савол. Изғиринда хуштак чалади симлар, Мен юрган йўлларда йиғлайди шамол. Ортимда қутурган занжири тилло, Думи йўқ итларнинг қонхўр галаси. Қўй, менга эргашма, қайтгил, тўлин ой, Омон бўл, юртимнинг ойдин даласи. Йиғлама, ғамлардан қартайган онам, Мен учун оламда йўқ сенинг тенгинг. Сочларинг пахтадан оқариб кетган, Кўз ёш артавериб тешилди енгинг. Ғийбатдан ўт кетди қулоқларимга, Тош отди ортимдан уч-тўрта хезм. Ўрмалар бўғзимда ёввойи хўрлик, Наҳот қуриб битган кўз ёши безим?! Очилмоқда оғир уфқлар қовоғи, Салқин саболарда сайрар бедана. Чорбоғлар ортида хира порлар ой, Олисда юлдузлар олмос седана. Тонги ғира-шира кўприк томонда, Кимдир чекаётир паришон хаёл. Тўхтаб сукунатга қулоқ тутаман, Узоқда боламлаб йиғлар бир аёл. Оғир бўлар экан Ватандан кетмоқ, Исковуч ит каби изғийди посбон. Қайтиб келолмасам ёнингга, она, Ер шари тобутим, қопғоги осмон!
Эсимда, “Дўрмон” воқеаларидан кейин мени ишдан четлатиб, фирмамни ёпиб юборишди. Бу ҳам оздай мени ҳеч қайси ташкилот ишга олмай қўйди. Ҳатто, оддий одамалар ҳам менга уй безак ишлари учун буюртма бергани қўрқардилар. Телевизор, видео аппарутуралар ҳам “Газ-24” Волга машинам ҳам қулоғини ушлаб кетди. Молу дунём бисёр маҳаллар кунда, кун ора бизникида ароқ-коньяк ичиб, қази-қарта егувчи, - “Вулқон дўстим учун керак бўлса, ҳеч иккиланмай ўзимни сўйиб, қурбон қиламан”, - дегувчи улфатларим мисоли сувга тушган тошдай ғойиб бўлишди. Шундай кунларнинг бирида “Бирлик” партияси вакиллари мени мухолифат йиғилишига таклиф қилиб келиб қолишди. Шунда илк бор “Бирлик” партиясининг Андижон вилояти раиси Акбарали ака Орипов билан танишганман. Тўладан келган, қоратўри, қошлари қалин, оқ-қора аралаш сочлари тикка ўсадиган, лаблари қалин, кулганда оппоқ бақувват ва мустаҳкам тишлари шундоқ кўриниб тургувчи бу инсон ўзининг самимийлиги, оқ кўнгиллиги билан менда чуқур таасурот қолдирди. Йиғилиш ўтадиган “Беҳизор” чойхонасининг мехмонхонасига кирганимда мухолифат вакиллари ё менга ёки “Эрк” партиясига ҳурмат бажо қилиб ўрниларидан туришди. Мен улар билан бирма-бир кўришар эканман, улар мени хона тўрисига ўткизиб қўйишди. Дуо қилдик. Ҳол-аҳвол сўрашиб, чой ичиб, сузма-салат билан иссиқ оби нон еб ўтирдик. Ўзбекистондаги сиёсий таназзул ва диктатуранинг ёвуз қабоҳатлари ҳақида узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Бу ерда аксарият “Бирлик”чилар бўлиб улардан ташқари “Озод деҳқонлар” партияси вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда журналистлар бор эди. Ўтирганларнинг кўпчилиги иймон-эътиқодли инсонлар бўлганлиги учун ароқ ичилмас экан. Ичадиганлар буфет-қовоқхонага бориб, “ўзларига ўхшаб” келишарди. Ниҳоят, палов сузилди. Паловдан сўнг мухолифат блокининг бундан кейин қиладиган сиёсий фаолиятлари ҳақида Акбарали ака Орипов қисқача нутқ сўзлагач, музокара бошланди. Йиғин адоғида қўшма баёнот қабул қилинди ва имзоланди. Журналистлар мухолифат вакилларидан интервьюлар олди. Йиғилиш бошланишидан то кузагунча СНБнинг шумқадам айғоқчилари атрофда чиябўридай изғиб юришди.
Шу куни халқ, Ватан қайғуси билан зардобга тўлиб, қирғоғидан тошаётган юрагим паймонаси бироз бўшагандай бўлди. Махдуд телеэкранларда кучайтирилган цензурали радио мавжларда, сохта, сунъий, маддоҳ газеталарининг саҳифаларида жаннат, амалда эса, сақар дўзах, жаҳаннамга айлантирилган ўзбек халқи ҳаёти, бир-бирини сотган, бир-биридан қарзга ботган чорасиз одамлар норозилиги тўла, тобора чириб, сасиб-бижғиб бораётган жамиятда шу кичик мухолифат йиғинлари бизга тансиқ, тоза кислород эди. Албатта, бу ишлар бошида “Бирлик” партияси ва унинг Лидери турарди. Ҳа, “Бирлик” ташқи дунёдан изоляция қилиниб қамоқхонага айлантирилган Ўзбекистоннинг темир деворини тешиб дарча очолган мухолифатдаги ягона партиядир. Биз мухолифатчилар ўша дарчага яқин келиб, тоза кислороддан нафас олардик, гўё. Шунинг учун ҳам мен бу партияга ҳавасим келарди. Негаки, бизнинг партияда “Эрк”да бундай тадбирлар учун маблағ ажратилмас эди. Пул ажратилмаслиги сабаби, партия ғазнаси бўм-бўшлиги Муҳаммад Солихнинг оғир молиявий аҳволи билан изоҳланарди. Шундай бўлсада, биз “Эрк”чилар ўлиб-тирилиб кези келганда калтакланиб, таҳқирланиб, ертўла, хибсхоналарга қамалиб юриб, партия дастурининг тарғиботи билан шуғулланардик. -22- Устозлар мехри.
Медальнинг икки томони бўлади деганларидай гарчанд “Дўрмон” воқеасидан сўнг мен учун осмон қарғалардан қорайиб, нурсиз зулматларда қолиб кетган эсимда, адабий элита орасидаги яширин обрў-эътиборим жуда юксалиб кетди. Бир куни телевизор кўриб ўтирсам Ҳалима Худойбердиева чиқиб шеър ўқиб қолди. Шеърни бир эшитишдаёқ ёдлаб ололмаган бўлсамда, унинг мазмун-мохияти ва айрим узук-юлук мисралар ёдимда қолди.
Тўрда хайқирдингми, демакки, сен шоирсан. Шўрда хайқирдингми, демакки, сен шоирсан. Сағаналарни қўпариб Гўрда хайқирдингми, демакки, сен шоирсан.
Мантиқ жадвалига солиб кўрилса бу шеър айнан менинг “Дўрмон”даги хайқириғим билан боғлиқ экани аён бўлади. Негаки тўрда, яъни “Оқсаройнинг”нинг шундоққина ёнида, мендан бошқа шоир бақирмаган. Тўғрироғи бақириб эсини еганлари йўқ. Ҳалима опанинг шеъри менинг хайқириғимга қайтган акс-садо эди. Мен август ойида бу турли норозилик акциясини амалга оширган бўлсам январ ойига бориб устоз Саид Ахмад “Қоракўз мажнун” номли хикоя ёзди. Хикояда бир кампирнинг “Қоракўз мажнун” деган лайча ити бўлади. Кампир тўсатдан вафот этган куни қўшни хонадонда зиёфат ўтаётган бўлиб, у ерга казо-казо бойваччалар йиғилгани ва маст-аласт кимсалар кампирнинг ўлганини маълум қилиш учун тинмай акиллаётган лайчани ов милтиғи билан отиб ташлаши баён қилинади. Бу хикояни ҳам мантиқ ғалвиридан ўтказамиз. Кампирнинг ўлими Озодлик ва Адолатнинг йўқ қилиниши. Хураётган лайча – хайқираётган мен. “Қоракўз” – кўзимнинг остидаги холга ишора. “Мажнун” – жиннилик қилганим. Зиёфатдаги маст-аласт кимсалар Эркин Вохидов дачасига йиғилган адабий элита. Саид Ахмад ўша хикоясини китобга киритди ва у китоб “Қоракўз мажнун” номи билан чоп этилди. Гарчанд ўша кунги кўрсатган “кашфи кароматим” ўта беъмани бўлсада, менинг хулиганлигим ва хибсга олинишим Саид Ахмадга ўз ёшлигини эслатгандир ҳамда қизиқ воқеаларга ўч қария, адабиётимиз оқсоқоли миясига ўша хикояни ёзиш фикри келгандир. Тағин ким билади. Қачонлардир Эркин Вохидов бошлиқ бир гурух ёзувчи-шоирлар Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасига муқобил ўлароқ “Адиблар иттифоқи”ни тўзишга уриндилар. Бу уюшмада қолишга махкум айрим истеъдодсиз ёзғувчи ва шоирчаларга ва истеъдодли ёзувчи шоирлардан хадиксировчи хукуматга ёқмади. Натижада Эркин Вохидов ва Хуршид Давронларнинг уринишлари зое кетиб “Адиблар иттифоқи” давлат рўйхатидан ўтказилмади.. Шундай қилиб ўзбек адабиёти икки лагерга бўлиниб кетди. Бу бўлгинчилик айниқса СНБга қўл келди, улар иккига бўлинган ёзувчиларнинг хукуматпараст бўлагидан фойдаланиб истеъдод оламидаги “янгилик”лардан бохабар ишлайдиган бўлдилар. Ҳар икки оқим вакиллари билан бирдай муносабатда бўлганим учун мени ҳар иккала томон ҳам хурмат қилар, менга дардини дастурхон қилишар, мен уларнинг бирови айтган гапни ҳеч қачон иккинчи тамон вакилларига айтмасдим. Шунинг учун бўлса керак мени иккала гурух ҳам яхши кўрарди. Менинг хибсга олинишим, ишдан четлатилишим ва адабий жамоатчиликка бадтар ўгайлашишимдан менга ва менинг ижодимга душманлик кайфиятида бўлган ғанимларнинг шами ёниб, улар “энди Холдор Вулқон қайта тикланмайдиган бўлиб синди, у энди ҳеч қачон оқланмайди” дея башорат қилиб териларига сиғмай севиндилар. Лекин бу икки қутби дунёда ғанимчаларга муқобил ўлароқ дўстларим ҳам йўқ эмасди. Улар Каримов ва унинг режимини жинидан бадтар ёмон кўришсада, ўзларини хукуматпараст қилиб кўрсатиб, айёрликка қарши маккорлик билан “Яланғоч қирол” ривоятидаги мустабид золим қиролнинг устидан кулиб, унинг йўқ киймини мақтаётган аъёнлардек яшардилар. Мен ҳам яшашнинг янги, экстримал усулини топдим ва мустақил журналист бўлиб фаолият кўрсата бошладим. Золим хукумат ва очкўз хокимчалар ва рахбарчаларнинг зулмидан фиғони фалакка ўрлаган одамларнинг сон-саноғи йўқ - дай эди. Мен уларнинг ижтимоий-иқтисодий хуқуқларини химоя қила бошладим. Чучқадай семириб, ташкилот, муассасаларни каламушдай кемириб ётган ҳаромзодаларни кези келганда тиз чўктириб ҳақоратланган; ноҳақ ишдан четлатилан ёки мулки зўравонларча тортиб олинган оддий одамлардан кечирим сўратар эдим. Ноҳақ ишдан четлатилганларни қайта ўз ишчи ўрнига тиклатиб, уларга етказилган зарарни тўлатдирар эдим. “Инжилда” ҳар қандай сир албатта ошкор бўлади деган қатъий оят бор. Шунинг учун очиқ ёзаман. Жабрланган мижоз аризаси тўла қондирилгач, мен золимларни яна қисди-қафасга олардим. Улар “жон ака, қўйинг энди, мақолани бирон ёққа жўнатиб шармсор қилманг, жувонмарг бўлиб кетмайлик. Акагинам, тўйларингизда хизмат қилайлик” дея ялинишар, қўярда-қўймай чўнтагимга беш-тўрт сўм пул солиб кетишарди. Мен у пулларни қамбағаллардан ҳақ олмай уларни химоя қилганим учун Худо тамонидан менга берилган ризқ деб қабул қилардим. Ахир шу пайтда бола-чақамни боқиш учун менда бошқа молиявий манба йўқ эди. Ўзим учун эмас, бола-чақам учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганман. Шундай кунларнинг бирида Тошкентлик хайкалтарош Равшан Миртожиев билан учрашиб қолдим. Равшан акам ўзбекнинг энг зўр хайкалтарошларидан бири бўлиб, баландлиги 8-10 метрли Хазрат Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобурнинг, Абурайхон Берунийнинг ва бошқа шоиру олимларнинг бронза хайкалларини ясаб дунёнинг турли давлатларига ўрнатиб келганини билардим, унинг истеъдодини хурмат қилардим. Андижондаги Бобур хазратларининг от миниб турган хайбатли бронза хайкали ва Абдулҳамид Чўлпоннинг улкан бронза хайкаллари ҳам шу хайкалтарош ижодининг махсули эди. Биз санъат ҳақида сухбатлашиб ўтирарканмиз Равшан акам “Холдор, биз ҳаммамиз ижодкормиз. Биз бир-биримизга ёрдам бериб яшашимиз жоиз. Хизмат бўлса тортинмай айтинг” деди. Мен ўйланиб қолдим. Кейин китоб чиқариш мақсадим борлигини, лекин маблағ йўғлигини айтдим. Равшан акам “агар жуда унчалик кўп бўлмаса ёрдам қиламан” деди. Мен рахмат айтдим. Кейин биронта нашриёт билан гаплашиб китобимга кетадиган ҳаражатни сархисоб қилдириб сўнг маълум қилажагимни айтдим. Тўғриси китобим нашриясини биронта нашриёт зиммасига олишига ишончим йўқ эди. Қўрқса керак дердим. Неформат десседентлигимдан эса Равшан Миртожиевнинг хабари йўқ эди. Нима бўлдию бир куни тақдир тақозаси билан “Янги аср авлоди” собиқ “Ёш гвардия” нашриётига иш билан бориб қолдим. У ерда Ўзбекистон халқ шоири, ажойиб инсон, рахматли Нормурод Нарзуллаевни учратиб қолдим. У мен билан кўришаркан, “Қалай, яхши юрибсанми, шоири замон” – деди. Мен “ха” дея ўз навбатимда кекса шоирдан хол-ахвол сўрадим. Ўшанда Нормурод ака янги жаррохлик амалиётини бошдан кечирган пайтлари экан. Мен “хомий топиб пул ўтказсам китобим чиқадими? – дея сўрадим. “Нага чиқмас экан. Жуда чиқадиде. Сан пулли ўтқазган кундан бошлаб бизар ишни бошлаворовуза – деди Нормурод акам. Шунданг сўнг мен китобимни калькуляция қилдириб ҳаражатни аниқладимда Равшан акамга қўнғироқ қилдим. –“Қанча пул ўтказиш керак? – деди Равшан акам. - 300 минг сўм – дедим мен хадик ва хавотир ичра. -Э. арзимас пул эканку. Мен бирор миллион сўммикин дебман – деди Равшан акам енгил тортиб. Сўнг қўшимча қилди: -Уйга шартномани ташлаб кетинг. Мен пулни ўтказиб бераман. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Қайта-қайта рахмат айтдим. Бир куни нашриётга қўнғироқ қилсам, Нормурод ака: -Шоири замон, пулинг ўтди. Китобингни нашр қивоммиз, келиб корректировкасини ўқиб қўл қўйиб кетгин – деди. Мен уша куниёқ қанот боғлаб Тошкентга учдим гўё. Ахир шоир, ёзувчига китоби чиқаётганини эшитиш, ёш отанинг туғруқхона дарчасидан “ўғил кўрдингиз” деган калимани эшитишдай завқу-шавқли эмасми. Нихоят учинчи китобим “Тунги лайлакқор” ҳам дунё юзини қўрди. Бу воқеа мен учун Аллоҳнинг навбатдаги мўъжизаси эди. Бу ҳам оздай Равшан Миртожиев қайтарилиши керак бўлган 300000 (уч юз минг) сўм пулдан кечиб расман тилхат ёзиб берди. Китобимга дастхат ёзиб совға қилганимда душманчаларнинг ранги кўкариб, кўзларининг пахтаси чиқди, хасаддан кўпчилиги касал бўлиб қолди. Бу ҳам холваси экан. Кунлардан бир кун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида китобимдан олинган 5-6 шеъримни суратим билан чоп этиб юборишди. У шеърлар орасида севги ҳақидаги лирик шеърлар билан идиотизмда ёзилган кинояли исиёнкор шеърларим ҳам бор эди. У шеърлардан адабий жамоатчилик гўё ларзага келди. Шоир-ёзувчилар орасида шов-шув бўлиб кетди. Ўша шеърлардан бирини ушбу қиссада ҳам келтириш жоиз деб топдим. Мана ўша шеър,
ТАЗАРРУ
Мен осмонни иккиқат дебман, Кечиринглар, еттиқат экан. Санчилар, деб булутлар қўрқар, Иягимда устирсам тикан. Кечиринглар, менинг кўзимга, Кўринибди мисоли безак. Сигирларнинг нодир асари, Атиргулга ўхшаган тезак. Узр, писанд этмаган бўлсам, Назокатли кимсалар дидин. Устин қўйиб Фаранг мушкидан Даладаги бурганлар хидин. Маъзур тутинг, ўхшаса агар, Бармоқларим семиз қуртларга Ва кузатсам сиздан берухсат Турналарни олис юртларга. Узр, одам хисоблаб сизни, Борган бўлсам баъзан топиниб. Хайр энди, вақт кеч бўлди, Мен ухлайин ерни ёпиниб.
Ўша шеърлар орасида “Канглум” деган шеър ҳам чоп этилган бўлиб, у шеър шоир Икром Отамуродга бағишланган эди. Ўз овози, ўз созига эга бўлган бу ажойиб шоир негадир “кўнгил” сўзини ўз шеърларида кўп истеъмол қилар, яна бу сўзни эркалатиб ўн бешинчи аср тилида “канглум” дея талаффуз қилар, шу сабаб шоирлар ва ёзувчилар уни орқаворотдан “канглум” деб аташарди. Мен Икром акамнинг бу муборак лақабини очиқ ошкара айтганим шоирларнинг бадтар қитиғини келтириб улар ҳар ҳаёқдан қўнғироқ қилишганича: “Икром, “Адабиёт ва санъат”даги шеърни ўқидингми? Сенга атаб шеър ёзишибди” дея муборакбод этишибди. Мен хавотирланиб “Икром акам хиппа ёқамдан олиб, хой, ахмоқ, нага мани масҳара қилдинг? “Шарқ юлдузи”да шеъраларингни эълон қилганимга рахматингми бу?! – дея, ўнг кўзимнинг остига ҳам хол қўйиб қўймасайди – деб юрдим. Лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Учрашганимизда менинг ҳар кимга ҳам шеър бағишлайвермаслигимни, қилган ишим самимийлик, беғараз, мехр ва эхтиромим белгиси эканини яхши билган бағри кенг буюк шоир Икром Отамурод мени қучоқлаб бағрига босканича: “Рахмат укажон, манга атаб шеър ёзибсиз, хурсандман” деб қўйди. Кейин кулиб:: -Шоир-ёзувчилар Сизни сўраб қўнғироқ қилавериб қулок-миямни ейишди. Жуманиёз Жабборов билан Шукрилло домлага қўнғироқ қилиб қўйинг. Айниқса: Шукрилло ака “Икром Санга шеър бағишлаган шоир келиб қолса этгин, албатта манга қўнғироқ қилсин – дея тайинладилар. Манга дастхат ёзиб совға қилган китобингизни ҳам ўқиб чиқиб қайтариши шарти билан олиб кетиб қолдилар. Тезда қўнғироқ қилинг, мана телефон рақамлари - деди. Мен қўнғироқ қилдим. Гўшакни Шукрилло домла кўтардилар.