Йўқолган хасса ёки тошфонар
Сиёсатни шайтонарава десам хафа бўлмайсизларми? Афсуски, бу шундай.
Замонавий қилиб айтсак, велосипед. Велосипед бир пайтлар шайтоннинг
араваси дейилган.Ҳозир эса у ҳамманинг узоғини яқин қилгувчи,
экологияни бузмайдиган, энг арзон, нормал транспорт. Сиёсат
шайтонараваси сал бошқачароқ. У фақат икки йўналишда ҳаракатланади.
Юқорига ва пастга. Ҳар икки йўналишда ҳам бу шайтонарава ўз
ҳайдовчисидан юксак масъулиятни талаб қилади. Яъни, ҳайдовчи юқорига
тамон ҳаракатланар экан, педални тўхтовсиз тепиши керак. Акс ҳолда нима
бўлишини ўзингиз мендан кўра яхшироқ биласиз.Биз яъни, Ўзбек мухолифати
ҳам сиёсат шайтонаравасини миниб юқорига тамон қийинчилик билан
ҳайдадик. (Қийинчилик сабаби, у шайтонараванинг покришкаларини Каримов
бигиз билан тешиб қўйган) Шундай бўлса ҳам биз ҳайдайвердик. Лекин
тепаликка чиқай деганда шайтонаравамиз шувиллаганича орқага кетиб биз:
- ИИИИИИИИИИИИИ, АААААААА! – деганимизча хандакка қуладик. Сиз
эхтиётсизлик сабаб шимимизнинг пойчасини чарх ўраб кетган бўлса керак
деб ўйлаётган чиқарсиз? Ё Каримов шайтонаравамизнинг ғилдиракларини ҳам
бўшатиб қўйган эканда – деб ўйлаяпсизми? Йўқ, асло ундай эмас. Биз яна
озгина ҳаракат қилсак юқорига чиқар эдик. Шайтохалокатнинг асосий
сабаби тепаликка етай деганимизда педалларни тепмай қўйганимиздир.
Содда қилиб айтсак бизнинг сиёсий фаолиятимизда изчиллилик етишмади.
Ахир, ўзингиз ўйланг. Кучли боксчи рингда рақибига бир мушт отиб қўйиб
чалғиса.Дейлик, орада “Жаркое”ми, “Бифштекс”ми еса, шарбат ичсада,
кейин салфетка билан оғзини артса. Унгача нафасини ростлаб олган рақиб
: - Оғайнимизнинг бироз қоринлари очиб қолган экан, майли, пича
овқатланиб олсинлар. Муштлашиш қочмас – дея кутиб турадими? Қаерда
кўргансиз ўшанақа инсофли боксчини? Албатта бундай холатда ҳар қандай
ўзини ҳурмат қилган боксчи “Бунақа қулай вазият яна бўладими йўқми” деб
туриб рақибини нагдаун қилмаса ҳам ҳеч йўқ ер тишлатади.Мени
кечирасизлару, бизнинг сиёсий фаолиятимиз ҳам айнан ўша ер тишлаган
найнов боксчининг ҳаракатларига ўхшайди. Биз сиёсий хушёрликни
йўқотдик. Бизлар лаллайиб турганимизда ичидан пишган, маккор Каримов
нафасини ростлаб олди. Мана оқибат.Энди биз матч реванш учун яна ринга
қайтмоқчимиз. Лекин мусобақа ўтказиладиган спорт саройининг ҳашаматли
дорвозаси берк. Баъзи Ватандошларимиз, Биродарларимиз, дўстларимиз у
спорт саройининг дорвозасини бульдозер билан таран қилиб бузиб кирсак
қандай бўларкин? деган фикрдалар. Бульдозер билан дорвозани бузишдан
кўра дорвоза қулфига тушадиган калитни ясаганимиз ҳатарсиз, зарарсиз ва
арзон тушмайдими манави йўқчиликда.Бунинг устига биз таран қилмоқчи
бўлган ўша дорвоза қўрғоннинг бетон деворига мойбўёқ билан чизиб
қўйилган бўлиши ҳам мумкинда. (Ўзбекистонда “Талантли” рассомлар оз
дейсизми.) Қолаверса, бекордан бекорга бульдозерни расво қилишнинг нима
кераги бор? Ортиқча салярка кеткизиб. Ватандошларим, Вулқон ҳар – хил
байкалар айтиб бошимизни қотиряпти – дейишга шошилмай туринглар.
Ҳаммага маълумки, жаррох ништари билан ўтин ёрган гўлахи, болта билан
жаррохлик қилган хирург элу халққа кулги бўлиб енги ҳаддан ташқари узун
кўйлак кийиши иккимас. Йўлимизга тўғаноқ бўлаётган бақувват Гориллани
йиқитмоқчи бўлсак, уриб ё сўкиб эмас, оёғининг остига пича тарвуз
пўчоғидан ташлаб уни итарайлик. Шунда Горилла тарвуз пўчоғига сирғалиб
“Чйьёрт побьйери!” деганича кети билан эмас планетарийга ўхшаб
дўппайган пешонаси билан бетонга бориб урилсин ва харом қотсин! Ўз
кучини чамаламай қудратли мошина билан очиқча жанга кирганларнинг
аҳволи нима кечгани тарихдан ҳаммага маълум. Мен Дон Кихотни назарда
тутмаяпман.Бунинг учун иккинчи жахон уруши бошланишидаги “Пёрл
Харбор”ни эслаш кифоя. АҚШ агрессиясини тухтатамиз дея ва қасоскорона
эҳтиросга берилган Японларнинг “Қизил бригада” эскадриляси Тинч
океанидаги Оаху оролига жойлашган “Пёрл Харбор” ( Гўзал бандаргаоҳ)
Америка ҳарбий базасига 1941 йил, 7 декабр, тонгда хужум уюштириб
АҚШнинг 188 та ҳарбий самолётини, 15 та ҳарбий кемасини, 20403 та
солдат ва офицерларини йўқ қилди. Базанинг кулини кўкка совурди. Хўш,
кейинчи? Кейин Амирконилар 1945 йил, 6 август куни кечки соат 6 дан 15
минут ўтганда учувчилар Пол Тиббец ва Том Феребилар бошқарувидаги В –
29 “Энола Гай” номли бомбаловчи самолётида Хиросима шаҳри устига
“Болакай” деб номланган Атом бомбасини ташлади. Натижада миллионлаб
бегунох одамлар , норасида болалар қирилиб кетдилар. Ўшандан сўнг қийиқ
кўзларини катта очиб ибратланган Япония эҳтирослардан, урушлардан ҳеч
ким фойда кўрмаслигини англаб етди ва урушмай, муаммоларни фақат сиёсий
музокара, муроса йўли билан ҳал қилишга интиладиган бўлди. Ҳатто Россия
билан “Хамабай”, “Шикатан”, “Итуруп”, “Кунашир” ороллари бўйича худудий
бахсталаб муаммолари бўлса ҳам. Бунақа мисоллар жуда кўп. Биз ҳам
кучимиз етмайдиган тўнғизга шолғомми, қоғозми ташлаб, иложи бўлса
қўлқоп билан манглайини қашлаб ўтиб кетаверайлик. Акс ҳолда манзилга
етиш мушкул бўлади.Буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси, устозимиз Ғафур
Ғуломни кўплар сотқин дейди. Балким шундайдир. Бу унинг инсоний
заифлиги, қўрқоқлигидандир.Лекин унинг ёзган асарлари учун ҳурмат
қилишимиз керак. Биргина “Шум бола” повестини олайлик. Унда бой ота
депрессияга учрашидан олдин суякли гўштни пичоқ билан кертиб еб,
ковшаниб Қоравойга яъни шум болага Хўўўўш, иннайкейиииин? Деяверади.
Қаранг иннайкейин деяпти. Иннайкейин деган сўзнинг қандай буюк ҳикматли
сўз эканини биласизларми? Эээээххххх, Ватандошларима! Биз бирон ишни
қилаётиб Хўўўўш, иннайкейиииин? Иннайкейин нима бўлади? – дейишни
билганимизда шу кунларга тушмаган бўлардик. Мақола охирида Ўзбек
мухолифатидаги парокандаликнинг энг асосий сабабларидан бирига тўхталиб
бу зарарли, нохуш иллатни бартараф қилиш бўйича конкрет таклифимни
ҳукмингизга ҳавола қилмоқчиман. Яхшилаб, дўппини олиб қўйиб, дўппи
бўлмаса шапкани олиб қўйиб ( Лекин саллани эмас) (Калла ҳам бундан
мустасно) ўйлайлик. Муҳолифатни нима ва қандай ёвуз куч пароканда
қилди? Худбинлик демоқчисизда. Бу ҳам тўғри. Лекин энг писмиқ ва ғирром
бир қурол борки бу ўзимизнинг қўлимизда. У мухолифат сайтларидаги изох
қолдириш катакчалари. Мухолифатдаги илк парокандалик , ҳозир ўтиб
бўлмас жарликка айланаётган ДАРЗ айнан манашу катакчалардаги ҳар - хил
номлар остида бир – бирларига балчиқ ва нажосат чаплашлардан келиб
чиқди. Ўртани бузган ва бузаётган энг ёвуз мошинанинг махавиги мана шу!
Биламан, изох катакларини беркитсак бизнинг кармпдан нима фарқимиз
қолади? Ахир бу қип-қизил диктатура, кулранг цензураку? – демоқчи
бўлаяпсиз. Фикрингиз жуда тўғри. Аммо демократия ДЕРМОКРАТИЯга айланиб,
Мухолифатнинг уюшқоқлигини ҳавф остида қолдирса, Мухолифат мавжудлигига
раҳна солса ундай ЕМОКРАТИЯни ёки ЧУМАКРАТИЯни дарҳол тўхтатган маъқул.
Шу йўл билан ҳақиқий , тоза демократияни сақлаб қолса бўлади. Бу
Мухолифат сайтларининг ҳурматли муҳаррирларига боғлиқ. Улар шундай
қилсинларки, Ҳақиқий исми шарифи, адреси номаълум кимсалар ёзган ҳар
қандай изохни сайтга қўймасликлари керак, вассалом. Ким изох ёзмоқчи
бўлса марҳамат, фақат рақибининг шахсига тегмай, Мусулмончилик аҳлоқ ва
одоб нормаларига амал қилган ҳолда яъни, уят гаплар билан ҳақоратламай
ёзаберсин. Рақибининг камчиликларини аниқ факт ва аргументлар билан
изохласин. Чунки яширин номлар билан биз танимаган ЭсЭнБэ – ПЕС ЭНбе
ларнинг ювиқсиз малайлари, махсус провактор ИШБУЗГИлари, меҳробдан
чиққан чаёнлар сайтларда ўрмалаб юрган бўлишлари ҳам мумкинда. Шуларни
унутмаган ҳолда фаолиятимизни изчиллилик ва сиёсий хушёрлик билан
бойитиб муроса йўлини тутсак Зимбабвье муҳолифати каби биз ҳам урушсиз,
қон тўкишларсиз Ватанга қайтишимизда мумкинчилик пайдо бўлади дея
ўйлайман. Ватанимиз ва Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган ҳайрли
Муроса ҳар доим керак. Ҳатто бугунги Ўзбек мухолифати давлат тепасига
келганда ҳам!
Холдор Вулқон
20 август, 2008 йил. Соат 5 : 57 PM.
Торонто шаҳри , Канада.