Жума, 24.01.2025, 10:04Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Май 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Май » 17 » Олисларда ёнган чироқлар
Олисларда ёнган чироқлар
12:24

-26-

Эх, Бишкек, Бишкек!

Бишкекда бизни ўзбек қочқинлардан бири, истеъдодли журналист Тўлқин Қораев кутиб олди. У  бизни   ўзи ижарада яшаётган уйига олиб кетди. Икки қаватли уйнинг биринчи қаватидаги у квартира Республика жиноят қидирув  бошқармаси билан  СНБ биноларининг ўртасида жойлашганди.
Тўлқин Қораев қорачадан келган, новча бўйли, юрганда худди ер ислохатида камбағалларга  томорқа  улашаётган комсомол “землемер” сингари  ка-атта – катта қадам ташлаб юргувчи  журналист эди. Унинг буклаб жамласа сумкага айланиб қолувчи сув ўтмас жойномози бўлиб, беш вақт  номоз қилар, Бишкек шахри марказидаги масжидда ўқиладиган  жумъа  намозларига мунтазам  қатнарди.
Тўлқиннинг  бағри кенглик фазилати сабаб ўзбек қочқинлари деярли ҳар куни унинг уйига йиғилар, унинг “ноутбук” компьютеридан ва телефонидан  фойдаланар, ваннасида чўмилиб, кир ювадиган машинасида кийимларини ювиб кетишарди. Тўлқин пул сўрасанг йўқ демай бериб, у қарзни то ўзинг олиб бориб бермагунингча сўрамайдиган қўли очиқ  инсонлар  туридан эди. Тўлқин Қораевдан ўзбек қочқинлари фақат яхшилик кўрдилар.
Тўлқин Қораев уйида мен учун жой йўқлиги сабаб  мени  Туркманистонлик қочқин Шамшод деган аёл ўзи ижарада турган уйига олиб кетди. Шамшодлар турадиган уй “Аламеддин” бозори тамондаги Фрунзе кўчасига жойлашган эди. Шамшод покистонлик паштун Азатхан билан шу уйда ижарага турар, уларнинг  бир ёшли Набилия Арафат исмли ўғиллари бор эди. Уйининг эгаси Ада Сергеевна деган ёши етмишлардаги, юз тузилиши эса 35-40 ёшлардаги аёлни эслатувчи кампир бўлиб, у мени илиқ қарши олди ва мени  уйнинг гўлахихонасига жойлаштирди. 2х2,5 метрли бу мўъжаз хонага  кампир икки табуреткани қўйиб устига шкаф эшигини ётқиздида бу қўлбола  ўринга эски пўстинларни тўшади. Сўнг дераза дарпардасини чойшаб қилиб ёпинишга адёл  берди. “Мана, ўғлим , сенга қўлбола каравот” – деди у самимий кулиб. Шунда унинг тишлари ҳали ҳам бақувват ва соғлом эканини кўриб хайрон қолганман. Шамшод Азатхан билан катта уйда яшайдилар, бирга овқатланамиз, улар кечалари  мени телевизор кўришга таклиф  қилишади, тортинма дейишади. Барибир бироз ноқулай. Ховлида ҳаммом, ошхона бор. Хонам деразаси ёнига кампир стол-стул қўйиб бергани айниқса қувончли бўлди. Стулда ўтириб деразадан ташқарига қарайман. Дорвоза ёнидаги  инда Рейк исмли қопоғон ит ётади. У баъзан  зерикса занжирини шалдиратиб инидан чиқади, букилиб абжағи чиққан баклашкани гоҳ оёқлари билан уриб – суриб, гоҳ тумшуғи билан ерга пайпаслаб, ғажиб, ирғитиб ўйнайди. Ада Сергеевнани биз “бабушка” деймиз.
