Сешанба, 11.02.2025, 04:03Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Апрель 2009  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2009 » Апрель » 13 » Рассом ва шоир Одилжон Нишоновнинг Ўзбекистон Халқ Шоири, марҳум истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф ҳақида ёзган достони.
Рассом ва шоир Одилжон Нишоновнинг Ўзбекистон Халқ Шоири, марҳум истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф ҳақида ёзган достони.
10:11

Шоир армони



Одилжон НИШОНОВ 

(ДОСТОН) 

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
                                                       Алишер НАВОИЙ

БУЮК БАШОРАТ  

Хизробод ариғи жимирлаб оқар,
Ойдин сукунатда ухлар Қовунчи.
Она алласини тинглайди уйғоқ,
Энахон аянинг бийрон овунчи.
Ўғлига термилар Юсуфбек ота,
Ёнбошлаб оқ чойшаб тушалган жойга.
Гўдак алла тинглар тикилганича,
Дераза ортида порлаган ойга.
Боғлар зириллайди чирилдоқлардан,
Бу ёзги зулматнинг илоҳий сози.
Қишлоқ чеккасида адир томонда,
Узоқ акиллайди занжирбанд този.
Энахон аяга Юсуф ота дер:
- Хотин, ўғлимизда бир хислат боров.
Ўлмай катта бўлса, қараб турасан,
Буюк одам бўлар, ўйнайман гаров.
Она жилмаяди бешик тебратиб,
Гўдак қулоғига сингир алласи.
Олмос юлдузларнинг оғирлигидан,
Бир томонга оғар ойнинг палласи.

ИЛК МУҲАББАТ

Қоратури юзли кийик кўз бола,
Озғин, қирғий бурун, лаблари қалин.
Ўзин билганидан қолмайди асло,
Минг бора калтакла, юз бора ялин.
Суғд лашкарларин найзаси каби,
Қўлида пероли ёғочбанд ручка.
Партадоши Зеби сиёҳдонига,
Текизиб ёзганда тўлади кучга.
Зеби осилтирар манглайин сочин,
Аста сиёҳдонин ўртага суриб.
Муҳаммад қийналиб нотаниш ҳисдан,
Қилт этиб ютинар томоғи қуриб.
Домланинг гапларин эшитмайди у,
Унинг фикри ёди, хаёли қизда.
Қизнинг дийдорига тўймайди қараб,
Муҳаббат ўтидан юраги жизза.
Ҳеч йўқ хат-пат ёзиб ишқин лапашанг,
Изҳор қилолмайди юраги бетлаб.
Айтаман дейдию учрашган маҳал,
Айтолмай телбадек ўтади четлаб.
Уйқусин қочирар лаззатли қийноқ,
Тулғонар Зебини бир кўришга зор.
Булдуруқ қоплаган кумуш кечада,
Қор бўрон гувиллар ёғар лайлак қор.
Урилиб муҳаббат айсбергига,
Севгиси "Титаник” каби чуксинми?
Ёки қоғоз қалам олиб қўлига,
Дарду ҳасратларин шеърга тўксинми?
Ҳа, у шундай қилди, қаламни олиб,
Илк бора Зебига атаб шеър ёзди.
Зебига аталган маъдан сўзларни,
Қалам билан ковлаб қалбидан қазди.

Зебихоннинг сочлари,
Товонига тушади.
Сочларига термулсам,
Юрагим увишади …
Зебихоннинг қошлари,
Қалдирғочдан қорадир.
Қошларига термулсам,
Юрагим минг порадир.
Зебихоннинг юзлари,
Қизғалдоққа ухшайди,
Кулиб турган юзлари,
Юрагимда яшайди …
Зебихоннинг ўзлари,
Бизни кўрмай ўтади.
Кўрмагандек бўлса ҳам,
Салом бермай кетади.
Бизга қолганда шавқат,
Қилмадинг-а, муҳаббат.
Зебихоннинг қадрини,
Билмадинг-а, Муҳаммад!

СЕҲРЛИ НОЛАЛАР

Бугун Қовунчида тўй бор, така-тум,
Бугун беришмоқда Зебини эрга.
Бу буюк армонни, ҳайбатли дардни,
Муҳаммад сиғдира олмайди шеърга.

Осмон олис, осмон жим,
Марҳаматда қор ёғар.
Сени қандай севардим,
Кўролмади қарғалар.

Ҳай-ҳай улан, жон улан,
Жоним қақшар, ёр-ёр.
Қайда бўлсанг сен билан,
Севгим яшар, ёр-ёр …

Осмон олис, осмон жим,
Осмон қулоқ солади:
Юрагимни соғинчим
Ғижжак қилиб чалади.

