Чоршанба, 08.01.2025, 07:55 | Главная |
Наш опрос
Саҳифани баҳолаш
Жами жавоблар: 20
|
Главная » 2008 » Июнь » 22 » Қадрдон қирғоқлар
Қадрдон қирғоқлар | 12:22 |
Кадрдон киргоклар
Посскриптум
Йўлбарслар йўқ эмиш Ўзбекистонда, Кўпайиб кетганмиш қуёну тулки. Семиз - семиз, жирканч каламушларга, Тўлиб кетган эмиш Туркистон мулки. Биродар, оғзинга қараб гапиргин, Маломат қилмасдан ҳар бир нафасда. Туркистонда фақат тулки, қуёнмас, Йўлбарс, шерлар ҳам бор, фақат, қафасда.
Холдор Вулкон
ЙЎЛОВЧИ
Зулматларда озодликнинг, Машъаласи чорлади. Унга тамон юрсам, тунда, Суякларим порлади. Айбмиди, зулматларда. Чақмоқ каби шохласам? Кенгликларда озод эсган Шамолларни хохласам? Қонсиз лаби сарғиш сўлак, Ит тишлади оёғим. Оқсоқланиб кетавердим Шеърлар қўлтиқтаёғим. Ёв етказган жарохатни Даволадим, тузладим. Кўз илғамас олисларда, Мамонт каби музладим!
2001 йил , январь ,чошгох . Маслахат қишлоғи.
Мевалар
Сарғайиб пишган бехи мевалари, Одамзод муштига ўхшасаю Уларни кимлардир еса, билгинки, Муштлар хам одамнинг пишиб етилган. мевалари эрур шубҳасиз. Демак уларни ҳам Кимлардир, қачондир ейиши керак.
Абдуллага
Кимлардир мадхия одалар ёзиб, Ватанни мақтаса, кўкка кўтарса, Хушёр бўл, ўғлим. Чунки одатда Нарсани мақтарлар Сотиш олдидан.
ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ
Гавжум Тошкент , сартарошхона, Кўзгуда йўл , шошқин оломон. " Ғийт - ғийт " сайраб қайчи - қалдирғоч, Сочларимни қилар таломон. Сомонғарам сингари уйлар, Сочим ерга тўкилган пичан. Том устида антеналарми, Ё сўзанак галасимикан? Кўча дарё - қизлар балиқдай, Сузиб ўтар рангин товланиб. Йигитларнинг қайрилиб кетган Киприк қармоғида овланиб. Кўзгу кўлдай , бошим қармоқнинг. Пўкагидай ялтироқ тусда, Пўкак узра омонат қўнган, Сўзанакка ўхшайди уста
2001 йил , январь . Андижон .
УМР (Мархум, истеъдодли шоир Равшан Файз хотирасига )
Гуллар ернинг табассумлари , " Қайда ? " - дея берма саволлар . Дала орти тиканзорларда , Гувиллайди вахший шамоллар . Бош уради улар кўксимга , Зулматлардан тополмай уйин . Ўхшаши йўқ қор заррасини , Сочларимга қўндирар қуюн . Қор учқуни эриб кетаркан , Кипригимда энг сўнги карра . Дейман : - Бунча оз умр кўрдинг ? Алвидо , эй беғубор зарра !
2003 йил , 27 ноябрь . Тунги соат 9 дан 30 минут ўтди. Андижон .
СЕНИ УНУТМАЙМАН
Туманлардан чиқиб келасан Лек кирмайсан остона хатлаб , Мен бир умр ета олмаган Олис орзу , муқаддас матлаб . Сен ўтасан ортинга боқмай Ташлаб аста илохий одим , Изларингда мен эмас , гўё Қолар рухсиз юз йилги ёдим . Юксалгандай бўласан кўкка Далаларни ёритган ойдек . Мен бир четда қолиб кетаман Ой ёруғи тушмаган жойдек . Термуламан сенг кетган йўлга , Туманларга беланар жисминг , Деразанинг ойнасин кухлаб Ховурларга ёзаман исминг .
1989 йил , декабрь . Тошкент .
Ночной снегопад
(Стихи посвяшаются Петрову Александру Борисовичу)
У стужы влажный закон, Ночь, мокрый снег и слякоть. Глядя в ослепшых окон, Научился я сухо плакать. Волчицей воет вьюга, Пугливые бетонные дома. Тишина повесилась давно, За окном седеет зима. Рой белых безумных пчёл, Кружатся в оконных рамах. И ветры с алмазной пылю, Рыдают в воздушных ямах Не помню когда и зачем, С кем и куда я зашёл. Искал я всего лищ человека, В Бишкеке и я вас нашёл. Гигандская Анаконда - дорога, Во мраке догорает день. У стены печально плачет, Как еврей одичалая тень. На улице деревья танцуют, С холодными ветрами шаля. Улици , бульвары белеют, Как наши хлопковые поля. Уеду скоро в Канаду, В калитку повесив замок. Вымолвит слову не могу, Как будто в горле комок.
10.02.2007 год . 13 часов 55 минут . г . Бишкек улица Ленинградская - 35 .
КАНГЛУМ
(Икром Отамуродга )
Канглум чўкиб кетган Кўҳна гўр каби. Уни кўтаролмас Энди ҳеч кимса. Ана, канглумга йўл топмоқчи бўлган, Ёвларни ортидан эргаштирганча Шошиб келаётир сотқин эхтиёж. Нега ўлдирмадим эхтиёжимни? Нега ўлдирмадим?! - дедиму, Ўт қўйдим жар узра лапанглаб турган Канглумнинг омонат кўприкларига.
1995 йил ,август . Маслахат қишлоғи .
Зиёрат
Қаровсиз қабримда ажинагуллар, Озод шамолларда чайқалиб ётар. Ёлғизлик ва жимлик салтанатида, Қаро шомлар тушиб оқ тонглар отар. Қирда қизғалдоқлар денгизи нотинч, Далалар ортида чақнайди чақин. Телба ошиқлардек шивирлагувчи, Йиғлоқи ёмғирлар мавсуми яқин. Симда қалдирғочлар нотаси қатор, Стриптиз булутлар тўдаси шошқин. Негадир йиғлагинг келар бахорда, Руҳингда сел каби талотум, тошқин. Йиғлаб термуласан ажинагулга, Унга неларнидир келар сўйлагинг. Ўрнингдан турасан кетмоқчи бўлиб, Тиконга илиниб қолар кўйлагинг.
1998 йил, баҳор. Андижон.
Ой кемада
( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Ёр кетар чоғинда маъюс жилмайиб жоним олур, Кетма ёр – деб изларинда термулиб кўзлар толур. Чарх уриб соҳилда дарё қушлари йиғлаб қолур, Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур, Мавжлуғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.
Мен овутгайман ўзимни эй кўнгил, ғам ема деб, Қайтарур ул кемани тез ортга тўлқин тева деб, Чун товуш қўзғотмасинким, кемани сўз дема деб, Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб, Ким ёшинг дарёсидир ҳар сориким эл кўз солур.
Қўрқамен эрк бергали бир лахза бир он оғзима, Чинқириқ бўғзимда оғриб, келса ҳам қон оғзима, Шул сабабдин элу халқ термулди ҳайрон оғзима, Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима, Тунд ел тахрикидин ҳар дамки дарё чайқалур.
Соқчи тўхтат, кор – ҳол юз бермасин, ҳой, кемада, Юрса бўлмас киприги ўқ, қошлари ёй кемада, Қайтаринглар ёрни, йўқ деб кетгали жой кемада, Сабр кўнглимда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада, Ваҳки, бориб телмуриб кўз, мунграйиб жоним қолур.
Кўзларимдан оқди ёш селдек, етибман ўлгали, Йўқ жаҳонда мендаги феълдек, етибман ўлгали, Чўлда бир бор эсмаган елдек, етибман ўлгали, Дам тутулғондин ўлар элдек етибман ўлгали, Сурмасун деб кемасин баским, нафаслар асролур.
