Холдор Вулқон
Мақсад
( Эпифания)
Керакли
нарсаларимни йиғиштириб ярим кечаси
хеч кимга сездирмай ташқарига
чиқсаму бошим оққан тамонга қараб
жўнасам. Йўл - йўлакай осмонга қараб
ичимда : - Э, Худо – менга бир ховли
бергин. Хох Марсдан, хох Ойдан.
Фақат, ШУБКЖКРОН йўқ жойдан! – десаму
мен бораётган йўл адоғида осмон
билан ер туташган жойдаги олис,
қоронғу уфқларни унсизгина ёритиб
бахорий чақмоқлар чақнаса. Э, Худо
- десам мен яна чақинлардан юзларим
ёришиб. - Э, Худо, менга бир уй
бергин. Хох ёғочдан, хох лойдан.
Фақат ШУБКЖКРОН йўқ жойдан! - дея
кастимимнинг ёқасини қоялар остидаги
булоқдай сизиб чиқаётган севинч
кўз ёшларимга шу қадар қаттиқ
боссамки, кўзларимнинг олмалари
ирғиб чиқиб кетай деса. Мени кўриб
халитдан бери эргашиб келаётган
букри осмон ҳам севинганидан йиғлаб
юборса. Унинг кўз ёшлари шиддатли
жалага, ёзги селларга айланса. Ёзги
селлар аро одимлар эканман: - Э,
Худо - десам яна. Худойим, менга бир
вафоли дўст бергин. Хох гадодан,
ҳох бойдан. Фақат, ШУБКЖКРОН йўқ
жойдан!.. Менга ҳеч қандай жавоб
бўлмаган кимсасиз йўлларда мўъмин
сукунат худди покиза қалбли соқов
ҳамрох каби мен билан ёнма ён
кетаверса. Кузги соқов сукунат. Тиниқ
ва сокин сувларга тўкилган заъфарон
япроқларига ўйчан термулганича
қилт этмай турган дарахтлари билан
ёнма ён бораверса. - Э, Худо – десам
мен яна пичирлаб. Э, Худойим, менга
бир яхши қўшни бер. Ҳох тоғу тошдан,
ҳох сойдан. Фақат , ШУБКЖКРОН йўқ
жойдан!.. Мен шундай дея пичирлаб
қоронғу осмонга қарасам.Осмон ҳам
менга жавобан беғамгина ёғаётган
қорлари билан пичирласа. Қор зарралари
Жаннат капалаклари каби эркаланиб
сочу соқолимга қўнса. Юзларимга
қўнганлари эса иссиқ кўз ёшларимга
тойилиб эриб кетса. Э, Худо – десам
мен сўнги бор. Шу маҳал оёқларим
остидан ва ён веримдан майсалар
потраб униб талпиниб ингичка
бўйинларини ложувард нурларга чўзса,
ўриклар, гилослар шоша – пиша гуллаб
юборса. Сувлар жилдираб қушлар
чуғурласа. Шу маҳал кутилмаганда
гуллаган гилослар орасидан кимдир
чиқиб менга қадимий калитни
узатсада, гулларга бурканган ўрикзор
ўртасидаги уйлардан бирига ишора
қилса. Мен қувонч билан ўша уй
тамон борсам. Ҳайратлансам. Ичкарига
кириб нарсаларимни қўйгач, панжарасига
гуллар чирмашган айвонга чиқсам.
Нариги айвонда қўшнимни кўрсам.
Хурсанд бўлиб унга: - Ассалому Алайкум
– десам. - Воалайкум Ассалом – деса
қўшним. Қўшним билан суҳбатлашиб
унинг кимлигини билгач, ҳайратдан
ағрайиб қолсам. Қўшнимнинг исми
Муҳаммад Солллоллоху Алайхи Васаллам
бўлса.
25 сентябр, 2009
йил.
Кундуз соат 10
дан 58 минут ўтди.
Торонто шаҳри,
Канада.
|