Ҳай-ҳай улан, жон улан,
Жоним қақшар, ёр-ёр.
Қайда бўлсанг сен билан,
Севгим яшар, ёр-ёр …

Осмон олис, осмон жим,
Осмон юлдуз тушайди.
Билагингда бармоғим
Изи борга ўхшайди.

Ҳай-ҳай улан, жон улан,
Жоним қақшар, ёр-ёр.
Қайда бўлсанг сен билан,
Севгим яшар, ёр-ёр …

Бугун ўн минг шамли чироқ ёқса ҳам,
Ёришмас ошиқнинг ётган хонаси.
Ҳар замонда кириб, бошини силаб,
Тўйга бормайсанми дейди онаси.

Бугун қўшни қишлоққа,
Келин келди ёр-ёр.
Боролмайман у ёққа,
Ултираман зор-зор.
Онам айтар: зерикмай,
Ўғлим тўйга бор-бор.
Боролмайман онажон,
Ор қиламан, ор-ор …

Муҳаммад қўяди магнитафонни,
Ундан таралади сеҳрли нола.
Шифтга тикилганча тинглайди ошиқ,
Муҳаббат юракда узилган тола.

Шерали Ҳофизнинг қўшиқларини,
Тингласа, ошиқнинг бўлинар дарди.
Унинг назарида баъзи ҳофизлар,
Шерали Жўраев санъатин гарди.

Кеча оқшом фалакда,
Ой бузариб ботганда.
Зуҳро юлдуз милтираб,
Хира ханда отганда.
Мен сени эсга олдим,
Биринчи муҳаббатим.
Эслаб хаёлга толдим,
Биринчи муҳаббатим.
Йўлин йўқотса одам,
Муҳаббатга суянгай.
Ғуссага ботса одам,
Муҳаббатга суянгай.
Мен кимга суянгайман,
Биринчи муҳаббатим?

Ошиқ кўзларида ялтирар кўз ёш,
Унсиз йиғлаганча титрайди лаби.
Дуодай шифобахш қўшиқ сўзлари,
Атай унга атаб ёзилган каби.
Қўшиққа суяниб қоларкан одам,
Дардига қўшиқдан топаркан чора.
Қўшиқларни тинглаб Муҳаммад шу кун,
Ўшандай туйғуни сезди илк бора.

Махмуд сени эслаб ҳар кун
ёд этади,
Сени эслаб ҳазин кўнглин
шод этади.
Севсанг уни деразангдан
боқ ҳар саҳар,
Қалби унинг қушча бўлиб
фарёд этади.
Яна баҳор қайтармикан,
сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан,
сен айтмасанг.

Ярим кечагача тинмайди қўшиқ,
Ғариб ой осмонда сузар.
Олислаб боради сурнай ноласи,
Ҳадемай Зебининг тўйи ҳам кузар.

- Бўлмадим деб узугингга кўз,
Армон билан ёнмоқда юлдуз.
Бўлайин деб қўшиғингга сўз,
Рубобимга қўнмоқда юлдуз.
Мени ташлаб кетма, Нодира,
Юрагимни эзиб, ёндира …

Шерали Жўраев қўшиқларини,
Муҳаммад тинглайди қайта ва қайта.
Ой ботиб, тонг отиб боғлар қўйнида,
Қушлар ҳам уйғонди қўшиқлар айта.

ТЎЙ

Ёзги боғлар аро сайрар қарқуноқ,
Шақиллаб қоларди қайдадир ҳакка.
Уйланмаса бўлмас йигит дегани,
Яшаб бўлмас экан дунёда якка.
Хаёл дарёсида оқади шоир,
Мисоли сандиққа солинган Тоҳир.
Ота-онасининг маслаҳатила,
Муҳаммад бир қизга уйланди охир.
Мувозанат сақлаб яшамоқ мушкул,
Замин деб аталган баҳайбат шарда.
Озод хаёллардан тусолмас буткул,
Никоҳ гушангаси, чимилдиқ парда.

Гарчи ипак деворинг,
Ҳеч ким сени кўрган йўқ.
Аммо икки дунёда
Сендан баланд қўрғон йўқ.

Қўш юраклар ёғдуси
Ўзинг бешак чимилдиқ.
Бўй қизларнинг орзўси
Шоҳи тушак чимилдиқ.

Куёв кутган орзиқиб
Ҳаёт сендан бошланар.
Келаётган аллаю
Баёт сендан бошланар.

Тилагим шу бойлансин
Жон риштаси жонингга.
Йўламасин ҳеч бир қиз
Рози бўлмай ёнингга.

Қўш юраклар ёғдуси
Ўзинг бешак чимилдиқ.
Бўй қизларнинг орзўси
Шоҳи тушак чимилдиқ.