Жон ипинг тортиб таранг чалганда даврон удким, Жилва айлаб этса маржон дур сени махдудким, Эҳтиёж кашкулидин оламни босса дудким, Кирма савдо бахриға оламдин истаб судким, Сийми нақди тушса лекин умр нақди сийғолур.
Йиғлама бағримни ўртаб, яхши бор, эй ёр, ҳайр, Гул юзин сўнг бор кўрай ел, тим қаро сочин қайир, Рашк ўти Вулқонни қийнар ёрга ҳамрохдир ғайр, Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин эй, пири дайр, Илкига чунким Навоий бода киштисин олур.
Ватан
Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан, Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан. Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф, Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан. Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол, То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан. Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб, Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан. Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима, Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан. Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд, Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
Андижон фарёди
Қонга ботмиш Андижон дод, устига юз доддир , Бегуноx эл бугзида воx , ханжари муздоддир.
Мустакилликдан кувонган элни алдаб сотдилар, Канча пок орзу умидлар еллара барбоддур.
Мустабид шоx большевик гоx , гоxи буржуй, меншевик, Ул касамхўрликда шайтон кавмига устоддир.
Шоxини мақтайди моллар, кетларин ликиллатиб, Нозли xоким баччаларнинг қомати шамшоддир.
Яйрамай юрсанг жаxонда мен чидай қандоқ, Элим ? Бағри қон шоир болангнинг бўғзида фарёддир.
Андижонда ўлди минглаб бегуноx, бечоралар, Ўлтирар тахт узра қотил, ул ҳамон озоддир.
Сойгузарда оқди қон, ёмғирда қолди мурдалар, Ёнига ҳеч ким йўлолмас, барча беимдоддир.
Чекма оҳ, Вулқон алар бўлди шаxиди Карбало, Ким шаҳидлар, мулки жаннат, жойлари ободдир!
2006 йил 11 май.
Юсуф Жумаевга
Йўқ Қизилқумларда сенга манзилу маъво, Юсуф, Чарх урар бошингда қузғун бу нечук савдо, Юсуф? Сен тирик журъат, жасорат, сўзларинг шамшири Хақ, Аждахога қарши бординг бир ўзинг танхо, Юсуф. Беркиниб лидер, ковакдан қичқирар: "Қўзғол, Авом!" Эл аланглар ким экан деб, чор тараф сахро, Юсуф. Ўзбекистон халқининг қонин сўрир Вампир Режым, Ҳамма жонин эхтиётлар, барча бепарво, Юсуф. Чекди "Жаслық”ларда фарёд бегунох, бечоралар, Андижонда лахта - лахта қон тўла дарё, Юсуф. Шилта жаллод кўзларига туфлади Шовруқ, Эмин, Кийса хам оппоқ матодан енги йўқ сарпо, Юсуф. Сен каби шиддат билан мақсадга интилсак мудом, Айлагай Оллох адолат қасрини барпо, Юсуф!
17 декабрь, 2007 йил. Кундуз соат 9 - 00. Торонто шахри. Канада
Яхшимасми?
Оллоҳ дилингда бўлса ҳамхона яхшимасми, Ҳақ йўлида қамалсанг зиндона яхшимасми. Масжидда аҳли жоҳил машғули ғийбат ўлса, Ул жойи хонақодан майҳона яхшимасми. Бошинга тушса кулфат асқотмаса қариндош, Ундай хеш - ақрабодан бегона яхшимасми. Иблисга дўсти содиқ ёлғончи олимингдан, Хилватда ҳақни севган девона яхшимасми. Ҳақ нуридан юзингни зулмат томон ўгирдинг, Сендан қаноти куйган парвона яхшимасми. "Вулқон сотилмаган" деб "Бежиз отилмаган" деб Йиғлаб кўмишса тунда пинхона яхшимасми.
1996 йил , ёз . Андижон шахри.
АКМЕ
Жимирлайди хазина осмон, Осмон "О” симон. Йўқлик рамзи ноль рақамидай. "О” симон уммон. Унда милтиллайди Юлдузларнинг сонсиз увилдириғи. Увилдириқлар аро сузар. Кўзлари ўйилган, Тили кесилган, Зулматни ёритган ойнинг калласи. Сиз асло қўрқманг, Ўзингизни қўлга олинг. Сўнг ўзингизни ўзингиз Хонага қамаб Эшикни занжирлаб Тонгача ухланг. Тонгда тириклигингизни Англамоқ учун Девордаги кўзгуга кухланг. Агар пайдо бўлса кўзгуда ховур Қўни-қўшниларни чақиринг. Сўнг уларга: -Гаров ўйнайсизларми, Мен тирикман! - дея бақиринг. Лекин Бахт қушининг тухумидан, Қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор. Тухумларни бостиринг. Очиб чиқса Қирғийлардан қўринг уларни. Бахт қушининг жўжалари Кўпайиб кетсин. Ҳамма бахтли бўлсин Ватанда. Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан, Ҳафа бўлиб юрмасин шодлик. Овқат оч қолмасин, Кийим ялонғоч. Сувлар чанқамасин. Олов совқатмасин қалтираб токи!
СОВҒА
Қутлайман таваллуд айёминг билан, Сен қувноқ яшадинг гулларни хидлаб. Қуруқ келганим йўқ мен ҳам ёнинга, Кутилмаган совға келтирдим дидлаб. Ҳаётинг саёхат, таоминг асал, Сенга ёт аччиқлик - қалампир -қузоқ. Озор не билмадинг, озор бермадинг, Яшадинг дунёда жуда ҳам узоқ. Кўринсанг ҳавасга айланар хасад. Қаршингда жаллод ҳам йиғлайди айтиб. Тозариб қон тўла қотил кўзлари, Пашшага ҳам озор бермайди қайтиб. Сен оппоқ кийимли сўфийдек ювош, Ҳатто миқ этмайсан кетсалар янчиб. Мен сени шаҳарга олиб кетаман, Келтирган "СОВҒАМ " ни мийянга санчиб.
23.01.2007. Соат 13 дан 24 минут ўтди . Бишкек шахри ,Ленинград кўчаси 35 - уй.
ҚИЗИҚ ДУНЁ
Қоронғудан чиқиб қоронғуликка, Кетгувчи умрлар айлана чизиқ. Циркулга ўхшайсан бунинг устига, Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ. Қизиқ туюларкан ер - бепул учоқ. Доим хизматингга турса шайланиб. Сен бориб юрмасанг. ўзидан - ўзи, Фасллар ёнинга келса айланиб. Қизиқ, тонглар оқлаб кетмаса рангинг, Тунлар юқтирмаса сенга куясин. Яна боғлаб олсанг қўрқмай билакка, Умринг кушандаси - вақтнинг уясин. Қизиқда, бир умр коинот билан, Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга. Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани. Кимдир айлантириб юборса шеърга.
2000 йил 28 июль , ярим тун . Маслахат қишлоғи .
ДЕНГИЗДА
("Истанбул илхомлари " туркумидан ).
Эммоноэл бўғози, Тамсил, Эскудар, Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги. Мармара денгизин кенгликларида, Янграр кемаларнинг хасратли бонги. Денгизлар ортида қолган Ватаним, Соғиндим Масжиду минорларингни. Ўлмай қайтиб борсам уялмай унсиз, Қучоқлаб йиғлайман чинорларингни. Совуқ шамол эсар, намчил палуба, Кема чайқалади, ғижирлар эшик. Бизни аллалайди кемага қўшиб Денгиз дунёдаги энг улкан бешик. Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон. Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик. Сув юзида ярми кўриниб турган, Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик.
1999 йил, декабрь. Туркия. Истанбул. Мармара денгизи. Кемада ёзилди.
ВАТАН ФИРОҚИ...
Хақ гапни айтганим айбимми менинг? Нима гунох қилдим, айтинглар, нетдим? Ложувард уммонлар ортида қолган, Олис Ватанимни соғиниб кетдим. Онам мени туққан қишлоқда ҳамон, Алвон булутларга қуёш ботарми? Жафокаш онамнинг излари қолган, Пахтазор томонда тонглар отарми? Сен улкан сажжода экансан Ватан! Ғариблар ғурбатда қадринга етди. Бу кеч қўлларимдан юлқиб сен тамон, Шамол шеърларимни учириб кетди. Гувиллайди бунда одам ўрмони, Кети кўринару кўринмас боши. Қуёшни ёнғиндан қутқариш шартмас, Хавфли ёнилғидир кўзимнинг ёши. Кўзимнинг лиммо - лим сувомборида, Музлаган киприклар уйқусиз посбон. Мен сенинг отангни ўлдирмадимку, Менга бундай боқма, киприксиз осмон! Ой - оқшом бўғзида ўлмаган охак, Чириб кетмасайди кўзларим - дейман. Пахта хирмоними булутли осмон? Бўшлиқларни ямлаб, хавони ейман. Балки хозир ухлар қадрдон қишлоқ, Буйраклари тошли далалар хаста. Хадемай уфқларда оқ халатли тонг, Осмон грижасин ёради аста.
29 .04 . 2006 йил .Бишкек шахри . Лев Толстой кўчаси 124 уй. 39 квартира .
МАҚСУДГА
Шеьриятнинг чўлларидан, Мен бошпана қидирдим. Жигаримни қафасдаги, Шеърларимга едирдим. Бу чўлларнинг гиёҳ унмас. Барханлари менгадир. Бунда фақат ювиндихўр, Қуллар мени енгадир. Атрофимда қашқирларнинг, Кўзи йилт - йилт ёнади. Тегиб қашқир тишларига Оёқларим қонади. Шу қон издан бир кун мени, Излаб, излаб топ болам. Бу дунёдан очиқ кетган Кўзларимни ёп болам!
1988 йил , август. Маслахат қишлоғи .
МАБОДО
Мен бир ит бўлсайдим (Лайча ё кўппак) Зулматли куз кечаси Дарё ортидаги "Латтақишлоқ” да Бўғиқ аккиллардим Гўё хум ичида хураётгандай. Товушимни тинглаб, Ухлаб қолардинг Илинарди кўзинга уйқу Ёхуд бўлсам эди сассиқпопишак Пупупуб - пупупуб - пупупуб Пишш - ш! - дея Олис увотларда сайрардим узоқ Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб Бир зум қулоқ тутарди менга. Ё бўлмаса омадим чопиб, Чигирткага айланиб қолсам Ой порлаган оқшом Ёзги "Қирғизхожи” далаларида Тунни зириллатиб чириллар эдим. Ёки дейлик фалокат босиб, Одам бўлиб қолсам кутилмаганда Катта - кон одам Болалигим кечган Қорақолпоқлар хуторидаги Чўчқахона харобасидан Қарардим бепоён мангу осмонга Ўзимнинг нақадар муваққат, ожиз Зарра эканимни англамоқ учун.
15 октябрь ,2006 йил ,якшанба . соат 13 дан 58 минут ўтди Бишкек , Ленинград кўчаси 35 уй
ХИЖРАТ
Узоқ тайёрландим, ниҳоят, Деворни тешишнинг Вақти ҳам етди. Деворни тешдиму, Ёруғликдан кўзим Қамашиб кетди. Энди шу оламга - Чексиз кенгликларга кетаман, Хайр, душманларим, Хайр дўстларим! Хайр сенга уйим, хайр ўчоғим! Хайр, Холдор Вулқон - Менинг пўчоғим!
1987 йил , апрель . Маслахат қишлоғи .
АЙРИЛИҚ
"Ёқмасам, ка - а -а - атта кўча" дединг, Кўчага чиқдим. Кўча жим - жит эди, кимсасиз, ойдин. Мен авваллари билмас эканман, Кўчанинг бунчалар Катта бўлишин,
2002 йил , 2 октябрь . Ярим тун . Андижон шахри 4 - кичик даха
ШУКРОНА
Оллохим, анави ён қўшним борку, Ўшандан дегин, Белкурак олувдим ер ағдаргани. Ўша қўшним бир соат ўтмай, Берган белкурагин сўраб чиқибди. Сен бўлсанг Туғилганимдан бери ишлатиб юрган Белкуракдан афзал қўлларимни Мана, қирқ етти йилдирки Қайтариб бер дея қистаб келмайсан, Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан, Горгаздан, Элэктросетдан, Солиқ идорасидан Одамлар келди Семиз - семиз попка кўтариб. Тўлов миқдорини эшитгач, Хушдан кетай дедим, кўкариб. Оллохим, Яхшиямки фаришталаринг, Семиз - семиз попка қўлтиқлаб, Қуёш, ёмғир ,шамол хақини Суриштириб келмас уйимга Яхшиямки нафас йўлимга Ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан
Баҳор ҳақида
Чори Аваз хотирасига
Баҳор келаётир. Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор. Бултур сенинг изларинг қолган, Сўқмоқлардан келаётир ул. Очилади шубҳасиз энди, Ҳали ҳеч ким ўпмаган, Ҳали ҳеч ким хидламаган гул. Баҳор келаётир, Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор.
1993 йил . Тошкент шахри .
АЗИЗГА
Магар ўлсам, хазин бўзлаб, хайр деб йиғлагил, ўғлим, Аламларга чидаб ўтган чайир, деб йиғлагил ,ўғлим. Кел, эй ғассол, кўрай сўнг бор дадамнинг шами - рухсорин, Юзидан пардани бир зум қайир, деб йиғлагил, ўғлим. Унинг харастларин айтсам, улус кўз ёшини тўкса, Бу сувда кемалар қилгай сайр деб йиғлагил, ўғлим Тириклик чоғида бир бор келиб аҳволини сўрмай, Қўйимгохида ваъз айтма, ғайр, деб йиғлагил, ўғлим Бугун ҳеч бўлмаса шундоқ улуғ кун хурмати ёраб, Шу шўрликни ғанимлардан айир, деб йиғлагил, ўғлим. Бу Вулқонмас, хасад ахлин буришган панжаси теккач, Қаноти қайрилиб синган тайр, деб йиғлагил, ўғлим.
1990 йил , Маслахат қишлоғи .
Чағалай
Рауф Парфи хотирасига
Ўзининг бор етимлиги билан, Далалар устида порлаётган ой, Биллиарднинг филсуяк соққаси эмас. У совуқ адирда ёлғиз ва юпун, Шуълалардан юзи сарғайиб Чироқ кўтариб бораётган. Соч - соқоли оппоқ, бўйни ингичка, Момақаймоқ тўзғоғига ўхшаган Рауф. Шеъриятнинг тилла чиғириғида, Жон ипларин йигирган вужуд. Рауфдан йигириб олинган Ложувард нурларнинг калаваси ой. Хой, совуқдан товони ёрилган Рауф, Банкротга учраган меросхўр кунда, Кундамас, кундада Қуёшнинг ўткир, Олмос нури ила кесилган ойна. Йўлларингда баҳор жарчиси бўлиб, Эриб ётган маҳал кўлмаклар, Эшкаксиз қайиқда ёлғиз бир ўзинг, Севинч кўз ёшларинг кафанга артиб, Бегона тунларга кўчиб кетибсан. Шиғалаб ёғарми энди ёмғирлар?
20 январь , 2007 йил соат 11 дан 22 минут утди Бишкек шахри , Ленинград кўчаси 35 уй.
Армон
Илиқ баҳор шоми , булутли осмон, Олис уфқларда чақнайди чақин. Ёмғир шитирлашин соғиниб кетдим, Илоҳий ёмғирлар мавсуми яқин. Ўртамизда оқиб ётар дарёлар, Сенга элтар йўллар хатарли, энсиз. Дунё менсиз яшаши мумкин-у, аммо, Мен яшай олмайман севгилим, сенсиз. Таҳаййулдир менинг озод Ватаним, Майдони тахминан юз миллиард гектар. Ўтлоқда ёввойи асал аридай Гулгун лабларингда тиладим нектар. Энди ўпич каби чўлпиллаб ётган, Ёмғирли кечада ёлғизман мутлоқ. Олисда саросар мовий шамоллар, Ва маъюс гулларга кўмилган ўтлоқ.
1994 йил . Маслахат
ЎҒЛИМ ТЕМУРСУЛТОНГА
Тур ўрнингдан, ухлама, болам, Вақтлар ўтаётир, учиб ўтаётир, Сезаяпсанми? Эшитяпсанми? Худди жануб тамон отланган кузги, Қушлар галасидай бир он тўхтамай, Учиб ўтаётир улар, учиб ўтаётир. Сукунатга чўмган қорли Бишкекнинг, Мухташам уйлари, пастак кулбалари, Хожатхона, Ресторан, стриптиз барлари, Исловат уйлари, биржа, банклари, Жиннихоналари билан морглари, Ментура, СНБ, қабристонлари ва Майдон тамондаги Адихалимнинг, Сомсахонаси устидан ҳамда, Биз турган кулбага қўшни Алмазнинг, Товуқ суякларин ташласак. Ғасирлатиб егувчи бульдоги ётган, Уйчаси устидан буюк бўрондай, Дарахтларда олмахон яшагувчи, "Ёш гвардия" бульвари тамон, Учиб ўтаётир улар, учиб ўтаётир! Ўзбекистон деган Ватан соғинчин, Кўз ёшга бўктираётган, Ароққа чўктираётган, Тунги деразадан қорларга боқиб, Пиво қоқиб ўтирган Ғариблар устидан Учиб ўтаётир вақтлар, учиб ўтаётир! Худди мухожирнинг кўз ёшларидай, Тўхтатиб бўлмайди вақтлар галасин. Вақтлар қўнмайди қўналғаларга. Улар биздан хафа, чунки уларнинг, Қадрига етмадик, етмадик болам! Вақтларнинг тўхташга вақти йўқ, уйғон, Уйғот ухлаётган акаларинингни, Ўзмоғимиз керак бизлар вақтдан. Вақтлар ўтаётир, вақтлар ўтаётир!
22. 01. 2007 йил , соат 19 дан 31 минут ўтди . Бишкек шаҳри , Ленинград кўчаси , 35 - уй .
Юлдуз
( Эпифания)
Қарашларинг нега бунчалар маъюс, жим – жит кечада томим узра порлаётган юлдуз? Севиб қолган одам кўзларидай бедор нигохингда хорғинлик шуъласи.Сен болаликнинг ойдин кечалари мен ётган сўри устидан эсган саррин шаббода шаштида титраётган ва ой шуъласида кумушдек ялтираётган япроқлар аро шундай термулар эдинг. Сени тунги дарё соҳилларидаги баланд жарлар пойини ялаб оқаётган шиддатли оқимда, тўқайзор тамондаги дарёнинг тошлари кўриниб ётган саёз кечувида, ойдин шолипояларнинг ойнадек тиниқ сувларида, искабтопарлар ғинғиллаб "Ёр-ёр" айтаётган ўтлоқлар аро оққан ариқнинг биллур мавжларида кўп бор кўрганман. Қадимий китоб варақларидай қизғиш япроқларни саросар шамоллар номаълум ёқларга учириб кетган ҳазонрез оқшомларда жулдур булутлар тирқишидан мўралаган маъсум, осойишта онларинг ҳамон ёдимда.Қахрли қиш кечалари пақирга магнитдай ёпишган алюмин чўмич ичидаги музлаган сувда бир дона туз заррасидай ғамгин шуълалар таратган чоғларингни ёлғиз қолган кезларим деразадан қиров увилдириқлари қоплаган кимсасиз дарахтзорларга термулганимча соғиниб эслардим. Айниқса, тунги аёздаги симдорда музлаб қотиб қолган кўйлагимни симдан ажратиб олиб уни тахтадек қўлтиқлаганимча ёлғизлик эгаллаб олган хонамга кириб кетаётиб қарасам ўшандай порлаб турган эдинг. Сен ҳамон олмос заррасидай томим узра порлаб турибсан. Эшик-деразасиз, мўрисиз уйимнинг типратиканлар тешиб ташлаган темир панжарали тупроқ томи узра.
|
Категория: Мажмуалар |
Просмотров: 2294 |
Добавил: valfajr
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
| |