Жума, 17.05.2024, 01:32Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Сентябрь 2010  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2010 » Сентябрь » 29 » Би -би -си радиоси ўзбек хизмати. Таниқли журналист Феруза Раҳмоннинг Холдор Вулқон билан суҳбати
Би -би -си радиоси ўзбек хизмати. Таниқли журналист Феруза Раҳмоннинг Холдор Вулқон билан суҳбати
20:11




BBC Ўзбек хизмати радиосининг  таниқли журналисти  Феруза  Раҳмоннинг  Холдор  Вулқон  билан  суҳбати



'Ижодкор ижод гаштини Ватанда ҳам, ғурбатда ҳам, ҳатто қатлгоҳда ҳам суриши мумкин...'

 



Би - би - си :

- Холдор ака, агар ўзингизнинг ижодий тажрибангиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига ҳосликлари нимада?

Мухожиратдаги ижод гашти, машаққати, имкониятлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

 


Холдор Вулқон:



Ассалому алайкум, Би-би-си радиоси Ўзбек Хизматининг қадрли мухлислари, ҳурматли журналистлар!

Аввало ташкил этилган ушбу мулоқот учун катта раҳмат. Энди, нима десам экан. Муҳожиратда ижодкор учун ижодий муҳит иқлими тубдан ўзгаради, бу табиий ва бу ҳодиса унинг ижодига у ёки бу маънода ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бир хил ижодкорлар муҳожиратда худди илдизи билан суғириб, бошқа жойга ўтқазилган дарахт каби кўкаролмай қийналадилар, мева бермай қўядилар, яъни ёзолмай қоладилар. Баъзилари ҳар қандай иқлимга мослашиб, ўсиб, яшнаб, мева қилаверади. Мен ҳам иккинчи тоифадаги дарахтлар каби саҳрога ҳам, тошга ҳам илдиз отавераман. Лекин, мен қаерда бўлмайин илдизларим Ватандан, Ўзбекистондан озиқланади. Энди саволингизнинг ижод гашти тўғрисидаги қисмига келсак, ижодкор ижод гаштини Ватанда ҳам, ғурбатда ҳам, қамоқхонада ҳам, ҳатто қатлгоҳда ҳам суриши мумкин. Ижод инсон руҳига қувват бергувчи неъмат, илоҳий бир жараёндир. Ижоднинг манбаи ЗАВҚ эса, ижодкор яшаётган муҳитнинг табиат манзаралари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айтайлик, муҳожир ижодкорни эрта билан ташқарида, кулранг осмон фонидаги мусаффо, муздек ҳаволарда чийиллаб учганича шовқин солаётган чағалайлар галаси уйғотиб юборади. Дарё, денгиз соҳилларида дайдиб юрган маҳаллари, узоқларда учиб кетаётган ёввойи ғозлар галаси, ёхуд, шамолларда шовуллаётган ям - яшил ўрмонлар у ижодкорга илҳом бағишлаши мумкин. Татар шоири Муса Жалилнинг ҳатто қамоқхона туйнугидан тиконли симга қўнган қушга, ўрмонларга ҳасратли қараганича ажойиб шеърлар ёзгани бунга яққол мисол. Ижод макон ва шароит танламайди. Энди муҳожир ижодкорнинг имкониятлари тўғрисида икки оғиз сўз. Менинг назаримда, муҳожир ижодкорнинг ижод қилиш имкониятлари Ватандаги ижодкорлар эга бўлган имкониятлардан кўпроқ. У ҳар куни интернетга тўсиқ - чекловларсиз бемалол кира олади ва ўз асарларини компьютер ёрдамида қадоқлайди, яъни қалам билан қоғозга ёзиб, кейин уни ўчириб - кўчириб юрмайди, асарларини интернетда ёйинлайди. Энди, муҳожир ижодкорнинг сиз айтмоқчи машаққатлари ҳам йўқ эмас. У ўз асарларини ўқувчиларга етказиш учун энг аввало китоб нашр қилиши керак. Лекин Ғарб ё Оврўпода ўзбекча китоб нашр қилишнинг деярли имконияти йўқ. Бўлганда ҳам, ўзбек ўқувчилари Ватандагидай кўп эмас. Энг ёмони, муҳожир ижодкор ўз Халқи билан боғланолмай қийналади.

 


Би-би-си:


Сиз ўз ижодингизни сермаҳсул дея айта оласизми?

 


Холдор Вулқон:



Шахсан мен учун ижод найнов кимсаларнинг тузсиз суҳбатларидан, ғарибликнинг зерикарли саҳроларида изғиб юргувчи думсиз шоқоллар тўдасидан, соғинч қийноқларидан чекиниб, беркинадиган муқаддас узлатгоҳдир. Агар ижод бўлмаса, билмадим ҳолим не кечарди. Шахсан мен нимадир ёзаётганимда фисқу – фужурга, разолату қабоҳатга тўла телба дунёдан тамоман узиламан, ғам – алам, ҳасрат –надоматларни маълум муддатга унутаман. Мен шу кунгача бир нечта шеърий тўпламлар, қисса ва ҳикоялар, ҳажвиялар, романлар ёздим. Рус тилида ёзган "Луна за окном” номли сатирик романим русларнинг "Самиздат" интернет сайтига жойланган. У сайтда менинг рус тилидаги ва инглиз тилига ўгирилган шеърларим ҳам жой олган. Самиздатдаги романнинг биринчи қисми инглиз тилига таржима қилинган. Шу кунларда америкалик бир таржимон "Олисларда ёнган чироқлар" номли қиссамни инглиз тилига ўгирмоқда. Энг характерлиси, у таржимани бепул амалга оширмоқда. Сабаби, таржимон ўша қиссамни ёқтириб қолган. "Муҳаббат кўприги" номли ўзбек тилида ёзилган романим қўлёзмасини эса Ватанда юрган кезларим фарзандларимнинг ҳамда хотинимнинг қаршилигига ҳам қарамай ёқиб юборганман. Шундан сўнг мен янги, сатирик роман ёза бошладим. Кейинчалик у асарни рус тилида ёзишга киришдим. Табиийки, баъзи, бизга хайрихоҳ бўлмаган кимсаларга бу нарса қўл келиб: "Холдор Вулқон рус тилини ўз она тилидан устун қўймоқда" дея маломат тошларини ота бошладилар. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Мен ўзбек ижодкорлари ҳам ҳатто ўзга тилларда бошқа халқ ёзувчиларининг асарларидан қолишмайдиган асарлар ёза олиш қудратига эга эканликларини амалда кўрсатиш билан бирга Халқимизнинг гўзал урф – одатларини, орзу армонларини, қайғу ҳасратларини, қувончу шодликларини, серқуёш диёримизнинг бетакрор, экзотик манзараларини дунёга намойиш қилмоқчи эдим, холос. Мақсадимга эриша олдимми ё йўқми, бунга энди аввало ўқувчилар, қолаверса, адабий жамоатчилик, адабиётшунослар ўз холис баҳосини берар деб ўйлайман. Инглиз тилига ўгирилган мазкур асарни Англияда нашр қилишмоқчи. Китоб нашрдан қачон чиқади, умуман, чиқадими-йўқми, ҳозирча аниқ бир гап айтолмайман. Буни вақт кўрсатар. Ҳа, айтгандай, мен кўплаб япон шоирларининг хайку ва танкаларини ҳам она тилимизга қўлдан келганича таржима қилганман. "Мизхаппарнинг мактублари” деб номланган ҳажвий асарим асосида режиссёр дўстларимиз кўп қисмли комедия яратиш ё мультфилм суратга олиш иштиёқида хомаки режалар тузиб юргани ҳам мени қувонтиради. Шу маънода менинг ижодим ҳам маҳсулотларга бой бўлса керак. Яна ким билади.

Ҳозир "Тростники шумять на ветру” номли романни рус тилида ёзиш билан машғулман. Севги ҳақида ёзилаётган бу роман сюжети ўзим учун жуда қизиқарли.



Би-би-си:


Ватандан олисда ижод қилишингизга нималар туртки беради? Умуман, муҳожир ижодкорнинг зоҳирий ва ботиний олами хусусидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

 


Холдор Вулқон:


Ватанидан айро тушган ижодкорлар зулму истибдод машинасининг бадбўй тутунларидан бўғилган, маънавий экологик вазият издан чиққан муҳитни тарк этиб, чўлларга чекинган, саҳроларда сайраётган ғариб булбулларга ўхшайдилар. Уларнинг ижод қилишига асосан, ўзлари туғилган Юрт соғинчи, олис болаликнинг ўчмас ёди, ёшликдаги беғубор севги хотиралари, теваракдаги муайян манзаралар гўзаллиги, тушкунлик ёки қувноқ руҳий кайфият, сокинлик, баъзан эса ёлғизлик туйғуси туртки бериши мумкин. Шундай пайтлар нур каби учқур фикрларнинг нурафшон галаси худди зулматли осмонда учаётган кометалар сингари уларнинг шуурларини ёритади. Мана шу гўзал онлар ижод аҳлининг энг бахтли дамларидир. Бу бир сирли ҳодиса ва у юз беради. Бу ҳодиса қайтарилавериб увадаси чиқмиш реализмнинг ҳавосиз катакомбасида димиққан бадиият мухлислари учун худди ёмғирдан кейинги азон аллатропияси каби муздек ва тоза кислород етиштиради. Аммо, илоҳий илҳом ҳамма ижодкорларга ҳам бирдай насиб этавермайди. Илҳом билан бирон асарни ёзиб поёнига етказган илоҳий иқтидор эгаси ўзи ҳозиргина ёзиб, чизиб, тасвирга келтирган асарига назар ташлар экан: - Наҳотки шу нарсани мен ёзган, чизган ёки бунёд этган бўлсам? – дея ҳайратланади, ҳайбатланади, ҳатто қўрқади. Барча турдаги ижодга тааллуқли бу сирли жараён ижодкор руҳиятида у Ватанда бўладими, муҳожиратда бўладими, ёки ўзга сайёрада яшайдими, барибир юз бераверади.

 


Би-би-си:

 

Ижодкорнинг ўзлиги Ватан биланми ёки Ватан танламайдими? Ўз шахсий ижодингиздан келиб чиқсак, бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз?

 


Холдор Вулқон:

Шоир ёки ёзувчи учун туғилган юрт, макон соғинчи чет элда кучайиб, Ватанга борса сусайиб қолмайди. Ижодкор одам худди бошқа одамлар каби Ўзбекистонда ҳам туғилган қишлоғини ёки шаҳрини соғиниб қўмсайверади, асарлар ёзаверади. Бунга Ватанда кечган қизиқ бир воқеани мисол келтиришим мумкин. "Ғафур Ғулом” номидаги адабиёт ва санъат нашриётида "Лайлатулқадр" деб аталаган шеърий китобим нашрдан чиқаётган пайтлар Тошкентда яшовчи қўқонлик Муҳаммад Ҳайдар деган шоирнинг уйига бордим. Китобим нашриясига ўша шоир масъул эди. Кўришдик. Шоир мени ичкарига таклиф этаркан: - Қани, марҳамат, бу ёққа - деб меҳмонхонага бошлади. Ҳол - аҳвол сўраб дуо қилингач, шоирнинг хотини, самарқандлик шоира Саодат Данабоева бир зумда стол устини ноз - неъматларга тўлдирди. Шундан кейин Муҳаммад Ҳайдар хотинига: - Саодат ароғинг борми? Шоир билан юз – юз ичиб, бир отамлашайлик - деди. Саодат опа музлатгичда совутилган яримта ароқни кетириб стол устига қўйдилар. Муҳаммад Ҳайдар биллур паймоналарга ароқдан қуйгач, биз алёр айтиб қадаҳлардаги бодаларни нўш этдик. (Ўша пайтларда шунақа ичкилик ичадиган бемаъни одатимиз бор эди. ) Бир - икки қадаҳ ичилгач, суҳбат қизиди, шеърлар ўқилди. "Димлама" деган мазали таом билан яна бир икки қадаҳ ичилгандан сўнг эса, Муҳаммад Ҳайдар магнитафонни қўйди. Магнитафондан "Фиғонким гардиши даврон, аюрди шахсуворимдан. Қачон бўлғайким топғаймен хабар ёру диёримдин " деган қўшиқ янграй бошлади.Бир маҳал бундай қарасам, Муҳаммад Ҳайдар диванга суянганича шифтга қараб қўшиқ тинглаяпти. Юмиқ кўзларидан кўз ёш селоби оқиб юзларини ювмоқда.

-Ие, Муҳаммад ака, нега йиғлаяпсиз? - дедим мен ҳайрон бўлиб.

- Эҳ, шоир, шу қўшиқни эшитсам, шамоллар шовуллаб ётгувчи Қўқон ёдимга тушаверади. Қўқонни соғиниб кетдим - деди Муҳаммад Ҳайдар кўз ёшларини диван ёпқичига артиб.

- Э, ака, Қўқон қочиб кетгани йўқ-ку. Машинада беш соатлик йўл. Самолётда 50 минутлик масофа. Шунга ҳам йиғлайдими одам? - дедим мен шоирни юпатган бўлиб. Кейин шу воқеа ёдимга тушса кулиб юрдим. Кулмасам ҳам бўлар экан. Мана энди мен ҳам дунёнинг бир чеккасида Ватанни соғиниб юрибман. Кулма қўшнингга, келар бошингга, деб шуни айтсалар керак-да. Демоқчиманки, инсон Ватанини ҳамма жойда соғинади. Уни ўзга сайёрага олиб бориб ташласалар, ўша ёқда ҳам кечалари осмонга тикилганича: -Ҳойнаҳой, ҳув анави бизнинг жонажон, яшил сайёрамиз Ер бўлса керак, - дея хўрсинаверади.

 


Би-би-си:

Суҳбатимиз поёнида мухлисларга янги ёзилган шеърларингиздан тақдим этсангиз...

 


Холдор Вулқон:


Бажонудил.

 



Кимсасиз йўлларда

 


Сувга чўкиб кетди булутлар,

Кўриб кузги гуллар ибосин.

Қирғоқларда ялонғоч толлар,

Сув оқизар боғлар либосин.

Чумчуқларнинг телба галаси,

Шиддат билан учар қайгадир.

Балки дарё соҳилларида,

Шоли пишиб ётган жойгадир?

Кўприк узра ёлғиз йўловчи,

Термулади сувга, ариққа.

Кезар маъюс, ўйчан қари куз,

Сочларини бўяб сариққа.





26 август, 2010 йил.

Кундуз соат 10 дан 58 дақиқа ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.

 



Робинзон


Маконим шу, кимсасиз орол,

Кемаларнинг йўлига боқдим.

Одимладим мисоли қирол.

Қирғоқларда гулханлар ёқдим,



Уммонларга термулди кўзим,

ҲАҚ, менга ҳам мурувват айла!

Соҳилларда ёлғиз бир ўзим,

Қурдим қамиш - қуроқдан чайла.



Хўрликларнинг бордай чаласи,

Боғни пайхон этибди эчким.

Учар рангли тўти галаси,

Ҳайқираман, эшитмас ҳеч ким.




Юлдузли тун байроқми қаро?

Ой ҳам ундан кетмайди нари.

Ухлар ҳаво уммони аро,

Космосдаги орол - Ер шари.





Холдор Вулқон

19 июнь,

2010 йил. Кундуз соат 2 дан 44 дақиқа ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.

 

 


Би-би-си:

 

Суҳбатингиз учун раҳмат.

 


Холдор Вулқон:



Сизга ҳам раҳмат.







Категория: Шоир дўстларининг ижодидан | Просмотров: 3607 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 | Конструктор сайтов - uCoz