 Бабушка гарчанд қизи билан кўп қаватли уйда турсада, ҳар куни бир маҳал албатта ховлига келиб ошхонадаги картон қути ичида тўшалган яшил адеялда ўтирганича мудрагувчи Васька номли мушугига ва Рейкка қозонда бўтқа пиширар, бўтқа совисин учун уни тоғораси билан қор устига қўйиб итнинг тагини тозаларди. Ин ичидан хашакларни титиб чиқариб юборган итга танбех берар,  ит қизиқиш билан кампирнинг хатти-хракатларини кузатиб турарди. Ада Сергеевна итга бўтқани совутиб берар, мушуги Васькага колбаса едираркан  “Васька, хулиган. Ҳар куни келадиган қушларнинг биттасини тутиб еб қўйибсан, йиртқич” деб қўярди. Сўнг эски-туски   тахталар ғарами устидаги картонга майда нон увоқларини сочади. Бу жой менинг хонам деразасининг рўбарўсида  бўлгани учун ҳар тонг нон увоқлари билан нонушта қилаётган қушларни кўриб тураман. Азатхан картонни - кўртўн, птицани – питиция деб талаффуз қилади. Баъзан ошхонада кампир билан сухбатлашиб ўтирсак у:
- Бабушка, Алла ес, челавека и питици делайт. Кроме Аллаха не кито так не делайт – деб унга Аллоҳнинг ягона яратгувчи, қудратли зот эканини тушунтирмоқчи бўлади. Азатнинг соқоли доим ўсиб юради. Соқолини таглаб қирмайди Жуда ўстириб ҳам юбормайди. Кампир унинг гапларини маъқулларкан:
- Да, сынок. На самом деле Ваш Аллах и наш Господь одно и тоже. Хотя у нас разные веры. Но Бог один – деб қўярди. Азатхан баъзан:
- Э, Халдар, я  ес политолог. Брат мўй живийўт  в Невверке. Он мене прислал эти амиркани сапаги.Тисяча дўлўр стоит. Это ес амиркани салдати адвайт, чтоби змея не кусала ноги - у шундай деб, акаси Нью- Йоркдан юборган этигини мақтайди. Сўнг айвондан кўча тамондаги қор босган оқ қайинларга ўйчан термулиб давом этади:
- Халдар, я  в  Европу  еду  учится на политолога. Получаю ес висшие образаваня и поеду абратна в Авганистан. И стану президентом  в  места Ҳамид Карзая. Если я стану президентом Авганистана, в городе Мазари шариф тебе пастрою большо-о-ой дом. Ты ес хороший человек – дерди   у.
- Спасибо – деб қўяман. У бироз ўйланиб  туриб қўшимча қилади:
- Э, Халдар, Халдар. Здис ес свидетели Йогова. Некотори   киргизи тоже приняли кристян. Зачем а? Самий ҳарўший эта, Алла ес.
- Да – дейман мен. Кейин не кристьян ва христиан дейман. Азатхан гарчанд рус тилида қийналиб сўзлашсада инглиз тилини жуда яхши билади. Мен ҳам  бу ерларда бекор юрмай япон ёзувчилари: Сакё Камацу, Морио Кита, Синити Хоси, Тану Маюмура, Кабо Абеларнинг прозаларини ажойиб испан шоири Альфредо Виварнинг ва хитой шоири  Лу Ю нинг шеъриятини ўқирдим.
Бир куни кундузи қўшни хонадан мунгли қўшиқ оханги қулоғимга чалинди. Қарасам Азатхан куйлаяпти.
 У стулда ўтирган ҳолда деворга орқа миясини тираб шифтга тикилганича қўшиқ айтарди. Қўшиқ “Танхаи” яъни “ёлғизман” деб аталаркан:
Сая би-и-жаб, Са-а-я бижа-аб
Са-а-атти чўл хўгае-е-е..
Таржимаси: (Соям билан ёлғиз қолдим)
Эй си хе-е-е тан-ха-аи-и-и...
(Ёлғизман жуда)