Йигитнинг қувончи ичига сиғмас,
Мисли тўлпор совға қилинган мўғил,
Чунки хотинининг кўзи ёриди,
Унга туғиб берди қўчқордай ўғил.
Унга насиб этди оталик бахти,
Унинг зурриёди шу мурғак жисм.
Муҳаммад пок эзгу-орзулар билан,
Қўйди Шерзод дея ўғлига исм.
Меҳр билан боқиб гудак кўзига,
Деди: - Бобур каби дилбар шахс бўл.
Лекин сени ғурбат, мухожиратга,
Етаклаб кетмасин қисмат деган йўл.
Шоирликни асло, қилмагин ҳавас,
Ўғлим мендек шоир бўлмагин.
Дунёнинг хатарли хилватларида,
Саҳро чечагидек бевақт сулмагин.
Ҳуқуқшунос – судья бўлгин улғайиб,
Тарози палласин тўлдирсин адл.
Ночор одамларни ҳамиша қўллаб,
Бошинг мағрур тутиб одимла дадил!

ХАЙР, МАРҲАМАТ!

Шоир бўлган экан Сергей Есенин,
Олис Рязаньдан Московга кетиб.
Муҳаммад ўйлайди "муҳитдан йироқ,
Умримни ўтказиб юрибман нетиб”.
Шоир шеърларини солди хуржунга,
Унинг ўжар феълини бўлмас тузатиб.
Она дуо қилиб қайсар ўғлини,
Кўзида ёш билан қолди кузатиб.

Ёр, эшигинг очилмади мен учун,
Тилингдан бол сочилмади мен учун.
Уйингдан жой топилмади мен учун –
Кетар бўлдим юзингни бир кўролмай …

Келдим десам жойинг бўлак дедилар,
Севдим десам тенгинг бўлак дедилар.
Сенинг севгинг кимга керак дедилар …
Кетар бўлдим юзингни бир кўролмай …

Куйма ёрим, куйдирмагин, куйма ёр,
Бир яхшига бир ёмон ҳар жойда бор.
Икки яхши яшнаган жой қайда бор?…
Кетар бўлдим юзингни бир кўролмай …

Дерлар: жон соғ бўлса жаҳон топилгай,
Бир парча ер, парча осмон топилгай,
Лекин қайда сендек жонон топилгай,
Кетар бўлдим юзингни бир кўролмай …

Ёр, эшигинг очилмади мен учун,
Тилингдан бол сочилмади мен учун.
Уйингдан жой топилмади мен учун –
Кетар бўлдим юзингни бир кўролмай …

Пичир-пичирлар кўп, миш-мишлар тинмас,
Шоир қайрилмади бир бор ортига.
Шу куни Марҳамат Шош орасида,
Бўлинди юраги икки ёртига.

Шерзод ўғлим, шер ўғлим –
Полвон ўғлим.
Сени соғинмаганим,
Ёлғон ўғлим.
Соғинганда мултираб,
Йўл қарайман.
Менинг кўксим бу – Дашт,
Армон ўғлим.
Юрагимда соғинчу,
Ғурур яшар.
Ғурурсиз яшамоқ кўп
ёмон ўғлим.
Умр силкиниб турган
Қилкўприкдир.
Ундан ўтмоқ кимга ҳам
Осон ўғлим …
Шерзод ўғлим, шер ўғлим,
Полвон ўғлим.
Сени ташлаб кетганим,
Ёлғон ўғлим …

Хайр Марҳаматим, туғилган ерим,
Хайр, эй Мингтепа, хайр Қовунчи.
Хафа бўлган кезлар мени юпатган,
Шоир юрагимнинг тотли овунчи.
Ёзсам мен аввало сизни ёзарман,
Сара шеърларимни сизга айтаман.
Бир кун номигизни элга таратиб,
Катта шоир бўлиб қайтаман.

АССАЛОМ, ТОШКЕНТ!

Оқшом ўз уйида газета ўқиб,
Ўлтирганди Ҳазрат Абдулла Ориф.
Эшик қўнғироғи жиринглайвергач,
Қўзғалди ва очди эшикни бориб.
Остонада турар одми кийинган,
Арабга ўхшашиб кетгувчи бола.
Гўёки у билан шоир уйига,
Эргашиб келганди қир-адир, дала.
- Келинг, яхшимисиз, хуш – хизмат, - деди.
Шоир Муҳаммаднинг кўзига боқиб.
Шундоқ ҳам ҳаяжон ичида турган,
Бола юрагига аланга ёқиб.
- Марҳаматдан келдим, - деди Муҳаммад,
Мен сизга энг содиқ шогирд бўламан.
Ё мен улкан шоир бўламан ёки,
Ялпизга суяниб охир ўламан.
Ҳазрат бу гапларга самимий кулди,
Меҳмонни бошлади ичкари томон.
Кўзи тушди йиртиқ латта бошмоққа,
Меҳмон пояфзалин ечгани замон.
Шу куни Муҳаммад Ҳақ амри билан,
Буюк бир шоирнинг этагин тутди,
Севинчдан уйқуси қочиб шеър битиб,
Тезроқ тонг отишин орзиқиб кутди.
Тонгда устоз унга ўз туфлисини,
Совға қилди, юзда табассум ийиб.
Шу куни Муҳаммад ғурури осмон,
Юрди буюк шоир туфлисин кийиб.

АЖАБ ДУНЁ ЭКАН …

Қайтарар маломат бўронларини,
Устознинг метиндай бақувват садди.
Шоир кириб борди шан давраларга,
Ўтли шеърлар билан букилмай қадди.
Қанча-қанча ўзин даҳо билганлар,
Кераксиз сўзларни совурди бодга.
Муҳаммад кулгили бир шеъри билан,
Халойиқ дўпписини туширди ёдга.
Куйлади тўн, яктак, узун кўйлакни,
Кейин "Халқ бўл!” дея хайқирди элга.
Гўё ёвдан қочиб яшинга учраб,
Ёмғирдан беркиниб дуч келди селга.
Бир куни қувончдан Муҳаммад учун,
Осмонга айланди Тошкентнинг ери.
"Муштум” мажалласин саҳифасида,
Чиқиб "Туркман қизга” аталган шеъри.

Айланаман Шарқни кезиб айланаман,
Иболи бир ёр тополмай ўйланаман.
Ўз юртимнинг сулувлари тил уқмаса,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

Кўзим тушса юзлари лов-лов ёнади,
Елкасида қирқта чаман товланади.
Кесилмаган кокиллари тулғонади,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

У элининг урфларини қилмайди хор,
Бешиги ҳеч алласига бўлмайди зор,
Қошларида момосининг ўсмаси бор,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

У ажралиб турар турфа гул ичида,
Офтоб чиқиб, офтоб ботар кулгичида,
Ўз тилида гапирмайди тил учида,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман …

Бир хил либос киймиш, кўрдим, нечалари,
Ойбалдоғи ёниб турар кечалари.
Яшнаб кетар юрса Тошкент кўчалари,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

Гушангага кирганимда ёрга етиб,
Менга улан суйлаб берар ёдлар этиб.
Боболарим руҳларини шодлар этиб,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.

Қўшиққа айланди тезда бу байтлар,
Шоирга тикилди ҳофизлар кўзи.
Пайдар-пай қўшиққа айланаверди,
Шоирнинг ҳар шеъри, ҳар битта сўзи.
Тошпўлат, Охунжон, Ғиёс, Муҳриддин,
Қўшиқлар чаманин булбули Юлдуз.
Шоир ёзган шеърлар куй қанотида,
Юрт узра таралар кечаю кундуз.
Ҳофизлар шеър сўраб, туради қатор,
Олисларда қишлоқ, пахса, чавралар.
Бу ёқда шоҳона зиёфат ва тўй,
Шоирга мунтазир улкан давралар.
Не-не даҳоларни йиққан майхўрлик,
Не-не истеъдодлар сўнди шу майдан.
Элим, майга ошна бўлган болангни,
Эҳтиёт қил, йўқса, топарсан қайдан?
Нолиш, ношукурлик Худога исён,
Омадли шоирнинг ишлари ўнгли.
Шунча ҳофиз шеърин куйлаб турса ҳам,
Муҳаммад Юсуфнинг тўлмайди кўнгли.
Шерали Жўраев нечун шеъримдан,
Ҳеч йўқ биттасини қўшиқ қилмади.
Ижодимни барча севар, наҳот у
Ёзган шеърларимни кўзга илмади.
Ажаб дунё экан юзлаб ҳофизлар,
Шеър сўраб мен сари талпинган замон.
Бир дона шеъримни қўшиқ қилса деб,
Интилдим Шерали ҳофизга томон.
Бу уйлар шоирни қийнади узоқ,
Умрида орзўлар шамоли елди.
Бир куни Шерали Жўраев билан
Учрашиб сўзлашни мавриди келди.
- Шер ака, - деди у овози титраб,
- Қўшиқ қилмасангиз юрак ноламдан,
Дунёда энг бахтсиз бир кимса каби
Армон билан ўтгум ушбу оламдан.
Шерали Жўраев ўйланиб қолди,
Сўнг деди: ниятни яхши қил жигар,
Сенинг шеърингни ҳам қўшиқ қиламан,
Майхўрликни буткул ташласанг агар.

Қилай десанг умринг асосин маҳкам, *
Ва кўнглинг дунёда бир бора ҳуррам,
Шароб сипқармоқни ташла жон укам,
Топмайсан умрингдан лаззат дамо-дам.
Ҳушёр бўл, ёғдирар бало бу жаҳон,
Хотиржам ўтирма наштар бу даврон.
Оғзингга ширинлик солганида ҳам,
Зинҳор юта кўрма оғўси пинҳон.

Муҳаммаджон бир оз унғайсизланди,
Жавоб бермоқликка аста шайланди:

Армон ила умрим айладим барбод, **
Умримда бирор кун бўлолмадим шод.
Қўрқаменки, умрим бермас омонлик,
Адолат истаб мен дод этармен, дод!
Бу кун менинг кўнглим қувноқ замоним,
Ичамен ушалур орзу-армоним.
Айб қилмангиз, аччиқ бўлса-да шароб,
Аччиқдир, чунки у ҳаётим, жоним!

Муҳаммад "ичмайман”, деди ҳофизга,
Лекин енголмади ичкиликни у.
Баъзан буюкларни ғарқ қилар экан,
Ичкилик денгизи, поёни йўқ сув.
Ичкилик ичсада Муҳаммад Юсуф,
Шеър билан золимлар бошини эгди,
Юз бор Ҳажга борган кимсадан кўра,
Бандаларга кўпроқ фойдаси тегди.
Вужудин ўртади, қатли ом ўтмиш,
Тарих деворига сачраган ул кон.
Қонида яшарди Дукчи Эшонлар,
Қалбида қайнарди ўтли бир вулқон.
У тинмай ёзарди, ёзиб озарди,
Назм осмонида порлаган талант.
Севинчдан кўзда ёш ҳаммадан бурун,
Истиқлол байроғин кўтарди баланд.

ЎҒЛИНИ СОҒИНИБ, ҚУМСАГАН ДАМЛАР

Шоирга ўз севган кулбаси аъло,
Ҳаловатсиз қаср, саройга кўчмас.
Жим-жит кечаларда то тонгга қадар,
Муҳаммад Юсуфнинг чироғи ўчмас.
Тунлар қадрдони, қоғоз ва қалам,
Шеърият шоирнинг ёлғиз овунчи.
Соғинтирар киндик қони тўкилган,
Олис олисларда қолган Қовунчи.
Совуқ куз кечаси, боғларда шамол,
Ёмғир ёшидан дарахтлар тоир.
Бола-чақасига билдирмай тунда,
Ўғлини соғиниб, йиғлайди шоир.

Охир борар жойим шу қора тупроқ,
Ётарман майсалар ёпиниб бир кун.
Мен сени ўйларман ўзимдан кўпроқ,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин …

Дунёи дун найрангларга тўладир,
Тили болдан ширин дўстлар бўладир.
Юракдан чиқмаган сўзлар бўладир,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.

Фалакнинг қўйнида музлари бордир,
Учқур йигитлари, қизлари бордир.
Кафтингда кетмоннинг излари бордир.
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.

Сувларнинг юзида сузади хаслар.
Одамзод кимларга қилмас ҳаваслар …
Оғир кунда юртин сендайлар асрар,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.

Ҳар тун тушларига кирар онаси,
"Болам уйга қайт” деб бағрига чорлар.
Қоронғу дарчага боқади шоир,
Киприкдан кўз ёши дур каби порлар.
Вужуди соғинчдан саҳрои кабир,
Карбало даштида самум, жазира.
Яхшиям сен борсан, она шеърият,
Шоир юрагида ҳадсиз хазина.
Аччиқ чой келтирар Назира Бону,
Ухлайди гулғунча, севимли қизлар.
Давлат байроғини ўпаётгандай,
Фарзандлар ёнида букилар тизлар.
Шоир қизларига тикилар узоқ,
Елкасини эзар масъуллик тоши.
Энди ўғлини ҳам уйламоқ керак,
Йигирмадан ўтиб кетмоқда ёши.
Баъзан отасининг қадри ўтади,
Баъзан қаҳат бўлар панд, ҳам насиҳат.
Лекин ёлғизлатиб қўймас ўғлини,
Менинг қадрдоним, дўстим Муҳаммад!

БОТИБ БОРАЁТГАН ҚУЁШГА ЎХШАБ …

Мана неча ойки шоир қийналар,
Мана неча ойки қочади тоби.
Лек тунлар шеър ёзиб бағри қийналар,
Тонггача ухламас, кўзда йўқ хоби.

Менинг севгим, мен билмадим, менинг севгим,
Кўзинг шаҳломиди сенинг, хумормиди,
Эртакдаги Лайли сендай дилдормиди,
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим …

Гоҳ гул бўлиб яшнади дил, гоҳ сўлди дил,
Гоҳ йиғлатиб, гоҳи ўзи қон бўлди дил,
Томоғимда чирқираган жон бўлди дил,
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Сен қуш бўлиб учдинг-кетдинг, тутолмадим,
Оҳу бўлиб қочдинг, қувиб етолмадим,
Бир бор кўриб бир ширин сўз айтолмадим,
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Жаннат гулин лабларидан лаззат сурдим,
Омад гулин юзларида чиммат кўрдим,
Шоир бўлдим, шоҳлардан кўп иззат кўрдим! …
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Сени фақат олислардан аллаладим,
Эркаласам – хаёлимда эркаладим,
Сочларингни тушларимда сийпаладим,
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Қош оқарди юракдаги шу бир чўғ деб,
Армондаги, тилакдаги шу бир чўғ деб,
Юрагим қон йиғлар бўлди севги йўқ деб,
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Ана ажал остонамда турар бўйлаб,
Фаришталар чорлар менга улан сўйлаб,
Жаннатларда зерикарман сени ўйлаб! …
Ай, юзингни бир кўрмадим, менинг севгим.

Озғин қўлларини иякка тираб,
Ойга тикилганча хаёлга толган.
Авлиё шоирга шу дамлар э, воҳ,
Осмоннинг охири кўриниб қолган.
Мисра бунёд бўлди, тахминан шундай:
"Киприкда осилиб турибди довон”.
Кетгиси келади юртига унинг,
Водийнинг тасмадек йўллари равон.

Эртагим чўзилди, менинг эртагим …
Эртага энди бу дунёдан ўтсам,
Ҳаёт, азизим, сен хафа қилмагин,
Менинг ширингина қизларимни ҳам.

Кўнглимдан тўкилган куйлар нимадир,
Алвон қўшиқларим учар изимдан.
Ёзган китобларим – қоғоз кемадир,
Мен кетсам, улар ҳам кўчар изимдан.

Кулга кўмдим олтин фурсатларимни,
Энди бир кун фақат дадил ва ўктам
Шоирчалар қилса ғийбатларимни,
Балки, бирон кимса эслар мени ҳам.

Эсламаса нима, мен бир тўпори,
Қишлоқи сўзбони, осмон йиқилмас.
Уриб турган қалбнинг тирикдир зори,
Тўхтаганидан сўнг юрак сиқилмас …

Мен сенинг борингга бўлдим парвона,
Саҳроларинг кезиб толди товоним.
Кипригим олдида турибди, мана,
Товусдай товланиб охир довоним.

Эртагим чўзилди, менинг эртагим …
Тонгни кўролмасдан дунёдан ўтсам,
Ҳаёт ёлғизим сен хафа қилмагин,
Менинг ширингина қизларимни ҳам! …

Шеърини Шер ака куйламас бўлди,
Наҳотки бу энди абадий армон?
Унга "Халқ шоири” унвонин бериб,
Газетада эълон қилинди фармон.
Унинг унвонига ҳасади келиб,
Кимлардир гезарди, кимдир кўкарди.
Шоир эса ҳамон кундан-кун озиб,
Мадори қурирди, кўзи чўкарди.

Маъюс куним кўзим тушса,
Қўяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен эй инсон, тушунмайсан.

Куйиб кўксим ўтар бўлсам,
Оқар бўлсам, кетар бўлсам,
Мени дарё тушунгайдир,
Сен эй уммон, тушунмайсан.

Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,
Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,
Мени Лайло тушунгайдир,
Сен эй жанон, тушунмайсан.

Менинг йўлим узун армон,
Ўзим довон, ўзим карвон,
Мени саҳро тушунгайдир,
Сен эй сарбон, тушунмайсан.

Менинг борим эрур кўнглим,
Менинг ёрим эрур кўнглим,
Маъюс танҳо тушунгайдир,
Сен эй хандон, тушунмайсан …

Маъюс куним кўзим тушса,
Қўяр осмон, тушунмайсан.
Мени Оллоҳ тушунгайдир,
Сен эй ҳоқон, тушунмайсан.

Кўнглим гул, кўзларим гулдир,
Юзим гул, қўлларим гулдир.
Мени сабо тушунгайдир,
Сен эй тўзон, тушунмайсан.

Ғуборимдир бўйи райхон,
Миноримдир тилим бийрон.
Мени дунё тушунгайдир,
Сен эй нодон, тушунмайсан.

Устози, дўстлари завжаси йиғлар,
Шоирнинг дардига тополмай чора.
Ботиб бораётган қуёшга боқиб,
Ҳофизлар йиғлади юраги пора.
Бу маҳал қўлида чалғиси билан
Ўлимнинг сояси келарди писиб.
Вафотин олдиндан сезиб шайланар,
Шоир авлиё Муҳаммад Юсуф.

Кўнглим қолса булбулдан ҳам гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам …
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у …

Сиғмай қолсам шундай кенг бу жаҳона,
Осмонларга руҳим бўлса равона.
Жонсиз таним устида ҳам парвона -
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у …

Тонар бўлса қўлимдаги тор, дунё,
Уч кун ўтмай унутгай дўст-ёр дунё.
Еру кўкни титратиб зор-зор дунё –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у …

Гулдай кулиб юрмасмиди ўғлим деб,
Кўриб кўнглим тўлмасмиди, ўғлим деб,
Онанг ўлса бўлмасмиди ўғлим, деб
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у …

Кўнглим қолса булбулдан ҳам гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам …
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у …

ЯНА БАҲОР ҚАЙТАРМИКАН …

Шоир кетиб бўлди етолмадингку,
Эй, вақт найзаси, отилган камон.
Бунча имиллайсан тошбақа каби,
Шоирингдан ортда қолдингми замон?
Тафаккур, тахайюл қуюнларида,
Умрим саҳролари бормоқда тўзиб.
Узоқ-узоқларда Муҳаммад Юсуф,
Кетиб бораётир вақтдан узиб.
Ялпизга суяниб бўларми дебман,
Суянса бўларкан, фақат шеър ёзиб.
Ватан, халқ, ҳақиқат қайғуси билан,
Ялпиз кўтаргудек ҳолатда озиб.
Қарздормиз ялпизга суяниб ўлмоқ,
Санъатин бизларга ўргатган зотдан.
Унинг ўзбекона содда шеърларин,
Тоабад одамлар чиқармас ёддан.
Узоқ тикиламан қирларга энди,
Далаларга чиқиб пичанлар ўрсам.
Шоирни эслайман баҳор чоғлари,
Ариқлар лабида ялпизни кўрсам.
Ялпизни кўрганда балки йиғларман,
Ҳурликдан қадалиб томоғимга тош.
Энг ноёб марварид доналаридек,
Тўкилар кўзимдан қатра-қатра ёш.

Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.

Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, Она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр, Она …

Тузалмас бу дардим менинг,
Умидим йўқ.
Хира шамдек кўзларимда
Сунмоқда чўғ.

Чўғ нимадир? Чўғ ҳам тутаб,
Кул бўлади.
Инсон бир кун ўз майлига
Қул бўлади …

Юрагимни тамом қилдим,
Йиғлайвериб.
Ҳузуримда ажал турар
Қошин кериб.

Мен ҳаётда ўлимга тик
Боқиб ўсдим …
Қани менга аталган жой,
Кетдик, дўстим!

Начора, бу фоний дунёда рихлат,
Инсон манглайига битилган фармон.
Марҳаматнинг мовий адирларида,
Чайқалар қизғалдоқ – қирмизи армон.

Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,
Уксиб-уксиб турганингда ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ …

Солланасан келинчакдай бошинг эгиб,
Жайрон ўтган суқмоқларга ёшинг тўкиб,
Қизил юзинг қон дилимга турар тегиб,
Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ …

Қадринг билган, дардинг билган, айт, киминг бор? …
Келиб-кетар баҳор сенга бевафо ёр,
Гўзалсанки, сенга бари гуллар ағёр,
"Оҳ”, урсанг бир оҳинг тинглар остонанг йўқ …

Олдингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй, мен дунёдан ўтган чоғим,
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим,
Муҳаммаддан бўлак дўсти девонанг йўқ.

ШОИРИНГ ЎЛМАГАН, ЎЛМАГАЙ ЭЛИМ

Нега йиғлаяпсан йиғлама элим,
Эзиб ўртамасин юрагингни дард.
Ҳамон яшаётир Муҳаммад Юсуф,
Шоиринг ўлмаган, кўз ёшингни арт.
У ёдга тушади дўппини кўрсак,
Порлоқ шеърларидан зулмат ёришар.
Оппоқ тўлпорларни минганимизда,
Ёллари сочимизга қоришар.
Туркман қизларга зимдан қараймиз,
Қўл-чи гулдасталар узатар.
Узун кўйлак кийиб ўзбек қизлари,
Ҳаё ва ахлоқини тузатар.
Самарқандга борсак албатта,
Улуғбекни кўриб қайтамиз.
Аста шаклланиб сўз эркинлиги,
Биз ҳам дардимизни айтамиз.
Токи янграр экан тилларда қўшиқ,
Токи ёд биларкан шеърини авом.
Ҳеч қачон ўлмайди Муҳаммад Юсуф.
Унинг умри мангу этади давом!
Илоҳим, жайдари, содда шоирнинг
Ётган қабри тўлсин раҳматга, нурга.
Аллоҳ гуноҳларин мағфират қилсин,
Шеърлар ўқиб юрсин Жаннатда Ҳурга!

——————————————————
* ва ** Умар Ҳайём рубоийларидан.

