Пайшанба, 09.01.2025, 20:29Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Март 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Март » 15 » Қадрдон қирғоқлар 2
Қадрдон қирғоқлар 2
19:16



ХОХИШ

Ғийбат, фасодлардан чекиниб,
Далаларга ёлғиз чиқсангу,
Шамолда денгиздай мавжланаётган
Яшил буғдойзорга
Чўзала тушсанг.
Сўнг бепоён осмонга тикилганингча,
Оёқларинг узатиб ўлсанг.
Кейин чумолилар,
Қарға - қузғунлар
Вужудингни қилса толомон.
Сенинг қайга кетганингни,
Қандай ўлганингни
Билмай қолса
Ғофил оломон.

1988 йил . баҳор , Маслахат қишлоғи .

ҚАҲРАМОН

(Ҳамқишлоғим , иккинчи жаҳон уруши ногирони ,
  марҳум Фозил ота хотирасига )

Гувиллайди боғларда бўрон,
Тун қоронғи, тонг ҳали йироқ.
Пастак уйнинг меҳроби аро,
Милтиллайди хира жинчироқ.
Чол узилган тасмани улаб,
Оёғига юзли мих қоқар.
Оёқ эмас, не десам экан,
Туёғига мунғайиб боқар.
Ёрилади, ёғоч оёғи,
Чол кўзидан ёши тирқирар
Қайлардадир зулмат қўйнида,
Қуш одамга ўхшаб чинқирар.
Одам қушга ўхшаб қийқирар.

1988 йил . Бахор . Маслахат қишлоғи .

ОЛИС ЯХШИЛИКНИНГ ШУЪЛАСИ

( Бобом Абдусалом Саид хожа ўғилларининг порлоқ
  хотирасига бағишлайман )

” Ҳайит намоз ” куни
Масжид олдидан
Бобомни излардим
Ҳаммадан бурун.
Асли Гиннес китобига
Ёзиш керак эди
Менинг бобомни.
Чунки унинг чўнтаклари
Жаҳонда энг чуқур
Чўнтаклар эди.
У қувватсиз титроқ қўлини,
Чиғаноғига қадар
Ўша чуқур чўнтакларга суқарди.
Сўнг ҳамёнини олиб,
Синиқ жилмайганича
Ҳайитлик берарди
Менга шошилмай.
У пайтлар мен учун
Дунёда энг буюк
Банк эди бобом.
Энди менга ҳеч ким
“Ҳайит намоз” куни
Бермас ҳайитлик.
Лекин мен ҳалиям
“Ҳайит” га борсам,
Бобомни излайман
Масжид олдидан.

1 июнь . 1995 йил , эрталаб соат 9 дан 13 минуту
  21 секунд ўтди. Андижон шаҳри .

ЗОБИТ

Осмон - чексиз погон,
Ундаги юлдузларга қараб,
Билиб олса бўлар
Қадимий дунёнинг
Харбий унвонин.
Тонги ғира - ширада
Унвони баланд
Дунёга честь бердим
Сўнгра онам каби
Мени кийдириб,
Едириб - ичкизиб
Боққан дунёдан
Узрлар сўрадим,
Ғирром, қиморбоз,
Ёлғончи, бевафо
Деганим учун.
Энди унвоним ҳам
Бироз баландласа керак
Ҳар ҳолда.
Сўнг зобитлигим қўзиб:
“Сафлан!” дедим
Сафланди дарров
Тонгги дарахтларнинг
Шонли ротаси
Мен ишга жўнадим
Гардсиз юракда
Қадрдон кунларнинг
Қувноқ нотаси.

2001 йил , январь . Маслахат қишлоғи.

ДАФН МАРОСИМИДАГИ ТАКЛИФ

(ЭПИФАНИЯ )

Ҳурматли ўтроғлар… ўт - роқ… кечирасизлар ўртоқлар экан. Саводсиз котиба нотўғри ёзиб қўйибди… Хў - ўшш, бугун жафокаш халқимиз фавқулодда оғир жудоликка учради. Бешафқат ўлим бизларни доғи хасратда қолдириб қадрдон дўстимизни орамиздан юлиб кетди. Дўстим, сен хаддан ташқари қисқа, локигин ўта сермазмун умрингда нохақлик билан муттасил курашиб ўтдинг. Сенинг қуёшдан ҳам порлоқ хотиранг авлодлар ёдидан тоабад ўчмагай!
  Ётган еринг пардай юмшоқ бўлсун… Амаки, дўппингизни бошдан олмайсизми?!.. Б л и н, т у п п п п о й ! Надоже - а… всё таки… Так, кечирасизлар. Нима деятувдим… Ҳая, энди, хурмандлик ўсроқлар, мархум дўстимиз Ҳақиқатни хотирлаб тик турганимизча бир умр сукут сақласак…

9 .02 . 2007 йил . Соат 10 дан 4 минут ўтди . Бишкек шаҳри , Ленинград кўчаси , 35 - уй .

ЎҒЛИМ САИДАХРОРГА

Мен бахтсиз эмасман,
Вақтсизман, ўғлим.
Вақт жуда қиммат.
Тежаб ишлатсам ҳам барибир,
Ижодга, соқол қиртишлашга,
Ишга ва тузсиз сухбатларга
Йигирма тўрт соат вақт
Урвоқ ҳам бўлмас.
Қорадарё соҳилидаги,
Чўчқахона тамонда
Биз қий - чув қилиб
Футбол ўйнайдиган.
Хутор харобаларига бориб,
Олис болаликни эслашга
Етмайди вақтим.
Роҳатимни кўрмай,
Ўттизга кирмай оламдан ўтган
Жафокаш онамнинг қабрини
Зиёрат қилишга эса
Умуман вақтим қолмаган менинг.
Чунки яқинда
Очкўз, семиз, бадавлат гадой:
“Битта шеърга неча пул тўлайди?” - дея
Ўғирлади анча вақтимни.
(Милицияга хабар қилмадим)
Энди ўғирланган вақт учун,
Камомад учун
Қандай хисоб бераман Хаққа?
Нақадар вақтсизлик!
Нақадар вақтсизлик, ўғлим!

2004 йил .Май . Андижон .

ШЕЪРИЯТ

Танамни йигирган қадимий урчуқ,
Чигал хомашёни афу эт, кечир.
Умид билан келдим балиқдай чанқаб,
Заққум оғусидан бир қултум ичир.
Муддатдан илгари тирилдим мисли,
Чумоли қитиқлаб уйғотган замин.
Ёқдим парвоналар ўлгани етмай,
Жасад жиззасида ўчирган шамин.
Ўзимни филбондай ҳис қилдим мен ҳам,
Тўрғайдан далалар кирганда тилга.
Қуёшни қирқ марта айландим миниб,
Замин деб аталган баҳайбат филга.
Шиқмола судраган телба трактор,
Қирда қўшиқ айтар заминни қашлаб.
Қалдирғочлар учар қайчидек шодон,
Кўкламнинг кўйлагин тенг бўлиб ташлаб.
Қуёш қуймоғини ағдараман деб.
Сўзимга ўт кетди, айбдор ўзим.
Ўсаётган тирик тўшакни кўриб,
Бир жуфт тугма каби бақрайди кўзим.

2001 йил , 16 ноябрь кеч соат 6 дан
  00 минут ўтди . Маслахат қишлоғи .

КУЗГИ СОҒИНЧ

Қаршимда лаллайиб турган шу дарахт,
Қушлар концертига сотади чипта.
Симлар чизиғида қушлар нотаси,
Умримиз муаллақ омонат ипда.
Қуёш тилласидан қамашди кўзим,
Боғлар чайқалганда шамолларда маст.
Сувлар бехуш ётар анхор қўйнида,
Боди хазонлардан тўзғин хору хас.
Суви қочган нондай қақради йўллар,
Кузги кўприклардан ўтдим мен якка.
Хазонли боғларда сени эсладим,
Осмон ўтовидан ўтганда чакка.
Шу кеча мен сени қилурман озод,
Шарт эмас тўсиқ ё пардани йиртмоқ.
Тортаман тирсиллаб узилиб кетар,
Сиймин баданинга ботувчи сиртмоқ.
Ахир сенсиз тунда қор ёғаётган
Қоронғу, кимсасиз жим - жит кўчаман.
Бу кеч ёнаётган гугурт чўпидай,
Хушбўй нафасингдан титраб ўчаман.

12 сентябрь, 2002 йил. Кундуз соат 2 дан 25 минут ўтди .
Маслахат қишлоғи .

ШАҲАР ЁМҒИРИ

Чақмоқ лазеридан ёришиб кетар,
Олис самоларнинг гезарган лаби.
Ёмғир ювиб кетган гулзорлар аро,
Ўйларим ғарқ бўлар “Титаник ” каби.
Ювилган майдонда қарсиллар ёмғир,
Ўрмалар лойқа сув илони селда.
Муз солинган қопдай сўлим Хаволар,
Борлиқ гўдак каби юпанган елда.
Ёдимга тушади олис болалик,
Чақмоқ, қасирғалар, селлар сурони.
Ёмғирдан кейинги боғлар устидан
Гуриллаб эсарди чумчуқ бўрони.
Қолди узоқларда дарё жарлари,
Юлғунзор тўқайлар соғинган дўстим.
Шоир бўлиб назм дарёларида,
Жарларга тирмашиб қийналиб ўсдим.
Баланд жарлар каби қаватли уйлар,
Олмос чироқларин маъюс ёқарлар.
Чироқ маржонига термулар ғамгин,
Гиёхдонда ўсган тунгабоқарлар.

24 . 05 . 2005 йил. Андижон шаҳри .

ХЎРАНДА

Университет, аудитория,
Кенг ресторан эди мен учун.
Китоб - таомнома,
Домла - официант.
Сенинг дийдорингни
Киприкка санчиб
Ея бошлар эдим
Кўзларим билан
Сира тўймас эдим,
Лаззатли эди
Дийдор таоми.
Ташқарида эса ёғар эди қор.
Ойнадан боқарди
Менга жилмайиб
Оппоқ халат кийган
Пазанда дунё.

2001 йил , 4 июнь , тонг саҳар .
  Маслахат қишлоғи .

.

БУЮК ЁЛҒИЗЛИК

Улфатим уқубат, ҳамрохим азоб,
Қоронғу йўллардан ўтдим ғам ютиб.
Зулматда туртиниб юрибман хамон,
Пойимда муз билан қопланган Қутб,
Ченада юк оғир, итим ҳам ўлган,
Музлаб бораётир ёнилғим - илик.
Чақмоқтош йўқолган, тугаган гугурт,
Қалдираб турибди оғзимда пилик.
Бир куни ёришар бу қора дунё,
Қорларга қўшилиб эрийди қахр.
Қиш мангу эмаску, баҳор ҳам келар,
Дунёда ҳар ненинг чеки бор ахир.
Хайр, одамсимон пингивин қушлар!
Бунда мехр ноёб, мурувват қахат.
Шеъриятнинг мангу музликларидан,
Мен қаздим ўзимга тубсиз бир лаҳад!

1996 йил , январь . Тошкент ,
  Қўйлиқ даҳа , 6 мавзе .

Ҳикмат

Одамзод одамга
Ойна дейдилар.
Бу тўғри, лекин,
Кулги хонасидаги каби
Қинғир ойналар ҳам
Бордир дунёда.
Уларда акс этган
Афтингни кўриб
Куласан
Яъни,
Ўпкалаб юрмайсан
Қинғир ойнадан.

26 декабрь, 2007 йил. Торонто. Канада.
Ярим тун.

Бахтли кимса

Афанасий Степанович хотинини жуда яхши кўради. Сабаби оддий. Хотини гап қайтармайди. Сиз балки ишонмассиз. Лекин афсуски, дунёда гап қайтармайдиган хотинлар ҳам бўлар экан. Афанасий Степановичнинг хотини шу қадар итоатлики, гарчанд рохиба бўлмасада, остона ҳатлаб кўчага чиқмайди. Тилла тақинчоқ, кийим олиб бер деб ғалва қилмайди. Тўғри, ҳар тўкисда бир айб деганларидай унинг хотинида ҳам битта камчилик бор. У туғмас. Содда қилиб айтсам, тумсо. Шу важданми, ҳайтовур Афанасий Степанович хафталаб уйига келмаса ҳам хотини “Қаерларда юрибсиз?” дея бир оғиз сўрамайди. Оёғида туролмайдиган даражада ичиб келса ҳам, пулини қиморга ютқазиб юборса ҳам жанжал қилмайди. Маошини ҳам суриштирмайди. Буни менга Афанасий Степановичнинг ўзи айтган. У ҳатто бир куни менга хотинини кўрсатди. Қарасам, хотини диванда ётган экан. “Қалай?” - деди Афанасий Степанович. Гап йўқ - дедим мен. “Ана шунақа”- деди Афанасий Степанович мақтаниб. Кейин хотинини михга илиб қўйди. Дамини чиқариб.

1 январь, 2008 йил. Торонто. Канада.
  Соат 20 дан 43 минут ўтди.

ҚУВҒИН

Айрилиққа тўлди умр тўрваси,
Онам кўзларида жовдирар савол.
Изғиринда хуштак чалади симлар,
Мен юрган йўлларда йиғлайди шамол.
Ортимда қутурган занжири тилло,
Думи йўқ итларнинг қонхўр галаси.
Қўй, менга эргашма, қайтгил, тўлин ой,
Омон бўл, юртимнинг ойдин даласи.
Йиғлама, Оллохга омонат онам,
Мен учун оламда йўқ сенинг тенгинг.
Сочларинг пахтадай оқариб кетган,
Кўз ёш артавериб тешилди енгинг.
Ғийбатдан ўт кетди қулоқларимга,
Тош отди ортимдан уч - тўрта хезм.
Ўрмалар бўғзимда ёввойи хўрлик,
Нахот қуриб битган кўзёши безим?!
Очилмоқда оғир уфқлар қовоғи,
Салқин саболарда сайрар бедана.
Чорбоғлар ортида хира порлар ой,
Олисда юлдузлар олмос седана.
Тонги ғира - шира, кўприк тамонда,
Кимдир чекаётир паришонҳаёл.
Тўхтаб суканатга қулоқ тутаман,
Узоқда боламлаб йиғлар бир аёл.
Оғир бўлар экан Ватандан кетмоқ,
Исковуч ит каби изғийди посбон.
Қайтиб келолмасам ёнинга, она,
Ер шари тобутим, қопқоғи осмон!

2006 йил , 07 . 07 . Соат 21 дан 22 минут ўтди .
Бишкек шаҳри . Лев Толстой кўчаси 128 - уй . 39 кв .

АЙРИЛДИ

Жудолик даштида Одам Ато Хавводин айрилди,
Жами Ислом эли йиғлаб Расулуллодин айрилди.
Асл мангу мухаббат - Ҳақ, бани одамга дил берма,
Бўлур ибратки Мажнун ох чекиб Лайлодин айрилди.
Меҳр қўйма бу дунё молига, хаттоки Қорун ҳам,
Ажал келгач туганмас молу мулк - дунёдин айрилди.
Кибр касби Лаъин Иблис эрур кибрингни ўлдиргил,
Неча мағрур қавм Искандару Дородин айрилди.
Хатарли қумбўронда беақл йўл бошлагач карвон,
Биёбонлар аро йўл манзилу маъводин айрилди.
Қавмларни қилур ғорат қиличсиз, сўз билан ағёр,
Кириб ёв сўзига зиллат эли имлодин айрилди.
Нафс қармоғида лаззат ётар алданмагил, Вулқон,
Хўракка алданиб нодон балиқ дарёдин айрилди.

2005 йил , апрель . Маслахат қишлоғи .

ВАТАН ФИРОКИ

Хақ гапни айтганим айбимми менинг?
Нима гунох қилдим, айтинглар, нетдим?
Ложувард  уммонлар ортида қолган,
Олис Ватанимни соғиниб кетдим.
Онам мени туққан қишлоқда ҳамон,
Алвон булутларга қуёш ботарми?
Сабо дувиллатиб шудрингин тўккан,
Йилғинзор томонда тонглар отарми?
Кечир, сени ташлаб кетдим, болалик,
Мустабид шох каби қуладим тахтдан.
Умримнинг кимсасиз мовзолейида,
Ўзимни тутолмай йиғладим бахтдан.
Гувиллайди вахший одам ўрмони,
Кети кўринару кўринмас боши.
Қуёшни ёнғиндан қутқариш шартмас,
Хавфли ёнилғидир кўзимнинг ёши.
Хотиротнинг кўхна омборларида,
Бугун навбатчиман, уйқусиз посбон.
Қуёш манглайидан қамашди кўзим
Менга бундай боқма, киприксиз осмон!
Ой - оқшом бўғзида ўлмаган охак,
Чириб кетмасайди кўзларим - дейман.
Осмон - хирмонида булут пахтаси
Бўшлиқларни ямлаб, хавони ейман.
Қишлоқ узра қўнар мехригиё шом,
Буйраклари тошли далалар хаста.
Хадемай уфқларда оқ халатли тонг,
Осмон грижасин ёради аста.

29 .04 . 2006 йил .Бишкек шахри . Лев Толстой
  кўчаси 124 уй. 39 квартира .

БЕМОР

( ШАВКАТ РАХМОНга)

Шифохона тоғ этагида,
Ойна орти ўрмон, арчалар
Қор қоплаган олмос чўққини ,
Кўз - кўз қилар менга дарчалар.
Чайқалади ойнага тегиб
Қайинларнинг барги, шохлари,
Демак, шамол эсар ўрмонда,
Аждодларнинг мовий охлари
Эшитяпман, қизилиштонлар,
Дарахтларни урар тўқмоқда.
Балки хозир сигир карвони
Лапанглайди олис сўқмоқда.
Бунча узоқ сайрадинг, бас қил,
Қўйгил, мени алдама, какку.
Қандай қилиб мен узоқ яшай,
Ахир, менинг касалим “Рак ” ку!

2001 йил , 22 январь , тунгги соат 2 дан
минут ўтди . Маслахат қишлоғи.

ЭЛЕГИЯ

( Мархум дўстим Абдувохиднинг хотирасига )

Зағизғон дегани паришонхотир,
Жонсарак , тентакроқ қушлар зодидан.
Кузда ёнғоқ кўмган жойини ул қуш,
Кўп ўтмай чиқариб қўйди ёдидан.
Ёнғоқ узоқ ётди қорлар остида,
Тортиб қахратоннинг қахрли жабрин.
Олис қалдироқлар гумбирлаганда,
Ёнғоқ қад кўтарди қўпориб қабрин.
Ёнғоқ қабрин қандай ёриб чиқди, айт?!
Жавоб бергил! - дея шамолни тўсдим.
Биз ҳам ахир сени кўмган эдикку,
Нега қабринг ёриб чиқмадинг, дўстим?!
Унутган эдикку зағизғон каби!

1999 йил, 11 феврал, ярим тун
  Маслахат қишлоғи.

ҚИШЛОҚ ОҚШОМИ

Қишлоқ туни чуқур
Чуқурдир Бухоро зиндони каби
Мен у ерга тушдим
Зинапоядан,
Асалари инига
Ўхшайди осмон.
Далалар маст - аласт,
Асал хидидан.
Мен юзимни шамолга бурдим.
Сўнгра мени қаритиб кетган
Йиллар сўқмоғидан
Сени изладим.
Излаб бордиму негадир
Юз - қўлларимга илашиб
Ялтиллади ўргимчак тўри.
Ялтиллади ой шуъласида
Осмонга қарадим.
Бошимда поёнсиз юлдуз тўзони,
Суюқликдан ёнди
Қўмир - қорчиғ
Чексиз етимлик!

1996 йил , сентябрь
  Маслахат қишлоғи .

Кўзгу қаршисида

Кўзгу - яъни бутун вужуди
Биттагина кўздан иборат.
Ҳаёлпараст шаффоф предмет
Ана унинг нигохида
Мунчоқ кўзларига ташвишлар чўкиб
Хижратларга шайланган қушлар.
Еган донлари ва ичган сувлари учун
Одамлардан розилик сўраб
Том устидан айланган қушлар.
Дарахтга суяниб
Сўзсиз хайрлашдим
Мен қушлар билан.
Сўнг кўзгуга қўл чўздим
Чил - чил синди кўзгу
Ичдим тўйиб - тўйиб, ховучлаб
Парчаланган кўзгу синиқларини
Хотиротнинг олис туманларидан
Сизиб чиқди нотаниш оғриқ.
Балки яна кўришармиз.
Балки тиллақўнғиз учганда
Шууримда қолган товуш чизиғи каби
Унутилажак шодлик соатларида
Таниш қирғоқларга келарсан яна.
Таниш кўзгу қирғоқларига.
Гигант бешиктебратардай
Кўзгуга қўл чўздим, қўлларим илиқ.
Сени ушлаб қололмаган қўллар…
Мени кечирма Шахзода, мени кечирма!
Илтимос сендан.

1994 йил, бахор, Тошкент шахри

Ватанни соғиниб

Осмон - бош чаноғим, булутлар - мийям
Оёғим остида ўралашма, ер!
Сен хўкиз шохида омонат лаппак .
Кўксим қафасида наъра тортар шеър.
Юрак - ядро бомба, ипга илинган,
Бу тоғлар тоғ эмас, букчайган дахма,
Шу жойга тириклай дафн қилинган,
Хазрати Хақиқат алайхирраҳма,
Ёпиғини айтсам, гапнинг қинғири,
Қанотсиз учгувчи қўрқинчли қушман.
Дўстимдан ҳам озроқ ёмонлик қилдинг,
Менга садоқатсиз экансан, душман!
Юлдуз босиб кетди осмонни, қара,
Беш миллион, ўн миллион, юз миллион, миллиард!
Саёқ сайёралар соққаси, билсанг,
Ўйинга хозирлаб қўйилган биллиард.
Ит ҳам яшамайди бугун бочкада,
Бутунлай ўзгариб кетган биоген.
Искандар тиржаяр қуёшни тўсиб,
Олтин қасрларда яшар Диоген.
Менга яшаш учун бочка топилмас,
Ғурбатда оқарди соч - соқол, муртим.
Сени мен бир зум ҳам унутганим йўқ,
Мени ҳам унутиб юборма, Юртим!

2007 йил , 25 январь ,соат 22дан 51 минут ўтди
Бишкек шаҳри , Ленинград кўчаси , 35 уй

БАҲОР ТОНГИ

( Хотиним Гулсорага )

Тонг оқариб Қорадарёга,
Чўкиб кетар ойнинг товоғи.
Очилади ёришган уфқнинг,
Қорачиғсиз завр қобоғи.
Буғланмоқда тупроқ икраси,
Ғамлар эрир махзун навода.
Қайлардадир маърайди бузоқ,
Пичан хиди сузар хавода.
Ойналарни артасан шодон,
Тўлиб - тошиб сайрайди майна.
Олмос каби порлаб, ўрдакдек,
Ғақиллайди топ-тоза ойна.
Мувозанат сақлаб учасан,
Ер аталган баҳайбат шарда.
Деразалар ортида шамол,
Елкан каби қабарган парда.

2004 йил . Май . Андижон шахри.

ЙЎЛОВЧИ

Зулматларда озодликнинг,
Машъаласи чорлади.
Унга тамон юрсам, тунда,
Суякларим порлади.
Айбмиди, зулматларда.
Чақмоқ каби шохласам?
Кенгликларда озод эсган
Шамолларни хохласам?
Қонсиз лаби сарғиш сўлак,
Ит тишлади оёғим.
Оқсоқланиб кетавердим
Шеърлар қўлтиқтаёғим.
Ёв етказган жарохатни
Даволадим, тузладим.
Кўз илғамас олисларда,
Мамонт каби музладим!

2001 йил , январь ,чошгох .
  Маслахат қишлоғи.

ТОНГНИ КУТИБ

Туманлар қоплаган кузги боғлардек,
Ҳаётим хувиллаб қолдику сизсиз.
Хеч кимга кўрсатмай кўз ёшларимни
Жимжитлик қаърига кетаман изсиз,
Соғинган бағримни кемирар хижрон
Ичкизиб қўяман уйқумга захар
Хорғин чироқларга термулиб масрур,
Сизни эслагайман то субҳи саҳар,
Мен тонгда одамдай яшай бошлайман
Боғларга тўлганда шодлигу сайроқ.
Атлас кўйлагингиз этакларини
Тонги шаббодалар қилганда байроқ.

1991 йил , куз , Маслахат қишлоғи .

ЮЛДУЗЛИ ТУН
  ( Эпифания )

Юлдузлар менга шу қадар яқин туюладики, улардан бирини оташкурак билан қимчиб олиб сигарет туташтирса бўладигандай. Улар унут гулханнинг сўнгги чўғлари сингари
яллиғланади. Нақадар гўзал ва сирли осмон!
  Айтгандай, сен шу осмондай сирлисан. Биласанми, юлдузларнинг ману шу нурлари бундан миллион йил бурун йўлга чиққан эди. Уларнинг бугун йўлга чиққан нурлари ерга миллион йилдан кейин етиб келади.
  Сенинг нигохинг нурлари ҳам миллион йил бурун йўлга чиққандай, бугунги нигохинг нурлари менга миллион йилдан кейин етиб келадигандай туюлади, севгилим!
  Сон - саноқсиз юлдузлар тўла поёнсиз осмон!
  Лабларимга сигарет қистириб чўнтакларимни пайпаслайман. Гугуртим йўқ.

1990 йил , ноябрь . Тошкент шаҳри .

ЁПИЛГАН АДВАКАТУРА

( Эпифания )

Мен дарахтларни, уйларни оқлайман. Мени эса қоралайдилар. Оқу қора аталган бу икки зиддиятли тушунча аро одамларга ҳайрат ва умид билан эловраб қарайман.
  Мен оқласам улар қоралайдилар. Қораловчилар бунча кўп бўлмаса дейман ўзимга ўзим. Сўнг бирдан адвакатим ёдимга тушади. Ўпкам тўлиб хўрлигим келади.
  Қандай яхши адвокат эдия, рахматли - дейман. Баъзан унинг ёпиб қўйилган адвокатурасига бориб остонасига гулчанбар қўйиб келсаммикин - дея ўйлаб кетаман.
  Эҳ, пора олмайдиган, сотилмайдиган менинг меҳрибон адвокатим - жафокаш онам!

11 . 06 . 2005 йил . Кундуз соат 4 дан 25 минут ўтди . Андижон .

ДЕВОНА

( Дониёр Самадовга )

Дарахтлар ғўдаяр хода ютгандай ,
Чивинлар визиллаб эшакни қувлар .
Тиржая бошлайди негадир ғунча ,
Ақлдан озади қиқирлаб сувлар .
Қозонга беркиндинг улардан қочиб ,
Оғриб кетса ҳамки букилган тиззанг .
Қозоннинг остида вахший аланга ,
Қопқоқ берк . қозонда қорайган жиззанг .

2004 йил,21 февраль , шанба . Кеч соат
  15 минут кам 5 . Маслахат қишлоғи.

БАҲОР ЁМҒИРИ
  ( Эпифания )

Айвонда ўтирганимча яқинлашиб келаётган қора булутларни кузатаман. Назаримда булутлар баҳор шамолларида денгиз тўлқинлари каби шовуллаётган ям - яшил дарахтларга тегиб ўтаётгандай туюлади.
  Қишлоқнинг мўрили, оқланган уйлари эса тўфонда қолган кемаларга, афсонавий флотилияга ўхшайди. Уйларнинг телеантеналари, каптар хавозалари мачталардек чайқалади. Бу орада шамол яна кучайди . Ёмғир ҳам энди шаррос қуя бошлади. Мен ёмғир шовқинига қулоқ соламан. Кўчадан автомобиллар вишиллаб ўтади. Булутлар шу қадар қуюқлашдики, атроф қоронғилашиб кетди. Чақмоқлар ёмғирли қишлоқни ҳар тамондан суратга олаётган фотографга ўхшайди. Мен чақмоқ нурида сенинг гулгун юзларингни ва соябонингни кўришга улгурдим. Хайрон қоларли даражада захарли қўзиқорин “Мухомор”га ўхшаш қизил соябонингни.
  Менинг уйим ям - яшил, қалин дарахтзорлар тўлқинига ғарқ бўлаётир.
  Мен трюмда қолиб кетган ғофил денгизчи каби тобора яшиллик қаърига чўкиб бораяпман.
  ПОЛУНДРА - А -А -А -А!

1997 йил , 10 май , кундуз соат 4 дан 25 минут ўтди. Маслахат қишлоғи .

Мижоз

- Хуқуқ химоячиси
  Холдор Вулқон сизми?
  - Ҳа менман, нимайди, ука?
  - Э, хайрият, охири топдим.
  Ака, менга етказилган
  Моддий ва маънавий зарарни.
  Ундириб берсангиз жавобгарлардан.
  Гап шундаки, ёшлигимда
  Мени жуда эрта қамашган.
  Айбимни бўйнимга қўйишмай туриб,
  Терговсиз, адвокатсиз, судсиз
  Тўққиз ой муддатга
  Озодликдан махрум қилишган.
  Лекин бахтимга
  Етти ойда амниция тегиб,
  Озодликка чиққанман.
  Қоп - қоронғу авахтадан
  содда қилиб айтсам,
  онам қорнидан.
  Сўнгра озодликка чиқишим билан,
  Бешикка ётқизишиб
  Қўл ва оёқларим боғлаб қўйишди.
  Бешикдан қутилган чоғимда эса
  “Қўй, унга тегма!”
  “Қўй, индама!”
  “Қўй, у ёққа борма!”
  “Қўй, Хўкмат билан олишма!”
  Деяверишди.
  Мана энди, қўй бўлиб қолдим …
  Мммба -а -а -а -а -а -а -а -а -а -а!
  - Ё, пирай!..

26 .01.2007 йил . Соат 21 дан 11 минут ўтди .
Бишкек шахри . Ленинград кўчаси . 35 уй .

Ўзбегим

(Эркин Воҳидов шеърига назира)

Дилда армон, қўлда кетмон бўлди сарсон Ўзбегим,
Қадру қиммат растасида нархи арзон Ўзбегим.
Сочди оғу боши узра чарх уриб тайёралар,
Дори - дармон қилмагач кор ичди айрон Ўзбегим.
Шунча пахта, шунча олтин қайга кетди, ё фалак?
Нега қашшоқмиз, ахир - деб лолу ҳайрон Ўзбегим.
Қишда газсиз, таппи бирлан ўт ёқиб кун ўтказиб,
Нефту газни сув текинга қилди эхсон Ўзбегим.
Пул тополмай зўрғалатдан тебратар рўзғорини,
Ўйланиб чеккай хижолат келса мехмон Ўзбегим.
Террористга айланар масжидга кирса ногохон,
Чўнтагидан ўқ чиқар мент қўйса қопқон Ўзбегим.
Тинч намоишларда арзин айтса қирғиндир жавоб,
Кимга айтсин арзу додин қалби вайрон Ўзбегим.
Бош кўтарса бирни Хизбит, бирни Воххобий атаб,
Урдилар Жаслиқда қийнаб бўлди қурбон Ўзбегим.
Қайга борса бошда шапка, ишлагай жим, мунғайиб,
Сўз деёлмас, лиқ тўла оғзида толқон Ўзбегим.
Қувлагай думсиз шоқоллар тишларин такаллатиб,
Дашт аро жон қутқазиб чопгувчи жайрон Ўзбегим.
Қоп кўтарган қиз-жувонлар мардикор бозорида,
Иш тополмай шер йигитлар тўзди ҳар ён Ўзбегим.
Дўппи кийса ҳамма ҳайрат ичра; “Ҳа, тинчликми?” дер,
Киймасинми дўппи, яктак бирла чакмон Ўзбегим.
Ёши ўтган ўғли бирлан қари қиз қайғусида,
Шайланар осмоққа ўзни гоҳи пинхон Ўзбегим.
Нола қилса охидин зир титрагай сайёралар,
Парча -парча йиртилиб кетгуси осмон Ўзбегим.
Ёндошиб Эркин Воҳидга сўйласа айб этмангиз,
Ҳақ йўлинда тўғри сўзни ёзди Вулқон Ўзбегим!

2007 йил , 26 июнь , соат 14 59 минут ўтди . Бишкек шахри , Алиасқар Тўқтаналиев кўчаси , 24 уй , 26 квартира .

Саёҳатнома

Борсам ажаб Тошкант сари,
Метрода эл тўзғин ари.
Миршабга ўхшайдир бари,
Эл ҳурлиги ёлғон экан.

Ҳоким харомхўрлар метин,
Ерлар халойиқнинг этин.
Пошшога силкитгай кетин,
Эл овқати ёвғон экан.

Ким оқ демабдир қорани,
Излаб тополмай чорани,
Судларга бергай порани,
Сўнг қабри беайвон экан.

Думсиз қутурган тозилар,
Ўзбек қирилса розилар.
Бедин ялоқхўр қозилар,
Йиртқич, ёвуз хайвон экан.

Алқаб ароқхўр “Хожи”ни,
Дерлар фазилат кожини.
Кийдирди қайга тожини?
Мазлум авом хайрон экан.

Бундоқ қараб солсам разм,
Иблисга қул бўлмиш назм.
Ишдан қувилмишдир Азим,
Орифни жин чолғон экан.

Енгин шимардим жомани,
Солдим довотга ҳомани.
Ушбу саёҳатномани
Ёзган, аканг Вулқон экан.

16 январь, 2008 йил. Тунги соат 9:53.
Торонто. Канада.

РАМОЗОН МУБОРАК

Умр шошқин дарё экан, сой экан,
Бу ой ” Қуръон ” нозил бўлган ой экан,
Рўза тутган зот иймонга бой экан
Мўъмин - мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллох Таборак.

Рўза бизга ёрдам қўлин узатмиш,
Такаббурлар ахлоқини тузатмиш.
Расулуллох йиғлаб уни кузатмиш
Мўъмин - мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллох Таборак.

Мискинларни бой едириб ичирсин
Аразлашган бир - бирини кечирсин
Оллох олов камзулларни ечирсин
Мўъмин - мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллох Таборак.

Бўлсанг уйда, хох далада, адирда,
Ухлаб ётма сен Лайлатулқадрда.
Бу тун ҳатто руҳлар ётмас қабрда
Мўъмин - мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллох Таборак.

Рўзамизни Оллох учун тутайлик,
Бу дунёдан Иймон билан кетайлик,
Мангу хузур - халоватга етайлик,
Мўъмин - мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллох Таборак.


Категория: Мажмуалар | Просмотров: 2004 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025 | Конструктор сайтов - uCoz