Жина  пау, жина пау –у-...
Ммуди бина-а-а-а-ае-е-е-..
(Яшашни хохламайман, ўлим эса келмаяпти)
Азатхан куйлаган қўшиғини таржима қилиб бергач, унга рахмим келиб, эзилиб кетдим. Азатхан яна куйлай бошлади:
Махрў пали-и мера чехра-а
Дей ки кар, кафан ме-е-е-е.
Ли мусафирхў-ў из Ватанме-е,
Ажнаби-и-и шахрике-е-е-е
А-акоме де ки кал лл.
Чехра бадаллке-е-е.
Душмане когут тиолике-е-е
Дўсти хейри-и хува хўгае-е-е,
 Тобе ҳаммм, табахе хўгае-е-е-е..
Азатхан айтган қўшиғининг давомини ҳам таржима қилди. Бу қўшиқда Ватанни соғинган, мусофирнинг, ажнабийнинг дарду изтироблари акс этган экан. Азатхан қўшиқ куйлашдан тўхтаб, дадаси Афғонистонда Паштун лашкарбошиси  бўлгани, уни Бисмиллахоннинг  одамлари ўлдиргани, шундан кейин уларнинг оиласи дунёнинг тўрт тарафига тариқдай тарқагани ҳақида гапирди. Онамни соғиндим – деди у бироз туриб. Сўнг шифтга тикилганича унсиз йиғлай бошлади. Азатханнинг кўз ёшлари юзларини кесиб утиб кекирдаги тамон йўналаркан, ўсиб пўстаги чиқиб юрадиган соқолларини ивитиб юборди. Мен яна бир бор халқлар  бошига айрилиқ, кулфат солғувчи урушга лаънатлар ўқидим. Азатханнинг яна бир хикояси ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак.
 Кандахорда – дейди у – дарё бўйи чойхонаси бўлиб, у ерда  балиқ пиширилар, биз ҳам  ҳар замонда балиқхўрликка борардик.  Бир куни балиқ еб ўтирсак, бир машина қуролланган америка солдатлари келиб қолишди. Улар машинадан тушиб чойхонага киришдида, ташқаридаги столларга ўтиришди.. Буюртмалари тайёр бўлгач балиқ ея бошлашди. Шу пайт қаёқдандир 12 ёшлардаги афғон боласи кашкулда исириқ тутатиб келдида, америка солдатларига  исириқ  солиб эвазига назру ниёз олмоқчи бўлди. Бир махал солдатлар орасидан кимдир – Майкл! – дея бақирди. Афтидан кўз тегмасин учун солингувчи исириқни  билмайдиган америка солдатлари тутаётган кашкулни бомба деб ўйлаб огоҳлантирганди. Огоҳлантирилган Майкл эса қўркув ва шошилишда сакраб туриб автомати билан  исириқчи болани отиб қўйди. Суриштирсак бола бечоранинг отаси, акалари урушда ўлиб кетиб, онаси оғир касал ётган экан. Бола америка солдатларида пул кўп бўлади деб ўйлаган, исириқдан тушган пулга онаси учун дори дармон  олмоқни мақсад қилгани маълум бўлди. Албатта чойхонада тўс-тўпалон кўтарилди. Лекин боланинг ўлими учун ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмади. Аммо кейинроқ маълум бўлишича бегунох болани отиб қўйган ўша америка солдати виждон азобида қийналиб жинни бўлиб қолибди.
Шу хикояни эшитганимдан бери “Қандай қилиб дунёдаги урушларни тўхтатса бўларкин?” – дея ўйлайман. Баъзан мен шундай бир асар ёзсаму, у асарни дунё халқлари ўкиб ёппасига инсофга келса, барча катаклизмалар, фожеалар илдизини англаса ва урушга чек қўйилса деб орзу қиламан.

Давоми бор

Категория: Қиссалар | Просмотров: 1293 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz