Холдор Вулкон
Илмок
Сиз назарга илмайсиз мени, Яхшиям илмайсиз Илсангиз агар, Элу халққа кулгу бўлардик. Чунки, мен новчаман. Назарингиз эса Ҳаддан зиёд паст.
2001 йил, 21 январь, тунги соат 9 дан 21 минут ўтди. Ташқарида қор ёғяпти. Маслахат қишлоғи.
Хотиржам одам
Ёмғир шивирлайди қулоқларимга, Кўчада одамлар лаваси оқар. Автосувараклар қатнаган йўлга, Ўйчан йўловчилар паришон боқар. Чақди кўзларимни аччиқ тутунлар, Қайрилдим ёмғирли, кимсасиз боққа. Ялдо тунларида қораламадан, Сочу соқолимни кўчирдим оққа. Мен ҳам асли жонли кийимилгичман, Соябон орзуси бағримни ўйган. Анча бўлди йўллар ғадир-будур деб, Кийимимда дазмол қатнамай қўйган. Такаббур эмасман, ухлагим келса, Остимга бўйра ҳам тўшайвераман. Бу ердан ҳайдаса ўгай замона, Хотираларда ҳам яшайвераман. Ўксиниб юрмайман бўлмаса уйим, Бўлмаса сигирим, бўлмаса эчким. Хотира бўйсунмас бошқармаларга, Хотирадан мени ҳайдолмас ҳеч ким!
2002 йил, куз. Андижон.
Ёз оқшоми
Олови тортилган ўчоқдай дунё, Оқшом қашшоқ эмас, товушларга бой. Ҳадемай ёришар ойдин сукунат, Ёришар кимсасиз, овоз етмас жой. Ҳайратдан ағрайиб қолади гуллар, Руҳимга баҳш этиб ҳаловат, ҳузур. Гулни ағрайтириб қўйгани учун, Ой сўраб ўтирмас бизлардан узр. Ойдинда оқарган сокин далалар, Осмон гумбазида тамоша текин. Ғамлари ухлаган мудроқ дунёда, Мен сени соғина бошлайман секин.
2003 йил, 29 июль.Эрталабки соат 9 Маслахат қишлоғи.
Имло
Дарахтлар қоқсуяк қўлларин чўзиб Осмондан сўрайди лунгилик, шимлик. Кимсасиз кўчада учқунлайди қор, Чироқ ёғдусида йиғлайди жимлик? Музлаган шудгорда, увотларда қиш, Сокин туманларда таҳайюл тутқун. Қор шамоли ёлғиз маст йўловчининг, Сочу соқолига қўндирар учқун. Бўронли зулматда чирпирайди қор, Қарайман қорлардан оқарган ёққа. Шудгор қинғир – қийшиқ қораламасин, Оҳиста кўчира бошлайди оққа.
2001 йил, 9 декабрь.Тонг. Маслахат қишлоғи.
Ҳамқишлоқларимга
( Ҳамқишлоқларим Анҳор бўйлаб кетган бир кўчага менинг номимни қўйишмоқчи бўлишганда мен эътироз билдирган эдим. Кейинчалик ушбу шеърни битдим.)
Ғинғиллайди искабтопарлар, Дарё ёқда далалар жимдир. Узоқларда том тахтасига, Тўқиллатиб мих қоқар кимдир. Шовқин солар оқшом қушлари, Боғлар кияр қорамтир пўстин. Уфқ ортига беркинар қуёш, Сотган каби душманга дўстин. Милтиллаган кўк тўла юлдуз, Сон – саноқсиз ёқилган шамми? Ёлғиз қолдим қоғоз даштида, Шунча азоб чекканим камми? Оқшом чоғи очилган гулга, Ой термулиб ақлдан озди. Мен ойдин шеър ёзмоқчи эдим, Шеър ёзмадим, шеър мени ёзди. Кўклам чақмоғидек жимгина, Зулматларни ёритиб ўчдим. Руҳим ғурбат этди ихтиёр, Ҳижрат қилдим қоғозга кўчдим. Энди менсиз келса баҳорлар, Қизғалдоқлар босса томимни, Капалаклар тентираб учган, Сўқмоқларга қўйинг номимни!
2001 йил, 9 ноябрь. Кеч соат 6 дан 50 минуту 15 секунд ўтди. Маслахат қишлоғи.
Садоқат
(Эпифания)
Қачон қарасам шу жойда турганинг турган. Ўтган сафар оппоқ гулли кўйлакда эдинг. Нақадар ярашар эди сенга ўша кўйлак! Мана орадан шунча кунлар, шунча ойлар ўтибди ҳамки, сен ҳамон ўша жойдасан. Фақат кўйлагинг бошқа. Қулоқларингда қизил балдоқлар. Кимнидир кутасан. У эса келмайди. У ҳақда шунчалар оғир ҳаёлларга чўмасанки, лаълдек товланаётган қизил балдоқларингни қушлар чўқиб кетса ҳам эътибор бермайсан. Уни шунчалар қаттиқ севасанми? У ким? Кимни бунчалар қаттиқ севиб қолдинг, деразам ёнида ўсган гилос?..
1994 йил, баҳор.Маслаҳат қишлоғи.
Хотира
Унутмайман энди ҳеч қачон, Ўша қайғули тонгни. Ўчган чироқларни, Оқаришиб келаётган Олачалпоқ осмонни, Йироқларни. Фил суяги каби Оппоқ қўллару Шундай жуссани. Муюлишга етганимда Кўзим гирдобига Чўккан ғуссани. Энди у жойларга бормайман, Борсам Шамоллар йиғлайди Қамиш тилида.
Сирдарё
( Соҳиба Ашуровага)
Сув ичгани келган кийикдек, Оёқ қўйдинг тошли соҳилга. Ва термулдинг ғалаён солиб, Тошларга бош урган жоҳилга. Қатра – қатра кўз ёшинг тўкиб, Хасратингни сувларга айтдинг. Сирларимни сақлагил, дарё – Деб соҳилдан оҳиста қайтдинг. Бу дунёда ёлғизгина мен, Хасратингни тушуниб етдим. Ва айрилмас содиқ дўст бўлиб, Сирларингни оқизиб кетдим.
1996 йил, куз. Андижон шаҳри.
Мезбон
Соатига олтмиш км. Тезликда, Шарқдан эсаётир қушлар бўрони. Кўзларим сув омбор, кипригим тўғон, Олисда ўрмалар поезд илони. Дарё лабларида чириди найлар, Ҳайратдан осмонга бақрайди дала. Жаннат қушларидай барги ҳазонлар, Учиб ўтиб кетди гала ва гала. Заъфарон таназзул, ҳазон червони, Намчил ойналарга ёпишган ёрлиқ. Дарахт оломони – вахший ғалаён, Ёмғирларда шишиб йиғлайди борлиқ. Вақт ботқоғида чириган йиллар, Сокин туманларнинг оғир саволи. Кўнглим ойналарин синдирди яна, Совуқ зулматларда ҳижрон шамоли. Тўлқинлар йиғлайди қумлоқни ялаб, Чорлоқлар чийиллаб шовқин солади. Қайга шошиляпсан, бироз ўтиргин, Ҳадемай кўзёш ҳам қайнаб қолади.
12 ноябрь, 2004 йил. Ярим тун. Андижон шаҳри.
Болалик
( Тухфа хола хотирасига)
Четан билан ўралган боғлар, Гилосларнинг бағри қонайди. Йилғинзорлар тамонда Какку, Менинг қолган умрим санайди. Ғуриллайди толзорда ғуррак, Тракторлар ташлайди лангар. Кўз илғамас поёнсиз осмон, Музлатгичи бузулган Ангар. Тириллайди олисда мопед, Дала йўлда кўтарилар чанг. Одамларни чойга чақириб, Ошпаз хотин ура бошлар занг. Танг! Танг! Танг! Танг!
ҚЎШИҚ
Юлдузлар ярақлаб порлайверади, Уларнинг чангини хеч кимса артмас. Дарахт малакасин ошириш учун, Хорижий давлатга жўнатиш шартмас. Заминнинг энг гўзал дарахти учун, Ўтказилса агар танлов, кўриклар, Биринчи ўринни оларди албат, Жўр бўлиб гуллаган бизнинг ўриклар. Ўрик гуллайверар оппоқ қўшиқни, Қарсагу олқишлар қилмайди талаб, Шон сўраб марказга йўлламас мактуб, Канвертга суртилган елимни ялаб. Бу гала концертга киришинг мумкин, Бўлмаса ҳам чиптанг, пулинг ё тилланг. Оппоқ қўшиқлардан очилар ҳатто, Руҳинг капалаги беркинган пилланг.
2004 йил, баҳор Андижон.
Тазарру
Мен осмонни иккиқат дебман, Кечиринглар, еттиқат экан. Санчилар деб булутлар, қўрқар, Иягимда ўстирсам тикан. Кечиринглар, менинг кўзимга, Кўринибди мисоли безак. Сигирларнинг нодир асари, Атиргулга ўхшаган тезак. Узр, писанд этмаган бўлсам, Назокатли кимсалар дидин. Устун қўйиб Фаранг мушкидан Даладаги Бурганлар хидин. Маъзур тутинг, ўхшаса агар, Бармоқларим семиз қуртларга. Ва кузатсам сиздан берухсат, Турналарни олис юртларга. Узр, одам хисоблаб сизни. Борган бўлсам баъзан топиниб. Хайр энди, Вақт кеч бўлди, Мен ухлайин ерни ёпиниб.
Кузатиш
Жилмайганча кўз ёшларингни, Яширасан, алдаб нетасан? Мен перронда қоламан ёлғиз, Сен поездда йиғлаб кетасан. Жиққа ёшга тўлган кўз билан, Йўл оласан узоқ элларга. Югираман поезд ортидан, Сўзлар учар совуқ елларга. Чирпирайди пойимда хазон, Декабрнинг бодлари елар Хувиллаган перронда туриб, Поезд каби чинқиргим келар.
1992 йил , декабрь , Тошкент Талабалар шахарчаси
АДИБА УМИРОВАГА
Кўкда булутларнинг олтин пўстаги, Руҳимда соғинчга ўхшаш кечинма. Сенга нима бўлди, ҳаёсиз дарахт? Менинг кўз ўнгимда бундай ечинма! Дала сўқмоғида ёлғиз йўловчи, Унинг кимлигини қаёқдан англай. Бўйнимга чирмашар йиллар илони, Осмон - танглай, қаро шудгорлар - манглай. Хамдарлик билдириб пичирлар ёмғир, Бўйсунмас вужудга мустақил поям. Туёқларга ўхшар туфлилар, ё, Раб, Нега йиғлаяпсан, букчайган соям? Мажнунтол кокилин ўрганда шамол, Читтаклар ўқирди боғларда баёз. Олмос ойналарга энди, эхтимол, Муздан асар ишлар мусаввир аёз. Фонар шуъласида қор қўзғалони, Шамоллар борлиқни варақлаб ўқир. Зехнлари ўткир, тиришқоқ, лекин, Шўрлик шамолларнинг кўзлари сўқир. Муваққат дунёдан ўтиб борамиз, Лоқайд зулматларда чароғон кунсиз. Тилсиз пояфзаллар остоналарда, Оғзин ка - а - атта очиб йиғлайди унсиз.
5 июнь , 2005 йил . Андижон шаҳри , Лермонтов кўчаси , 10 - уй .
САДОҚАТЛИ ЧИРИЛДОҚ
Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан, Хонанг деразасин боғларга очиб. Менчи киприк қоқмай туравераман. Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб. Эсингдами, сени фироқ ўтида, Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб. Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга. Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб. Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар? Ё бугун байрамми? Гуллар сайлими? Севгилим, шу гуллар очилиб ётган, Ховлингда чириллаб юрсам майлими?
1999 йил , август , Тошкент , тунгги соат 12 ярим . Дўрмон . Ёзувчилар ижод боғи . 1 - корпус , 3 - қават , 52 - хона .
ҚАДРДОН ҚИРҒОҚЛАР
(Болаликдаги қўшнимизнинг қизи Гулига )
Оқар эди дарё ёйилиб, Сенсиз гўё яшардим хумда. Оёғингни ўпарди сувлар, Эрир эди изларинг қумда. Учрашганда телбалар каби, Сўзлашолмай қолардик тилдан. Йўлларингда мухтож нигохим, Узоқ эди секундлар йилдан. Лаъл, жавохир юлдузлар ила, Тун осмони кетганда бойиб. Ухлар эдинг баланд сўрида, Сочларингни дарёдай ёйиб. Далаликда кесишган йўллар, Кўзларимдан михлаган хочинг. Қирғоқларим қўпорган дарё - Ёт ёстиққа ёйилган сочинг. Балки ҳамон бизсиз сохилнинг, Тўлқинлари бир - бирин қувар. Қорадарё ой лаганида, Юлдузларни олтиндек ювар.
2006 йил , 8 июль , соат 14 дан 41 минут ўтди . Бишкек шахри , Советская кўчаси ,128 -уй , 39 - квартира . Ғарибликда ёзилди .
ДЕРАЗА ОРТИДАГИ ОДАМ
Қиш кечаси, тинмай ёғаётир қор, Борлиқ сукунатга, ҳаёлга толган. Майлими дарчадан қорга қарасам? Бу дераза шахсий, отамдан қолган, Ёруғ билярдхона шарлар товуши, Менинг ўйларимга уради дарра. Деразамга қўниб эриб кетдику, Бунча оз яшади беғубор зарра? Мастона қийқириқ янграр қайдадир. Бир одам чайқалар сармаст яланиб, Телпагин кўзига босиб йиғлар у, Оппоқ чивинларга таланиб. Ёруғ билярдхона, шарлар товуши, Борлиққа қўшилиб ўйга толаман. Отамдан эсдалик деразамни жим, Буклаб, чўнтагимга соламан.
2004 йил , 22 февраль . Якшанба , кечки соат 5 минути кам 5 . Маслахат қишлоғи .
ҚИШ СИМФОНИЯСИ
Ёп - ёруғ зулмат ичра, Қора рангли қорлар ёққанда. Мен қоронғи хонага кириб Печкага қалайман Оппоқ кўмирни. Сўнгра ёғаётган қора қорларга, Деразадан ғамгин термулиб, Сен ёмон деган. Яхши одамлар ҳақида. Сен яхши деган Ёмон одамлар ҳақида Ўйлай бошлайман. Шундай қаршилайман Қора тонгларни.
1992 йил. Куз.
ИНТИЗОР
Қаршимда лаллаяр вахший сукунат, Узоқларда куйиб тугамоқда кун. Олисда онамдай қўл силтаётган, Дарахтлар панжаси узилар беун. Оқ чизиқ умуртқа поғоналари, Аждарҳо илондай чўзилган йўлим. Менинг кўзларимни ейди кўчалар, Йиллар тўрвасида угулгуржи ўлим. Бизларни ичикиб соғинар Тошкент, Халойиқ метродан чиқади бизсиз. Хазонларни юлқиб кенг - мўл шамоллар. Одамлар ортидан эргашар изсиз. Ҳаёлингдан аста ёриша бошлар, Нурсиз хилватларда қадам етмас жой. Сен соқов жимликда сокин руҳимнинг, Қорли даласидан кўтарилган ой. Чироқлар лимондай етилди яна, Ёруғ қовоқхона, мастона ғовур. Гулим, унитмасман мунис чеҳрангни, Токи мавжуд экан кўзгуда ховур.
2003 йил. 27 ноябрь . Эрта тонг . Маслахат қишлоғи .
САЙҒОҚ
Ёвузлардан безиб чекинган жойинг, Жазирама сахро, бепаён қумлик. Қутурган аждардек гохида қуюн, Яйдоқ кенгликларда қиларми шумлик? Завр қумтепалар ортида оқшом. Очқаган қашқирлар галаси увлар, Шифобахш шохларинг сабаб овчилар, Қийқириб милтиқдан ўқ узиб қувлар. О, сайғоқ, бегунох, қувғинди жонвор, Қисматлар муштарак, кетаман ўйлаб. Мени хам қувлашар сахролар аро, Чопаман сен каби уфқлар бўйлаб. Зафарон уфқларда чопаман бадар, Қувғинга сабабдир ботиним, ғайбим. Сени шохинг учун овлашар, менинг Бошимда шохимнинг йўқлиги - айбим.
2000 йил ,11 июль , оқшом . Маслахат қишлоғи .
СИРЛИ МАКТУБЛАР
Дарахт менга йўл бўшатади Ўтганимда шу йўлдан доим. Ва дарахтнинг сарғайиб кетган Хатларига кўмилар пойим. Дарахт шўрлик мактубларини Кимдир олиб ўқишин пойлар, Мактубларин олис - олисга Олиб кетар пўчтачи сойлар. Севиб қолган кимнидир дарахт, Севган ёри ёзмайди жавоб, Хатларини яшириб ўқиб Йиғлаб - йиғлаб этмайди тавоф. Дарахт ҳар йил ёзаверади, Сиёх, дастгох, қалам, довотсиз, Хатларини хеч ким ўқимас, Унинг севгилиси саводсиз.
1991 йил , куз , Тошкент шаҳри .
ТОШБИТИК
Фақат осмон билан тирикмас инсон, Яшаб бўлмайдику қадрдон ерсиз. ” Яшаса бўлади ” дейишинг мумкин, Ғарлар яшагандай жахонда эрсиз. Яшаб бўлар дерсан қуёшсиз хатто, Ойдин далаларсиз, тумансиз, қорсиз. Ватансиз ва Эрксиз, тутқун қул бўлиб, Яшаш ҳам мумкиндир ғурурсиз, орсиз. Хатто худосиз ҳам яшаш мумкиндир. Яшашинг мумкиндир оламда менсиз. Қабртошим уриб қарғама, чунки, Мен яшай олмадим дунёда сенсиз.
2000 йил , 8 июль , Маслахат қишлоғи .
ЗОР - ИНТИЗОР
Қурғоқчилик кунлари келди, Сахро каби қақраган кўзга. Бу дунёда билсанг севгилим Гўзал сўз йўқ исмингдан ўзга, Кенгликларга чиқиб кетаман Соғинчларинг қийнаса ёмон, Сўзанаклар тентираб учган Жим , кимсасиз далалар тамон. Оқшом тушиб ярақлайди ой Шуълаларга беланар кифтим Юлдуз тўла поёнсиз осмон Дур - жавохир қадалган шифтим Қуриллайди бақалар маъюс Сохилда тун этагин тешиб Юксалади кўкларга рухим Ой нуридан арқонлар эшиб.
1999 йил , августь . Маслахат қишлоғи .
БАЛКИ
Кузги шамол ва махзун ҳаёл, Етим кунлар қайғуси ўзга. Чўкар мовий дубулға - осмон, Кузга ўхшаб кетгувчи кўзга. Кўрдим кўзинг тубида ғамни, Арзир эди йиғласам увлаб. Юпун боғлар бағридан учгач, Барглар кетди шамолни қувлаб. Сочларингдай узун дардларинг, Қошларингда йиллар куяси. Кўзинг қири ханжардай ўткир Киприкларинг кўзёш уяси. Балки сен ҳам мухожир қушдай, Учиб кетиб қоларсан зумда. Изларингда дарёлар инграб, Сувлар йиғлар югириб қумда. Балки энди сенсиз ўларман, Балки ўлмай кирарман юзга. Термуларман балки соғинсам, Кўзларинга ўхшаган кузга.
2001 йил , августь. Маслахат қишлоғи .
АПРЕЛЬ
Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб, Уфқларнинг гулхани сўнар. Эриган қор сувларин ичган, Бир тўп чумчуқ толзорга қўнар. Биллур қандил каби осилган, Сумалаклар тушар узилиб. Чакиллаган илиқ оқшомда, Уйқуларинг кетар бузилиб…
1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри .
ЁЛҒИЗЛИК ҚЎШИҒИ
Тўқилар поёнсиз ғийбат гиломи, Намчил зулматларда занглайди ҳилол. Псевдохудолар жовдисин кўриб, Ранги оқармаган муаззин Билол. Баҳор ҳам баъзида рухсат сўрамай, Иш қилар биз тузган қонунга хилоф. Тунда чегарадан ўтиб боғларга, Кийдира бошлайди ям-яшил ғилоф. Зил - замбил қўрғошин туманлар аро, Босиб ўтдим йўллар илонин қанча. Китоблар кўчкисин остида қолдим, Юлдузлар кипригин кўксимга санча. Вақтнинг оч қолган боласин ейди, Елимгул Маддохи - соқов булбуллар. Оқшом деразани очсам, жўр бўлиб, Интервью сўрайди микрафон гуллар. Бўримикан дейман ва ёки шамол, Йилғинзорлар аро мунгли улиган. Совуқ ойналарга бунча бош урдинг, Ухласангчи ахир, шамол хулиган. Аччиқ чиқиллайди деворда соат, Кейин эса бирдан жиқиллай бошлар. Намчил хилватларда ҳиқиллар ёмғир, Дарчаларнинг сўқир кўзида ёшлар Узоқ - ўзоқларда чопар пишқириб, Темир йўлнинг учқур пўлат самани. Қоп-қоронғи олис даштлар ортида, Маъюс чироқларнинг олмос чамани.
2006 йил, 26 май, ярим тун, Бишкек шахри.
ЙЎЛОВЧИ
Зулматларда озодликнинг, Машъаласи чорлади. Унга тамон юрсам, тунда, Суякларим порлади. Айбмиди, зулматларда. Чақмоқ каби шохласам? Кенгликларда озод эсган Шамолларни хохласам? Қонсиз лаби сарғиш сўлак, Ит тишлади оёғим. Оқсоқланиб кетавердим Шеърлар қўлтиқтаёғим. Ёв етказган жарохатни Даволадим, тузладим. Кўз илғамас олисларда, Мамонт каби музладим!
2001 йил , январь ,чошгох . Маслахат қишлоғи.
Мевалар
Сарғайиб пишган бехи мевалари, Одамзод муштига ўхшасаю Уларни кимлардир еса, билгинки, Муштлар хам одамнинг пишиб етилган. мевалари эрур шубҳасиз. Демак уларни ҳам Кимлардир, қачондир ейиши керак.
Абдуллага
Кимлардир мадхия одалар ёзиб, Ватанни мақтаса, кўкка кўтарса, Хушёр бўл, ўғлим. Чунки одатда Нарсани мақтарлар Сотиш олдидан.
ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ
Гавжум Тошкент , сартарошхона, Кўзгуда йўл , шошқин оломон. ” Ғийт - ғийт ” сайраб қайчи - қалдирғоч, Сочларимни қилар таломон. Сомонғарам сингари уйлар, Сочим ерга тўкилган пичан. Том устида антеналарми, Ё сўзанак галасимикан? Кўча дарё - қизлар балиқдай, Сузиб ўтар рангин товланиб. Йигитларнинг қайрилиб кетган Киприк қармоғида овланиб. Кўзгу кўлдай , бошим қармоқнинг. Пўкагидай ялтироқ тусда, Пўкак узра омонат қўнган, Сўзанакка ўхшайди уста
2001 йил , январь . Андижон .
УМР (Мархум, истеъдодли шоир Равшан Файз хотирасига )
Гуллар ернинг табассумлари , ” Қайда ? ” - дея берма саволлар . Дала орти тиканзорларда , Гувиллайди вахший шамоллар . Бош уради улар кўксимга , Зулматлардан тополмай уйин . Ўхшаши йўқ қор заррасини , Сочларимга қўндирар қуюн . Қор учқуни эриб кетаркан , Кипригимда энг сўнги карра . Дейман : - Бунча оз умр кўрдинг ? Алвидо , эй беғубор зарра !
2003 йил , 27 ноябрь . Тунги соат 9 дан 30 минут ўтди. Андижон .
СЕНИ УНУТМАЙМАН
Туманлардан чиқиб келасан Лек кирмайсан остона хатлаб , Мен бир умр ета олмаган Олис орзу , муқаддас матлаб . Сен ўтасан ортинга боқмай Ташлаб аста илохий одим , Изларингда мен эмас , гўё Қолар рухсиз юз йилги ёдим . Юксалгандай бўласан кўкка Далаларни ёритган ойдек . Мен бир четда қолиб кетаман Ой ёруғи тушмаган жойдек . Термуламан сенг кетган йўлга , Туманларга беланар жисминг , Деразанинг ойнасин кухлаб Ховурларга ёзаман исминг .
1989 йил , декабрь . Тошкент .
Ночной снегопад
(Стихи посвяшаются Петрову Александру Борисовичу)
У стужы влажный закон, Ночь, мокрый снег и слякоть. Глядя в ослепшых окон, Научился я сухо плакать. Волчицей воет вьюга, Пугливые бетонные дома. Тишина повесилась давно, За окном седеет зима. Рой белых безумных пчёл, Кружатся в оконных рамах. И ветры с алмазной пылю, Рыдают в воздушных ямах Не помню когда и зачем, С кем и куда я зашёл. Искал я всего лищ человека, В Бишкеке и я вас нашёл. Гигандская Анаконда - дорога, Во мраке догорает день. У стены печально плачет, Как еврей одичалая тень. На улице деревья танцуют, С холодными ветрами шаля. Улици , бульвары белеют, Как наши хлопковые поля. Уеду скоро в Канаду, В калитку повесив замок. Вымолвит слову не могу, Как будто в горле комок.
10.02.2007 год . 13 часов 55 минут . г . Бишкек улица Ленинградская - 35 .
КАНГЛУМ
(Икром Отамуродга )
Канглум чўкиб кетган Кўҳна гўр каби. Уни кўтаролмас Энди ҳеч кимса. Ана, канглумга йўл топмоқчи бўлган, Ёвларни ортидан эргаштирганча Шошиб келаётир сотқин эхтиёж. Нега ўлдирмадим эхтиёжимни? Нега ўлдирмадим?! - дедиму, Ўт қўйдим жар узра лапанглаб турган Канглумнинг омонат кўприкларига.
1995 йил ,август . Маслахат қишлоғи .
Зиёрат
Қаровсиз қабримда ажинагуллар, Озод шамолларда чайқалиб ётар. Ёлғизлик ва жимлик салтанатида, Қаро шомлар тушиб оқ тонглар отар. Қирда қизғалдоқлар денгизи нотинч, Далалар ортида чақнайди чақин. Телба ошиқлардек шивирлагувчи, Йиғлоқи ёмғирлар мавсуми яқин. Симда қалдирғочлар нотаси қатор, Стриптиз булутлар тўдаси шошқин. Негадир йиғлагинг келар бахорда, Руҳингда сел каби талотум, тошқин. Йиғлаб термуласан ажинагулга, Унга неларнидир келар сўйлагинг. Ўрнингдан турасан кетмоқчи бўлиб, Тиконга илиниб қолар кўйлагинг.
1998 йил, баҳор. Андижон.
Ой кемада
( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Ёр кетар чоғинда маъюс жилмайиб жоним олур, Кетма ёр – деб изларинда термулиб кўзлар толур. Чарх уриб соҳилда дарё қушлари йиғлаб қолур, Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур, Мавжлуғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.
Мен овутгайман ўзимни эй кўнгил, ғам ема деб, Қайтарур ул кемани тез ортга тўлқин тева деб, Чун товуш қўзғотмасинким, кемани сўз дема деб, Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб, Ким ёшинг дарёсидир ҳар сориким эл кўз солур.
Қўрқамен эрк бергали бир лахза бир он оғзима, Чинқириқ бўғзимда оғриб, келса ҳам қон оғзима, Шул сабабдин элу халқ термулди ҳайрон оғзима, Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима, Тунд ел тахрикидин ҳар дамки дарё чайқалур.
Соқчи тўхтат, кор – ҳол юз бермасин, ҳой, кемада, Юрса бўлмас киприги ўқ, қошлари ёй кемада, Қайтаринглар ёрни, йўқ деб кетгали жой кемада, Сабр кўнглимда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада, Ваҳки, бориб телмуриб кўз, мунграйиб жоним қолур.
Кўзларимдан оқди ёш селдек, етибман ўлгали, Йўқ жаҳонда мендаги феълдек, етибман ўлгали, Чўлда бир бор эсмаган елдек, етибман ўлгали, Дам тутулғондин ўлар элдек етибман ўлгали, Сурмасун деб кемасин баским, нафаслар асролур.
Жон ипинг тортиб таранг чалганда даврон удким, Жилва айлаб этса маржон дур сени махдудким, Эҳтиёж кашкулидин оламни босса дудким, Кирма савдо бахриға оламдин истаб судким, Сийми нақди тушса лекин умр нақди сийғолур.
Йиғлама бағримни ўртаб, яхши бор, эй ёр, ҳайр, Гул юзин сўнг бор кўрай ел, тим қаро сочин қайир, Рашк ўти Вулқонни қийнар ёрга ҳамрохдир ғайр, Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин эй, пири дайр, Илкига чунким Навоий бода киштисин олур.
Ватан
Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан, Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан. Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф, Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан. Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол, То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан. Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб, Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан. Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима, Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан. Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд, Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
Андижон фарёди
Қонга ботмиш Андижон дод, устига юз доддир , Бегуноx эл бугзида воx , ханжари муздоддир.
Мустакилликдан кувонган элни алдаб сотдилар, Канча пок орзу умидлар еллара барбоддур.
Мустабид шоx большевик гоx , гоxи буржуй, меншевик, Ул касамхўрликда шайтон кавмига устоддир.
Шоxини мақтайди моллар, кетларин ликиллатиб, Нозли xоким баччаларнинг қомати шамшоддир.
Яйрамай юрсанг жаxонда мен чидай қандоқ, Элим ? Бағри қон шоир болангнинг бўғзида фарёддир.
Андижонда ўлди минглаб бегуноx, бечоралар, Ўлтирар тахт узра қотил, ул ҳамон озоддир.
Сойгузарда оқди қон, ёмғирда қолди мурдалар, Ёнига ҳеч ким йўлолмас, барча беимдоддир.
Чекма оҳ, Вулқон алар бўлди шаxиди Карбало, Ким шаҳидлар, мулки жаннат, жойлари ободдир!
2006 йил 11 май.
Юсуф Жумаевга
Йўқ Қизилқумларда сенга манзилу маъво, Юсуф, Чарх урар бошингда қузғун бу нечук савдо, Юсуф? Сен тирик журъат, жасорат, сўзларинг шамшири Хақ, Аждахога қарши бординг бир ўзинг танхо, Юсуф. Беркиниб лидер, ковакдан қичқирар: “Қўзғол, Авом!” Эл аланглар ким экан деб, чор тараф сахро, Юсуф. Ўзбекистон халқининг қонин сўрир Вампир Режым, Ҳамма жонин эхтиётлар, барча бепарво, Юсуф. Чекди “Жаслық”ларда фарёд бегунох, бечоралар, Андижонда лахта - лахта қон тўла дарё, Юсуф. Шилта жаллод кўзларига туфлади Шовруқ, Эмин, Кийса хам оппоқ матодан енги йўқ сарпо, Юсуф. Сен каби шиддат билан мақсадга интилсак мудом, Айлагай Оллох адолат қасрини барпо, Юсуф!
17 декабрь, 2007 йил. Кундуз соат 9 - 00. Торонто шахри. Канада
Яхшимасми?
Оллоҳ дилингда бўлса ҳамхона яхшимасми, Ҳақ йўлида қамалсанг зиндона яхшимасми. Масжидда аҳли жоҳил машғули ғийбат ўлса, Ул жойи хонақодан майҳона яхшимасми. Бошинга тушса кулфат асқотмаса қариндош, Ундай хеш - ақрабодан бегона яхшимасми. Иблисга дўсти содиқ ёлғончи олимингдан, Хилватда ҳақни севган девона яхшимасми. Ҳақ нуридан юзингни зулмат томон ўгирдинг, Сендан қаноти куйган парвона яхшимасми. “Вулқон сотилмаган” деб “Бежиз отилмаган” деб Йиғлаб кўмишса тунда пинхона яхшимасми.
1996 йил , ёз . Андижон шахри.
АКМЕ
Жимирлайди хазина осмон, Осмон “О” симон. Йўқлик рамзи ноль рақамидай. “О” симон уммон. Унда милтиллайди Юлдузларнинг сонсиз увилдириғи. Увилдириқлар аро сузар. Кўзлари ўйилган, Тили кесилган, Зулматни ёритган ойнинг калласи. Сиз асло қўрқманг, Ўзингизни қўлга олинг. Сўнг ўзингизни ўзингиз Хонага қамаб Эшикни занжирлаб Тонгача ухланг. Тонгда тириклигингизни Англамоқ учун Девордаги кўзгуга кухланг. Агар пайдо бўлса кўзгуда ховур Қўни-қўшниларни чақиринг. Сўнг уларга: -Гаров ўйнайсизларми, Мен тирикман! - дея бақиринг. Лекин Бахт қушининг тухумидан, Қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор. Тухумларни бостиринг. Очиб чиқса Қирғийлардан қўринг уларни. Бахт қушининг жўжалари Кўпайиб кетсин. Ҳамма бахтли бўлсин Ватанда. Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан, Ҳафа бўлиб юрмасин шодлик. Овқат оч қолмасин, Кийим ялонғоч. Сувлар чанқамасин. Олов совқатмасин қалтираб токи!
СОВҒА
Қутлайман таваллуд айёминг билан, Сен қувноқ яшадинг гулларни хидлаб. Қуруқ келганим йўқ мен ҳам ёнинга, Кутилмаган совға келтирдим дидлаб. Ҳаётинг саёхат, таоминг асал, Сенга ёт аччиқлик - қалампир -қузоқ. Озор не билмадинг, озор бермадинг, Яшадинг дунёда жуда ҳам узоқ. Кўринсанг ҳавасга айланар хасад. Қаршингда жаллод ҳам йиғлайди айтиб. Тозариб қон тўла қотил кўзлари, Пашшага ҳам озор бермайди қайтиб. Сен оппоқ кийимли сўфийдек ювош, Ҳатто миқ этмайсан кетсалар янчиб. Мен сени шаҳарга олиб кетаман, Келтирган “СОВҒАМ ” ни мийянга санчиб.
23.01.2007. Соат 13 дан 24 минут ўтди . Бишкек шахри ,Ленинград кўчаси 35 - уй.
ҚИЗИҚ ДУНЁ
Қоронғудан чиқиб қоронғуликка, Кетгувчи умрлар айлана чизиқ. Циркулга ўхшайсан бунинг устига, Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ. Қизиқ туюларкан ер - бепул учоқ. Доим хизматингга турса шайланиб. Сен бориб юрмасанг. ўзидан - ўзи, Фасллар ёнинга келса айланиб. Қизиқ, тонглар оқлаб кетмаса рангинг, Тунлар юқтирмаса сенга куясин. Яна боғлаб олсанг қўрқмай билакка, Умринг кушандаси - вақтнинг уясин. Қизиқда, бир умр коинот билан, Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга. Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани. Кимдир айлантириб юборса шеърга.
2000 йил 28 июль , ярим тун . Маслахат қишлоғи .
Cаёҳатнома
Тентак, саводсиз катталар, Тақмиш бўйинбоғ латталар. Ҳақ гапни айтсанг шатталар, Ҳақгўй одамлар хор экан.
Кўпдир қувир, газ йўқ бироқ, То кечгача ўчгай чироқ. Тунлар совуқ, тонглар йироқ, Халқим тезакка зор экан.
Гарчанд сенинг исминг Шаҳоб, Бир зумда бўлгайсан Ваҳоб. Пойингда мавж ургай яхоб, Карцер қоронғу ғор экан.
Солиқчи эл қонин ялаб, Йўқ газга пул қилгай талаб. Қишлайди эл боғин қалаб, Қилмоқ шикоят ор экан.
Отдим зулмга тош олиб, Эл қолди кўзга ёш олиб. Кетдим Ватандин бош олиб, Ҳижрат қилиш даркор экан.
Ўшдин чиқиб ошдим довон, Бишкекка сўнг етдим омон. Уйсиз мусофирлик ёмон, Ғурбат қурилган дор экан.
Тунлар қоғоз қорли далам, Дўстим садоқатли қалам. Ижод оловли машъалам, Вулқонга ОЛЛОХ ёр экан.
18 январь, 2008 йил. соат 23 : 47. Торонто. Канада.
ДЕНГИЗДА
(”Истанбул илхомлари ” туркумидан ).
Эммоноэл бўғози, Тамсил, Эскудар, Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги. Мармара денгизин кенгликларида, Янграр кемаларнинг хасратли бонги. Денгизлар ортида қолган Ватаним, Соғиндим Масжиду минорларингни. Ўлмай қайтиб борсам уялмай унсиз, Қучоқлаб йиғлайман чинорларингни. Совуқ шамол эсар, намчил палуба, Кема чайқалади, ғижирлар эшик. Бизни аллалайди кемага қўшиб Денгиз дунёдаги энг улкан бешик. Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон. Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик. Сув юзида ярми кўриниб турган, Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик.
1999 йил, декабрь. Туркия. Истанбул. Мармара денгизи. Кемада ёзилди.
МАҚСУДГА
Шеьриятнинг чўлларидан, Мен бошпана қидирдим. Жигаримни қафасдаги, Шеърларимга едирдим. Бу чўлларнинг гиёҳ унмас. Барханлари менгадир. Бунда фақат ювиндихўр, Қуллар мени енгадир. Атрофимда қашқирларнинг, Кўзи йилт - йилт ёнади. Тегиб қашқир тишларига Оёқларим қонади. Шу қон издан бир кун мени, Излаб, излаб топ болам. Бу дунёдан очиқ кетган Кўзларимни ёп болам!
1988 йил , август. Маслахат қишлоғи .
МАБОДО
Мен бир ит бўлсайдим (Лайча ё кўппак) Зулматли куз кечаси Дарё ортидаги “Латтақишлоқ” да Бўғиқ аккиллардим Гўё хум ичида хураётгандай. Товушимни тинглаб, Ухлаб қолардинг Илинарди кўзинга уйқу Ёхуд бўлсам эди сассиқпопишак Пупупуб - пупупуб - пупупуб Пишш - ш! - дея Олис увотларда сайрардим узоқ Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб Бир зум қулоқ тутарди менга. Ё бўлмаса омадим чопиб, Чигирткага айланиб қолсам Ой порлаган оқшом Ёзги “Қирғизхожи” далаларида Тунни зириллатиб чириллар эдим. Ёки дейлик фалокат босиб, Одам бўлиб қолсам кутилмаганда Катта - кон одам Болалигим кечган Қорақ<
|