P.S.
ДОСТОНГА ДОИР ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

Камина 2008 йил 15-20 май кунлари Фарғона водийсига сафар қилганди. Андижон шаҳрида улуғ ҳофиз ва шоир Шерали Жўраев мухлисларидан бири бўлмиш шоир Одилжон Нишонов билан учрашиб суҳбатлашди (О.Нишонов ҳақида қўшимча маълумотлар қуйидаги китобнинг 11-бандида ёзилган: Ш.АҲМАДЖОНОВ. Шерали Жўраевдек ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади. – http://www.uzbekcongress.org/ddkitob/sherkril.htm (www.uzbekcongress.org www.turonzamin.org даги "ДЎК китоблари” рукнида чоп этилган); http://yangidunyo.com/wp-content/uploads/2009/03/sherali-joraev.pdf (www.yangidunyo.com «Янги Дунё» кутубхонаси» 2009 йил 16 март); http://www.himoyachi.ucoz.ru/news/2009-03-17-892 (www.himoyachi.ucoz.ru 2009 йил 17 март)).

О.Нишонов каминага ўзи ёзган Шерали Жўраев ҳақидаги "Қўшиқ сеҳри” номли китобни дастхат ёзиб совға қилди. У раҳматли шоир Муҳаммад Юсуфга бағишлаб ёзган "Шоир армони” номли достонини қуйидаги сўзларни ёзиб тақдим этди:

"Фидоий инсон, Ўзбегимнинг мард ва забардаст ўғлони, дўстим муҳтарам Шуҳратбек Аҳмаджоновга чин юракдан тақдим этаман.
Ўйлайманки, бу китоб дўстимнинг қўлида беиз йўқолмайди. Минг-минглаб шоирнинг мухлислари ҳукмига ҳавола этилади.
Яхши ният ва эзгу тилаклар ила Одилжон Нишонов имзо
16 май 2008 йил. Андижон шаҳри, АДТИ (Андижон Давлат тиббиёт институти, А.Ш) клиникаси, рассомчилик устахонаси.”

Камина ўзининг "Шерали Жўраевдек улуғ ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади” номли китобининг тўртинчи нашрида раҳматли шоир Муҳаммад Юсуф ҳақида алоҳида параграф ёзиш нияти бор. Унда унинг машинасига 2000 йил 31 августда Тошкентдаги Оққўрғон (Новомосковский) кўчасида "Жигули” машинаси келиб урилгани ва шоирга оғир жароҳат етказилгани, бу авария бесабаб бўлмагани, 2001 йил 8 август кунига унинг юбилей кечаси ўтказиш режалаштирилиб, Тошкентда юзлаб эълонлар илингани, лекин 2001 йил 31 июл куни Хоразм вилояти Элликқалъа туманидаги тантаналардан кейин у "тўсатдан” вафот этгани ҳақида ва яна айрим маълумотлар берилади, Аллоҳ хоҳласа.

Таъкидлаш лозимки, шоир О.Нишонов достонни яхши ёзган. Достоннинг яхши томонларидан бири – шоир Муҳаммад Юсуф ва бошқа муаллифлар шеър ҳамда қўшиқлари ўринли фойдаланилган.

Агар ўзбек ҳофизлари, хонандаларидан бирортаси (масалан, Юлдуз Усмонова) ушбу достонни бахшилар каби халқимизга куйлаб берса, жуда яхши бўларди. Бу саҳнада кичик спектакль кўринишида ижро этилса ва М.Юсуф шеърларини қўшиқ қилган ҳофизлар ҳам куйласа, 2009 йил 26 апрел куни 55 ёши нишонланадиган раҳматли шоир М.Юсуф хотираси учун қилинган энг самарали тадбирлардан бири бўларди.

Камина мана шундай эзгу ниятлар билан шоир Одилжон Нишоновнинг ушбу достонини компьютерда териб, сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқда.

Аҳмаджонов Шуҳрат

2009 йил 10 апрел.
Алмати шаҳри.

3 Responses to "Шоир армони”

  1. Hasan Says:
    April 11th, 2009 at 1:03 pm

    Muhammad Yusufni "Qora quyosh” dostonini ham topib qo’yinglar, iltimos.
    ayni shu davrga mos.

  2. kurbonoy Says:
    April 11th, 2009 at 9:09 pm

    Хоразм вилояти Элликқалъа туманидаги тантаналардан кейин у "тўсатдан” вафот этгани ҳақида ва яна айрим маълумотлар берилади.
    Аҳмаджонов Шуҳрат
    Tuzatish

    Hurmatli mualif Ellikkala tumani Horazmda emas, Elliklala Korakalpaqiston Avtonom respublikasida dir.

  3. Kfid Says:
    April 12th, 2009 at 10:22 pm

    О, это что-то, недавно где-то уже о таком слышала. Ваше мнение имеет основание быть. Вы понимаете то, о чем пишите. Немного почитав, хотелось бы узнать больше.

Категория: Мажмуалар | Просмотров: 4266 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz