Жума, 24.01.2025, 10:05Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар
12:26

- 23 боб –

Хикматли дунё

Қишлоғимизда Қозоқ эшон деган темирчи бўларди. Юксак муомала маданиятига эга бу инсон хуш муомиласи билан ҳар қандай ёвуз одамни ҳам сехрлаб ўзига  махлиё қила олар, худди қор ғижирлаётганга ўхшаш товуш билан гапирарди. Қозоқ эшон баъзан пиёда баъзан велосипед миниб кўчадан ўтиб қолар, барча билан бирдай қўлини кўксига қўйиб саломлашар, ҳатто кичкина гўдакка ҳам салом берар, шундай гўзал инсоний фазилатлари, камтаринлиги учун бу одамни қишлоқ ахли ёппасига  хурмат қилар эди. Қозоқ эшоннинг бошқалардан ажраб турадиган яна бир қирраси  - у шеър ёзарди. Қўшик айтарди. Ҳеч қандай чолғу анжомисиз  кекирдагида  сурнай чаларди. У ўзининг  темирчилик дўконида дам босиб,  темир қиздириб, қизиган темирни сандонда  болғалаб катталар учун ўроқ, кетмон, болта, теша каби   ускуналар ясаб, кичкина болаларни ҳам  эсдан чиқармай, уларга хуштак  ясаб берар, болалар ҳам ўз навбатида Қозоқжон тоғани яхши кўришарди.
Қозоқ эшон дадамнинг дўсти эди. Мен ёшлик чоғларимда дадамнинг топшириғи билан  ўроқ, кетмон,  тешаларни таъмирлатгани эшоннинг  темирчилик дўконига борар эдим. Эчки  пўстаги михланган  ўриндиқда ўтириб унинг  ишлашини кузатиш мен учун  жуда завқли эди. Манглайига  дурра танғиб олган Қозоқ  эшон бақувват, серюнг қўллари билан дастаси узун омбирда қизиб чўғ бўлган металлни  олиб сандон устига қўяр, сўнг уни иккинчи қўлидаги  болға билан тобига келгунча болғалар, металлдан чатнаган чўғ доналари ҳудди  қизил чивинлардай ҳар тамонга  учар, “Танг-тунг!”, “Танг-тунг!” деган ёқимли, илохий  жаранг дўкон деворларига урилиб акс-садо берарди. Кўнгилдагидай  ишлов берилган ускунани Қозоқ эшон сувли идишга туширганда сув “Пришш” этиб қайнаб, буғ кўтариларди. Мен уша олис завқли тамошани ҳозиргача бот-бот эслайман. Шундай пайтлар қулоқларим остида “Танг-тунг!”, “Танг-тунг!” деган  ажойиб товуш жаранглаётгандай туюлади.
Гарчанд Қозиқ эшоннинг  темирчилик дўкони аллақачон йўқ бўлиб кетган эсада , менинг хотирамда ҳамон мавжуд. Агар ҳурматли ўқувчи мақтанганликка йўймаса Қозоқжон тоғанинг менга бўлган муносабатини ҳам айтай. Бир куни  ишга кетаётсам йўлдан велосипед хайдаганича Қозоқжон тоға ўтиб қолди. У мени кўрдию велосипедини тўхтатиб  мен тамон юрди. Биз кўришиб хол - ахвол сўрашгач у:  - Холдорбек, бу одамлар сизни билишмайди,  сиз олимсиз. Буни мен биламан - деди. Бизга муомала-маданиятини,  камтаринлик ва хоксорликни,  самимийликни ўргатиб кетган ажойиб инсон уста Қозоқ умрининг сўнги йиллари кўп вақтларини “Сув юлдуз” деган  қишлоқдаги касалхонада ўтказди. Кекса шоир шу касалхонада ҳам  даволаниб ҳам қоровулчилик қилди. Уни хали - хануз  Сувюлдузликлар ҳам хурмат билан эслашади.Мен ҳар гал  ўша йўл ёқасидаги касалхона ёнидан ўтганимда Қозоқжон тоғани эслайман. Назаримда у ўлмагандай, худди пастак қоровулхона дарчасидан кулиб  қараб турганга ўхшайди.
Қишлоғимизда  Қозоқ эшондан ташқари яна иккита темирчи бўлиб, уларнинг бири Мансурали ака, иккинчиси Абдумухтор тоға эди. Мен Мансурали темирчи ҳақида унча кўп билмасамда, Абдумухтор тоғани жуда яхши билардим. Негаки у инсон маҳалла марказидаги колхоз клубининг орқасига жойлашган уйда яшарди.Новча бўйли, қоратўри  озғин бўйни, оёқ-қўллари узун, соқоли шамолда хилпираб тургувчи Абдумухтор темирчи ёзда эгнига  оқ яктак, оқ иштон, бошига эски дўппи, оёқларига калиш кийиб юрар, қишда эгнига чопон, бошига куя еган телпак,  оёқларига махси-калиш кийиб юргувчи кимса эди. У ўз ташқи кўриниши билан  менга Чол  Ибн  Хаттобни эслатарди. Абдумухтор тоға набираларини шу қадар яхши кўрардики,  соппа - соғ қиз набирасини доим елкасида кўтариб юраверганидан ўша набираси юришни эсидан чиқариб қўйишига оз қолган дейишади.Абдумухтор оқсоқол турли хил латифалар, қулоқ эшитмаган хангомаларни тўқишга ва уни ижро этишга устаси фаранг бўлганидан, унга сухбатдош бўлган одам зеркмасди. Биз болалар мактабдан қайтаётиб Абдумухтор темирчининг пахса девори ортидаги майдонда футбол ўйнардик. Бир гал тепилган тўп пахса девор оша Абдумухтор темирчининг томорқасига ўтиб кетди. Биз тўпни олиш учун девор ошмоқчи бўлиб турсак, кутилмаганда тўпимиз тенг иккига бўлиниб “талак” этиб ёнимизга тушди. Биз хомушланиб, мотоцикл хайдовчиларининг дубулғасига ўхшаб  икки бўлакка  бўлиниб тушган  тўпга тикилиб қолдик. Бундай воқеа бир неча бор такрорланиб тўпларимиз  гох иккига бўлиниб, гоҳ сирли равишда ғойиб   бўлавергач, Абдумухтор темирчининг машъум пахса девори ортида футбол ўйнамайдиган бўлганмиз
Ким билади, балки Абдумухтор темирчи томорқасига тушган  тўпимиз ёнига  ниндзядай  товушсиз юриб келиб уни ёриб девордан улоқтиргач, икки бўлакка бўлинган  тўпга тикилиб турган биз болаларнинг ахволини девор ковагидан кузатиб, овозсиз қотиб-қотиб кулгандир, ҳузурлангандир. Мен йиллар ўтиб улғайиб, уйланиб иморат қурдим. Иморат томига шифер қоқишдан аввал  туникасоз желуба, тарновлар қилиш керак бўларкан. Бу иш фақат Абдумухтор тоға рахматлининг қўлидан  келарди. Мен унга  буюртма бердим. У йўқ демай  буютмани бажариш учун бизнинг уйга келдида, ишга тушиб кетди. Раҳматли туникаларни қайчида қийиб-бичиб, ёғоч  тўқмоги билан  уриб ялпайтириб ишлар, иш жараёнида  қизиқ-қизиқ гапларни гапирар, мен ишлашдан тўхтаб роса кулардим. Унинг бир хангомасини сиз билан баҳам кўрмоқчиман.
- Менинг отим асли Тўхтасин бўлган – дея гап бошлади бир гал Абдумухтор тоға. - Фарзандлари  кетиб қолавергач дадам рахматли нобудгарчилик тўхтар деб, менга  Тўхтасин исмини қўйган эканлар. Дадам мироб бўлганликлари учун ўз одамлари билан Қорадарёга сепоялар ўрнатиб тўғон босар, шу тариқа пахтазорларга, полиз пайкалларига  сув чиқарарканлар. Мен туғилган йили дарё қутуриб сепояларни ағдариб, тўғонни суриб кетаверибди.  Шу махал тўғонда ишлаётган юзлаб одамлар орасидан кимдир:
- Ҳалойиқ, орамизда Тўхтасин исмли одам борми?! – дея ҳайқирибди.
- Бор, нимайди?! – дебди кимдир унга жавобан
- Ўшани ушланглар, тўғонга босамиз! Тўхтасинни тўғонга боссак сув тўхтайди! – дебди ҳалиги одам. Шу махал Тўхтасин исмли новча озғин кимса оломондан ажраб чиқиб қоча бошлабди:
- Хой, Тўхтасин қочиб кетяпти! Ушла! – дея қичқирибди биров. Беш –ўн киши қувиб Тўхтасинни тутишибди. Сўнг Тўхтасиннинг: “Шафқат қилинглар, учта болам б-о-ор!" - дейишига  ҳам   қарамай уни  тўғонга  босиб юборишган экан. Шу кеча дадам уйга келиб онамга:
- Хотин, Тўхтасин деганини тўғонга босиб юборишди. Бугундан бошлаб ўғлимизни Тўхтасин демайлик – деган экан. Шундай қилиб мен Абдумухтор бўлиб қолганман - деди темирчи туникасоз.
Мен баъзан ёмғир ёғаётганда  желуба тарновидан оқиб тушаётган зилол ёмғир сувларига ўйчан термулиб , қизиқчи Абдумухтор тоғани эслайман.Эх, қанча-қанча ажойиб одамлар ўтиб кетдия!  -дея ўйлайман. Ҳа, инсон боласи қоронғиликдан чиқиб яна қоронғуликка кириб кетаркану, шу туташган умр чизиғи адоғида бир доира ,  айлана ясар экан. Айланалар эса сирли.  Ер, ой, қуёш  ва бошқа тамоми сайёралар,. ғилдираклар, турбиналар айланади. Йиллар айланади, фаслар айланиб келаверади.  Мени айланалар , айланишлар, тана тузилиши циркулга  ўхшаш одамнинг айлана шакл чизганича коинотга қўшилиб айланиши, ерга айланиши ҳайратга солади.
Бир куни қишлоғимизда оддий, ҳеч қайси олий ўқув  юртини тугатмаган, соддагина махалладошимга :
- Ҳа, астойдилсану, қаёққа? – деб савол бердим. У бўлса:
- Юрибман, айланиб – деди. Бир кампир бўлса:
- Қишлоғимизнинг яралгандан бери қабристон йўқ эди. Хокимлар билан  талашиб-тортишиб бизга қабристон ажратиб бердингиз. Илоё муродингизга етинг айланай, журналист болам - деди.. “Айланай” деди. Олимларнинг эмас, оддий одамларининг сўзи коинотда кечгувчи сирли жараён билан боғлик ўзбек халқи нега энди “Қўй” ёки “Гой” бўлиши керак? Ер юзи халқларига маданиятни, илму фанни, давлатчилик қонун қоидаларини  ўргатган меним халқимни “қўй” деган  қўрқоқ, сасиқ чўчқаларга, “гой” деган, Ватансиз, писмиқ, ўғри ҳаромзодаларга ачинаман. Мен бир миллатни иккинчи миллатдан  юқори қўйгувчи, хокимият, амалу мансаб учун кези келса кетини ҳам беришга тайёр  миллатчиларни, худони унутган калтафахм, маҳалийчи,  бўлгинчи сепаратистлардан  нафратланаман. Менинг энг буюк орзу ва  муқаддас матлабим – аслида Одам Атонинг ҳамда мамо Хавонинг фарзандлари бўлган ёр юзидаги барча инсонлар, чегарасиз, паспортсиз, қуролсиз, КГБсиз, ЦРУсиз, “Токко”сиз, “Массад”сиз ягона оила  бўлиб хур озод ва фаровон яшашларидир.  Мен бутун ер шари  халқлари учун ягона халқаро конституция, ягона пул бирлиги, ягона парламент бўлишини истайман.
 Майли мени космополит десинлар.  Майли, мени тентак  атасинлар, мен умримнинг қолган қисмини шу ғоялар тарғиботи  билан боғлиқ қисса ва романлар ёзишга бахш этаман.
Секин аста пуллар бирлашаётганини, давлатлар ҳамжамиятларга, ягона иқтисодий блокларга бирикиётгани инсоният онги балоғатга етиётганидан далолатдир. Хохшим миллиард – миллиард квадрат километр чегарларга, разведка ва контрразведкага, атом бомбаларига, армияга  сарф қилинаётган маблағлар бутун дунё халқлари хаётини яхшилашига, ободончиликка, илму фанга сарф қилинса, уришлар, қимматчиликлар, қахатчиликлар, очарчиликлар йўқ бўлса. Одамлар мен каби Ватандан қувилиб, бола-чақаси билан хор-зор бўлмаса!
Энг майда деталларигача пухта ўйлаб ишга туширилган Каримов режими Ўзбекистонда фаолият юритаётган  ҳар бир хурфикрли кишини назоратда ушлаб туриш топшириғини олган сабаб улар қамаса сиёсий жанжалларга сабаб бўлувчи бўйсинмас кимсаларни, норасмий хуқуқ химояси ташкилотларга аъзо бўлишининг олдини олиб, махсус сунъий хуқуқ химояси ташкилотларини очар ва унга ўша исиёнкор журналист ва мустақил хуқуқ химоячиларини тортишга ҳаракат қиларди.
Мен иш ахтариб тополмай мустақил   журналист сифатида фаолият юрита   бошлаганимдан хавотирга тушган  режим ўзининг югурдакларини ишга солиб, мени Зохидов Марат рахбарлигидаги МОПЧ (Международное общество прав человека) деб аталган ташкилотга ишга киришимни таклиф қилишди. Бу ташкилотнинг сунъийлигини  кейинчалик Толиб Ёқубовдан эшитдим. Бу ҳақда боб охирида ёзаман. Хуллас мен ҳеч нарсадан шубха қилмай, мазкур ташкилотнинг Андижон вилоят бўлимида фаолият олиб бора бошладим.
Бўлимнинг бошлиғи Қодиржон Эргашев деган одам бўлиб, у собиқ милиция майори экан. Бир пайтлар Россия Федерациясида йигирма йил ишлаб, яшаб келган бу кимса Андижонда бир неча йил вилоят жиноят қидирув бўлимига рахбарлик ҳам қилган ва милиция рахбарияти тамонидан амалга оширилгувчи порахўрлик ва нохолисликни танқид қилиб пенсияга ҳам чиқмай  ишдан  четлатилгани маълум бўлди. Юридик маълумотга эга бу инсон аризалар изидан бориб  жабр чеккан фуқароларнинг муаммоларини хал қилиб эл орасида катта обрў қозонган эди. Қодиржон Комиловични ҳамма  Николай Николаевич деб атар, Николаевич мени шоир дер эди.  
У табиатан қувноқ, хушчақчақ, лекин кези келганда айниб – ачиб сўкинсада, кечиримли ва самимий эди.  Биз Қодиржон Эргашев билан юзлаб инсоний  ҳақ-хуқуқлари топтап оёқ ости қилинган, хўрланган,  тахқирланган одамларни химоя қилдик, аризаларида баён қилинган муаммаларини хал қилиб бердик.
13 май 2005 йили Андижон воқеалари юз берди. Мен Андижон воқеалари  ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Негаки “чумчуқ суйса ҳам қассоб суйсин” дейди донишманд халқимиз. Жахон жамоатчилиги олдида ҳамон жумбоқлигича қолаётган бу тарихий муаммони биз каби ёзувчилар эмас, махсус  халқаро комиссия , сиёсатшунослар, халқаро экспертлар ўрганиб, тахлил қилиб хулоса чиқаргани маъқул. Мен фақат Николаевич билан боғлиқ воқеагагина тўхталаман.
2005 йил 13 май куни ишга борсам, ишхонада ҳеч ким йўқ. Шаҳарнинг “Ош””  кўчаси, Навоий проспектлари ва эски шаҳар  тамонларида ҳамон гумбирлаган портлама садолари  Ўқ товушлари эшитилар, шаҳар тутаб ётарди. Мен ишхонага кириб, кабинетда ўтиргандим, бирдан Николай Николаевич  бизнинг химоямиздаги  14 май куни ишлари судда қайта кўрилиши керак бўлган 3 махбусни олдига солиб, ишхонага олиб кирди. Мен ҳайрон бўлдим:
- Тинчликми?  - дедим шошилишда бошқа сўз тополмай. Шунда махбуслардан бири:
- Э. ака, турмани портлатишиб дорвозасини бузиб, қамоқхонадан чиқишни истамаган махбусларни отиб ташлашди. Мажбур қочиб чиқдик. – деди.
- Шоир, - деди Николай Николаевич – буларни  ишхонада сақлаб турмасак, жангариларга  қўшиб узоқ муддатга қамаб юборишлари мумкин. Мен ҳозир горотдел милицияга қўнғироқ қилиб, буларни терговчисига топшираман. Қўлига қурол ушламаган булар – деди.
 Шундан    кейин биз махбусларни овқатлантирдикда,  ҳеч қаёққа чиқмай офисда ўтиришларини тайинладик. Бу орада раис ўринбосари Ортиқали Рахматов  етиб келди. У оппоқ кўйлак кийиб олган экан. Бу махал Николай Николаевичнинг қўл телефонига турли ёқлардан халқаро журналистлар қўнғироқ  қилар, Николаевич бақириб гапирганича шаҳардаги ахвол ҳақида уларга ахборот берарди. “ В районе тюрьмы,  у здания СНБ и около хокимията валяются многочисленные трупы!»  дея ҳайқирарди. Ўшанда унинг ҳақиқий хуқуқ химоячиси. ЭСНБга, милицияга  малайлик қилмайдиган журъат-жасоратли покиза инсон  эканлигига ишонганман.
Кейин Николай Николаевич ўз ўринбосари Ортиқали Рахматов билан  маслахатлашиб қаёққадир отлана бошлади.
 -Қаёққа? дедим мен.
 - Хокимиятга. Биз Ортиқали иккаламиз қон тўқилишини тўхтатиш учун акромийлар билан  музокарага борамиз.
- Менчи? – дедим уларга эргашиб. Шунда Николай Николаевич:
- Сиз офисда  қоласиз. Анави махбусларни ҳеч қаёққа чиқармай ўтиринг - деди. Менинг кўнмаётганимни кўриб Николаевич елкамга қўлини қўйдида:
- Э, шоир, Сиз яшашингиз керак. Ахир, биз ўлиб кетсак бизга хотира шеърини ким ёзади? – деб қўйди кулиб.
 Тушга яқин Горотделдан терговчи келиб махбусларни олиб кетди. Тушдан кейин кечгача  Николай Николаевич ва Ортиқалиларнинг телефон қўнғироғини кутдим. Билсам ўша куни уларни гаровчилар “тирик қалқон”га  қўшиб боғлаб,  Сойгузар  тамонга хайдаб кетибди.  Кечга яқин юз берган отишмада  Ортиқали ўлиб, Николаевич ўликлар остида қолиб кетибди. Лекин у ҳам узоқ яшамади. Август ойларига бориб Николаевич ҳам сирли равишда ўлди. Ҳар гапга фаришталар “омин” дейди деганлари ҳақ гап экан. Мана Николаевич айтгандай мен улар ҳақида хотиралар ёзиб ўтирибман.


-24-
Тарки    Ватан

Николай Николаевич сирли равишда ўлим топгач, бўлимимиз аъзолари  мени демократик сайлов йўли билан раисликка танладилар. Шундай қилиб мен инсон хуқуқларини химоя  қилувчи ташкилотнинг Андижон вилояти бўлимиига раислик қила бошладим. Аризалар кўплигидан якшанба кунлари ҳам ишлардик. Лекин ҳақ йўлидаги  хатти-ҳаракатларим порахўр прокурор ва терговчиларни  ва СНБнинг ғашини келтирар, улар мени зўр бериб ўзларининг қопига солишга ҳаракат  қилишарди.
 Бир куни менга ташкилотимиз хукумат талабларидан келиб чиқиб СНБ билан бақамти ишлаши кераклигини , бизнинг телефон орқали қилинган ҳар бир суҳбатимизни МХХ эшитиб бориши кераклигини  айтишди. Табийки  мен бу таклифни қатъиян рад этдим.  Шундан кейин улар ташкилотимиз мухр-штампини бекор дея эълон қилишди ва мени таъқиб қилишга киришишди.  Эртадан кечгача ҳар куни офис деразалари ортида ойналари  қорайтирилган ажнабий русумдаги машина турар, менинг гапларимни тинглашиб ёзиб, қадамимни пойлайдиган бўлишди.
 Мен ишлайвердим. Босим эса тобора кучаярди.
 Бир куни мен офисга кимдир пинхона  кираётганини, ҳатто сейфимни очаётганини сезиб қолдим. Шундан сўнг сейфдаги мижозларнинг хужжатларини олиб 2-микрорайонда яшовчи дўстимнинг уйга элтиб қўйдим. Мухр-штамп бекор қилинган бўлсада  ишни давом этдиравердим.
 Бир гал Андижонга  Тошкентдан  хуқуқ  химоячиси Абдухошим Ғофуров келди.У менга қўнғироқ қилиб Қирғиз-Ўзбек  чегарасидаги муаммоларни ёритмоқчи эканини, бу ишда ёрдамлашишимни сўради. Мен Хўжаободда яшовчи бир мижознинг аризасидаги муаммоларни хал қилишга ёрдамлашишим кераклигини айтдим.Абдухошим у ерга мен билан бирга борадиган бўлди. Эртасига Хўжаободга бориб аризачининг муаммосини хал қилдик. Қайтишда менинг уяли телефонимга  шеърларимни қўшиқ қилиб куйлагувчи хофиз Толиб Зокиров қўнғироқ қилиб Шерали Жўраевнинг менинг шеъримга куй басталаб айтган қўшиғини   телефон орқали эшиттирди.Бу қўшиқни ювмасак бўлмайди деб кечки пайт бир кафеда ўтириб қиттак-қиттак қилдик. Кайф  ва чарчоқ  мени махв этгач, Абдухошим билан Шукр иккаласи менга "Шу аҳволда уйга борманг. Қолаверса қишлоқ узоқ.. Бугун шу ерда тунайқолинг"  деб Шукрнинг квартирасида қолдириб чиқиб кетишди.Бир пайт ухлаб қолибман. Мен уяли телефоним жиринглашидан уйғониб кетдим. Эшитиб боқсам овоз нотаниш. У ҳаяжон ичра шошиб:
- Холдор Вулқон, қаерда бўлсангиз ҳам эхтиёт бўлинг. Сизга “ов”  эълон қилинган. Изингизда  одамлар бор. Агар яшашни истасангиз ҳозироқ бошқа давлатга чиқиб кетинг. - дедида,  алоқани ўзиб қўйди. Мен хавотир ичра бир зум ўйланиб қолдим. Кейин ўрнимдан туриб эшик тамон юрдим. Эшикка яқин  бориб“глазок” деб аталгувчи тирқишдан ташқарига қарадим. Шунда спортчиларга хос жуссага эга, фуқаро кийимдаги икки нотаниш одамни кўрдиму, юрагим шув этиб, танам жимирлаб кетди Улар махсус қисм жангчилари каби имо - ишора билан гаплашиб бири зинадан пастга қараб турди, иккинчиси эса  мен турган квартира эшигига яқинлашиб тимирскалана бошлади. Мен бадтар  тахликага  тушдим. Сўнг шошиб хобхонага  ўтдимда  чойшабларни  олиб бир-бирига  боғлаб, бир учини батарейка қувирига  махкамладим. Кейин деразани очиб пастга осилиб туша бошладим. Бу пайт қош қорайиб  қолган, деразаларда чироқлар порларди. Мен қанча пастладим, эсимда йўқ. Бир маҳал чойшаблардан бири боғланган  жойидан ечилиб кетса бўладими? Ҳавода айланганимча пастга қараб учиб кетдим. Яхшиям иккинчи қаватдаги хонадонлардан  бирининг кондиционери бор экан.Ўшанга бориб урилдим. Канди “ғарс” этиб кетаркан, ичкаридан қиз боланинг қўркув ичра бақиргани қулоғимга чалинди. Мен орқам билан ерга гурсиллаб тушдим. Жон талвасасида ўрнимдан туришга уриндим  Лекин чидаб бўлмас даражадаги оғриқ  бунга йўл қўймас, мен эмаклаб, негадир рус тилида: «Помогите, вызовите скорую, мне больно!- дея бақирдим. Овозим ҳам аллақандай, бировнинг овозига ўхшаб қолган эди. Оғзимдан қон оқарди. Чап қўлим, чап оёғим ва белим оғриғига  чидаб бўлмас. Шундай бўлсада, мен  билан бирга тепадан тушган уяли телефонимни олиб, букчайганимча ўрнимдан турдим. Кимдир “тез ёрдам”  чақирар, кимлардир  “Нима бўлди? Что случилось?”  - дея  ҳолатимни суриштирар, мен бўлса, танк тепалаб  кетган қахрамон жангчидай олдинга интилиб, чиқиб кетишга жой излардим. Чунки “тез ёрдам” келиб мени касалхонага олиб кетса, касалхонадан тирик чиқмаслигимни яхши билардим.  Кимдир менга йўл кўрсатди. Мен гандираклаб букчайиб йўл ёқасига чиқдиму, машина тўхтатишга урина бошладим. Лекин аҳволимни кўрган таксистлар тезликни янада ошириб жўнаб қолишарди. Орадан анча вақт ўтгач нихоят бир “Тико” келиб тўхтади. Мен орқа ўриндиққа  ёнбошлаб эшикни ёпдимда, манзилни айтдим. Таксист мени уйга элтиб қўйди. Таксистга бор пулимни тутқазиб, деворларни ушлаб уйга кириб бордим. Хотинимни чақирдим. Мен бу маҳал икинчи хотинга уйланиб улгургандим. Хотиним Гулсора чиқиб аҳволимни кўрдию, қўрқиб кетди. Йиғлаб қақшаб қўлтиғимга кириб , мени уйга олиб кириб кетаркан:
- Нима бўлди?! – дея сўради.
- Ифлослар мени ҳам  пиширишди – дедим  ўнтаб.
Хотиним мени суяб уйга олиб кириб ётқизди. Катта ўғиллар ишда бўлганлиги сабаб уйда кенжа ўғлим, энди тетапоя бўлиб  йўлга юрган Сайидахрор ёнимга келди.Мен  оғриқ азобидан афтим бужмайиб ўғлимга:
- Э-э-хх, атанга,  болам, эрта етим қоладиган бўлдинг- дедим. Хотиним:
- Унақа деманг. Худо хоҳласа ўлмайсиз. Худодан илтижо қилиб тилайман – дея йиғлади. Мен инқиллаб туриб хотинимга :
- Гули, ўлиб кетсам сендан илтимос, қайта турмуш қилма. Сени ўзимдан ҳам қизғанаман – кейин, ўғилларга айт, улардан розиман. Қўлёзмаларимни эхтиёт қилинглар, ўғилларим кейинчалик  китобларимни чиқаришсин. Гули, сениям қийнаб юбордим. Қаттиқ-қуруқ гапириб ранжитган  бўлсам кечир, мендан рози бўл – дея видолаша бошладим. Бу гапларимдан хотиним хуни жигар бўлиб йиғлар:
- Шу ишингизни йиғиштиринг, сиёсатга аралашманг дея итдек ялиндима. Одамнинг гапига кирмайди. Мана оқибат - дерди у.
Бел ва оёғимдаги оғриқ эса зўрайгандан зўраяр, мен энди атрофимдаги нарсаларни худди тушда   кўраётгандай кўрардим. Шу маҳал кичик ўғлим келиб қолиб шошилинч акаларига  хабар қилди.Ўғиллар етиб келишди.
- Дада, “тез ёрдам” чақириб сизни клиникага олиб борайлик.Таниш врачлар бор – деди тўнғич ўғлим.
- Йўқ дедим мен –  касалхонага ётқизишсанг мени икки кунда ўлдириб, “операциядан ёмон чиқди” дея кўрпага ўраб жасадимни қўлинга тутқазишади. Яхшиси ёлланма врач-травматолог олиб кел.-дедим.
Кўп ўтмай ўғиллар оқ халат кийган медсестра билан кириб келишди. Мен у аёлни танимадим. Аёл мени кўздан кечириб
- Нима бўлди сизга? - дея сўради.
-Учинчи қаватдан йиқилдим – дея жавоб бердим мен зўрға инқиллаб. Кейин:
- Илтимос, пулини берамиз, оғриқни қолдирувчи уколлардан қилинг.Оғриққа чидаб бўлмаяпти - дедим мен. Сиёсий фаолиятим учун қилинган тажовуздан бехабар ҳамшира: - “Ҳа-а, ўйнашининг эри келиб қолган бўлса деразадан ўзини ташлабдида!”дея ўйлаганини сездим. У менга оғриқларни қолдирувчи уколларни қилиб чиқиб кетди.  Уколлардан кейин оғриқ бироз пастладию, лекин кўп ўтмай яна забтига олди. Шу кеча мен оғриқ-азоб, иситма алангаси ичра қаердадир  юқорида ўлим билан олишиб алахсираб чиқдим.
 Эртасига синиқчи  хотин келиб мени кўздан кечираркан умуртқа поғоналарим зарарланганини, тос  ва оёқ суякларим бироз ёрилиб, пайларим чўзилганини, аниқладида, тандирнинг куйган кесагини янчиб  унга тухум сариғини аралаштириб, сўнг танамнинг зарарланган  жойларига суртди. Ўғилларим  мўмиё, “Синтомицин” мази, ва “Баралгин” таблеткаларини топиб келтиришди.
Зарб захрини олиш учун бел ва оёқларимга юпқа кесилган мол ўпкасини хомича қўйиб боғлаб қўйишди. Лекин оғриқ хадеганда қолавермади. Мен энди ўрнимдан туролмай қолган эдим.  Сал қимирласам  оғриқнинг  зўридан жоним чиқиб кетай  дер эди. Эсимда, биринчи бор мумиё ичганимда  бир ўлиб тирилганман. Юрагим тўхтаб қолай деганди ўшанда. О,  у кунлар азоби! Худо ундай кунларни душманимнинг бошига ҳам солмасин! Оғир кунда ташлаб кетмай хожатимга қараган хотиним Гулсорадан ҳам рози бўлдим. 15 кун шу тариқа қилт этмай ётиб сихат-саломатликнинг қадрига етдим.Соғлом, бемалол юриш – дунёдаги энг катта бахт экан – дея ўйладим. Афсус надомат бўғзимдан тутди. “Эх, аттанг, вояга етган ўғилларимни уйлаш ўрнига уларни тентиратиб, ғам-қайғуга  ботириб ўлиб кетаманми энди? Қанча-қанча асарлар ёзишни орзу қилардим. Нахотки энди ҳаммаси тамом.?! – дея изтироб чекдим. Бирдан ўжарлигим қўзиди. Йўқ, ўлсам ҳам ўрнимдан тураман. Э, худойим, ўзинг ёрдам қил! – дея ўйлаб ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Лекин белимни бироз кўтариб азобдан инграганимча  “А-а-аххх!” – дея қайта ётиб қолдим. Оғриқдан кўз олдим қоронғилашиб кетди. Бир ишни бошласам уни охиригача етказадиган одатимга кўра, мен  яна туришга уриндим. Лекин яна туролмадим. Мен шу тариқа оғриқ билан аёвсиз кураша бошладим. Бир ойдан кейин  мен нихоят  бир нарса қилиб  ўрнимдан туришга муваффақ бўлдим.Шу холатда  мен баланд сим дор устида лангарсиз турган тажрибасиз дорбозга  ўхшардим.
- Гули, қайдасан?! Қара, мен ўрнимдан турдим.! –дея  бақириб хотинимни чақирдим мен. Хотиним кир юваётган экан. У шошилишда қўлидаги  ювиб эшилган кийим  билан кириб остонада  турганича:
-Ҳой, эхтиёт бўлинг! –деди мени суяш учун югириб. Мен уни тўхтатдим:
- Қара – дедим, мен зирқираётган дахшатли оғриқни енгишга уринганимча буюк муваффақиятни намойиш қилиб.Хотиним  жилмайганича  йиғларди.  Унинг кўзи жиққа ёшга тўлган эди.”Ҳа , шоирима ...- деди у. Шунда унинг кўз ёшлари дуввиллаб тўкилди. Бир икки қадам юрган эдим хотиним суяб   қолди.Хотинимга таяниб жойимга чўзилмоқчи бўлдим. Буни қарангки, ўрнимдан туришдаги  азоб,  ётиб олиш азоби олдида ҳеч экан.Ётсам  туриш, турсам ётиш қийин эди. Энам раҳматлининг айтишича раҳматли онам мени чақалоқлигимда  эркалаб:-Бу бўри, Холбўри  - дер эканлар, Шуни  эслаб“Ҳа, мен бўриман. Бўрилар  бақувват, чидамли ва қайсар бўлишади. Мен бўриман, мен Холбўриман” дея  ўзимдаги бор кучни, бардошни тўплаб яна ва яна ўрнимдан туришга, одимлаб юришга тиришардим. Нихоят, узоқ машқлардан сўнг икики ой деганда ўзим  мустақил юриб ташқарига чиқдим ва ариқ бўйидаги олмамизниг ёнигача бордим. Кейин қайтиб келдим.
Эртаси куни ховлимиз четидаги хожатхонага ўзим бориб келдим.Худога шукроналар келтирдим . Ўша кунлари  мен уяли телефонимда  Тошкентга Марат Зохидовга қўнгироқ қилдим. Марат менга бақира кетди:
- Э, қаёқларда юрибсан? Бўлимнинг мухр-штампи бекор қилинганлиги  тўғрисидаги хабар “Андижоннома” газетасида  эълон қилиндию. Дархол янги мухр-штамп қилиб ишни давом этдирмайсанми? – деди. Мен йиқилиб жарохатланганимни айтсам, у ишонмай: “Да, мозги не ... да!”  деб бақирди. Алоқа узилгач мен “Оббо!”  - дея туриб қолдим.
Эртасига бел ва оёқларимдаги оғриққа ҳам қарамай ишга чиқдим. Ходимлар билан маслахатлашиб мухр ва штампни янгилашга киришдим. Маратга телефон қилиб “Адлия рўйхатидан қайта ўтайликми? – дея сўрадим.. Шунда у тажанг феълига кўра жазаваси тутиб:
- Да сколько  можно перерегистрироваться? Ты давай быстрее, действуй!  У тебя объявление и свидетельство есть. Придоставь эти документы в гор.отдел милиции и пусть они дают тебе разрешение !– деди. Мен Маратнинг гапи бўйича  шаҳар милицияси рухсати билан янги мухр ва штамп қилдириб ишлай бошладим. Андижон воқеаларидан  кейин хуқуқ химояси халқаро ташкилотларига хукумат томонидан босим кучайтирила  бошлагач бизнинг ҳам ишларимиз бадтар оғирлашди. Прокуратура, суд, ва ички ишлар  биз билан умуман хисоблашмай қўйди, Судьялар  менинг экспертларимни  суд залларига киритмас,  негалигини суриштирсам Олий Суддан рухсат олинг кейин киритамиз дейшар, сохта адвокатларининг юзаки  химояси билан судларни бизсиз ўтказиб бегунох инсонларни ноҳақ айблар билан  қамаб юбораверадиган бўлдилар.
Кунлардан бир кун  бизнинг уйга СНБ ва адлия бошқармаси ходимлари ҳамда фарғоналик  бир сохта хуқуқ химоячиси  келиб хат ташлаб кетибди. Хатда телефон рақамлари ёзилган бўлиб, зудлик билан қўнғироқ қилишим тайинланган эди.  Мен қўнғироқ қилдим. Ўзини Фарғона водийси бўйича коорднатор  деб хисоблаган собиқ милиция ходими менга:
- Қаёқларда юрибсиз ошна? Агар бирон нарсага гирифтор  бўлмайин десангиз зудлик билан, бугуноқ янги мухр ва штампни Фарғонага, бизнинг офисга етказиб келинг - деди.
- Нега энди? Марат Зохидовнинг айтган гапи  бўйича қилинганку янги мухр-штамп? Мен Маратга телефон қиламан – дедим.
- Пожалюста, телефон қилинг – деди сохта координатор. Мен Марат Зохидовга телефон қилдим.Муамммони тушунтириб:
- Марат ака, ахир мухр-штампни янгила., чего ты боишься?  Если, что сваливай на меня – деган эдингизку? – дедим фиғоним чиқиб. Марат Зохидов бўлса тўнини тескари кийиб:
- Я  ничего не знаю, и знать не хочу. Раз сказали, что надо сдать печать и штамп, немедленно сдай. Слышишь, немедленно! – деди. Мен бунақанги лабзсиз, лўттивоз, бетутуруқ кимсани биринчи кўришим эди. Сўкина сўкина қош қорайган маҳал мухр-штампни олиб Фарғонага жўнадим. Борсам бояги собиқ милиция ходими мухр-штампни  олиб:
- Сиз мухр-штампни ноқонуний қилдиргансиз. Мухрга “Инсон хуқуқларни химоя қилиш  халқаро ташкилот” деб ёзилган. Аслида: “Ўзбекистон хуқуқ химояси ташкилоти” деб ёзилмоғи керак эди. Сиз халқаро хуқуқ химояси ташкилотлари билан ғаразли мақсадларда ҳамкорлик қилиш учун атайлаб шу йўлни тутгансиз – деди.
- Ахир бу ташкилот аввалдан МОПЧ яъни “Международное общество прав человека” бўлганку. Нега энди номини ўзгартиришимиз керак?  Қолаверса Марат ака ... – дея  ўзимни  оқлаётсам, собиқ милиция  ходими гапимни бўлди:
- Э, бошимни  оғритманг. Мен Марат-Паратингизни билмайман. Қани менга айтинчи, шу мухр-штампни сиз қилдирдингизми?
- Ҳа – дедим мен.
- Ҳа, баракалла –деди, мен исми шарифини қиссамда  ёзишни ҳам ҳохламаган, кимса. Сўнг:
- Тушунтириш хати  ёзинг – деди. Мен тушунтириш  хати ёздим. Шунда ҳалиги кимса мен янгилаган мухр-штампни тушунтириш хатига  босиб сейфига жойлар экан:
- Энди мана буни бир ўқиб чиқинг - дея  олдимга  компьютерда  терилган ёзувни  ташлади. Ўқисам у ёзув менга  қўйилган айблар экан.
- Э, бу қанақаси? – дедим мен хужжатни ўқиб чиқиб.
- Шунақа, тақсир – деди собиқ  мент – Сиз ўн бир йилга қамаласиз.
Мен ғазабимни босиб зўрга ўтирардим. Бироздан  кейин  ўзимни қўлга олиб:
- Мен энди кетаверишим мумкинми? – дедим.
- Ха, бораверинг. Яқинда ўзлари прокуратурага чақиришади – деди беғамгина собиқ мент.
Мен қоронғи кўчага чиқиб бусга ўтирдиму, вокзал тамони жўнадим. Охирги таксига бир одам етишмай турган экан. Таксига ўтириб Андижонга келдим. Ярим тунда уйга кириб ўрнимга чўзилар эканман, хотинимга Ватандан қетмоқчи эканимни қоғозга  ёзиб тушунтирдим. Чунки СНБ аллақачон уймизга  эшитиш  мосламалар ўрнатиб улгурганини билардим. Хотиним қўрқиб кетди. “Бизчи?” деб ёзди у қоғозга шоша-пиша. “Ўзим яхши ўрнашиб олгач, сизларни ҳам чақириб оламан” деб  ёздим мен қоғозга, кейин қоғозни ёқиб юбордим. Ўша куни  тонг қоронғусида уйдан чиқиб кетдим. Шу кетганимча Қирғизистонда анча вақт яшаб юрдим. Кейинчалик 2006 йил феврал ойида ишончли дўстларим ёрдамида ўзим вада қилганимдай бола-чақамни ҳам Бишкек шаҳрига олиб ўтдим. Худога шукрлар бўлсинким, улар ҳозир мен билан бирга.

Давоми бор

Категория: Қиссалар | Просмотров: 1838 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz