Жума, 17.05.2024, 01:32Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Ноябрь 2009  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2009 » Ноябрь » 27 » "Олисларда ёнган чироқлар" қиссасидан янги боб
"Олисларда ёнган чироқлар" қиссасидан янги боб
13:01


          Холдор  Вулқон


               Маслахат.
    
        "Олисларда  ёнган  чироқлар"
                   номли   қиссадан.
 

                                                       


Яшириб  нима   қиламан. Тўғриси,  мен  Ватанга  ҳар  куни,    кун  ора  текинга  бориб  келаман. Менга   давлат  мулозимлари   ҳам  индамайди. Мен   учадиган  учоқ  билан   замонавий  Радарларнинг   ҳам  иши   йўқ. Учоғим   шу   даражада   мустахкамки,  уни   жаҳондаги  энг  илғор   харбий  ракета  билан  ҳам  уриб   туширишолмайди,  менинг   ташрифимни  тўса  олмайдилар.Мен   учадиган   учоқ  гарчанд  ўта  ибтидоий  бўлсада,  у   нурдан   ҳам  тез  учади.  Менга   ҳаво  коридорининг   ҳам,  диспеччеру  учувчи,  штурману   аэропортнинг,  чиптаю  сўғуртанинг, паспорт  билан   визанинг,  парашутнинг     ҳам   кераги   йўқ. Хозир  Канадада   қалин   туман   бўлишига   қарамай   ҳавога   кўтарилдим  ва   Худо  менинг   туғилган   кунимга     совға  қилган   шу   бепул  дискалетда,  ҳаёл   отли   лаппакда   учиб   боряпман. Мен   ўзим   туғилиб  ўсган   жонажон  қишлоғим  Маслахатга   олиб   борадиган   йўл   бошида,  Қораянтоқ  бекатида   ерлаб   охиста   қўнаман. Негаки,  буёғига   атайлаб   пиёда  юрмоқчиман. Чунки  бу   йўлларни   соғинганман. Мен   умр   бўйи   турмаларда,  зоналарда  муддат   ўтаб  80   ёшида   оламдан   ўтган  Фозил   бераҳмнинг   уйига   етганимда  кимдир   менга   етиб  олди. У  ҳам   менга   ўхшаш   йўловчи  экан. Кўришиб  ҳол - ахвол  сўрашгач  Маслахатга   келаётган   меҳмоннинг   исми  Рустам  ака    эканлигини   билиб   олдим. У   инсон   "Р"  товушини   "Ғ"  деб   талаффуз   қилар  экан. - Ука,   мени   атим   Ғустамжон. Иликтғасетда   ишлейман.  Олий   маълумотлик  инженеғман. Иккита   дипломим   боғ. Омма,   бу   хағамидан   бўған  иликтғасетдаги  ғахбаллағ   мени   қадғимга   етмаяпти. Ишансез,  бултуғги  йили   шунақа   кеч   кузда  Камсамўлобот  чўллағига   боғдик.Бўғтавўй   мошинада. Мени   кузипка  чиқағишип   қўйган. Совууууқ. Тумаааан. Камсамўлоботка   боғдик. Начайник   хич   ким   йўқ   чўлди   ўғтасига  обоғип: - Ғустам   ака,  сиз   кузиптан   чушип   исталбалағди   кўздан   кечиғинг. Узилган  симлағ   бўса,  улейсиз. Паласагупсини   оволинг. Биз   қайтишда   сизи   опкетамиз  - деб   йўғ   дийишимгаям   қоғамей   мени   йўлди   ўғтасига   чушиғип   кетвоғди   ҳағамидан   бўған. Қалин   туманда   биғ   метғ  жой   зўғға   кўннийди. Тумандан   бўғилағ  чиқип   ғажиб   кетами    деп   қўғқаман...     Рустам   ака   шундай   деб  кула   бошлади. Мен   ҳам   кулдим. Бироз   юргач   у   яна   гапира   бошлади: - Биғ   куни,   қоғенг,  ээээттаматанда  ишга   боғсам   ишхонадагилар   менга   қоғаб   кулвоғишди. -  Ие,   нима   куляпсилағ? - десам   баттағ   кулишти. Билсам,   шашилишта   ишга   кастимими   тескағи   кийип   кетўғиппан...  Рустам   аканинг   бу   гапларидан   яна   кулдик.  "Итполохон"  маҳалласига   етганда   биз   Рустам   ака   билан   ҳайрлашдик.  Мана,   йўлнинг   чап   қанотида  Тошкент   Давлат   Университетини   тамомлаб   аввал   ўқитувчилик,  кейинчалик  турли   гимназия   лицейларда   директор  бўлиб   ишлаган,  ҳозир   Қишлоқ   фуқоролар  йиғинининг   бошлиғи,  тор   чалиб   қўшиқ   куйлагувчи   чин   маънодаги   хушовоз  хофиз,  адабиётнинг,  хусусан   шеъриятнинг  ашаддий   мухлиси,  қадрдон   акам,  улфатим   Фозилжон  Хаитовнинг   уйи   қад   кўтариб   турибди.  Эсимда  ёз   оқшомларининг  бирида    иккимиз  Фозил   акамларнинг   айвонида   яримтани   майдалаб   отамлашиб   ўтирган   эдик.   Қишлоғимиз   осмонида   юлдузлар   чарақлаб   ётибди.Фозил   акам  "Фарғона  тонг   отгунча",   "Аюрди   ўз   диёримдин"   қўшиқларини   ўзини   унитиб   куйлади.Мен   шеърлар   ўқидим. Орада   қадах   сўзлари   айтиб   юз - юз   ичилгач   Фозил  акам   яна   торини   олиб   она   хақидаги   қўшиқни   кўзларини   юмганича,   бўйнидаги   артерия   томири   бўртиб,   жўшиб   куйлай   бошлади.

Оооонажооон   Кабам   ўзинг,  сенсиз   жахоннииии   наааа   қилаааай!
Бўўўўўлмасааааанг   ёнимда   сен,   бу   ошиённииии   наааа   қилаааай!

Фозил   акам   ҳамон   куйлар,   мен   эса   қўшиқнинг   сеҳрли   қанотида   сўйи   самоларга   юксалиб   вужудимни   тарк   этган   эдим   гўё. Кўз   ўнгимда   мени   дунёга   келтирган,   27   ёшида   оламдан   кўз   юмган   жафокаш,   онажонимнинг   мунис   қиёфаси   жонланиб   йирик - йирик   ёмғир   томчиларидай   кўз   ёшларим   дувиллаб   тўкиларди.  Шу   маҳал   кутилмаганда  қўшни   ховлидан   каааатта    тош   учиб   келиб   биз   отамлашиб   ўтирган   баланд   айвоннинг   ёғоч   панжарасига   қаааарс!  этиб   тегди. Кейин   яна   бир   тош   учиб   келиб   деворга   урилди. Биз   ўтирган   жойимизда   қотиб   қолдик. Шунда   қоронғулик   қаъридан   қўшнининг : - Э,   Америкаям   Атўм   бўмбасини    ташласа   тезроқ   ташлайвермади! Битта   қитъалараро  қанотли   ракета   шу   Маслахатга   келиб   тушгандайди,  бою   камбахол   тенг   бўлар   эдик! - дея   бақирди. Вазият   ойдинлашгач   мен  ўрнимдан   туриб: - Э,  Фозил   ака,   нега   уйингизга   тош   отсаям  индамай   ўтирибсиз?! Бундақа   одамни   уйидан   чақириб   бир   уриб   мийясининг   қопқоғини   очиб   бош   чаноғининг   ичига   тупуриб   қўйиш   керак! - дедим   ғазабланиб. Фозил    акам   бўлса   кулди: - Қўяверинг,  Холдор.  Қўшнимнинг   кайфи   бор   шекилли - деди   у   гарчанд   муштлашса   бир   ўзи   бир   нечтасини   ер  тишлатадиган   жангари   бўлсада.   Фозил   акам   шундай   олийжаноб   инсон. Мен  энди  "Хасан - Хусан"   маҳалласи   тамон   одимлайман. Чойхонага  етганимда  Ўсар  акамни   кўраман. Уни  ҳамма  катта  ака  дейди. Бу  афандинамо   қизиқчи    билан   суҳбатлашган  одам   кулавериб   тиришиб  қолади.Лекин   унинг   юрагида   энг   муҳим  туйғу  Халқ  қайғуси  яшайди. Бир   куни   махаллада   ўтказилаётган   уй   хашарга   бордим. Кимлардир   тиззасигача   лойга   ботиб    ялтираган   палахса - палахса  лойни   усталик   билан  кетмонда  отиб   замбилларга   юклар,   кимлардир   оғир   замбилларни   бўйин   томирлари   зўриқиб,  диконглаб   ичкарига   ташир,   яна   кимдир   юқорига   гувала   отар,  деворкаш   усталар   гувалаларни   эпчиллик   билан   илиб  олиб  терар,   хайқириқ,   бақир - чақир,  хазил - мазахдан   қах - қах  уриб   кулишар,  кун   тиғида   терлаб - пишиб   ишлашарди. Мен   юқорига   лой   отардим.Бир   маҳал  мен   отган   лойни   деворкаш   илолмай  лой   нариги   тамонга   учиб   ўтиб  кетди. Лой   шолоп  этдию   кимдир  "Их!"  деди.Дераза   учун   қолдирилган  жойдан   бундай  қарасам   икки   килаграмча   келадиган   лой  бир   ҳамқишлоғимнинг  бошига   кийилиб   қолибди. Хамма   қотиб   кулди. Бошига   лой   кийилган   хамқишлоғим   ҳам   кулди. Мен  хижолат   чекиб   узр   айтсам,   у  йигит    хафа  бўлиш   ўрнига   кулиб   лойни   қайтариб   қулочкашлаб   менга   отганди,  лой   менинг  башарамга  ёпишди.Яна   кулги   кўтарилди.  Хуллас,   лой   жанги   бўлди. Охири   чарчаб   янги   юкаслган   деворлар   соясида  қадимги  кўкнорилардек   лой   қўлларимизни  тиззаларимиздан   мадорсиз   осилтириб   нафас   ростладик,   совуқ   чой   ичдик. Кейин   тушликка   чақиришди. Биз   ариқчада   оқаётган   сувда   юз - қўлларимизни   ювиб,  артиниб   лой  ва   намликдан   оғирлашган   шимларимизнинг   пойчаларини   шалбиратиб   дастурхон   атрофига  ўтирдик.Қўй  ёғи,  қўй   гўштига   қилинган   қулинг   ўргилсин   шўрвани   келтиришди. Аввалига  ароқдан   босиб  - босиб   ичилгач  шўрвага   оби   нонни   бўктириб  оч   бўри   иштахаси   билан   овқатлана   бошладик.Бир   маҳал  бундай  қарасам,  Ўсар   акам   йиғлаяпти. Навбатдаги   қизиқчиликмикин   десам,   вазият   жиддий.  Ўсар   акам   ростдан   йиғлар  эди. - Ие,   ҳа,  катта   ака,   нега   йиғлаяпсиз? - дедим   ҳайрон   бўлиб. - Халқ   қийналиб   кетди -  деди   у   кўз   ёшларини  кўйлагининг   этагига   артиб. Бундай   сўзлар   тоза  юраклар   қаъридангина   отилиб   чиқади  - ҳаёлимдан  ўтказдим   мен. Шуларни   ўйлаганимча,   чойхона   ортидаги  уйимиз   тамон   юраман. Мана   бизнинг   хувиллаб  ётган   уйимиз. Бизларни   кута - кута   нураган   девор. Мен   ўзим   экиб,   пайвандлаб   ўстирган   дарахтлар  мени   кўриш   учун  бўйинларини   чўзиб   девор   оша   қарайдилар   гўё. Йўлакларни   ўт - ўлан   босган,   ёнғоқнинг   остига   дафн   қилинган   итимиз  Цезарнинг  бетон   сағанасига   ариқ   бўйида   ўсган  теракларнинг   заъфар   япроқлари   тўкилган. Ох,   қандай   шовуллардия   у   қадрдон   тераклар. Ховлида   ўғилларим   билан   шахмат  ўйнардик.   Абдулланинг   мот     бўлаётганини,   жиғи   бийрони   чиқаётганини   кўрган   Цезар  стол   остига   кириб   уни   елкасида   суриб   қийшайтириб   шахмат   доналарини  ағдариб   юборарди.Гохо   югириб   келиб   бизни   туртиб   ўтиб   кетар,  биз   билан   ҳазиллашарди. Юнглари   пахмоқ,  калта   думи   қадимий   лашкарбошиларнинг   туғига   ўхшаш  бу   итимиз   билан   ўғилларим  бўйнидан   қучоқлаб   курашар,  бир   тишласа   таёқни   иккига  бўлиб   юборадиган   Цезар   ўғилларимни  беозор   тишлаб   олишар,  уларнинг   атрофида   катта   тезлик   билан   югириб   айланарди,   шодланарди. У   то   умрининг   охиригача   бизга  садоқат   билан  хизмат   қилди. Охири   касал   бўлиб  озиб - тўзиб   овқат   еёлмай   қолганда  ҳам  дардини   индамай,  қаноат   билан   тортди,  шикоят   қилмади,   нолимади. Бир   куни   ишдан   келсам   ўғлим   Абдулла   қайғуга   ботиб : - Дада,  итимиз  ўлиб   қолди - деди. Ховлимиз   қўрғон  бўлгани   учун   чиқиб   кетолмай   Цезар   уйимиз   ортида   жон   берибди. Уй  ортига   ўтиб   қарасам   бечора   итимиз  олд   оёқларига   тумшуғини  қўйганича  ўлиб   ётибди. Худди   тирикдай. Менинг   кўзларим   ачишди,  беихтиёр  кўзёшларим   қайнаб   тошиб   худди   симоб  доналари   каби   юзларимни   куйдирганича   думалай   бошлади. Цезарнинг   юнглари   кучсиз   шамолда   ғамгин  хилпирар  эди. Мен   унинг   юнгларини   меҳр   билан   силадим,   дардига   даво   тополмаганим   учун  кечирим   сўрадим. - Ит   бўлсангда,   дўстларимдан   кўра   садоқатли  эдинг,   Цезаржон,  бизга   қилган   хизматларинга   рози   бўл. Биз   сени   ҳеч   қачон   унутмаймиз - дедим. Шундай   қилиб  Цезар   бизга   сабр - қаноатни,  садоқатни,   шикоят   қилмай   ўлиш  илмини   ўргатиб   кетди. Биз   Цезарни   соғинамиз,   Цезар   билан   кечган   у   ёруғ   кунларни   эслаймиз. Мен   уйимизга  назар   ташлайман. Элэктр  тормоқлари   ходимлари   симларни   узиб    газчилар   қувирларни   қирқиб   кетишибди. Уйнинг   сувоқлари   кўчиб   эшик   деразаларнинг   бўқлари   ўнгиган. Ичкарида   менинг   қўлёзмаларим,   китобларим   сочилиб   ётибди. Мен   ўрикка   суяниб   кузги   осмонга   қараганимча   ҳаёлларга   ботаман. Кейин   охиста   одимлаб   кўчага   чиқар   эканман,   ўзим   туғилиб   ўсган   уй   сари   йўл   оламан. Ҳаво   айниб   ёмғир   чирсиллайди. Кўчада  бошига   телпак,  эгнига  пальто,   оёғига   резинка   этик   кийган,   қотма   қорачадан   келган,   пастак   бўйли  Холмирза   гўрковни  учратаман. Саломлашамиз,   кўришиб   ҳайрлашамиз. Мен   одимлашда   давом   этаман.Камсуқум   қўшнимиз  Нўъмон   қори   мукчайганича  велосипед   хайдаб  қироатни   хиргойи   қилиб   ўтаркан   у   билан   ҳам  йўл - йўлакай   салом -  алик   қиламиз.Унинг   шайтон   араваси   рулига   халта   осилган   бўлиб   у   халтада  магнитафон   бор. Қори  эл   орасида  шу   магнитафон    ёрдамида   Исломий  ғояларни   тарғиб   қилиб   юради. Уни   ҳамма  Ваххобий   дейди. Лекин   Нўъмон   қорининг   парвойи   фалак. Мен   ватанда   яшаётган   пайтлар  кимдир   унинг   янги   велосипедини   ўғирлаб   кетди. Ўғрилик   Нўъмон   қори   намоз   ўқиётган   маҳал  содир   этилган. Бечора  қори   анчагача   пиёда   қолишига   қарамай   ўғрилик   юзасидан   қадрдон   милицияга   хабар   қилмади. У   шунақа   қайсар   одам. Бир   куни  у   менга: - Э,   ука,   гунохимиз   кўпаймай  тезроқ   ўлақолсайдик,   Оллохнинг   ёнига   тезроқ   борақолсайдик - деди. Мен   қори   билан   ҳайрлашаман.  Мана,   нихоят   бизнинг   ёғочдан   қутилган  улкан   дорвозамиз!  Ичкарига   кираман.   Дадам   ётадиган   уй   остонасида   пояфзалларимни   қолдириб   салом   берганимча   икарига   кираман. Бу   хонада   менинг   қариб   қолган   дадам   касал   ётибди.  Мен   унинг   озғин    оёқларини   ўпиб   кўзларимга   суртаман.  Тиззаларим   билан   юриб   бориб   отамни   қучоқлайман,   соқолларини   силаб   йиғлайман. - Дадам   ҳам   йиғлайди. - Ҳайрият,   келдингми,  ўғлим! - дейди   у. Худди   шу   пайт   телефон   жиринглаб   мен   шу   ондаёқ   Худо   туғилган   кунимга   совға   қилган   шиддатли   дискалет,  нурданда   тез   учгувчи   ҳаёл   лаппагида   яна   Канадага   қайтаман.  Қандайдир   компаниядан   қўнғироқ  қилишибди. Айтгандай,   куни   кеча   дадам   билан   телефон   орқали   гаплашдик,  Қурбон   ҳайити   билан   табрикладик,  ҳол - аҳвол   сўрадик. - Худога   шукр,  хийла   тузукман,   ўрмалаб   турибман. Қишга   ўтин - чўпларни   ғамлаб   олдик. Минг   хил   доривор   гиёхнинг   номларини,   қаерда   ўсишини,   қандай   касалларга   дори   бўлишини,  улардан   қандай   дори   тайёрлашни   ёзиб   қўлёзмани   тайёрлаб   қўйдим. Келсанг   ўзинг   китоб   қилиб   чиқаргин,  одамлар   фойдалансин  - деди   дадам.
- Худо  хоҳласа,   ўлмай   Ватанга   қайтиб   борсам   у   қўлёзмани   албатта   китоб   қилиб   чиқараман.  Ундан   ташвиш   қилманг.  Сиз   ўзингизни  эхтиёт   қилинг -  дейман   мен.
- Ўзимни   эхтиёт   қилай   дейману   шу   укаларинг   мени   куйдириб   кул   қиляптида. Буларинг   мени  адойи   тамом   қилади   шекилли - деди   дадам.
- Ие,  нега? - дедим   мен   хайрон   бўлиб.
- Ривож   ҳам,   Шароб   ҳам  топканини   ичади.Қимор   ўйнайди. Ривожнинг   хотини   кетиб   қолди.Болаларига   қараб   рахмим   келади.Телефонда   бўлса   ҳам   уларга   бир   насихат  қилиб  қўйгин - зорланди   дадам.  Кейин   яна   давом   этади: - Ривожни   яқинда   юз   минг   сўм   сарфлаб   алкашлар   даволанадиган   касалхонада   даволатдик.Эээх,  булар   одам   бўлмайди   шекилли. Ўзингнинг   ҳабаринг   бор,   шу   Ривож   арматура   билан   уриб   мошинани   айнакларини   синдириб   ташлади. Талашадиган   бўлсанг   мана   бўлмаса   деб   мошинани   сотиб   пулини   шуларга   бўлиб   бердим. Ўша   пулдан   сенга   бермаганимга   энди   афсусланяпман. Мана   кетиб   ҳам   қолдинг.Сенга   уй   солиб   бермадим,  ўқишинга   ёрдамлашмадим.  Ҳаммасини   ўзинг   қилдинг. Сен   бузиб   ол   деган   эски   уйни    ҳам   шулар   бузиб   бўлиб   олишди. Сендан   тўрт   туп   теракни   қизғонибмана! Сен   бўлса   уй   жойларингни,  вояга   етган    теракларингни  бизга   қолдириб   ташлаб   кетдинг. Мени   кечир,   болам.  Дадам   шундай   дея   йиғлай   бошлади.  Мен   бўғзимга   қадалган    йиғидан   гапиролмай   қолдим.  Дадам   бўлса  яна   давом   этди: - Соғлигим   яхши   бўлиб   турса   Каримипти   ёнига  бораман. Бориб: - Ўртақ   Каримип,  менинг   ўғлимни   Ватанга  қайтаринг,  интимос   сиздан,   ўғлим   бола - чақалари   билан   ўзга   юртларда   сомтираб   юрибди   дийман -  деди.  Бу   гапларни   эшитиб   бадтар   хўрлигим   келди.  Эх,  менинг    соддагина  дадам,  миллионлаб   одамлар   ойлаб,  йиллаб   капа   тикиб   ётиб   ҳам   киролмаган   Каримовнинг   қабулига   сизни   киритишармиди? -  дея   ўйладим   мен   кўз   ёшларим  телефон  дастагига   томиб. Дадам   бўлса   Каримовни   мақтай   бошлади. Каримипти   отасига   раҳмат. Йигирма   етти   миллионлик   ахолини   ҳеч   нарсадан   кам   қилмай   боқиб   ўтирибди.Покистондаги,  Афғонистондаги   уришларниям   шу   киши   тўхтатиб   турибди. Агар   Худо   кўрсатмасин,   Кримип   бўмасаче,  Ўзбекистон   хонавайрон  бўпкетади - деди   дадам. Отамнинг   дилини   ранжитиб   қўйишдан   қўрқиб   унинг   гапларига   қарши   сўзламай   жим   турдим. Отам   суҳбат   адоғида   мени  узоқ   дуо   қилди.




 27  ноябрь,  Жумъа,  Хайит   куни.
Кундуз  соат  1дан 50  минут  ўтди.
Торонто   шаҳри,  Канада.





Категория: Қиссалар | Просмотров: 1478 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 | Конструктор сайтов - uCoz