Мен саломлашиб ўзимни танитганимдан сўнг Шукрилло аканинг сўзлаши янада жонланди: - Э. санмисан? Яхши келдингми? Манга қара, адресси берсам бизани ўйни топиб келолийсанми? – дедилар домла. -Албатта - дедим мен. Домла адресини айтдилар мен ёзиб олдим. Сўнг Икром ака билан хайрлашиб йўлга тушар эканман йўл-йўлакай бозордан “Торпеда” деб аталгувчи Мирзачўлнинг узун қовунидан, тарвуз, гўшт, нон дегандай майда-чуйда қилиб Шукрилло домланинг уйига бордим. Дорвоза қўнғироғини боссам домла кутиб турганлари учун хаялламай тезда чиқиб келдилар. Сталиннинг ўлим лагерларида узоқ йиллар ётиб чиққан бу иродаси мустахкам, ўжар шоир қариб анча озиб қолганидан йўл-йўл пижамада худди концлагерь махбусини эслатарди. Бизлар кўришдик. Хол-ахвол сўрашар эканмиз, мен олиб келинган нарсаларни дорвозахонага ташидим. -Э, шоир, намунча овора бўлиб мамнақа нарсаларни кўтариб юрибсан? –дедилар Шукрилло ака. Кейин: - қани ичкарига юрувр – деб озғин қоқсуяк қўллари билан йўл бошлади. Мен: -Манави нарсаларни ичкарига олиб кириб қўймаймизми? дедим. Шунда домла: -Э, юрувр, ўзлари олиб кириб қўйишади – дедилар. Бу гап кекса шоирнинг назари тўқ одам эканидан далолат берарди. Биз хашаматли коттеджнинг биринчи қаватидаги залга кириб оқ дастурхон устига плёнка тўшалган узун банкет столи атрофидаги курсиларга ўтирдик. Дуо қилингач домланинг келини бўлсалар керак, бир зумда столни ноз-неъматларга тўлдириб чой келтирди. Чой ичиб писта, майиз, қиёмлардан тотиниб ўтирдик. -Ха, шоир, яхши келдингми? Қалай Андижонлар тинчми? Оббо сене-е-й –деб менинг афти ангоримни қизиқиш билан кузатди домла. У мени худди Ҳитой бамбукзорларида у ёққа ағанаб – бу ёққа ағанаб, бамбук баргларини ямлаётган "Панда" айиғига қарагандай мехр ва қизиш билан қарар, унинг бу қарашларида ғараз йўқ эди. Кўп ўтмай овқат келтиришди. -Ароқ ичасанми? – дедилар домла овқатдан аввал. Мен “йўқ” дедим. Чунки йўл-йўлакай қовоқхонага кириб керагини “уриб” олган эдим Биз овқатландик. Десертга қовун келтирилди: - Қани мамби қовунлардан олчи, ол - у шундай деб ўзи бошлаб бераркан, бир карч қовунни “шулп-шулп” эткизиб пўчоғини алохида қилиб қўяркан сочиқ билан оғзини артиб: -Сан манинг қовунни яхши кўришимни қаёқдан билдинг? Мирзачўлли қовунидан олиб келибсана. – дедилар Мен бу саволга жилмайиб қўя қолдим. Қовундан едим. “Оби новвот” экан. Домла “ха, қани ол, тортинма” дея мулозамат қиларкан яна икки карч қовунни ошқозонига қамади. Дастурхонга дуо қилингач биз адабиёт, шеърият ҳақида узоқ сухбатлашиб ўтирдик. Домла менга янги шеърларимдан ўқитдилар. Кейин мени ҳайратда қўйиб модернизм, акмеизм, символизм, авангардизм каби