Олисларда ёнган чироқлар
Темурсултоннинг тугилиши
Баъзилар ароқ ичганларингизни хам ёзаверибсиз. Сал қоғозга ўраб ёзиш
керакда дейишади. Йўқ, мен қоғозга ўраб ёзолмайман. Чунки мен тутган
қалам ҳур ва озод. Ёзишни бошладимми, у менга яъни ақлим чокари бўлмиш
қўлимга бўйсунмайди. Руҳимда кечган нарсаларни қоғозга тушираверади.
Ғарибликда дунёга келган ўғлим Темурсултоннинг туғулиши хақида узоқ
вақт ёзолмай юрдим. Бугун негадир ёзгим келди. Бу воқеани ёзмасам
бўлмайди. Негаки у Оллохнинг мўжизаси билан дунёга келган. Ўша пайтлари
биз Бишкек шаҳрининг Алиасқар Тўқтаналиев кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг
бирида яшар эдик. Қўшнимиз Дарья Прокофьевна деган рус кампир бўлиб,
опаси билан бирга яшар, у жуда одамохун, меҳрибон инсон эди. Кенжа
ўғлим Саидахрорни яхши кўриб унга турли хил ширинликлар мева –
чевалар
берар, Саид ҳам кампирни баъзан Бабушқа, баъзан эса тили келмай Даря
Хракўпевна дер, унинг ёнига чиқаман деб хархаша қиларди. У маҳаллар
хотиним хомиладор бўлиб бечора камқонликдан шишип кетган эди. Нафас
ололмай қийналарди. Бир куни туш кўрдим. Тушумда Амир Темур менга
ўзининг қиличини совға қилди. Қилич шунақа чиройли ва ўткир эдики уни
сўз билан тўла тасвирлай олмайман. “Бу қилич сенга” деди сохибқирон.
Мен хурсанд бўлиб раҳмат айтиб қилични қўлимга олдимда, уни тўлин ойга
қарата сермадим. Сўнг ўйғониб кетдим. Ё, Оллох, бу қандай туш бўлди? –
дедим ичимда. Мен авваллариям бунақа сирли тушларни кўп кўрганман.
Айниқса пайғамбиримиз Хазрати Мухаммад Мустафо Саллоллоху Аълайхи
Васаллам ҳам тушларимга бир неча марта кирганлар. Аммо негадир хижратга
чиққанимдан кейин Расулуллох тушларимга кирмай қўйдилар. Ўша тушлардан
бирини хозир ёзмасам музлари эриган баҳорги дарё сингари тошиб кетяпман.
Бир оқшом тушумда Расулуллох билан ёнма – ён турган эмишману Расули
Акрам Саллоллоху Аълайхи Васаллам елканлар билан харакатланувчи мачтали
кемада ўтирганмишлар. Қарасам Расулуллох С. А. В. йиғлаяпдилар. Мен
бўлса; - Ё Расулуллох, нега йиғлаяпсиз? – дебман. Расулуллоху
Саллоллоху Аълайхи Васаллам мени сенлаб; - Қарамайсанми, мана буларни
тезроқ олиб боришим керак – дедилар палубага ишора қилиб. Қарасам
палубада бир қанча оқ сурпга ўраб кафанланган жасадлар ётибди. Кейин
ўйғониб кетибман. Расулуллохни яна бир бор кўрармиканман деб ухлашга
уриндиму лекин қайта ухлай олмадим.
У пайтлар биринчи хотиним учта боламизни менга ташлаб кетиб қолган
эди. Тўғрироғи, мен уни ҳайдаб юборган эдим. Фарзандларим ёш. Овқат
қилишни, кийимларини ювишни ҳам билишмас, ўзим уларга овқат қилиб
кийимларини қўни – қўшни кўрса кулмасин деб қоронғида ювар эдим.
Ўша куни эрталаб товуқларга дон бериб, итимиз Цезарьга нон бериб,
нонушта қилиб кўчага чиқар эканман ўғилларимга эхтиёт бўлиб ўтиринглар
дедим. Кечки пайт келсам, ўғилларимдан бири: - Дада, бир одам манави
хатни ташлаб кетди – деди. Хатни ўқисам бир акамиз; - Холдор, Муроджон
укамиз турмада оламдан ўтибди. Эртага эрта билан “Жомеъ” масжидини
ёнида учрашайлик. Пато ўқигани борамиз – деб ёзиб қўйибди. Бирдан тушум
ёдимга тушдию сирли ишоратни, илоҳий хикматни англаб етдим. Демак
Муроджон шаҳид тушибди – деган хулосага келдим. Ха, Муроджон имон -
эътиқоди мустахкам, жуссаси кичик бўлсада, руҳан бақувват бола эди.
Айтишларича у эшитса одамнинг танаси жимирлаб кетадиган қийноқлар билан
нохақ ўлдирилган экан. Оллохнинг суйган қули Муроджонга шахидлик
муборак бўлсин, омин! - дедим.
Расулуллох С. А. В ни тушда кўриш мақтанишга арзийдиган ходиса
бўлсада, мен юқоридаги тушларимни мақтаниш учун айтмадим. Ўз тушларимга
ишонишим учун асос борлигини таъкидламоқчи эдим холос.Шундай қилиб
Темурсултон дунёга келди. Ўша кунлари аёлимнинг ой – куни яқин эди.
Хотиним бечора юролмай ётиб қолди. Шу ахволда ҳам оила ташвишини қилиб
: - Шоир, халадильникда хеч нарса қолмабди. Оқ ёғ билан гўшт, картошка,
нон опкелиш керак - деди. Мен унга; - Қандай қилиб бозорчага бораман.
Мен келгунимча кўз ёришинг бошланиб қолса ёлғиз ўзинг… дедим мен унга
ачиниб. - Телефон бору – деди у.
Мен хўп деб ўғлим Саидахрорни еталаб бозорчага кетаётсам хотиним; -
Уйни устимдан қулфлаб кетаверинг – деди. – Нега? Худо кўрсатмасин,
бирон кор – хол юз берса қандай қилиб ташқарига чиқасан? – дедим. –
Мелисалари кебқоса нима қиламан – деди хотиним ёнғин ё ногохоний
тўлғоқдан ҳам кўра СНБ дан қўрқиб. Унинг гапларидан кейин мен эшикни
қулфлаб кетишга мажбур бўлдим. Сўнг ўғлим Саидахрор билан майда - чуйда
олиб келиш учун бозорчага жўнадим.
Дов – дарахтларга кўмилган сўлим Бишкек кўчаларининг четларидаги
ариқчадан сувлар тошиб ётибди. Сой томондаги бозорчага етмасдан биз бир
кўп қаватли уйнинг ойнабанд балконига олмохон қамалиб қолганини ва
чиқиб кетолмай идиш – товоқларни қулатиб ойналарга ўзини ураётганини
кўриб қолдик. Ўғлим билан олмахонга ҳам қизиқиб, ҳам ачиниб бир зум
қараб турдик. Кейин яна йўлда давом этарканмиз бирдан уяли телефоним
жиринглаб қолди. У телефонни шоир Юсуф Расул Шведсияга кетаётиб “Вулқон
ака, бу сизга мендан эсдалик” дея қолдириб кетганди. Кейинчалик мен у
телефоннинг жилдини янгилаб жирингласа Маъмуржон Узоқовнинг “Жанон
бўламан деб” бошланадиган қўшиғининг машхур мусиқасини куйлайдиган
қилиб олувдим. Телефон тугмасини боссам хотинимнинг “ Шоир тезроқ
келинг! “ деган ташвишли овозини эшиттим. Мен ўғлимни кўтариб уйга
қараб югурдим. Зинадан чиқаётсам рус миллатига мансуб икки ёш эри –
хотин юқорига кўтарилаётган экан. Эрининг қўлларида майда – чуйда.
Аёлнинг қўлларида бир қучоқ гул. Шошаётганимни сезиб улар менга йўл
беришди. Мен “Спасибо” деб тўртинчи қаватга кўтарилдимда эшикни оча
бошладим. Ҳалиги келин- киёвлар қўшнимизнинг эшик қўнғироғини босишди.
Ичкаридан Дарья Прокофьевна чиқиб “Оооо! Какие гости пожаловали!” деб
меҳмонлар билан кўриша бошлади. Мен бу орада ўғлим билан ичкарига
кирдим.
Хотиним “Тез ёрдам” чақиринг, шоир! деди базўр. Мен шошиб қолдим.
Телефонда “Тез ёрдам” чақирдим. Кейин югириб ташқарига чиқдим. Сўнг яна
ичкарига кирдим. Нима қилишни билмайман. Тез ёрдамни кутиб олиш учун
Саидахрорни еталаб ташқарига чиқувдим, қия очиқ турган қўшни эшикдан
Дарья Прокофьевнани кўриб қолдим. Эшикни тақиллатдим. Дарья Прокофьевна
чиқди. Мен унга ахволни тушинтирувдим уям шошиб қолиб – Ой, Господи,
боже мой – дея бизнинг уйга югирди. Хотинимни ёнига бориб унга далда
берди. – Ой, что теперь будем делать – а? – дея ташқарига югирди.
Бир маҳал хурсандчиликдан кампирнинг юзлари ёришиб кетди: - Господи,
ведь Наташа у меня какраз окушерка! – Дарья Прокофьевна шундай деб
уйига югириб кирдида: - Наташа, Наташа! деб бақирди. Наташа ичкаридан
югириб чиқди. – Что случилось? – деди у хайрон бўлиб. Кампир ҳаяжон
ичра жиянига вазиятни тушунтирган эди Наташа бизнинг уйга чопиб кирди.
Сўнг хотинимни кўздан кечириб умивальникда қўлларини ювдида, менга; -
Болани олиб чиқиб кетинглар дея Саидахрорга ишора қилди.
Мен Сайидни Даря Прокофьевнага топширдим. Наташани эри Сергей деган
бола экан. Сергей менга – Ташвиш қилманг. “Тез ёрдам” келавермаса
хотининнгзни менинг машинамда туғриқхонага олиб борамиз – деди. Биз
Сергей билан “Тез ёрдам”ни кутиб олиш учун кўчага қараб югирдик.
– Э, Худо. Бир мусофир бандангман. Хотиним соғ – саломат кўзи
ёрисин! Ўзинг ёрдам бер! – деб ичимда Оллохга илтижо қилиб типирчилаб
турибман. Ахволимни кўриб Сергей; - Ака, сиз уйга бораверинг. “Тез
ёрдам” келса уларни мен олиб бораман – деди. Раҳмат деб уйга югирдим.
Борсам уйимизда чақалоқ йиғлаяпти.
Э, Оллох, ўзинга шукр! – деб эшик кесакасига суяниб қолдим.
Кўзларимга ёш қалқиб хўрлигим келди. Унсиз йиғладим. Кейин кўз
ёшларимни артиб ичкарига кирувдим Дарья Прокофьевна кулиб мени
табриклади. Наташа ҳам. – Раҳмат сизларга – дедим. Наташа чақалоқни
йўргаклаб қўйибди. Ўғил экан.
Мен хотинимдан хол – ахвол сўрадим. – Анави, духтир қизни рози қилиб
бирор минг сом бериб қўйинг - деди у. Мен шошиб ўгрилсам, Наташа билан
кампир бизга халақит бермайлик деганми, уйларига чиқиб кетиб қолишибди.
Югириб чиқиб Наташани чақирдимда, унга битта бутун мингталик қирғиз
пулини узатдим. – Оз бўлса ҳам шуни олинг, хизматларингизга рози бўлинг
– дедим мен. Наташа пулни олмади. - Йўқ , ундай қилманг. Мен хизматимга
мингдан минг розиман – деди жилмайиб.
Шу пайт “Тез ёрдам”чиларни етаклаб Сергей келиб қолди. Ўғил
курганимни эшитиб у мени табриклади. Раҳмат , оғайни – дедим мен. Сўнг
“Тез ёрдам”чилар билан яна уйга кирдим. Улар чақалоқни ва аёлимни
кўздан кечириб бир нарсаларни ёзишдида, менга имзо чекдириб хотинимни
ва янги туғилган ўғлимни туғриқхонага олиб кетадиган бўлишди. Мен
Саидахрорни Дарья Прокофьевналарга қолдириб “Тез ёрдам” билан бирга
жўнадим. Йўл – йўлакай Бишкек марказида ишлайдиган ўғилларимга телефон
қилиб хушхабарни етказдим. Улар хам туғуриқхонага етиб келишди.
Тушимда сохибқирон Амир Темурни кўрганим, у менга қиличини берганини
эслаб, қолаверса Амир Темур хазратларига бўлган чексиз эхтиромим
туфайли янги туғилган ўғлимга Темурсултон деб исм қўйдим. Илоҳим, унинг
исми жисмига монанд бўлсин, омин, Оллоху акбар!
Қаранг, ўзга диёрларда ҳеч қандай қариндоши йўқ мендек ғариб
банданинг ишини Ҳудонинг ўзи ўнглади. Бўлмаса шу куниям қўшнимизникига
акушер гениколог меҳмонга келадими! Буни қарангки дадам ҳам доим мени
дуо қилсалар “Омин, ҳамиша ишларингни Худо ўнгласин” деб дуо
қилардилар. Хозир ҳам ҳар гал телефонда гаплашсак шундай дуо қиладилар.
Балки дадамнинг дуолари ижобат бўлаётгандир. Валлохи Аълам.
(Давоми бор)
|