Жума, 17.05.2024, 05:54Главная

Меню сайта

Календарь новостей

«  Март 2008  »
ДшСшЧшПшЖмШмЯк
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31

Форма входа

Поиск

Наш опрос

Саҳифани баҳолаш
1. Аъло
2. Ёмон
3. Яхши
4. Даҳшат
5. Ёмон эмас
Жами жавоблар: 20
Главная » 2008 » Март » 15 » Сўз сеҳри
Сўз сеҳри
18:22

 
          

               

                Сўз сеҳри
               (Хайку хақида )

              Япон шеъриятидан
    Холдор Вулқон  таржимаси.
1983 йил.

Хайку ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб у ташвишлардан безган,
нохақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, хорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгохи, хилватидир. Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларидаги чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар. Хайкуларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ. Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик ғуборларидан тозалайди.Хайкуларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз. Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз. Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ўз таржимам орқали хукмингизга хавола қиларканман ,шундай ажойиб япон шоирларининг хайкуларини ва танкаларини она тилимизга ўгириш менга ҳам насиб этгани учун Жаноби Ҳаққа ҳамду санолар айтаман.
Негаки, Пайғамбаримиз Сарвари коинот Ҳазрати Муҳаммад Саллоллоху Аълайхи Ва Саллам ўз хадиси муборакларида мархамат қилиб: -Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор - деганлар. Қолаверса , япон шоирлари тожу-тахт васвасаси, фисқу фасод, шахвоният ва молу дунё хирсидан йироқ ўз хайку ва танкаларида Оллох яратган дунёнинг гўзал манзараларини акс эттириб бандаларга ҳайрат бағишлайди , инсонлар қалбида Оллох қудратининг тажаллоси бўлган табиатнинг мусаффо
гўзаллигига мехр - муҳаббат уйғотади .

БУНДАН 600 ЙИЛ АВВАЛ ЁЗИЛГАН ХАЙКУ ВА ТАНКАЛАР

Баланд қоядаги дарахтга яна
Илиниб қолибди
Менинг варрагим . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Ажойиб варрак кўтарилди
Камбағалнинг томи устидан
Кўм - кўк осмонга . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Ойнинг биринчи куни , менинг ушоқдек
Варрагим бошқа варраклар билан
Қўшилиб ликиллар Эдо* устида . . .

* Эдо- Токионинг эски номи.
Кобаяси ИССА .
* * *
Сел тошқини .
Оҳ , қанчалар тўлиб оқмоқда ,
Қалъа атрофидаги зовурлар !

Масаока СИКИ .
* * *
Баҳор сели .
Океанга қуйилмоқда
Бўтана сувлар . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Сув тошқини
Мушук тушиб кетди оқимга
Сакраб ўтолмади бечора .

ХОРО
* * *
Баҳор шамоли .
Ютоқиб - ютоқиб сув ичар сичқон
Сумида дарёсидан . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Қайиқ устида варақлари
Тош билан бостирилган китоб
Баҳор шамоллари эсар . . .

КИТО .
* * *
Баҳор шамоли .
Турналар оқариб хурпаяр ,
Қарағайлар орасида . . .

РАЙДЗОН .
* * *
Худди одамлардай дайдиб юрибди ,
Каптарлар , чумчуқлар
Балиқ ови мавсумида .

Кобаяси ИССА .
* * *
Балиқ ови мавсумида
Қисқичбақа ишонқирамай
Ўлчаб юрар қумда оёқ изларин . . .

РОФУ

* * *
Гуллаган сакуралар ичра
Фудзияма юксалмиш кўкка -
Японияда баҳор !

СЁУ
* * *
Узоқдаги фудзи тоғларин
Тўсиб қўйди яшил тўнила
Ёшгина япроқ .

Ёса БУСОН .
* * *
Шоли экиш мавсуми .
Ох қанча қайғу , қанча ташвишлар
Қуйилган - а бу қўшиқларга !

Кобаяси ИССА .
* * *
Дехқон ухлар тоғ этагида .
Кетмончага бошини қўйиб
Тўрғай сайрамоқда ҳавода .

Кобаяси ИССА .
* * *
Шолипоя чопгани чиқдим .
Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли
Тоғ ёнбағрида . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Мен бу ерни ағдаргунимча
Кетиб қопти дала осмонида
Сузиб юрган бир парча булут . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Оқшом тутунлари .
Ноғоралар зириллар гулхан томонда
Чалинади қулоққа қўшиқ . . .

РЁТА .
* * *
Кун узоқ чўзилар
Кўприкка қўнганича турар тустовуқ
Кетмайди учиб . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Кун узундан узоқ ,
Олисдан элас - элас эшитилади ,
Обжувознинг ҳорғин ғижири . . .

ЯХА .
* * *
Узоқда учмоқда бир гала ўрдак ,
Мен кетмончамни чайқайман .
” Ғақ ” этади нимадир сувда . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Ўтлоқ узра тутун чўзилган
Вайсашмоқда бир нарсалар деб
Иккита бия . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Эҳ сен булбул !
Лой оёғингни арттаяпсанми ,
Олхўри гулларига . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Булбул сайраяпти
Ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар
Менинг кулбамга . . .

Кобаяси ИССА .
* * *

Булбул сайрамоқда
Гох уёнга , гох буёнга ўгирилиб
Гуллаган новдада . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Булутларга шўнғиб
Ва уларла учиб шамолга
Қалдирғочлар келар баҳорда .

ДАКОЦУ .
* * *
Дехқон ишлаётган
Орол устида ҳам
Тўрғай қўшиғи . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Яшил жавдаризор .
Тўрғай кўтарилди дала устига
Сўнг яна пастлади . . .

ОНИЦУРА .
* * *
Нарсаларни ёруққа қўйиб ,
Кузатаман соялар туғилишини
Кузги чошгохда . . .

КЁСИ .
* * *
Тонг ёришар
Қўнғироқлар овози
Туманларга беланар .

Манцуо БАСЁ .
* * *
Фудзи тоғи ,
Кузги осмонни тешиб
Кўтарилар юксакка .

ОНИЦУРА .
* * *
Куз кечаси
Ўралади нўноқ йўловчи
Юпқа кўйлакка . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Таралмоқда ” о - о - о - оу ! ”
Мунгли чорлов акс - садоси
Тун қўйнида дайдийди буғу . . .

Мацуо БАСЁ .
* * *
Кузги тоғда ибодатхона .
Айвонда турганча тингладим маъюс
Буғу чорловин . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Буғу овози
Олисга жаранглаб сингади
Маъюс ва маъюс

Мацуо БАСЁ .
* * *
Тунги совуқ .
Менга жулдур тўнин қарзга беради
Даладага қўриқчи . . .

Мацуо БАСЁ .
* * *
Изғирин ,
Узоқларда касал турнани
Кўраяпман мен . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Пўшт - пўшт , чирилдоқ
Хозир ёнбошимга ағдариламан -
Қани , жўнаб қол - чи бу ердан !

Кобаяси ИССА .
* * *
Ўчоқ бошидаги ковакка
Чирилдоқ кириб олган
Тунги совуқ . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Куз келмоқда
Бу хақда хабар олиб ,
Учиб келди қизил ниначи .

СИРАО .
* * *
Зоғча тутиб олдим
Унинг кўзларига қараб билдимки ,
Куз келаётир .

ДАКОЦУ .
* * *
Илгакланган эшик -
Ҳовли саҳнасида
Ўйнар хазонрез . . .

ТЕЙГА .
* * *
Ит хурмоқда
Ажратиб қуриган хазон шитирин
Ховлида бўрон . . .

Сисей - ДЗЁ .
* * *
Оёқ остидан чиққач
Чиройлироқ бўлиб қолди у -
Бужмайган япроқ

КЁСИ .
* * *
Нок арчаяпман , оқмоқда ,
Хушбўй ,ширин томчилар
Пичоқ бўйлаб югириб . . .

Масаока СИКИ .
* * *
Оппоқ хризантема -
Мана қаршисида тўхтаб қайчи ҳам
Қотиб қолди бир дақиқага .

Ёса БУСОН .
* * *
Янги боғ яратдим
Ниҳоят ундаги тошлар намланди
Биринчи қиш ёмғири . . .

СЯДО .
* * *
Биринчи қиш ёмғири
Маймун ҳам қаршилик қилмайди
Кийдирсанг чопон .

Мацуо БАСЁ .
* * *
Қандай қайсар одам !
Балиқ тутар қиш ёмғирида
Қош қорайган чоғ . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Мен шамолга қарши юраяпман
Соябоним ортга тортади
Қишки ёмғирлар вақти . . .

Сисей - ДЗЁ .
* * *
Дехқон кенг далада
Менга йўл кўрсатди
Юлинган шолғом билан . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Ташландиқ ҳовузда
Бир пой қамиш шиппак
Ҳўл қор ёғмоқда . . .

Ёса БУСОН .
* * *
Товуқлар катакда ухлашаётир
Бу вақт қор яна қалинроқ
Қоплаётир далалар устин

Кобаяси ИССА
* * *
Шамол қалпоғини учириб
Савалайди селлар беаёв
Қўриқчи далада . . .

ХАГИ - ДЗЁ .
* * *
Ойдин кеча -
Нақадар аянчли , нақадар бахтсиз
Даладаги қўриқчи . . .

Масаока СИКИ .
* * *
Даладаги қўриқчи
Ҳатто Хизр бўлиб келганида ҳам
Бошдан олмас евроқалпоғин .

ДАНСУЙ .
* * *
Ҳой , ҳовлида яна не шовқин ?
Бу қўриқчи , кучли шамолда
Ерга қулаб тушди гурсиллаб .

БОНТЁ .
* * *
Ғоз , ёввойи ғоз ,
Айт неча йил учдинг саросар
Ўрмонлар ортига , денгиз ортига ?. . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Ёввойи ғозларнинг галаси ,
Ғоғолаб пастлади яйдоқ далага .
Кучаймоқда тунги совуқлар . . .

КЁРОКУ .

* * *
Қизилиштон тақиллатмоқда -
Кун ботса ҳам ҳамон тинмайди
Ҳамон ўша эски жойида . . .

Кобаяси ИССА .
* * *
Ўчоқ бошидаги ковакда
Куйлар тамом ўзин унутиб
Таниш чирилдоқ . . .

Мацуо БАСЁ .
* * *
Тешик соябон -
Қишлов учун қўл келди жуда
Кўршапалакларга !. . .

Ёса БУСОН .
* * *
Совуқ тун
Жиғимга тегишчун қўшнилар атай
Қозон тақирлатаётирми ?

Ёса БУСОН .
* * *
Сичқон чиқиб борар
Кўрпам ёнидаги жинчироқ сари
Ёғ ҳам музлабди . . .

Ёса БУСОН .
* * *

Мацуо Басё ёзган хайкулар:

Қорли тонг.
Яна қуритилган балиқни
Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.

***
Денгиз сувида сузиб юрар
Майда ялтироқ балиқчалар
Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар.

***
Совуқ шамолларда шолоплар эшкак
Юрагим сиқилар
Тун яна кўз ёш…

***
Шу қоядан туриб
Кўм - кўк денгизга
Қалпоғимни улоқтираман!

***
Қишки дала
Узоқларда юрар дехқонлар
Қолган - қутган чўпларни йиғиб

***
Сочим ўсибди
Озиб кетдим, рангим олинган
Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.

***
Банан япроқлари сўлғин
Ойнинг порлаб чиқишини
Сарғайиб кузатар дехқонлар

***
Йўллар тойғоқ музлама
Аттанг, тойиб йиқилди
Ширакайф дўстим.

***
Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота
Сўнаётган гулхан чўғлари
Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.

***
Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
Ивитиб йиртибди
Баҳор ёмғири.

***
Музлаган олабуға балиқлари
Иржайтириб ётар тишларин
Совуқ дўкон пештахтасида.

***
Қайдасан сен, менинг таянчим?
Хасса қилиб олган чўпагимни
Синдирди кузги шамол.

***
Уфқларга ботмоқда қуёш
Кузги дарё сувларида
Ялтиллайди майда балиқлар.

***
Чопоним юпқа.
Кун бўйи ўтириб ундаги битларни
Териб ўлдирдим.

***
Жуда қалин қор ёғибди
Энди Хакбинз тоғидан
Қандай ошиб ўтар одамлар?

***
Ёсинодаги гуллаган гилосларни
Кўрсатайми сенга,
Менинг қалпоғим?

***
Охир қувиб етдим
Ўтган баҳорни
Олис "Вака” бандаргохида.

***
Вой баёв!.. Вой баёв!..
Яна нима дейиш мумкин сиз хақингизда
Ёсинодаги гуллаган гилослар!

***
От устида ухлаб қолибман.
Уйғонганда кўрдим олисда ойни
Тонги тутунлар.

***
Қарайман, айланар қорга
Қоронғу кечада
Қишки ёмғирлар.

***
Устунларига ҳас - хашак илинган
Кўприк хайрлашаётир
Тўлин ой билан.

***
Қайдан келди бу ялқовлик?
Бугун аранг уйғотишди мени
Шовуллайди баҳор ёмғири.

***
Қизиқамиз ёнар қуртларга,
Қайиқчидан умид йўқ, у маст,
Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.

***
Ойдин қиш кечаси
Қор босган йўллар,
Итга отай десам топилмайди тош.

***
Кобаяси Иссанинг яна икки хайкуси:

Кечиб ўтдим саёз ва тошли,
Феърузаранг дарё сувларин
Шиппагимни қўлимга олиб

***
Ойдин кеча
Тиниқ шолипоя сувида
Оқиб юрар гилос гуллари .

Ковахигаси Хекигадонинг икки хайкуси.

Сузаётир қора кемадай,
Секин аста булутлар аро
Тоғнинг чўққиси.

***
Шиллиққуртнинг сира
Чиғаноғидан чиққиси келмас
Кузги шамоллар.

Масаока Сикининг икки хайкуси.

Гуллаган Ямабука сояси,
Сув солинган қовоқда
Билтанглайди кумушранг балиқ.

***
Кимсасизлик.
Дарахт соясидаги ўриндиқда
Қарағайнинг игна барглари.

Найто Мейсецу ёзган хайкулар:
(1847 - 1926)


Оғилхона устида
Порлар янги ой.
Олхўри гуллабди.

***
Қайтариб келади ўз овозимни
Яна ўзимга
Кузги бўронлар.

***
Ой порлаётир.
Оёқ қўйдим осма кўприкка,
Лапанглади кўприк ғижирлаб .

***
Юрмаётган отининг
Жиловидан тортар зўр бериб
Аравакаш совуқ кечада.

***
Эшитилар ойна ортидан
Дехқон кетмонининг чиқирлашлари.
Шудгорда тош кўп.

***
Зилол сувли дарё,
Лапанглаб оқмоқда
Сувга қулатилган ходалар.

***
Тутунларда кўринмай кетар
Саргашта рохиб.
Олисларда янграр қўнғироқ.

***
Чуғурчуқлар галаси
Учиб ўтди тепамдан.
Эшитдим қанотлар шувиллашини.

***
Менга совға беришди,
Уйга олиб кетяпман сувли косада
Олтин балиқчани.

***
Қиш ёмғири.
Хамма нарса жим.
Қирғоқдаги қайиқ ҳам ҳатто.

***
Гўё итоаткор капалакни олдига солиб
Хайдаб келаётганга ўхшар
Сўқмоқдаги йўловчи.




Категория: Таржималар | Просмотров: 1981 | Добавил: valfajr
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 | Конструктор сайтов - uCoz