оқимлар ҳақида тушунча беришимни сўради. Мен аввалига беодоблик бўлиб қолмасмикан деб истихола қилдим. Домла ўз сўзида қаттиқ туриб олгач , мен унга “изм”лар ҳақида билганимча тушунтирдим. Шунда кекса реалист шоирниг биз акмеист, модернист ва полифонистларга хаваси келишини сездим. Ўзини катта олмай , кибру хавога берилмай, қитмирлик қилмай, билмаган нарсасини ор қилмай невараси тенги шоирдан сўраган Шукрилло ака ўзи билмаган ҳолда ўзининг камтарлигини, оқкўнгиллигини намойиш қилди. Шундан кейин Шукрилло домлага нисбатан юз чандон хурмат эхтиромим ортиб кетди. Гап гапга уланиб кекса шоир дўстлари Расул Ғамзатов, Давид Кугултинов, Қайсин Кулиев, Чингиз Айтматовларни эслади. Мен утирган жойга ишора қилиб: - Биласанми, бир пайтлар шу сен утирган жойда Расул Ғамзатов ўтирган эди.. – деб қўйдилар. Бир махал жиринглаётган телефон гушагини кўтариб ким биландир сухбатлашар экан менга: -Эткандай, чойхонада бизани бир ўй одам кутвотти. Сани шарафинга ош дамлатиб махалладошларга, улфатларга бир шоир келади – деб қўйгандим, чақиришивотти. Юр чиқийлу тезроқ – дея тараддудланиб қолдилар . Мен унамадим. Тўғриси тортиндим. - Рахмат, бошқа сафар - дедим. -Э, яхши бўлмадида, ха майли, узоқ йўл. Довонлардан ошиб келгансан. Чарчаган бўлсанг керак. Майли дамингни олақол – деди домла. Биз кечки овқатдан сўнг яна анчагача шеър ўқишиб, сухбатлашиб ўтирдик. Шу кеча домла ховли сахнидаги сўрига мен учун ўрин тайёрлатдилар. Сўнг менга хайрли тун тилаб кампири билан ичкарига кириб кетар экан, мен сўрида ғир-ғир шабада эсаётган ховлида Тошкент осмонида порлаётган юлдузларга қараб ҳаёл сурганимча донг қотиб ухлаб қолибман. Эрталаб уйғонсам Шукрилло ака ховлида айланиб юрган эканлар. У менга: - Қалай, шоир совуқ еб қолмадингми, ишқилиб? – дедилар. Мен “йўқ, мазза қилиб ухладим” дея ўрнимдан туриб, юз-қўлимни ювиб, домла узатган сочиққа артиндим. Кейин домла билан хашаматли ошхонага кириб нонушта қила бошларканмиз, домла ушатилган нонларга ишора қилиб: - Садриддин Айнийга ўхшаб жуда майда ушатвормадимми – деди жилмайиб. - Садриддин Айний нонни майда ушатар эканми? – сўрадим мен. - Э. нонни майда ушатиш ҳам гапми, Садриддин Айний ошига пашша тушиб қолса, пашшанинг шундоқ қанотидан ушлаб уни обдон шимиб, бир четга қуярканларда, овқатни пок-покиза тушириб ичиб оларканлар – деди Шукрилло ака. У Садриддин Айнийнинг пашша шимиганини шундай хаётий қилиб курсатдики, кўзимга унинг қўлида ростдан ҳам пашша бордай кўриниб кетди. Шукрилло ака Насриддиндай шунақа қизиқчи одам эканлар. Нонуштадан сўнг кўчага чиқдик. Шукрилло ака қўярда қўймай мени муюлишгача кузатиб борди. Хайрлашдик. Мен жўнаб кетар эканман, кекса шоир йўл-йўл пижамада худди махбуслар каби озғин қўлларини ортига қилганича ортимдан узоқ қараб турдилар.
Давоми бор
|
Категория: Қиссалар |
Просмотров: 2015 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |